Жалолиддин Мангуберди (1198–1231) – буюк хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги вакили, хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммаднинг тўнғич фарзанди, мустақиллик учун фидокорона кураши, ажойиб саркардалик фаолияти, шахсий жасорати, Ватанга муҳаббати билан тарихдан муносиб ўрин олган давлат арбоби. Унинг мўғиллар истилосига қарши кураши ўша давр тарихчилари – Ибн ал-Асирнинг «Ал-комил фи-т-тарих» (1230 йили ёзилган), Шиҳобуддин Муҳаммад ан-Насавийнинг «Сийрат ас-султон Жалолиддин Мангберди» ва «Нафатул масдур» (1234 йили ёзилган), Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг «Тарихи жаҳонгушой» (1260 йили ёзилган), Рашидиддин Фазлуллоҳнинг «Жомеъ-ут таворих» (1302–1311) асарларида ёритилган. Шиҳобуддин Муҳаммад ан-Насавий «Сийрат ас-султон Жалолиддин Мангберди» номли асарида Жалолиддин Мангубердини қуйидагича тасвирлайди: «У буғдойранг, ўрта бўйли, туркий қиёфали ва туркийда гапирадиган одам эди. Шу билан бирга форсийда ҳам сўзлаша оларди. Унинг мардлиги, жасурлигига келсак, юқорида ҳикоя қилганим жанглардаги фаолиятини эслаб ўтиш кифоя қилади. У шерлар орасида энг зўр шер эди, қўрқмас чавандоз, лашкарлар орасида энг ботир эди. У ювош, мулойим одам эди, жаҳлдор эмасди. У ниҳоятда жиддий эди, кулмасди, фақат жилмайиб қўярди, кам гапирарди. У ҳақгўйликни, адолатни улуғларди, аммо у яшаган даврдаги ғалаёнлар, алғов-далғовлар феъл-атворини ўзгартирди. У қўл остидаги одамларнинг оғир ҳаётини енгилаштиришни хоҳларди, аммо у яшаган давр қонунлари уни зулм қилишга мажбур этарди».
Жалолиддин Мангуберди Алоуддин Муҳаммад ва унинг туркман канизаги Ойчечакдан (1198 йили) туғилган. У 1215 йилда Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар, Шимолий Ҳиндистон ерларига ҳоким ва тахт вориси этиб тайинланган. Момоси Туркон хотун ва қипчоқ амирларининг норозилиги сабабли укаси Қутбиддин Ўзлоқшоҳ фойдасига ворисликдан маҳрум этилди. Алоуддин Муҳаммад фарзандларини 1220 йили тўплаб, ўлими олдидан Жалолиддин Мангуберди Хоразм ҳукмдори деб эълон қилди. Урганч мудофааси учун етиб келган Жалолиддин Мангуберди бу ерда Тукон хотуннинг акаси Хумор Тегиннинг султон деб эълон қилинганлигини ва унга суиқасд уюштирилаётганини сезиб, уч юзта суворийси билан Урганчни тарк этиб, Хуросон томонга қараб йўлга чиқади. Нишопур яқинида ўзидан икки баробар кўпроқ бўлган душман қўшинини енгиб, шаҳарга киради. Бу ерда қўшин тўплаб Кандаҳорни қамал қилиб турган мўғиллар устига юриш қилиб, уларни тор-мор этади. 1221 йилда Ғазнага етиб келган Жалолиддин Мангубердига олдин қўшилган қайнотаси, Ҳирот волийси Аминалмулкдан ташқари ҳалаж қабиласи бошлиғи Сайфиддин Иғроқ, Балх волийси Аъзам Малик, афғонлар сардори Музаффар Малик, қорлуқлар бошлиғи Ҳасан Қорлуқ ўз аскарлари билан қўшилдилар.
Жалолиддин Мангуберди Валиён қалъасини қамал қилаётган кўпсонли мўғиллар устидан биринчи катта ғалабани қўлга киритди. Бу хабарни эшитган Чингизхон Шики Хутуҳу бошлиқ 45 000 қўшинини Жалолиддин Мангубердига қарши жўнатади. Ғазна яқинидаги Парвон даштида бўлган бу жангда Жалолиддин Мангуберди ғалабани қўлга киритган. Лекин ўлжа устидаги жанжал сабаб Аминалмулкдан бошқа саркардалар Жалолиддин Мангубердини тарк этишади. Бу вазиятдан хабар топган Чингизхон нинг шахсан ўзи Жалолиддин Мангубердига қарши отланади. 1221 йил 25 ноябрда Синд дарёси бўйидаги машъум жангда жасорат ва шижоат билан курашган Жалолиддин Мангуберди мағлуб бўлса ҳам душмани – Чингизхон эътиборига сазовор бўлди. 1224 йилгача шимолий Ҳиндистон ҳудудида давлатни мустаҳкамлаш учун олиб борган курашлари мўғилларнинг Ҳиндистонга йўлини беркитиб турди. Лекин маҳаллий ҳокимларнинг ўринсиз қаршиликлари Жалолиддин Мангубердининг Ироққа юз тутишига сабаб бўлди. Бу ерда Кирмон, Исфаҳон ҳокимлари ва укаси Ғиёсиддин Пиршоҳ амирлари Жалолиддин Мангуберди ҳокимиятини тан олдилар. 1225–1230 йилларда Жалолиддин Мангуберди Озарбайжон, Грузия, Ироқ ҳудудларидаги маҳаллий ҳокимларни бўйсундириб, бу ҳудудга бостириб кирган мўғил қўшин ларини бир неча бор (1227– 1228–30) тор-мор этди. Кўния султони Алоуддин Кайқубод муҳолиф кучларни Жалолиддин Мангубердига қарши бирлаштирди. Бу ҳолат Жалолиддин Мангуберди нинг иккита душман орасида қолишига олиб келди. Аҳиллик ва бирликнинг йўқлиги, алдов ва хоинликлар чет эл босқинчиларига қарши озодлик байроғини юксакка кўтарган Жалолиддин Мангубердининг тинкасини қуритди ва 1231 йилда у Курдистон тоғларида фожиали равишда ҳалок бўлди. 1999 йил ноябрида юртимизда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллиги кенг нишонланди ва Хоразмда халқимизнинг бу қаҳрамон фарзандига улуғвор ҳайкал ўрнатилди.
//
Изоҳ йўқ