Бухорий, Муҳаммад ибн Исмоил (810–870) – Қуръондан кейин турадиган мўътабар манба – ҳадисларни тўплаш ва уларнинг энг ишончлиларини ажратиб бериш орқали шуҳрат қозонган, дунё халқлари орасида энг буюк муҳаддис сифатида эътироф этилган аллома. Асл исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғира ибн Бардазбеҳ ал-Жуъафий ал-Бухорий 810 йил 20 июль (ҳижрий ҳисобда 194 йил шаввол ойининг 13-куни)да Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Бухорий олимлардан фарқли ўлароқ, Бухорий туғилган сананинг аниқлигига сабаб шуки, унинг отаси Исмоил ўз даврининг илмли одамларидан бўлиб, ўғлининг туғилган кунини ўз қўли билан ёзиб кетган. Бухорийнинг отаси ёшлик чоғида вафот этган бўлиб, у асосан онасининг тарбиясида вояга етади. У ёшлигидан ақлидрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллайди.
Манбаларда кўрсатилишича, у ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ровийлардан эшитган ҳадисларни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва Вакий ибн ал-Жарроҳ каби олимларнинг ҳадис тўпламларини ёдлаган, устози Шайх Дохилий билан ҳадис ровийлари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган. 825 йили ўн олти яшар Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга ҳаж ибодатини адо этиш учун йўл олади. Муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадинани зиёрат қилгач, олти йил Ҳижозда яшаб қолади, сўнгра ҳадис илми борасидаги билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтдаги илм-фан марказлари Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшайди. У жойлардаги машҳур олимлардан ҳадис ва фиқҳ илмидан таълим олиб, йирик олимлар даврасида илмий баҳслару мунозараларда қатнашади, илм толибларига дарс беради. Бухорий ҳаётининг кўп қисми мусофирчиликда ўтади. Бу ҳақда унинг ўзи: «Миср, Шом, Месопотамияга икки марта, Басрага тўрт марта борганман. Ҳижозда олти йил яшаганман. Бағдод ва Куфа шаҳарларига неча марта борганим ҳисобини билмайман», деган экан. У сафар чоғида ҳам, бир шаҳарда муқим турганда ҳам илмини ошириш борасида тинимсиз ишлар, тўплаган ҳадисларини оққа кўчирар эди. Бухорийнинг ёзишича, Бағдодда истиқомат қилган пайтида кўпинча ой нурида ижод қилиб, қоронғи кечаларда шам ёруғида китоб ёзган.
Нишопурлик ал-Ҳокимнинг ёзишича, Бухорий устозларининг сони тўқсонта атрофида бўлиб, улар орасида Муҳаммад ибн Юсуф ал-Ҳарёбий, Убайдуллоҳ ибн Мусо ал-Абасий, Абу Бакр Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ал-Ҳамидий, ибн Роҳвайҳ номи билан машҳур бўлган Имом Исҳоқ ибн Иброҳим, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Али ибн ал-Мадиний каби ўша замоннинг энг пешқадам алломалари ҳам бор эдилар. Ўз навбатида Бухорий ҳам кўпгина шогирдларга устозлик қилган. Исҳоқ ибн Муҳаммад ар-Рамодий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Муҳаммад ибн Халаф ибн Қутайб, Иброҳим ал-Ҳарбий, Абу Исо Термизий, Муҳаммад ибн Наср Марвазий, Муслим ибн ал-Ҳажжож каби етук олимлар унинг шогирдларидир. Термизлик машҳур муҳаддис Абу Исо Термизий имом Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош ҳисобланиб, уларнинг ўзаро муносабатлари ниҳоятда яқин бўлган. Узоқ йиллар давомида Шарқнинг турли-туман мамлакатларига сафар қилган Бухорий умрининг охирларида беш йил (863–868) Нишопурда яшаб, мадрасаларда ҳадис илмидан дарс беради. Ўша пайтда Нишопур мусулмон Шарқидаги энг йирик илмий марказлардан бирига айланганлиги сабабли кўп машҳур олимлар шу шаҳарда тўпланган эдилар. Бухорийнинг Термизий билан учрашуви ҳам айнан Нишопурда юз бериб, диёримиздан чиққан икки машҳур муҳаддис ўртасида қизғин илмий баҳслар, ижодий учрашувлар бўлиб ўтади. Термизийнинг ёзишича, у ўз асарлари учун кўп маълумотларни Бухорий билан бўлган учрашувларидан олган. Шу билан бирга Бухорий ҳам ат-Термизийнинг билимини юқори баҳолаб: «Менинг сендан кўрган фойдам сенинг мендан кўрган фойдангдан ортиқроқ», деб унга нисбатан чуқур ҳурматини билдирган. Араб тарихчиси Шамсуддин аз-Заҳабий (1274–1347) «Тазкиратулҳуффоз» («Ҳофизлар ҳақида тазкира») номли асарида ёзишича, ат-Термизий ўз устозининг вафоти туфайли қаттиқ қайғуга ботиб, кўп йиғлаганидан кўзлари кўр бўлиб қолган экан. Бухорий нафақат йирик олим, балки ўзининг гўзал хулқ-атвори, одамохунлиги, муруввати, ҳиммати ва беқиёс саховати билан ҳам бошқалардан тамомила ажралиб турган. У зеҳни ўткирлиги ва қувваи ҳофизасининг кучлилиги билан ҳам халқ орасида шуҳрат қозонган. Манбаларда Бухорийнинг 600 000 га яқин ҳадисни ёд билгани қайд этилган.
Бухорий хориждан қайтгач, ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлади. Кўпчилик уни ҳурмат қилган, аммо Бухоро амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий билан Бухорийнинг алоқаси бузилиб қолади. Бунга сабаб амир олимдан саройга келиб «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ», «Ат-Тарих» китобларидан унинг фарзандларига сабоқ беришни талаб қилган. Лекин Бухорий «Мен илмни хор қилиб, уни ҳокимлар эшиги олдига олиб бормайман, кимга илм керак бўлса, ўзи келсин. Илм бормайди, илмга келинади», деган жавобни айтган эди. Амирга жавоб ёқмай, фитначи, бўҳтончи шахсларнинг гапига кириб, Бухорийга шаҳарни тарк этишни буюради. Шундан кейин имом Бухорий Самарқандга қараб йўл олади ва бирмунча муддат шаҳар яқинидаги Хартанг қишлоғида ўз шогирдлари ва қариндош уруғлариникида яшайди, сўнгра оғир касалга чалиниб, 870 йил 31 август (ҳижрий 256 йил)да 60 ёшида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади. Бухорий авлодларга бой қимматли илмий-маънавий мерос қолдирган бўлиб, у ёзган асарларнинг сони йигирма дан ортиқдир. Улардан «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ», «Ал-адаб ал-муфрад», «Ат-тарих ас-сағир», «Ат-тарих алавсат», «Ат-Тарих ал-кабир», «Китаб ал-илал». «Бирр ул-волидайн», «Асмо ус-саҳоба», «Китаб ал-куна» ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буюк алломанинг муҳим асари шубҳасиз, «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»дир. Бу асар «Саҳиҳ ал-Бухорий» номи билан ҳам машҳур бўлиб, унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларни танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлган, уларнинг ишончлиларини ажратиб алоҳида китоб яратган.
Аллома ибн Салоҳнинг таъкидлашича, Бухорийнинг бу асарига киритилган ишончли ҳадисларнинг сони такрорланадиганлари билан бирга 7275 та бўлиб, такрорланмайдиган ҳадислар эса 4000 дан иборат. Бухорийнинг ушбу йирик асари дунё юзини кўрганига тахминан 1200 йил бўлди, ўша даврдан бошлаб токи шу вақтгача у ислом таълимотида Қуръондан кейин иккинчи ўринда турадиган муҳим манба сифатида юқори баҳоланиб келмоқда. Ушбу асарнинг кўплаб нусхалари дунёнинг турли шаҳарларига тарқалган. Ҳатто ўрта асрларда яшаган баъзи адиб ва хаттотлар учун бу асар нусхаларини кўчириш тирикчилик манбаи ҳам бўлган. Жумладан, таниқли адиб ва тарихчи ан-Нувайрий (1332 йилда вафот этган) Бухорийнинг ушбу асаридан саккиз нусха кўчириб, ҳар бирини минг дирҳамдан сотгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Асарнинг 1325 йилда кўчирилган саккиз жилддан иборат бир нусхаси ҳозир Истанбулда сақланмоқда. «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»га кўпдан-кўп шарҳлар битилган. 1974 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташаббуси билан жумҳуриятимизда ислом дунёси вакиллари иштирокида алломанинг 1200 йиллик юбилейи нишонланган эди. Унинг шоҳ асарлари ҳисобланмиш «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» ва «Ал-адаб ал-муфрад» китобларининг Тошкентда қайтадан нашр қилиниши Бухорий меросини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди. Тошкентдаги диний олий масҳаднинг Бухорий номи билан атай бошлангани ҳам буюк алломага чуқур ҳурмат-эътиборнинг рамзидир. Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан 1998 йилнинг кузида Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги (ҳижрий ҳисобда) дунё миқёсида кенг кўламда нишонланди. Бухорийнинг Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида жойлашган мақбараси замонавий – шарқона услубда батамом қайта қурилиб, мусулмон оламининг энг табаррук зиёратгоҳларидан бирига айланди.
//
Изоҳ йўқ