Беруний Абу Райҳон (973– 1048) – Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний – буюк қомусий олим ва машҳур мутафаккир. Беруний илм-фаннинг деярли барча соҳалари билан шуғулланган алломадир. У Яқин ва Ўрта Шарқнинг бой фан-маданиятини пухта ўрганиб, қадимги юнон мумтоз илми билан ҳам чуқур танишиб, йирик аллома бўлиб етишди. У шоир, адабиётшунос олим ҳам эди. Она тили бўлмиш Хоразм тилидан ташқари яна араб, сўғдий, форсий, сурёний, юнон, қадимги яҳудий ҳамда кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилларини ўрганди.
Беруний илм-фаннинг ҳамма соҳаларида самарали ижод этиб, 162 китоб ва рисолалар қолдирди. Шулардан атиги 28 таси бизгача етиб келган. Ҳозирги пайтда алломанинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», «Ҳиндистон», «Геодезия», «Маъданшунослик», «Масъуд қонуни», «Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар», «Ибн Сино билан савол-жавоблар»и нашр этилиб, турли тилларга таржима қилинди. Абу Райҳон Берунийнинг табиий-илмий қарашлари муҳим аҳамиятга эга. У астрономик кузатишлар орқали Ой ва қуёшнинг тутилиши, уларнинг Ердаги ҳаётга таъсири, гидрогеология, иқлим, календарь (тақвим), сақланиш каби ўта мураккаб муаммоларни янги илғор услуб ва тамойиллар кўмагида ҳал этишга эътибор қаратди. Аҳоли манзиллари, маъдан ва металлар солиштирма оғирлигини белгилаш, табиий ва сунъий танланиш ғоялари, оламларнинг хилма-хиллиги ҳақидаги башоратлар, тажриба, синов, кузатувга изчил муносабат Беруний даҳосининг сержило қирралари бўлиб, унинг буюк қомусий олим ва машҳур мутафаккир эканлигини кўрсатиб турибди. Олим кишиларнинг табиатда учрайдиган ҳар қандай ғаройиб ҳодисаларнинг сабабларини уқтириб беришдан қочишлари, уларни тангри донишмандлиги, кароматига ҳавола қилиш билангина чегараланишларидан кулади. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида шундай ёзади: «Ҳисоб илмидан хабарсиз киши водий йўлини бир текисда тўғри ёки озгина нишаб деб ўйласа, албатта, у киши айтиб ўтилган ариқни юқорилаб кетади деб хаёл қилади. Бундай кишилар ернинг баланд-пастлигини ўлчаш, текислаш, анҳор қазиш ва каналлар ўтқазиш қуролларини ишлатишни яхши билмаганларича уларнинг дилларидан шак-шубҳани кетказиш мумкин эмас». Берунийнинг борлиқ тўғрисидаги ғоялари унинг табиий-илмий қарашлари билан узвий боғланган.
Мутафаккирнинг жамият ва инсон тўғрисидаги қарашлари ҳам ўзига хосдир. Инсон Аллоҳнинг яратувчилик фаолияти туфайли пайдо бўлган. У Аллоҳ буюклиги ва донишмандлигининг нишонасидир. Унга инъом этилган сезги аъзолари, ақл, яъни барча нафсий ва ақлий қувватлар беҳудага берилмаган. Улар орқали инсон Аллоҳнинг амр-фармонини эшитади, ҳис этади, мўъжизаларни мушоҳада қилиб, булар орқали унинг ягоналигидан, қудратли, доно ва меҳрибон эканлигидан хабардор бўлади. Берунийнинг таъкидлашича, жуғрофий омил инсон ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Инсон танасининг ранги, ташқи кўриниши, табиий хоссалари ва хусусиятларидаги фарқ унинг келиб чиқишига алоқадор бўлибгина қолмасдан, балки турар жойлардаги тупроқ, сув, ҳаво, жойнинг фарқига ҳам боғлиқдир. Одамларнинг бир-бирлари билан бирлашиши, жамиятнинг пайдо бўлиши моддий эҳтиёж натижасидир. Инсон ортиқча жисмоний куч ва қудратдан маҳрум эканлиги, унда ўз-ўзини муҳофаза қилиш воситаларининг йўқлиги, бошқалар томонидан ташкил этилган хуружларга дуч келиши оқибатида уни ҳимоя қиладиган ва эҳтиёжларини қондиришини таъминлай оладиган нарсага доимий зарурият сезади. Айнан шу зарурият уларни бирлашишга даъват этади. Кишиларнинг эҳтиёжлари кўп ва хилмахилдир. Бунинг учун улар шаҳарлар қуришга эҳтиёж сезадилар, натижада жамият вужудга келади.
Ҳар бир инсоннинг ҳақиқий баҳоси унинг ўзи қодир бўлган ҳунар, ишни виждонан юксак маҳорат билан бажаришидир. Пул муомаласи меҳнатнинг айирбошлаши ривожи билан боғланган. Берунийнинг фикрича, пуллар, жумладан, олтин, кумуш ўзича ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмас. Улар маҳсулотларни алмаштириш жараёнидагина умумий мезон сифатида аҳамият касб этади, ўз вазифасини бажаради. Пулдан ноўрин фойдаланиш ёмон оқибатга олиб келадиган бойликлар яратди. Натижада пул зўравонликка, мажбурий меҳнатга олиб келди. Берунийда ижтимоий утопик қарашлар ҳам ривож топган, дейиш мумкин. Унинг идеалига кўра, жамиятни бошқариш ўз моҳиятига қараганда, амалдорлардан ўз ҳузур-ҳаловатидан маълум муддат маҳрум бўлишни, зўравонлардан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини тиклаш, айбдорларни эса жазолашдан иборат бўлмоғи лозимлигини тақозо қилади. Унинг ҳикоя қилишига қараганда, Мағрибда жамиятни бошқариш демократик тарзда олиб борилар экан. Жамиятни идора қилиш «юқори тоифа кишилари ва деҳқонлар» орасида навбатма-навбат амалга оширилар экан. Идора қилиш муддати тугагач, ҳукмдор масъулиятли вазифани соғ-саломат ўз зиммасидан соқит қилганлигига атаб фуқароларга зиёфат берар, кишиларга совғалар ҳадя қилар экан. Одил ҳукмдорнинг асосий вазифаси юқори ва қуйи табақа вакиллари ўртасида адолат ўрнатиш, кучли ва ожизлар ўртасидаги тенгликни барқарор этишдан иборатдир. Шунинг учун у Ҳиндистонда ҳукмрон бўлган табақачилик (кастачилик) тартибини қоралади. «Тенглик ҳукмронлик қилган жойда қайғу-алам ва очофатлик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади», деган ғояни илгари сурди. Берунийнинг таъкидлашича, жамият ҳаётида деҳқончилик билан банд аҳолининг ўрни алоҳида эътиборлидир. Шунинг учун деҳқонлар ҳол-аҳволидан доимо хабардор бўлиб туриш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳукмдорнинг бош вазифаси бўлмоғи шартдир. Берунийнинг ахлоқ-одобга оид ғоялари ҳам беҳад даражада қизиқарли ва фойдадан холи эмас.
Шахснинг ахлоқи жамият олдидаги бурчини сидқидиллик билан бажаришига хизмат қилмоғи лозим. Инсоннинг ташқи қиёфаси табиат инъомидир, уни ўзгартиришнинг имконияти йўқ. Бироқ, ахлоқий қиёфасини ўзгартириш инсоннинг ўз қўлида. Демак, уни ёмон хулқдан яхши фазилатлар томон айлантириш имкониятлари чексиз. Бунинг учун шахс ўз хулқ-атвори, ҳис-туйғулари устидан ҳукмрон бўлмоғи, руҳини тарбиялаб бориши, уни ахлоқий жарроҳлик воситасида даволаши, ахлоқ-одоб борасидаги китобларда таъкидланган усуллар билан камчиликларидан қутулмоғи лозим. Ана шундагина, у ўзининг салбий одатларидан холи бўлиб, юксак ахлоқий фазилатлар соҳибига айланади.
//
Изоҳ йўқ