Абдулла Авлоний


17:04 / 25.04.2023 1131 0

Авлоний, Абдулла (1878–1934) – XIX аср охири XX аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири, маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби. XX аср бошларида Авлоний жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, Тошкентдаги жадидларнинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб танилди. У янги усулда, янгича мактаб очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди. Мактаб-маориф ишларига ёрдам берувчи «Жамияти хайрия» очиб, етим ва боқувчиси йўқ болаларни ўқитди. Авлоний таниқли маърифатпарварлар билан биргаликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини тузди. «Хуршид», «Тужжор», «Осиё» газеталарининг майдонга келишида бевосита иштирок этди. Ўз муҳаррирлиги остида «Шуҳрат» (1907), кейинчалик «Турон» (1917) газеталарини чиқарди. Авлоний асос солган янги усул мактаби гуманистик ва эркин тарбия асосига қурилган, дунёвий илм-фанни болаларга ўргатишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган, ёшларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига аралаша олиш қобилиятига эга бўлишни таъминлайдиган ҳақиқий халқ мактаби бўлди.

 

Адиб жадид мактаблари учун «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим» дарсликларини тузди. Ахлоқий-дидактик мазмундаги «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» дарслиги (1913) XX аср бошларидаги ўзбек жадид маърифатчилигининг ноёб ҳодисаларидан эди. Унда тарбия ва ахлоқ масалалари биринчи маротаба XX асрнинг талаб ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Авлоний хулқларни анъанавий яхши ва ёмонга ажратар экан, мулоҳазаларини Гиппократ, Платон, Аристотель, Саъдий Шерозий, Бедил фикрлари билан асосланган тарзда замонавийликни асосий мезон қилиб олади. Мутафаккирнинг фикрича, ахлоқ, бу – хулқлар мажмуи. Хулқ эса эзгулик ёхуд разилликнинг муайян бир инсонда намоён бўлиш шакли. Бинобарин, ҳар бир хулқ эзгулик ва олижанобликнинг ёки разиллик ва бадбинликнинг тимсоли. Шу жиҳатдан улар яхши ва ёмонга бўлинадилар. Лекин, булар кишида ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уларнинг шаклланиши учун маълум бир шароит, тарбия керак. Кишилар туғилишдан ёмон бўлиб туғилмайдилар. Уларни муайян шароит ёмон ёки яхши қилади. Демак, ҳамма нарса тарбияга боғлиқ. «Тарбия ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё садоқат, ё фалокат масаласидур». «Тарбия туғилган кундан бошланади ва умрнинг охирига қадар давом этади» каби ғояни илгари суради. Авлоний тарбия доирасини кенг тушунади. Уни биргина ахлоқ билан чегаралаб қўймайди. Авлоний масаланинг фалсафий асосига кўчади. Жисм билан руҳнинг узвий бирлиги ҳақида гап очади: «Бадан тарбиясининг фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордур. Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила терси кабидур. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопоннинг устуни қўюб, астарини ювуб, овора бўлмоқ кабидурки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур». Яна бир ўринда эса «Бадан элак каби кўзлукдур» деган ибора учрайди. Авлоний жисм билан руҳ, шакл билан мазмуннинг узвий бирлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, «Ақл жисмнинг пири комили, муршиди ягонасидир». Авлоний фазилатларни шунчаки қайд этмайди, уларнинг конкрет ҳаётий, амалий аҳамияти устида ҳам тўхтаб ўтади. Авлонийнинг виждон ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳам диққатга сазовор. Унингча, виждон – ақл ва тафаккур мезони. Инсон одобини ҳаё ва иффатсиз тасаввур қилиш қийин. Авлоний ҳаё деганда «Ишда, сўзда адабни риоя қилмоқ»ни тушунади, уни инсонийликнинг муҳим белгиси деб билади. Авлонийнинг таъкидлашича, Ватан туйғуси энг инсоний, энг мўътабар туйғулардан бири. Ватанни шунчаки севиш мумкин эмас. Унинг дарди билан яшамоқ, унинг бахтидан қувонмоқ, у билан фахрланмоқ керак. Ватан Онадек муқаддас. Уни қадрлаш, эъзозлаш, унинг шодлик ва қувончига шерик бўлиш, ғам-ҳасратини баҳам кўриш фарзанднинг бурчи.

 

Авлонийнинг фикрича, тилга, маданиятга муҳаббат эса ҳар бир кишининг халқига бўлган муҳаббатдир: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон ойинаси ҳаёти – тил ва адабиётидир», деган эди мутафаккир. Авлоний ростлик ва тўғри сўзликни инсоннинг энг инсоний сифатларидан деб уқтиради. Адолатни, ҳар бир миллатнинг озод ва бахтли бўлиш ҳуқуқини дунёнинг асоси деб билади, бировга «Жабр қилувчининг ёқаси ҳеч қачон жазо қўлидан қутула олмас»лигини айтади. Адибнинг қарашларида Навоийнинг инсон ҳақидаги машҳур «Инсон – хилқат тожи» нуқтаи назари (концепцияси)нинг таъсири яққол сезилиб туради. Унинг фикрича, ҳам ақл фақат инсонгагина насиб этган сифатдир, жаҳоннинг зийнати оқил инсонлардир. Инсон ақли эса илм ва тажриба орқали бойиб боради. Дарҳақиқат, илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас фазилат эканлиги адиб томонидан атрофлича асослаб берилган. «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ»да инсонликни белгиловчи дўстлик, садоқат, меҳнатсеварлик, мунислик ва бошқа фазилатлар ҳам улуғланиб, бу сифатларнинг зиди бўлган жаҳолат, ялқовлик, ғийбат, ҳасад, хасислик, иккиюзламачилик каби иллатлар одамийликнинг душмани сифатида талқин этилган. Ушбу асарнинг аҳамияти фақат мактаб доираси билан чекланмади. У адабиёт ва ахлоқ ҳаваскори учун ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилди, ўз даври ижтимоий-педагогик фикр тараққиётида алоҳида ўрин эгаллади. Адибнинг бу асарда юз кўрсатган маънавиятга дахлдор қарашлари унинг шеъриятида, драма ва публицистик мақолаларида давом этди. Авлонийнинг ижтимоий-сиёсий, ахлоқий, эстетик қарашлари бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//