Замаҳшарий


17:04 / 19.04.2023 835 0

Замаҳшарий, Маҳмуд (1075–1143) – тўлиқ номи Абул-Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад аз-Замаҳшарий бўлиб, тилшунослик, луғатшунослик, жуғрофия, ҳадис, фиқҳ, тафсир, мантиқ, аруз фалсафа, аҳлоқ ва адабиёт соҳасида баракали ижод қилган. Замаҳшарийнинг «Навобиғ ул-калим» («Нозик иборалар»), «Атвоқ уз-заҳаб» («Олтин шодалар»), «Ал-фоиқ фи ғариб илҳадис» («Ғариб ҳадислар ҳақида ажойиб асар»), «Мақомоти аз-Замаҳшарий» («Аз-Замаҳшарий мақомлари»), «Ал-Кашшоф» («Қуръони Каримга ёзилган тафсир») каби рисолалари бизгача етиб келган бўлиб Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг алломанинг ижодий меросини ўрганишга кенг йўл очилди. Ҳозирги вақтда Замаҳшарий асарларидаги айрим афоризмлар М.Оқилов, «Навобиғ ул-калим» («Нозик иборалар») рисоласи эса У.Уватов томонидан арабчадан ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган.

 

Замаҳшарийнинг инсон маънавияти ва ахлоқий қарашларининг асосини мўътазила мазҳаби ғоялари ташкил қилади. Алломанинг фикрича, «ҳар қандай мушкул иш ақл эгалари туфайли ислоҳ қилинур, чунончи еру кўк фақат ўз теграси қутблари атрофида айланур». Инсоннинг ўз хатти-ҳаракатида ақл амрига қараб иш тутиши, ақл-идрок ва тафаккурнинг ўрни, айниқса, илмни эгаллаш, таълим-тарбияга оид фикрларида яққол кўзга ташланади. «Ёки илмий бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, бироқ тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан (жувонмарг бўласан)», дейди олим. Замаҳшарий илмнинг жамиятдаги ўрни, баркамол ва комил инсонларни тарбиялашдаги аҳамиятини очиб берган. Замаҳшарий ўз рисолаларида нодонлик, жоҳиллик ва саводсизликни қаттиқ танқид қилади, уларни инсоннинг энг тубан иллатларидан ҳисоблайди. «Илмли бўлиш бир баланд тоққа чиқиш каби кўп машаққатлидир, лекин ундан тушиш осондир, жоҳиллигу нодонлик булоғи чуқур чашма мисоли бўлса-да, бироқ у кўп қийинчилигу азобларга гирифтор қилади».

 

Донишманд инсонларга ҳалол меҳнат қилиб, шунинг эвазига кун кўриш лозимлигини уқтиради. Унинг замондошимашҳур шоир Рашидуддин ал-Ватвот «ҳатто ўзига зарар бўлса-да, у доимо адолат юзасидан иш тутар эди», деб айтган эди. Замаҳшарий тилшунос сифатида, нутқ маданияти ва ўзаро муомала қоидасига катта эътибор беради. Унинг одамларга қўйган биринчи талаби кўп сўзламасликдир, зероки, маҳмадоналик ўзгаларга ёқмайди. Замаҳшарий тўғрилик ва покликни улуғлайди, уларни инсоннинг энг яхши фазилатлари сирасига киритади. У Муҳаммад алайҳиссаломни дунёдаги энг тўғри ва пок инсон деб, кишиларни Аллоҳга ва унга иймон келтиришга ундайди. Ҳалоллик ва поклик инсон хулқини безашини айтиб, улар инсонни камолот сари етаклаши, «ҳалол, покиза киши доимо хотиржам ва тинчликда бўлиши, бировга хиёнату ёмонлик қиладиган киши эса ҳалокатга гирифтор»лигини таъкидлайди. Замаҳшарий саёҳатларда кўп бўлиб, ўзга мамлакатларни кезган, яхшию ёмонни кўриб, дўсту душманни ажрата билган. Шунинг учун мутафаккир ҳақиқий содиқ дўстни юксак қадрлаган. «Огоҳ бўлингизки, – деб таъкидлайди у, – карим ва ҳурматли, вафодор одамни йўқотиш эр кишига вафотдан ҳам оғирроқдир». Унинг «Навобиғ ул-калим» рисоласида илм-ҳунар эгаллаш, гўзал фазилатли ҳулқ-одобли, баркамол инсонни тарбиялаш тўғрисида фикрлар кўп. У инсондаги салбий иллатларни қоралади.

 

Олимнинг фикрича, «Одамнинг ботинию зоҳири, дилию тили бир бўлиши керак, шундагина у сахий ва салим бўлади. Одамлар ичидаги энг ярамаси хасисидир, уларнинг ичидаги энг ялқови – пасткашидир», «Такаббурлик ҳеч бир кимсанинг қадр-қиммати ва улуғворлигини зиёда қилмайди, у бор-йўғи довул ичидаги шамолдан бошқа нарса эмас»,  дейди мутафаккир. Айниқса, Замаҳшарий нопок, гердайган, билимсиз такаббур одамларни танқид остига олади. «Эзгулик, хайрли ишларга астойдил кириш, уларни пайсалга солиб, кейин қиларман, деган ўйлардан воз кеч, шайтон йўлдан урадиган шошма-шошарлик билан эмас, тафаккур ва идрок билан иш тут», – деб уларни савоб ва солиҳ ишларни қилишга ундайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//