Хожа Муҳаммад Порсо


13:05 / 03.05.2022 1404 0

Тасаввуф таълимотининг XIV аср охиридаги назариётчиларидан бири, Хожагон-Нақшбандия тариқатининг йирик вакили Хожа Муҳаммад Порсо номи билан машҳур бўлган Муҳаммад бин Муҳаммад бин Маҳмуд ал-Ҳофизий ал-Бухорий илмий мероси ва қарашларини ўрганиш нафақат Нақшбандия тариқати асослари, балки умуман, ислом фалсафий тафаккури, унинг бағрида вужудга келган тасаввуф таълимоти ҳамда тасаввуф таркибида минг йилдан кўпроқ давр давомида шаклланган ирфон фалсафасининг асл мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ ўрганишимиз учун имкон беради.

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг ушбу қисмида Муҳаммад бин Маҳмуд ал-Ҳофизий ал-Бухорий ҳақида сўз юритилади.  1345 йилда Бухорода туғилган Хожа Муҳаммад Порсо шу ердаги мадрасаларда ўқиб, Қуръони карим, ҳадис илмларини чуқур ўрганиб, замонасининг забардаст алломаларидан бири бўлиб етишди. Баҳоуддин Нақшбанддан кейин ислом оламида нақшбандия оқимининг энг йирик вакили ҳамда тарғиботчиси сифатида машҳур бўлди.

Хожа Муҳаммад Порсо Мовароуннаҳр ҳукмдори Халил Султон билан мулоқотда бўлган, Шоҳруҳ Мирзо билан турли масалалар бўйича ёзишмалар олиб борган. Мирзо Улуғбек саройи (Самарқанд ва Бухоро)даги илмий мунозараларда қатнашган.

Хожа Муҳаммадга “Порсо” (тақводор, диндор) деган шарафли номни ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд берган. Хожа Муҳаммад Порсонинг Баҳоуддин Нақшбанд билан муносабатлари шу даврда яшаган Муҳаммад Боқирнинг “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” номли асарида мукаммал баён қилинган. “Туҳфат уз-зоирин” китобида кўрсатилишича, Хожа Муҳаммад Порсо Баҳоуддин Нақшбанднинг иккинчи халифаси эди. Улуғ мутасаввиф бу шогирдига катта умид билан қараган ва унинг  таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратган.  Фахруддин Али Сафийнинг “Рашаҳот” асарида Хожа Муҳаммад Порсонинг қуйидаги ҳикояси келтирилади: “Ҳижоз йўлида Хожаи Бузруг (Баҳоуддин) касалга чалиндилар ва васият қилдилар. Шу аснода дўстлар ҳузурида бу мажлисга юзланиб: “Хожагонлар хонадонининг халифаларидан бу заифга нимаики етган бўлса ва бу йўлда ниманики топган бўлса, бу омонатларнинг барини сенга топширдим. Бу омонатларнинг барини Ҳақ субҳонаҳу халқига еткиз”, дедилар. Ҳижоз сафаридан қайтганимизда дўстлар ҳузурида: “Бизда нимаики бўлса, сен ҳаммасини тўлиқ олдинг”, дедилар. Ҳаётларининг охирида эса: “Бизнинг вужудга келишимизнинг сабаби Муҳаммад (Порсо)нинг зуҳури эди,”дедилар.”

Баҳоуддин Нақшбанд вафоти олдидан Хожа Муҳаммад Порсони ўз ўрнига тайин қилганлигини унинг яқинларидан бўлган Хожа Али Домод қуйидагича тавсифлайди: “Ҳазрати Хожа Баҳовуддин охирги беморликлари пайтида ҳозирги жасадлари ётган қабрни ковлашга буюрдилар. Қабрни ковлаб бўлиб, уларнинг ҳузурларига келдим. Ўзларидан сўнг иршод ишига кимни буюрар эканлар, деган фикр кўнглимдан ўтди. Улар тўсатдан менга ўгирилиб: “Ҳижоз йўлида айтган гапим гапдир, кимки бизни орзу қилса, Хожа Муҳаммад Порсога назар қилсин”, дедилар”.

Мазкур мисоллар Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирдига нисбатан  катта ҳурмат ва эътиқодининг далилидир. Хожа Муҳаммад Порсо ўз устози каби мўъминлар аҳволи ҳақида қайғуриб, подшоҳлар ишига ҳам аралашиб турган. “Рашаҳот”да келтирилган бир ҳикоя аввалида Хожа Муҳаммад Порсодаги каромат қувватининг кучлилигидан далолат қилинса, сўнг давр уламолари ҳамда подшоҳнинг илму фаннинг соф бўлиши борасида қайғурганликлари кўрсатилади.

“Рашаҳот” муаллифи Али Сафийнинг ёзишича, Хожа Муҳаммад Порсо кучли каромат соҳиби бўлса-да, бироқ буни иложи борича яширишга ҳаракат қилган. Аммо, қаттиқ зарурат туғилгандагина уни ошкор қилишга мажбур бўлган. Шундай воқеалардан бирининг тафсилоти қуйидагича: “Ҳадисчи олимларнинг пешвоси шайх Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий алайҳи раҳмат Мирзо Улуғбек замонида Самарқандга келган эдилар. Баъзи ғаразгўй кишилар: “Ҳазрати Хожа Муҳаммад Порсо Бухорода кўп ҳадисларни нақл қиладилар, уларнинг аснодлари тўғри ёки нотўғрилиги ҳеч кимга маълум эмас. Ҳазрати шайх буни текшириб кўрсалар ёмон бўлмас эди”, дедилар. Ҳазрати шайх бу ишнинг пайига тушдилар. Мирзо Улуғбекни ҳам бунга кўндириб, Бухорога одам юбордилар ва Ҳазрати Хожа (Муҳаммад Порсо)ни Самарқандга келишларини илтимос қилдилар. Шундай қилиб, шайх Самарқанднинг шайхулисломи бўлган Хожа Исомиддин ҳамда уламоларнинг энг улуғлари билан бирга катта мажлис ташкил қилдилар. Хожа Муҳаммад ҳам мажлисга етиб келдилар. Шайх ундан илтимос қилиб, асноди билан биргаликда бир ҳадис айтишни сўрадилар. Хожа Муҳаммад айтгач, шайх: “Бу ҳадиснинг тўғрилигига шубҳа йўқ, бироқ унинг асноди бизга маълум эмас, дедилар. Бу сўздан ҳасадчилар хурсанд бўлиб, бир-бирларига кўз қисдилар. Хожа Муҳаммад эса бу ҳадиснинг иккинчи аснодини ҳам айтиб бердилар. Шайх яна ўзининг юқоридаги сўзини такрорлади. Хожа Муҳаммад қанча аснод айтса ҳам сўзи бу ерда мақбул бўлмаслигини фаҳмладилар. Сўнг бир лаҳза муроқабага берилдилар, бироз сукутдан кейин шШайхга қараб: “Сиз фалон ҳадис китобини тан оласизми ва ундаги аснодларни мўътабар деб ҳисоблайсизми?-дедилар. Шайх: “Ҳа, у китобдаги аснодларнинг ҳаммаси эътиборли ва ишончга лойиқдир. Ҳадис фанини таҳқиқ этувчилардан ҳеч ким унга шубҳа қилмайди, агар сиз айтган аснодлар шу китобдан бўлса, у пайтда бизнинг ҳеч қандай эътирозимиз йўқ”, дедилар.

Ҳазрати Хожа (Муҳаммад Порсо) Хожа Исомиддинга қараб: “Сизнинг кутубхонангизда фалон токчада, фалон китобнинг тагида, фалон жилдли китоб бор, унда биз айтган аснод фалон саҳифада батафсил келтирилган, илтифот қилиб, ходимларингиздан бир кишини юборсангиз, уни тезда олиб келса, дедилар. Хожа Исомиддин, бу аснод ўша ерда борми-йўқми, деб иккиланиб турарди. Мажлисдагилар эса ҳангу манг бўлиб ўйга толган эдилар. Ҳазрати Хожанинг бу шахсий кутубхонада бўлмаганликлари ҳаммага маълум эди. Шундай қилиб, Хожа Исомиддин ўз яқинларидан бирини зудлик билан уйига юбориб, агар айтилган нарсалар ўша ерда бўлса, олиб келишни буюрди. У киши айтилган белгилар бўйича китоб ва аснодни топиб, мажлисга келтирди. Айтилган ҳадис ўша аснодлар билан ўша саҳифада ҳеч бир тафовутсиз мавжуд эди. Буни эшитган мажлис аҳлидан ҳайрат овозлари баланд кўтарилди. Шайх ва бошқа уламолар таажжуб ичида қолдилар. Айниқса, Хожа Исомиддининг ҳайрати бошқаларникидан зиёда эди, чунки у бу аснодли китобнинг ўз уйида борлигидан бехабар эди. Бу қиссани эшитган Мирзо Улуғбек ҳазрати Хожани чақиртирганидан хижолат бўлди. Ҳазрати Хожадан юз берган бу каромат одамлар орасида уларга нисбатан ақидаларини мустаҳкамлади.

“Рашаҳот”да Хожа Муҳаммад Порсонинг ўша даврдаги сиёсий воқеаларга ҳам алоқадор бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Унинг фаолиятидан Амир Темурнинг фарзанди Муҳаммад Жаҳонгирнинг ўғли Халил Мирзо, шунингдек, Хуросон шоҳи Шоҳрух Мирзо яхши хабардор бўлган. Порсо Шоҳрух Мирзо билан турли масалалар бўйича ёзишмалар ҳам олиб борганлиги манбаларда қайд этилган. Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Хожа Муҳаммад Порсонинг қуйидаги асарлари сақланмоқда:

1.“Рисолаи қудсия (“Хожа Баҳоуддиннинг қудсий калималари ҳақида рисола”).
2.“Аз анфози қудсияи машойиҳи тариқат” (“Тариқат машойихларининг қудсий калималаридан”).

3.”Эътиқодот” (“Эътиқод ҳақида рисола”).

4.”Таҳқиқот” (“Тасаввуф истилоҳлари ҳақида рисола”).

5.”Тафсири Қурьон” (“Курьон тафсири”).

6.”Ал-ҳадис ул-арбаъуна” (“Қирқ ҳадис”).

7.”Рисола дар одоби мурид” (“Мурид одоблари ҳақида рисола”).

8. ”Рисолаи кашфия” (“Кароматлар ҳақида рисола”).

9.  ”Рисолаи маҳбубия” (“Дўстлик ҳақида рисола”).

10.”Шарҳи “Фиқҳи Кайдоний” (“Фиқҳи Кайдоний” асарининг шарҳи”).

11.”Фасл ул-хитоб би-вусули-аҳбоб”(“Дўстлар висолига етишишда оқ ила қорани ажратувчи китоб”).

12.”Мухтасари таърихи Макка” (“Макка шаҳрининг қисқача тарихи”).

13.”Фусули ситта” (“Олти фасл”).

14.”Мактуби Хожа Муҳаммад Порсо ва Мавлоно Зайнуддин” (“Хожа Муҳаммад Порсонинг Мавлоно Зайнуддинга мактуби”).

15.”Мақомоти Хожа Алоуддин Аттор” (“Алоуддин Аттор мақомоти”).

16.”Мақомати Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” (“Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мақомоти”).

17.”Муқаддима ли-жомиъ ул-калим” (“Жомиъ ул-калим” китобига муқаддима”).

18.”Ҳафтоду ду фирқа” (“Етмиш икки фирқа”).

Муҳаммад Порсонинг “Рисолаи қудсия” асари Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қудсий калималарининг шарҳи ҳисобланади. Бу калималар Баҳоуддин Нақшбанднинг ўз оғзидан эшитилган бўлиб, Муҳаммад Порсо уларни жамлаб юрган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: “Бу сўзлар (уларнинг) муборак оғизларидан чиққан сўзлардан бир томчисигина бўлиб, бу заиф банда... бу қудсий калималардан баъзиларини садоқат ва иродат юзасидан табаррукона ва иршод сифатида қаламга олиб юрарди”. Муҳаммад Порсо ўзининг бу асарида  устозининг қудсий калимларини келтирибгина қолмай, уларни шарҳлаб ҳам беради. Асар Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, унинг хизматлари ва маънавий оламини очиб бериш ҳамда Нақшбандия сулукининг асослари ҳақида чуқур маълумотларни ўз ичига олганлиги билан ниҳоятда қимматлидир.

Муҳаммад Порсонинг шариат ва тариқат масалаларига бағишланган ва унга катта шуҳрат келтирган асари “Фасл ун-хитоб би-вусули-л-аҳбоб” (“Дўстлар висолига етишда оқ ила қорани ажратувчи китоб”) номли асаридир. Катта ҳажмга эга бўлган бу китоб ислом уламолари орасида қўлланма сифатида фойдаланилган. Асар бир неча марта чоп этилган. Шариат, тариқат ва фирқалар тўғрисида қандайдир баҳс туғилиб қолса, албатта, “Фасл ун-хитоб”га мурожаат қилиб, Порсонинг фикрини ҳужжат сифатида кўрганлар ва унга суянганлар. Асар 494 та масалага бағишланган бўлиб, уларнинг  ҳаммаси исломда баҳсли ҳисобланган ва Порсо бу масалаларни турли асарларга суянган ҳолда ечиб берган. 

Хожа Муҳаммад Порсо икки марта ҳаж амалини адо этган. Дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд билан, кейин 1419 йили Бухородан Термиз, Балх ва Ҳирот орқали Нишопурга, ундан эса Мадинага борган. Ҳаж зиёратини амалга оширгач, касалга чалиниб, 72 ёшида 1419 йилда Мадинада вафот этади. Амир ал-мўъминин Аббос мақбараси ёнига дафн этилган.

                                                                                  

    Бўри ҚОДИРОВ,

                     Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//