Хондамир


14:04 / 15.04.2022 1314 0

 

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги қисмида ўрта асрларнинг буюк тарихчиси Хондамир ҳақида сўз юритамиз.

 

Хондамирнинг тўлиқ исми Ғиёсиддин Муҳаммад ибн Хожа Ҳумомуддин ибн Хожа Жалолиддин Муҳаммад ибн Бурҳониддин Муҳаммад Шерозий бўлиб, у 1473-1476 йиллар орасида Ҳирот шаҳрида туғилган. Хондамир “Равзат ус-сафо”(“Мусаффолик боғи”)  асари муаллифи, машҳур тарихчи Мирхонднинг набираси ҳисобланади. Отаси Хожа Хумомуддин Муҳаммад ибн Хожа Жалолуддин Муҳаммад ибн Хожа Бурҳонуддин Муҳаммад Шерозий  замонасининг зиёлиларидан бири бўлиб, темурийлардан Султон  Маҳмуд Мирзонинг вазири бўлган. Бўлғуси муаррих замонасининг кўпгина билимларида пешқадам бўлиб, кейинчалик бобоси Мирхонднинг ишини давом  эттирди.

 

Хондамирнинг олим сифатида шаклланишида улуғ мутафаккир шоир Мир Алишер Навоийнинг ўрни катта бўлиб, у бўлажак олимга, ўзининг бой кутубхонасидан фойдаланишга рухсат берган, шу билан бирга илмий ишларига раҳбарлик қилган. У ёшлик чоғидаёқ Алишер Навоий қўлига келган, дастлаб унинг кутубхонасида кутубхоначи, кейинроқ эса мудир бўлиб ишлаган.

 

Алишер Навоий вафотидан сўнг, Хондамир дастлаб Балхда, Султон Ҳусайн Бойқаронинг тўнғич ўғли Бадиуззамон Мирзо саройида хизмат қилади. Айни шу пайтда Бадиуззамоннинг Қундуз ҳокими Хисравшоҳдан Шайбонийхонга (1500-1510 йиллар) қарши урушда иштирок этишни сўраб юборган элчилари қаторида Хондамир ҳам бор эди. Шу даврда унга “садр” унвони берилган. Хондамир бироз фурсатдан сўнг яна Бадиуззамон топшириғига биноан Шайбонийхонга қарши тузилган иттифоққа Кандаҳор ҳокимини жалб этиш мақсадида у ерга жўнатилди. Аммо Бадиуззамон қизининг вафоти туфайли Хондамир сафарни тўхтатиб, Ҳиротга қайтади. У 1506 йилда Шайбонийхоннинг Ҳиротни забт этишига шоҳид бўлган.

 

Сулолалар ҳукмронлиги ўзгаргандан сўнг, Хондамир темурийлар тарафдори бўлганлиги боис, Ҳиротдан кетишга қарор қилади. 1507 йилдан 1510 йилгача Шимолий Афғонистондаги Башт қишлоғида ижод билан шуғулланади. Ҳирот тахтига Сафавийлар  вакили Шоҳ Исмоил (1407-1424 йиллар) келгач, Хондамир яна Ҳиротга қайтади. Шоҳ Исмоил вафотидан сўнг (1527 йил) Ҳиротни бутунлай тарк этиб Қандаҳорга, 1528 йилда эса Бобурийлар пойтахтиؘ – Аграга (Ҳиндистон), Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳузурига боради.

Хондамир Аграда Бобурнинг яқин мулозимлари қаторидан жой олади. 1529 йили Бобурнинг Бенгалия ва Ганг дарёси соҳилига қилган юришида кузатиб боради. Бобур вафотидан сўнг, унинг вориси Ҳумоюннинг (1530-1556 йиллар) хизматида бўлиб, 1534 йили у билан бирга Гвалиорда бўлади ва Гужоратга қилган юришида қатнашади. Айни вақтда, у “Ҳумоюннома” асарини ёзади. Бу хизмати учун “Амир ал-муаррихин” (“Тарихчилар амири”) унвонига сазовор бўлади.

 

Хондамирнинг Амир Маҳмуд ва Саййид Абдулхон номли иккита фарзанди бўлган. Амир Маҳмуд Шоҳ Исмоил ва Шоҳ Тахмасп (1524-1576 йиллар) ҳукмронлик қилган давр тарихини ёритган асар муаллифидир. Ушбу асар “Равзат ус-Сафавия”(“Сафавийлар боғи”)да келтирилган маълумотларга кўра, ўша давр олимлари орасида катта эътибор қозонган. Хондамир бутун умри давомида, ўн учта асар ёзган бўлса,  бизгача саккизтаси етиб келган:

 

1.”Маъосир ул мулук” (“Ҳамаср подшоҳларнинг тарихи”) (1498-1499 йиллар);

2. “Хулосат ул ахбор фи баён  ул аҳвол ул ахёр” (“Хайрли кишилар аҳволини баён этиш борасида хабарлар хулосаси”) (1498-1500 йиллар).

3. “Макорим ул ахлоқ” (“Олийжаноб хулқлар”) (1501 йил).

 4. “Дастур ул вузаро” (“Вазирлар учун қўлланма”) (1500-1501 йиллар).

5. “Номаи номи” (“Атоқли номалар”) ёки “Иншои Ғиёсиддин”, “Иншои Ғиёсий” (1522-1523 йиллар).

6. Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарига Xондамир томонидан қўшилган илова -7 жилд ва “Географик қўшимча” (1522-1523 йиллар).

7. “Ҳабиб ус-сияр фи ахбор афрод улбашар” (“Инсон зоти хабарлари ва дўстнинг таржимаи ҳоли”) (1520-1524 йиллар).

8. “Ҳумоюннома”(1534 йил).

 

Хондамирнинг “Маъосир ул-мулук” (“Ҳамаср подшоҳларнинг тарихи”) асари Алишер Навоий илтимосига кўра ва унга миннатдорчилик изҳори тариқасида 1498-1499 йилларда ёзилган. Бу асар подшоҳ ҳамда қадимги донишмандларнинг хайрли ишлари ҳақида айтилган ҳикматли гапларни ўз ичига олади. Жумладан, Каюмарсдан Ануширвонгача, Одам Атодан Бузургмеҳргача бўлган ҳамда Муҳаммад пайғамбар ва имомлар ҳақида битилган нақллардан иборат. Сўнгра муаллиф Уммавийлар, Аббосийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар ва бошқа сулолаларга тегишли ҳукмдорлар тарихи билан бирга курд подшоҳлари ва турк хоқонлари тарихини ёритган. Асарнинг охирги қисмида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийга замондош бўлган ҳукмдорлар, олимлар ва донишмандлар ҳақида маълумотлар ҳам берилган.

 

Хондамирнинг “Хулосат ул-ахбор фи баён ул-аҳвол ул-аҳёр” (“Хайрли кишилар аҳволини баён этиш борасида хабарлар хулосаси”) 1498-1499 йиллар орасида ёзилган бўлиб, бу асар ҳам Алишер Навоийга бағишланган. Унда Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий замонида Ҳирот ва унинг атрофида қилинган улкан қурилишлар, қазилган наҳрлар, шунингдек, ўша замонда ўтган шоирлар, олимлар, математиклар, астрономлар, мусиқашунослар, шифокорлар, санъаткорлар ҳақида қимматли маълумотлар бор.

 

Буюк тарихчининг “Макорим ул-ахлоқ” (“Олижаноб хулқлар”) асари ҳам Алишер Навоийга миннатдорчилик рамзи сифатида ёзилган (лекин Алишер Навоий вафоти туфайли Хондамир унга китобни тақдим этишга улгурмаган).

 

Алишер Навоий 1501 йил 3 январда вафот этди. Уни дафн этиш чоғида ёмғир майдалаб ёғиб турган эди. Буни тарихчи Хондамир “ҳатто табиат ҳам мотам тутди” дея таърифлаган. Муаллиф ”Макорим ул-ахлоқ”да Алишер Навоийнинг юксак инсоний фазилати, олижаноб ахлоқи, асарлари, унинг ташаббуси билан қурилган бинолар, унга замондош шоир, олим ва фозил кишилар, шунингдек, Хуросоннинг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий аҳволи, Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаро орасидаги муносабатлар хусусида ҳикоя қилади.

 

Тарихчининг “Дастур ул-вузаро” (“Вазирлар учун қўлланма”) асари Алишер Навоий илтимосига мувофиқ, 1500 йили ёзилиб, Ҳусайн Бойқаро ва унинг вазири Амир Камолиддин Маҳмудга бағишланган. Орадан тўққиз йил ўтгач, 1509 йили асар қайта ишланган ва кенгайтирилган. Унда Мовароуннаҳр ва Хуросонда Темурийлар сулоласи инқирозига қадар ўтган вазирлар, Чингизхоннинг вазири, кейинроқ мўғулларнинг Хитойдаги ноиби, хоразмлик Маҳмуд Ялавоч ҳамда унинг ўғли Масъудбек (Чиғатойхоннинг Мовароуннаҳрдаги вазири) тўғрисида маълумотлар жой олган.

 

Хондамирнинг “Номаи номи” (“Атоқли номалар”) асарида 1522 йилда кечган воқеалар баён қилинган. Асарнинг “Иншои Ғиёсиддин” ёки “Иншои Ғиёсий” деган номи ҳам бор. Китоб иншо илмига оид (стилистика, турли мактуб ва фармонларни ёзиш қоидалари) бўлиб, Шарқ мамлакатларида ўтган турли табақадаги тарихий шахсларга (шоҳлар, амирлар, садрлар, қозилар, шайхлар, шоирлар) доир маълумотлар, подшоҳ ва хонларнинг ёрлиқ ҳамда фармонларидан намуналар, уларни битиш тартиблари баён этилган. Асарнинг қиммати шундаки, у баъзи бир муҳим мансабларнинг (парвоначи, мунший, муставфий, иҳтисоб (муҳтасиб), қалантар, мубашшир, ҳофиз) келиб чиқиши, бундай мансаб эгаларининг ҳақ-ҳуқуқлари, вазифалари хусусида сўз юритади.

 

Мирхонднинг “Равзат ус-сафо фи сийрат ул-анбиё ва-л-мулук ва-л-хулафо” (“Халифалар, подшоҳлар, авлиёлар ҳаётига оид мусаффолик боғи”) асарига Хондамир томонидан 1522 йилда ёзиб тугатилган илова (7-жилд) ва Xондамир томонидан қўшилган илова -7 жилд ва “Географик қўшимча” қисмлари мавжуд. Асарнинг “Географик қўшимча”си, тахминан 1495 йили Мирхонд томонидан ёзила бошлаган ва 1523 йилда Хондамир унинг давомини ёзиб тугатган.

 

Олимнинг энг йирик асари “Ҳабиб ус-сияр” вазир Каримуддин Хожа Ҳабибуллоҳ Соважийга бағишланиб 1520-1524 йиллар мобайнида ёзилган. Асарда қадим замонлардан, то 1524 йилга қадар Шарқ мамлакатларида, хусусан, Эрон, Афғонистон, Ироқ ва Марказий Осиёда содир бўлган воқеалар қаламга олинган. Унинг XV аср охири ва XVI асрнинг биринчи чорагида Мовароуннаҳр ҳамда Хуросоннинг умумий аҳволини акс эттирган учинчи жилдининг  учинчи ва тўртинчи қисмларидаги маълумотлар янгилиги билан катта илмий қимматга эга.

 

Муаррихнинг “Ҳумоюннома” асари “Қонуни Ҳумоюн” номи билан ҳам машҳур бўлиб, Ҳиндистон подшоҳи Бобурий Ҳумоюн Мирзога бағишланган ва 1535 йили ёзиб тамомланган. Асардаги Ҳумоюн Бобурийлар давлатида ҳукмронлик қилган даврда жорий этилган янгиликлар, аҳолини уч табақага, ҳокимиятни эса тўрт идора усулига бўлиниши ва Ҳумоюннинг меъморчилик фаолияти ҳақидаги маълумотлар диққатга сазовордир. Хондамирнинг қолган 5 та асарининг номлари маълум, холос:

 

 1.“Осор ул мулук вал анбийо” (“Подшоҳ ва пайғамбарлар ҳақида ҳикоялар”) (1524-1525 йиллар).

 2.“Ахбор ул ахёр” (“Яхши инсонлар ҳақида хабарлар”).

 3.“Мунтахаби тарихи Вассоф” (“Вассоф тарихидан сайланма”).

 4.“Жавоҳир ул ахбор” (“Хабарлар гавҳарлари”).

 5.“Ғаройиб ул асрор” (“Қизиқарли сирлар”).

 

 

Алишер Навоий асарларидан маълумки, Хондамир “Нақий” тахаллуси билан ғазаллар ҳам битган. Улар бизгача етиб келмаган бўлса-да, айрим парчалар “Ҳумоюннома”, “Макорим ул-ахлоқ” ва бошқа асарларда учрайди. Ҳеч шубҳасиз, Хондамирнинг Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон тарихига оид асарлари жаҳон тарихи хазинасига қўшилган муносиб ҳиссадир.

 

1534 йили Ҳиндистонда вафот этади. Аллома ўз васиятига кўра, Деҳлидаги қабристонга – Низомиддин Авлиё ва шоир Хусрав Деҳлавий ёнига дафн этилган.

 

 

            Бўри ҚОДИРОВ,

                    Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими

                                

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Аҳмедов Б., Ўзбекистон  тарихи манбалари, Т., 2001

2. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

3. Буюк аждодларимиз (масъул муҳаррир: М.Аминов, Ф.Ҳасанов). – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001.

4.Хондамир. “Макорим ул-ахлоқ”дан (Алишер Навоий ҳақида) . Мулоқот.-1991.-№3.-Б.22.

5.  www.ziyo.uz.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//