“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги қомусий олимларидан бири Тафтазоний ҳақида сўз юритамиз. Тафтазонийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Умар Саъдиддин ат-Тафтазоний бўлиб, у 1322 йили Хуросоннинг Тафтазон қишлоғида туғилган.
Тафтазоний ёшлигидан ўта зеҳнли, ақл-идрок соҳиби, исломий ва дунёвий илмларга ташналиги билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Дастлабки билимни Хуросоннинг йирик илмий марказлари Ҳирот, Шероз, Балх, Сарахс шаҳарларида олади. Кейинроқ ўз даврининг йирик олимлари, жумладан, Азудиддин ал-Ийжий, Қутбиддин Муҳаммад ар-Розий, Насимуддин Абу Абдуллоҳ, Зиёуддин ибн Усмон ал-Қазвиний, Аҳмад ибн Абдулваҳоб ал-Қўсий каби олимлардан таълим олиб, ўша даврда кенг тарқалган калом, мантиқ, илм ал-усул, фиқҳ, астрономия, математика илмлари соҳасида етук аллома даражасига эришади. Манбаларда ёзилишича, Саъдуддин Тафтазонийнинг илмий-ижодий фаолияти ўн беш-ўн олти ёшларидан бошланган. Шуни ҳам айтиш керакки, Тафтазоний ҳаётининг аксар қисми Хуросоннинг юқорида зикр этилган шаҳарлари билан бир қаторда Мовароуннаҳрда – Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Ғиждувонда ўтганлиги ҳақида ҳам ёзма манбаларда қайд этилган.
У умрининг 30 йилга яқин даврини жаҳонгашталикда ўтказади, Моварауннаҳрнинг турли мадрасаларида дарс беради. Ҳирот ва Ғиждувонда ишлайди. Жонибек хоннинг таклифи билан, Шоҳ Шужо саройида Шерозда ишлайди.
Соҳибқирон Амир Темур Марказий Осиё ва унга қўшни бўлган юртларни бирлаштириб, феодал тарқоқликка барҳам бергач, Самарқандга барча минтақа ва вилоятлардан машҳур олим ва ҳунармандларни тўплай бошлаган. Унинг мақсади IX-X асрларда бўлгани каби ислом дунёсининг илмий марказлари сифатида танилган Хоразм, Бухоро ва Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма” илмий мактаблари анъаналарини Самарқандда тиклаш бўлган. Пойтахтда олимларга ижод қилишлари учун барча қулайликлар яратилган. Саройда – Амир Темур хузурида эркин илмий баҳслар бўлиб, синовдан ўтган йирик олимлар янги қурилган мадрасаларга мударрисликка юборилган. Илм-фанга, маърифатга эътибор баландлиги боис ўша замоннинг кўпгина олимлари Самарқандга боришни ўзлари учун шараф деб билишган. Тафтазоний ҳам Амир Темурнинг даъватига биноан Самарқандга келиб, умрининг охиригача шу шаҳарда ижод этиб, кўплаб илмий баҳсларда фаол қатнашган. Манбаларда қайд этилишича, Самарқандда яшаган машҳур файласуф Мир Саййид Шариф Журжоний ва Тафтазоний ўртасидаги илмий баҳслар жуда кескин ва қизиқарли ўтган.
Тафтазонийнинг ислом фалсафаси, калом, мантиқ, ҳандаса, шеърият ва араб тили грамматикаси соҳасидаги катта асарлари Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарларида кенг тарқалган. Маълумотларга қараганда, унинг илмий-маънавий меросига мансуб асарларнинг сони ўттизтага етади. Улардан “Ал-арбаъин фил ҳадис”, “Ал-фатова ал-ҳанафиййа”, “Ал-мифтоҳ”, “Иршод ал-ҳодий”, “Таҳзийб ал-мантиқ вал калом”, “Ал-мутаввал ала ат-талхис” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Асарларининг аксарияти араб тилида, қисман эса форс тилида яратилган, олим фаолиятида турк ва форс тилларига қилинган таржималар ҳам зикр қилинади. Унинг илмий-ижодий фаолиятида юртимиздан чиққан йирик олимларнинг қимматли асарларига шарҳлар битиш ҳам етакчи ўрин эгаллайди. Жумладан, у насафлик таниқли олим Нажмиддин Умар Абу Ҳафс ан-Насафийнинг (1068–1142) ақида масалаларига бағишланган ғоятда муҳим “Ал-Ақоид” номли асарига (бу асар атиги 12 саҳифадан иборат) кенг кўламда шарҳ ёзган бўлиб, унинг 2000 йилда Қоҳирада чоп этилган нашри 162 саҳифадан иборат. Ҳажм нуқтаи-назаридан ғоятда кичик бу рисолада иймон-эътиқод масалалари аҳли сунна ва жамоат ақидасига мувофиқ аниқ ва ишончли тарзда баён қилинганки, у ўз давридан то ҳозирги пайтгача мусулмон давлатларидаги дорулфунун ва мадрасаларда, жумладан, ал-Азҳар университетининг ўқув муассасаларида сунний ақида бўйича асосий қўлланма – дастурлардан бири сифатида ўқитиб келинмоқда. Асарнинг катта амалий аҳамиятидан келиб чиқиб, кўплаб олимлар унга шарҳлар битганлар. Жумладан, Саъдуддин Тафтазоний ҳам бу асарга мукаммал шарҳ ёзган муаллифлардан ҳисобланади.
Тафтазоний томонидан хоразмлик буюк аллома Маҳмуд аз-Замахшарий (1075–1144) қаламига мансуб “Ал- Кашшоф” номли Қуръони карим тафсирига батафсил ҳошия ҳам битилган. Шунингдек, аз-Замахшарийнинг одоб-ахлоқ ва тарбиявий масалаларга оид “Навобиғ ал-калим” (“Нозик иборалар”) номли асарига ёзган муфассал шарҳи ҳам дунё илм аҳлларига яхши маълум.
Бу асарлардан XIV—XVI асрнинг иккинчи ярмигача Мовароуннаҳрдаги мадрасаларда ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган. Тафтазоний ўз фалсафий қарашларида табиат ҳодисалари ўртасида сабаб-оқибат муносабатлари мавжудлигига шубҳа қилмай, борлиқнинг ана шундай муносабатларини диққат билан таҳлил этиб, сабаб ва оқибатнинг муайян турларини ажратиб кўрсатади. “Сабаб – бу шундай нарсаки, нарсанинг мавжуд бўлиши унга боғлиқдир. Сабаб ички ва ташки кўринишларга эга. Агар сабабнинг муайян белгилари оқибатга кўчиб ўтса, унда ички сабаб намоён бўлган бўлади, агарда бунинг акси бўлса, унда ташқи сабаб ўзлигини кўрсатган бўлади”. Тафтазоний ўзининг “Таҳзиб ал-мантиқ вал-калом” асарида инсоннинг хулқ-атворидаги ирода эркинлиги масаласига кенгроқ тўхталади. Унинг фикрича, ҳар қандай олижаноблик ва хайрли ишлар ўз табиатига кўра худонинг моҳиятидан келиб чиқади ва у ҳамма нарсанинг холиқи сифатида хайр ва шарофатнинг яратилганлиги сабабдан инсонларни ёмон хулқ-атвордан тийилиб туришга чорлайди. Ёмон хулқлар, гуноҳлар инсонга хос хислатлар бўлмасдан, улар фақат кишиларни синаш учун яратилган. Шундай қилиб, унинг фикрича, худо ўз бандаларига икки йўлни “таклиф” этади, яъни шарафли, хайрли фаолият кўрсатишни ёки номатлуб машғулотлар билан гуноҳга ботишни, гуноҳга ботиш эса жазога тортилишни келтириб чиқаради. Мутафаккирнинг таъкидлашича, худо томонидан инсонларга хайрли ишлар қилиш буюрилган, ғайришаръий ишлар инсоннинг ўз иродасига боғлиқдир. Шунинг учун худо ёмон хулқ-атворли инсонларни жазолайди.
Билиш назариясида Тафтазонийнинг қарашлари ибн Синоникидан фарқ қилади. Ибн Сино нарса, ҳодисалар ҳақидаги маълумотларни билим деб қабул этган бўлса, Тафтазоний уларни алоҳида ҳис-туйғу ва билим ўртасидаги воситавий босқич деб тушунади. Ҳис-туйғуни эса ташқи ҳиссиёт деб атаб, ички ҳис-туйғу ҳам ташқи ҳиссиёт асосида пайдо бўлишини таъкидлайди. Нарсалар тўғрисида бирор тушунча ҳосил қилиш ҳис-туйғу уйғотган қиёфа орқали амалга ошишини қўрсатиб ўтади. Ашёлар ва ҳодисалар мавжудлиги туфайли улар уйғотган ҳис-туйғу шаклларидан билим шаклланади. Чунки ҳиссиёт моддадан, унинг зарурий сифатлари ва алоқалари билан биргаликда ташқи қиёфасинигина қабул қилиб олади. Шу сабабдан мутафаккирнинг фиқрича, ҳиссий тасаввурга эга бўлиш учун модданинг бўлиши шартдир. Лекин ақлий, мантиқий билиш эса моддий асосдан анча узоқлашган бўлиб, ҳиссий билимларга қараганда юқорироқ босқичда ҳосил бўлади.
Тафтазоний фикрича, мантиқ тафаккурдаги хатоликлардан халос қиладиган восита бўлиб, янги билимлар ҳосил қилиш учун заминдир. Мантиқий билиш шакллари тасаввур ва тасдиқдир. Бирор ашё ёки ҳодисани тасаввур этиш ва у тўғрисида ҳукм чиқаришда асосий ўринни тил бажаради. Онг ва унинг белгиси нутқ билан бевосита боғлангандир. Бирор ашё ёки ҳодиса белгиси бўлган сўзлар, бирор-бир мазмун туфайлигина қандайдир маъно касб этади. Тафтазоний фикрича, мантиқ фани мавҳум мантиқий онг билан боғланган бўлиб, тушунча ва ҳукмни ифодаловчи сўзлар ва гапларни таҳлил этади.
Ақл қуроли орқали ашёларни акс эттирадиган тушунчаларни таърифлаб, Тафтазоний ўз олдига шундай савол қўяди: Тушунчалар қандай келиб чиқади ва шаклланади? Тафтазоний ақлнинг таҳлилий – хулосавий қобилияти (таҳлилот) ва шуурий истеъдоди (мафҳумот) тушунчалар шаклланиши учун асосий йўл деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича: “Фақат таҳлилот ва мафҳумот воситасидагина ашёлар ҳақида муайян тушунчалар ҳосил этиш мумкин”.
Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳу алақоди Насафия” асарининг калом илмидаги аҳамияти ҳали етарли даражада ўрганилмаган. Айниқса, бу асарнинг таркибий тузилиши, унда кўтарилган ақидавий масалаларнинг тарихий жараёнлар билан узвий боғлиқлиги таҳлил қилинмаган. Асарнинг Ўзбекистонда ва хорижда сақланаётган қўлёзма нусхалари комплекс тарзда ўрганилиб тўлалигича тавсиф қилинмаган. Саъдуддин Тафтазонийнинг мазкур асари қарийб беш аср мобайнида Мовароуннаҳр ва унга қўшни ҳудудлар мадрасаларида асосий дарслик сифатида ўқитилган. Бироқ, унинг таълим дастуридаги аҳамияти ва ўрни тўлалигача ўрганилмаган.
Тафтазонийнинг “Шарҳу алақоди Насафия” асарини тадқиқ қилиш ва ундаги ақидавий масалаларни илмий асосда таҳлил қилиш каломга оид масалаларга аниқлик киритади. Шунингдек, халқимизга ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказишда бу асарнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу билан бирга ҳозирги кунда мавжуд турли хилдаги диний-сиёсий гуруҳлар ва бузғунчи мафкураларга қарши курашда мазкур асардан ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкинлигини ҳам айтиш зарур.
Умуман олганда, мазкур асарни ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимасини амалга ошириш беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни чин инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар қалбида аждодларга муносиб бўлиш ҳамда турли бузғунчи, адашган оқимларга қарши раддиялар бериш кўникмаси шаклланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Тафтазонийнинг илмий меросини ўрганиш тафаккуримиз тарихининг зарҳал саҳифаларини бойитиш имконини беради.
Тафтазоний 1392 йилнинг 12 августида Самарқандда вафот этган.
Бўри ҚОДИРОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
масъул ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 8-жилд, Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. – Т.; 2004.
2. Ислом энциклопедияси. – Т.; Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти, 2004.
3. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.
4. www.ziyo.uz.
//
Изоҳ йўқ