Мирхонд


15:04 / 06.04.2022 1258 0

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги олимларидан бири, Ўрта асрларнинг буюк тарихчиси Мир Муҳаммад ибн Сайид Бурҳонуддин Ховандшоҳ ибн Камолиддин Маҳмуд ал-Балхий – Мирхонд.

 

Мирхонд 1433 йили Балхда туғилган. Унинг ота-боболари асли бухоролик бўлиб, фиқҳ илмида машҳур эди. Улардан Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Маҳбубий фиқҳ илмида пешқадам олим бўлгани учун “тож аш-шариъа” (шариат тожи) номи билан ном чиқарган ва Шарқнинг машҳур фиқҳ олими Саййид Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига “Виқоя ур-ривоят фи масоил ул-Ҳидоя” (“Ҳидоя масалаларини ҳимоя қилувчи ривоятлар”) номли шарҳ ёзган. Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий “тож аш-шариъа соний” (иккинчи шариат тожи) номи билан танилган ва “Шарҳ ул-виқоя”, “Ан-ниҳоя мухтасар ул-виқоя” номли машҳур китоблар ёзиб қолдирган. Мирхонднинг отаси Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ҳам ўз даврининг билимдон кишиларидан бўлган.

 

Мирхонд Бухорода мадрасани тугатиб, отаси вафотидан кейин Ҳиротга келган. Унинг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид маълумотлар жуда кам бўлишига қарамай, набираси Хондамир “Хулосат ул-ахбор” китобида бобоси ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Падарпаноҳ жаноб амир Хованд Муҳаммад йигитлик чоғларида турли илмларни таҳсил этиш ва нафис фазилатларни камолга етказиш йўлида тиришқоқлик ва зўр меҳнат қилди. Қисқа вақт ичида билимдонликда замон фозилларининг пешқадами бўлиб олди. У (кўпроқ) тарих илмини касб қилди ва жаҳон аҳволини ҳамда осори атиқаларини таҳқиқ қилишга киришди. Олижаноб хотирани тез фурсат ичида бу фанни эгаллашдан фориғ қилди, аммо феълу атвори маишат аҳди билан қўшилишга йўл бермади, завқу шавққа берилмади. Дарс бериш ва амру маърифатга иштиёқ унинг равшан хотирида асло кўринмади. Аммо (бу ҳол) орзу ва омонликнинг қиблагоҳи, яъни олижаноб Султон (Ҳусайн) ҳазратлари яқин дўсти (Амир Алишер Навоий)нинг ҳузурларига боргунича ва унинг ҳар турли навозиш, марҳамат, илтифот ҳамда мурувватларини топмагунларича давом этди”.

 

Шарқ халқлари тарихини ўрганиш, тадқиқ этишда Табарий, Наршахий, Байҳақий, Жувайний, Шарафиддин Али Яздий, Низомиддин Шомий, Ибн Арабшоҳ, Абдураззоқ Самарқандий сингари олим ва мутафаккирлар қолдирган дурдоналар катта аҳамият касб этади. Ана шундай бебаҳо тарихий асарлардан бири Мирхонднинг “Равзат ус-сафо фи сийратул-анбиё вал-мулук вал хулафо” (“Пайғамбарлар, подшолар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида жаннат боғи”) асаридир. Бу асар Алишер Навоийнинг илтимосига биноан ёзилган бўлиб, Навоий Мирхондга Халосия хонақоҳида жой, маош тайинлаб, ўзининг бой кутубхонасидан фойдаланиш учун имкон яратади. Мирхонд шу ерда 1494 йилгача 7 жилдли “Равзат ус-сафо фи сийратул-анбиё вал-мулук валхулафо” (“Пайғамбарлар, подшолар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида жаннат боғи”) асарининг 6 жилдини ёзиб тугатади. “Равзат ус-сафо”нинг мазмуни қуйидагичадир:

 

1-жилд (дафтар) – дунёнинг яратилишидан сосонийлар сулоласи инқирозигача;

2-жилд  – Муҳаммад (с.а.в) ва тўрт халифа тарихи;

3-жилд – Умавий ва Аббосий халифалари тарихи;

4-жилд – Умавий ва аббосийлар даврида Ўрта Осиё;

5-жилд  – Чингизхон ва чингизийлар тарихи;

6-жилд  – Амир Темурдан Абу Саид вафотигача бўлган давр тарихи;

7-жилд – Султон Ҳусайн ва унинг авлоди даври тарихи. Бу жилднинг давомини набираси Хондамир (бобоси вафотидан кейин) ёзиб тугатади.

 

Дастлабки 6 жилд матни Алишер Навоий таҳриридан ўтади. Асар  Бомбай (1845, 1848), Теҳрон 1850–1856, 1860; ва Лакҳнав 1874, 1883, 1890 йиллар)да чоп этилган; ўзбекча таржимаси Муҳаммад Раҳимхон Феруз даври (1865–1873) да амалга оширилган.

 

Мирхонднинг “Равзат ус-сафо фи сийратул-анбиё вал-мулук вал хулафо” асари жозибали тилда, содда ва равон услубда ёзилган бўлиб, илк саҳифалариданоқ ўқувчининг эътиборини ўзига тортади. У жуда кўп ибратли, таъсирли, қизиқарли воқеаларни ўз ичига олади. Асар тили ва услубига кўра, ўз даврининг бебаҳо адабий ёдгорлиги ҳисобланади. Француз, лотин, швед, немис ва бошқа бир қатор тилларга мазкур асардан парчалар таржима қилинган. Узоқ вақт давомида ушбу асар европаликлар учун Шарқ тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб ҳисобланган.

 

Асарнинг нодир қўлёзмаларидан бири Санкт-Петербургда, Д 203 рақами остида Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда. 1608 йилда кўчирилган, 233 варақдан иборат бу қўлёзманинг айрим саҳифаларига олтин суви югуртирилган. Мазкур китобда тоҳирийлар давридан то соҳибқирон Амир Темурнинг давлат тепасига келишига қадар бўлган воқеалар (820–1370 йиллар) тарихи битилган.

 

Мирхонднинг бу асари жуда кўп мамлакатлар тарихини ўрганишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Китобнинг факсимиле нусхаси кўпгина тадқиқотчилар учун Марказий Осиё тарихи, хусусан, темурийлар даврини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 

Улуғ муаррих Мирхонд 1498 йил 22 июнда вафот этган.

 

       Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими

Бўри ҚОДИРОВ тайёрлади.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1.  Аҳмедов Б. “Ўзбекистон тарихи манбалари”, Т., 2001;

2. “Маънавият  юлдузлари” (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001;

3. “Буюк аждодларимиз.” (масъул муҳаррир: М.Аминов, Ф.Ҳасанов). – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001;

4.  www.ziyo.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//