“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ алломаларидан бири, замонасининг “малик ул-каломи”, ўзбек шоири, ориф ва мутафаккири Лутфуллоҳ Лутфий 1366 йилда Ҳирот яқинидаги Деҳиканор қишлоғида дунёга келган.
Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида гувоҳлик беришича, Мавлоно Лутфий 99 йил умр кўрган. У бошланғич таҳсилдан кейин мадрасаларда ўз даврининг дунёвий ва шариат билимларини чуқур ўрганади. Сўнгра эса тасаввуф бобида малака ҳосил қилишга киришади. Бу ҳақда Алишер Навоий қуйидагиларни қайд этади: “Мавлоно йигитлигида улуми зоҳирийни такмил қилғондин сўнгра Мавлоно Шаҳобиддин Хиёбоний қошида сўфия тариқатида ҳам сулук қилғондур”. Шаҳобиддин Хиёбоний ўз даврининг кўзга кўринган мутасаввуф шайхларидан бўлиб, унинг “Қуръони Карим”га ёзган шарҳлари ҳам мавжуд эди. Лутфий ана шу алломадан тасаввуф таълимини олиб, кенг ва чуқур билим соҳиби бўлиб етишди. Лутфий асарларидан шу нарса маълум бўладики, у Абу Али ибн Синонинг “Қонун” ва “Аш-Шифо” асарларини чуқур ўзлаштирилган.
Бўлажак шоир ўзигача бўлган туркий тилдаги адабиёт билан бир қаторда форс ва араб адабиётларини ҳам қунт билан ўрганади. Унинг Ҳофиз, Камол Хўжандий ва Насимий меросларига ихлоси айниқса катта эди. Амир Темур давридан бошлаб Хуросон ва Мовароуннаҳрда рўй берган сиёсий марказлашув самараси ўлароқ шаклланган адабий муҳит Лутфийни ҳам ўз майдонига тортди. Унинг ғазаллари оғизга тушиб, мушоира кечаларида ўқиладиган, адабий суҳбатларнинг эса мавзусига айланди. Оддий ҳаёт тарзига ўрганган, дарвишларга хос хокисорлик билан мўтабарлик касб этган бу шоирнинг ғазаллари чуқур фикрларни содда сўзлар ёрдамида юксак бадиий бўёқларда ифодалай олиши билан ажралиб турар ва ғазаллари шу жиҳати билан Навоий ва Жомий каби адабиёт ҳомийларининг диққат-эътиборини қозонган эди
У гарчи ўз она тили – туркий тилда яратилган ғазаллари билан машҳурликка етишган бўлса-да, форсийда ҳам ўзининг шоирлик иқтидори ва маҳоратини намойиш эта олган. Лутфий шеърият билан тариқатни, мажоз билан ҳақиқатни уйғунлаштирган эди. Аммо у сўнгги нафасигача шоирлик бурчи ва илҳомига содиқ қолиб, ўзбек шеърияти хазинасини бир-биридан қимматли назм дурдоналари билан бойитди. Шу билан бир қаторда, шоирлик нечоғлик “маъруф ва машҳур” бўлмасин, “дарвешлик тариқини дағи иликдан” (Навоий) чиқармаган эди.
Лутфийнинг лирикадаги серқирра ижоди ҳақида Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида қуйидагиларни ёзади: “Мавлоно Лутфий ўз замонасининг “маликул-калом”и эрди. Туркий ва форсийда беназир эрди, аммо туркийда шуҳрати кўпроқ эрди ва туркча девони машҳур”. Шоирнинг форсий тилдаги асарларини тўплаб девон тузгани бизга маълум бўлмаса-да, унинг бу тилда ҳам катта маҳорат билан ижод қилганини замондошлари эътироф этган эди.
Аллома адабий мероси орасида достонлар алоҳида ўрин эгаллайди. Шулардан бири 1411 йилга яратилган “Гул ва Наврўз” достонидир. Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Лутфийнинг бизгача етиб келмаган “Зафарнома” деб номланган достони тўғрисида маълумот беради ва ёзади: “Мавлононинг “Зафарнома” таржимасида ўн минг байтдан ортиқроқ маснавийси бор. Баёзға ёзмоғони учун шуҳрат тутмади”. Тадқиқотчилар “Зафарнома” таржимасининг манбайи Шарафиддин Али Яздийнинг форс тилида яратилган Амир Темур ҳаётига оид “Зафарнома” асари эканлигини қайд этади. Шундай экан, Лутфий ўз даврида авлодлар учун ғоят аҳамиятли бўлган бир мавзуга қўл урган ва Али Яздийнинг тарих ва хотира услубида ёзилган асарининг туркий тилдаги поетик намунасини яратган. Профессор Й. Э. Бертелс шоир бу маснавийни Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си услубидаги қаҳрамонлик асари сифатида режалаштирган бўлиши керак, деб айтади. Лекин қандайдир сабабларга кўра уни оққа кўчирмаган. Навоий ҳам “оққа кўчирмагани (“баёзға ёзмоғони учун”) учун шуҳрат тутмади” деб айтади.
Манбаларда Лутфийнинг ахлоқ-одоб мавзусида “Машқун ул-ҳақойиқ” номли асар яратгани ҳам эсланади. Хўтанлик Мулла Исматулланинг “Тарихи мусиқиюн” асарида Лутфийнинг мусиқа тарихи билан ҳам шуғуллангани, куйлар басталагани қайд этилади. Қарийб юз йил умр кўрган даҳо шоирнинг ижод қамрови ҳам ранг-баранг бўлгани, хусусан, бадиий адабиёт соҳасида кўп ишларга улгургани шубҳасиздир.
Шоирнинг она тилидаги лирик асарларидан иборат девони ўз давридаёқ Хуросон ва Мовароуннаҳрдан ташқари туркий тилда сўзлашувчи кўпгина ўлкаларга ҳам кириб борган эди. Кейин бу ҳудуд янада кенгайиб борди. Мавлоно Лутфий ХVI–ХХ асрлар мобайнида кўчирилган туркий девонининг 33 та қўлёзма нусхаси етиб келган бўлиб, улар Тошкент, Душанбе, Истанбул, Теҳрон, Лондон, Париж, Санкт-Петербург кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланади. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Қўлёзмалар институти фондларида Лутфий девонининг ўнлаб нодир нусхалари сақланади.
Лутфий қаламига мансуб манзумаларнинг умумий миқдори 2774 байт ёки 5548 мисрадан ортиқ. Уларнинг катта қисми (2086 байти) ғазал жанрида ёзилган. Лутфийнинг “Сенсан севарим” номли тўплами Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида 1987 йилда чоп этилган девонидир. Девон Шарқ шеъриятининг етакчи жанрларидан бўлган ғазал, рубоий, туюқ, қитъа ва фардларни ўз ичига олади. У, одатдагидек, ҳамд ва наът шеърлари билан бошланади. Девоннинг деярли кўп нусхаларида Шоҳрух Мирзо номига ёзилган қасидага кўзимиз тушади. Айрим нусхаларда эса темурий шаҳзодалар: Бойсунғур Мирзо, Искандар Мирзо номига бағишланган қасидалар ҳам учрайди.
Лутфий девонидан ўрин олган лирик асарларнинг етакчи мавзуси – ишқдир. Шу ишқ инсоннинг зоҳирий ва ботиний оламини ойна бўлиб акс эттиради. Биз бу асарларда ишқнинг дунёвий талқинларини ҳам юксак санъат билан акс эттирилганини кузатамиз.
Навоий ўзининг “Маноқиби Паҳлавон Муҳаммад” асарида Лутфийни “зоҳир аҳли шуароси”, яъни дунёвий мавзулар талқинида маҳорат кўрсатган шоир сифатида алоҳида таъкидлайди. Шоир лирикасида кенг ўрин тутган дунёвий мавзулар, айни пайтда, диний-тасаввуфий мавзулар билан уйғунлашиб, бири-бирини тўлдириб келади. Шу тарзда улар мажоз ва ҳақиқат бирлигини ташкил қилади.
Аллоҳ ўзи яратган мавжудот ва махлуқотлар орасида инсонни энг мўтабар поғонага кўтарди. Унга ўз нурини берди. Инсон шунинг учун ҳам азиздир. У ҳусн бобида ҳам “мазҳари сунъи илоҳдир”. Лутфийнинг қуйидаги байтида шу мазмунга ишора қилувчи теран бир фикр ўзининг гўзал бадиий ифодасини топган:
Улки ҳусн этти баҳона элни шайдо қилғали,
Кўзгудек қилди сени ўзини пайдо қилғали.
Лутфий ғазаллари марказида турган қаҳрамон ҳаётининг Аллоҳ инъом этган барча гўзалликлари-ю, неъматларидан баҳрамандлик туйғуси билан яшайди. “Бари айш бирла кечса керак ушбу умри фони”, деб хитоб қилади. Шоир лирик қаҳрамонини навбаҳор келиши билан чаманларнинг гуркираб кетиши, гул фаслининг таровати мафтун этади. У шу чаманда “сарвиқад гули хандони”ни излайди.
Ёз бўлди, керак ул бути айёр топилса,
Барча топилур, бизга керак ёр топилса.
Мен кезгучи қулнунг турурин сиз не сўрарсиз!
Истанг мени ул ердаки, дилдор топилса.
Шоир лирикасида ҳаёт завқи, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, шодлик оҳанглари билан бирга инсон қадрияти ва унинг орзу-умидларини оёқости қилувчи “кажрафтор чарх”, “сергина фалак”, “жаҳолатпеша одамлар”дан озурдаҳоллик кайфиятлари ҳам юз кўрсатади. Бундай тасвирларда шоир ўзини ўраб турган ҳаётга ҳар жиҳатдан яқинлашиб боради. Лутфийнинг ҳамиша яхшиликка умидвор бўлган ошиқ нидоларини ўз ичига олган байтларида қуйидаги талқинга кўзимиз тушади.
Йўқ турур ёлғуз бу Лутфий жонига жаври рақиб,
Қайда бир доно дурур ул жаври нодон тортадур.
Лутфийнинг ўзига хос катта маҳорати ҳам дастлаб, бир томондан қаламга олинаётган барча мавзуларни қулай очиб берадиган поетик образлар воситасида тасвирлаш билан китобхонлар қалбига йўл топишидадир. Услуб соддалиги, ифодаларнинг халқоналиги, шеър вазнининг халқ қўшиқларига яқинлиги Лутфий лирикасининг муваффақиятини таъмин этган иккинчи муҳим омилдир.
Лутфийнинг назмиятда халқ мақолларидан истифода этиш бобидаги санъаткорлиги айниқса юксакдир. Унинг рубоий, қитъа, туюқ ва фардларида киши руҳий оламининг ранг-баранг лаҳзалари, ахлоқ-одоб мавзуларининг талқинлари асосий ўрин тутади. Шоирнинг тўртликлари ҳақида сўз борар экан, унинг туюқлари алоҳида диққатга сазовор. Кўпроқ туркий тилдаги шеъриятга тааллуқли тажнисли (зулмаънайн) сўзлар воситасида туюқ яратиш санъати Лутфий шеъриятида ёрқин ифодаланган. Унинг девонидан ўрин олган кўплаб туюқлардаги нафис маъно товланишлари китобхонни она тилимизнинг бой имкониятлари қатламларига олиб киради, эстетик завқ беради.
Мен сенинг илкингдин, эй дил, бандамен,
Ваҳ, қачон еткайман ул дилбанда мен,
Бевафоларға мени қилдинг асир,
Сен манга султонсан, эй дил, бандамен.
Ушбу туюқда уч марта гоҳ қўшилиб, гоҳ алоҳида ёзилгани ҳолда такрорланиб келаётган “дилбандамен” сўзи мисралардаги ўринларига кўра уч маънони келтириб чиқармоқда: 1) Эй, дил (кўнгил), мен сенинг дастингдан қўл-оёғи боғланмаган (бандамен); 2) Фарёдим шуки, у маъшуқа (дилбанд)га қачон етар эканмен; 3) Эй, кўнгил (дил), сен мени вафосизларга асир қилиб қўйдинг. Бунга менинг бўйсуниб юришдан бошқа иложим йўқ. Чунки сен менга подшоҳсан, мен эса, сенга банда – (қарам)дирман.
Лутфийнинг форсий назмиятидаги мислсиз санъаткорлигини кейинги асрларда яшаган тазкиранавислар ҳам қайд этади. Акбаршоҳ замонида яшаган Абдулла Кобулий ўзининг “Тазкират ут-таворих” асарида Лутфий мероси ҳақида сўз очиб, “дар форси шеъри зебо ва қасидаи ғарро дорад” (“форсийда гўзал шеърлари ва порлоқ қасидалари бор”) деб айтади.
Лутфий ўз даври адабий ҳаётида устоз сифатида катта мавқега эга эди. Кекса шоирнинг уйи кўпинча шогирдлар билан гавжум бўларди. Унинг яқин шогирдларидан бири Алишер Навоий эди. Навоий ўз устози ҳақида гапирганда икки ўртадаги яқин инсоний муносабатларни ички бир ифтихор билан тилга олади. Навоий Лутфийдан назмиятнинг сир-синоатлари бобида кўп нарса ўрганди. Устоз шеъриятига бўлган катта эътиқод билан унинг “Лайлатул меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур”, “Кўкдадур ҳар дам фиғоним кўргали сен моҳни”, “Эй сочинг шайдо кўнгулларнинг саводи аъзами” мисралари билан бошланувчи ғазалларига мухаммаслар боғлади. Унинг устозни “Эй жамолинг лаҳзолу бебадал ҳуснунг жамил”, “Эй қадинг тўбийи жаннат ҳадди гулгун устина” муқаддимасига эга ғазалларига мусаддаслари ҳам мавжуд. Таъкидлаш керакки, Навоий ўзигача ва ўзига замондош бўлиб яшаган туркийгўй шоирлардан фақат Лутфий ғазалларигагина мухаммас ва мусаддаслар боғлаган. Лутфий ғазалларига мухаммаслар боғлаш Мунис, Огаҳий, Равнақ ва Амирий ижодларида ҳам учрайди. Бизга замондош бўлиб яшаган Чархийнинг ҳам шу йўналишда мухаммаслари бор. Шоир ғазаллари мақом ва халқ куйлари билан ижро этилади.
Лутфий ғазалнавис сифатида Шарқ адабиётида барқарорлашган адабий-эстетик анъаналар билан халқ оғзаки ижодиёти тажриба тамойили ва усулларини ниҳоятда моҳирлик билан мувофиқлаштирган. Унинг ғазалларида инсоний дард, армон, қайғу ва шодлик тасвири бетакрор бир таъсирчанлик касб этган. Лутфий наинки ғазалларида, рубоий, туюқ, қитъа, фардларида ҳам нафосат ҳисси шаклланган, дид ва савияси баланд кишиларнинг-зукко ва ҳаётсевар халқ вакилларининг фикр-у туйғуларини тараннум этган.
Мавлоно Лутфий 1465 йилда Ҳирот яқинидаги Деҳиканорда вафот этган.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚОДИРОВ тайёрлади.
//
Изоҳ йўқ