“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги вакили буюк миниатюрачи мусаввир, Шарқ уйғониш даврининг етук санъаткори, Ғарбда “Шарқ Рафаэли” деб тан олинган Камолиддин Беҳзод 1455 йилда Ҳиротда ҳунарманд оиласида дунёга келган. У ота-онасидан эрта етим қолди. Ҳиротнинг машҳур мусаввири Амир Руҳулло (Мирак Наққош) уни ўз тарбиясига олиб, ҳар томонлама илмли қилиб вояга етказди. Ёш рассом унинг Ҳиротдаги Нигористонида (Санъат академиясида) наққошлик ва миниатюра санъатининг сир-асрорларини ўрганди.
Улуғ шоир Алишер Навоийнинг назарига тушиб, унинг ҳомийлигида камолга етгани Камолиддиннинг буюк мусаввир бўлиб, дунёга танитди, десак муболаға бўлмайди. Инчунин, ҳазрат Навоийнинг дўсти, Султон Ҳусайн Бойқаронинг Камолиддин Беҳзодга саройдан алоҳида жой ажратиб, ижод билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб бергани фикримизни тасдиқлайди.
1487 йилда мусаввир Султон Ҳусайн Бойқаронинг фармони билан Ҳиротдаги салтанат китобхонасига бошлиқ этиб тайинланди. ХВ аср охирларига келиб пойтахти Ҳирот бўлган темурийлар салтанати тож-у тахт учун ўзаро жанг-у жадаллар туфайли емирила бошлайди. Камолиддин Беҳзоднинг энг ишончли ҳомийси – Абдураҳмон Жомий (1492 йил), сўнг устози Алишер Навоий (1501 йил) бирин-кетин оламдан ўтади. 1506 йилда Ҳиротдаги темурийлар сулоласининг сўнгги вакили Султон Ҳусайн Бойқаро вафот этади. Шаҳзодалар салтанатни ҳалокат ёқасига олиб келадилар.
1507 йилда Шайбонийхон бошчилигида кўчманчи ўзбек қабилалари Ҳирот тахтини осонлик ила ишғол этади. Тожу тахт, салтанат учун курашлар шароитида ҳам рассом Ҳиротда қолиб, фаолиятини давом эттиради. Уч йилча Ҳиротда, Шайбонийхон саройида иш олиб бораркан, Беҳзод санъатига тан берган ҳукмдор улуғ мусаввирга ишлаши учун қулай шарт-шароит яратиб беради. Беҳзод Шайбонийхоннинг тасвирини айни ўша йиллари чизган бўлиши керак.
1510 йилда Марв ёнидаги Тоҳирободда Шайбонийхон қўшинлари ва Эрон ҳукмдори шоҳ Исмоил Сафавий лашкари ўртасида шиддатли жанг бўлади. Жангда Шайбонийхон қўшинлари енгилади. 1510 йилда Ҳирот сафавийлар қўлига ўтади. Исмоил Сафавий 1512 йилда бир неча истеъдодли санъаткорларни салтанат пойтахти Табризга олиб кетади. Улар орасида Камолиддин Беҳзод ва унинг бир гуруҳ истеъдодли шогирдлари ҳам бор эди. Бу пайтга келиб Камолиддин Беҳзод ва Ҳиротдаги мусаввирлик мактабининг довруғи бутун Шарққа таралган эди. Камолиддин Беҳзоднинг санъатини юксак қадрлаган Шоҳ Исмоил Сафавий ҳам санъаткорга барча шарт-шароитларни яратиб беради. У Табризда Ҳиротдан кейинги нафис тасвирий санъат (миниатюрачилик)нинг яна бир катта мактабини яратди. Ўша пайтларда Эронда ҳам сиёсий аҳвол яхши эмас эди. Усмонийлар султони Салимхон Эронга кетма-кет таҳдид солиб турарди. 1514 йилда Эрон ва турк қўшинлари ўртасида Табриз яқинидаги Чолдорон деган жойда қаттиқ жанг бўлиб, унда сафавийлар қўшини мағлубиятга учрайди. Шоҳ Исмоил Сафавий жанг майдонидан қочиб, зўрға қутулиб қолади. Бир йилча Табриз турклар қарамоғида бўлади.
Табриздаги энг нуфузли рассом бўлганлиги учун Камолиддин Беҳзодни, атоқли хаттот Шоҳ Маҳмуд Нишопурийни турклар ўз юртига олиб кетмасликлари учун шоҳ амрига биноан, Табриз атрофидаги бир ғорга мажбуран яшириб қўядилар. Эронда нашр этилган “Саромадани ҳунар” асарида ёзилганидек, ўз саройидаги хазиналар ичидаги энг нодир ва ноёб гавҳар (Беҳзод)нинг усмонли турклар қўлига тушиб қолмаслиги учун ишончли жой (бир улкан ғор)га яшириб кетган Шоҳ Исмоил Сафавий жангда енгилгач, ўз мулозимларидан бирига берган илк саволи қуйидагича бўлган: “Беҳзод қалай? Унинг жони омонми? Уни турклар олиб кетмадими?”
1522 йилда Шоҳ Исмоил Сафавий махсус фармон чиқариб, Камолиддин Беҳзодни Табриздаги салтанат кутубхонасига бошлиқ этиб тайинлайди. Камолиддин Беҳзод 1537 йилда суюкли жияни ва шогирди Рустам Алининг ўлим тўшагида ётганини эшитиб, уни кўрмоқ учун Ҳиротга отланади. Лекин у Ҳиротга етиб келганда жияни оламдан ўтган эди.