“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ сиймоларидан бири Саййид Шариф Журжонийдир. Бу зотнинг тўлиқ исми Али ибн Муҳаммад ибн Али Ҳусайн Журжоний, лақаби Сайид Шариф деб аталади. Бундан кўриниб турибдики, алломанинг насаблари имом Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳуга бориб туташади.
Аллома 1340 йил март ойида Астробод вилоятига қарашли Тогу қишлоғида таваллуд топган. Ёшлик давридан бошлаб барча фанлар қатори фалсафа, мантиқ ва тил соҳаларига ниҳоятда қизиққан. Журжоний 1365 йилда Ҳиротга, машҳур файласуф Қутбиддин Муҳаммад ар-Розий ат-Тахтонийдан таълим олиш учун боради. Тахтоний ўзининг кексайиб қолганини айтиб, Мисрдаги шогирди Муборакшоҳ олдига боришни маслаҳат беради. Лекин Саййид Шариф Журжоний 1368 йилгача Ҳиротда бўлган. Сўнгра турк файласуфи Муҳаммад Оқсароийдан таълим олиш мақсадида Қорамон шаҳрига жўнаган. Аммо у борган вақтда Оқсароий ҳам дунёдан ўтганлиги боис, бўлғуси аллома унинг шогирди, машҳур файласуф ва мантиқшунос Муҳаммад Мулло Фанорий билан учрашади. Улар бир-бирлари билан дўст тутиниб, биргаликда 1370 йилда Мисрга жўнашади.
Саййид Шариф Журжоний Қоҳирада тўрт йил давомида машҳур мантиқшунос Муборакшоҳ ва Акмалиддин ал-Бобартийлар ҳузурида ўз билимини оширгач, 1374 йилда Истамбулга қайтиб, илмий изланишларини давом эттирди. Олим тахминан 1374 йилларда Шероз шаҳрига келган, шаҳар 1387 йилда Амир Темур томонидан эгаллангач, Самарқандга келиб, 20 йилга яқин соҳибқирон Амир Темур саройида ижод қилган.
Журжоний умри давомида 50 дан ортиқ асар ёзиб, бу асарлар деярли барча фанларни қамраб олган. Аммо Улуғбекка бевосита таъсир этгани, шубҳасиз, унинг ХII–ХIII асрларда Хоразмда яшаб ўтган Маҳмуд ал-Чағминийнинг астрономияга оид асарига ёзган “Шарҳ мулаҳҳас ал-ҳая” (“Астрономияга оид сайланмага шарҳ”) ва Насириддин Тусий асарига бағишланган “Шарҳе тазкиратул Насирият” (“Астрономия ҳақида эслатмага шарҳ”) асарларидир.
Журжоний билиш назарияси ва мантиққа доир “Ат-таърифот” (“Таърифлар”), “Усули мантиқия” (“Мантиқ усули”) ва илмий баҳс фанига бағишланган “Одоб ул-мунозара” (“Мунозара олиб бориш қоидалари ҳақида рисола”) каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади. Бундан ташқари, Журжонийнинг форс тилида ёзилган мантиққа оид бир неча асарлари ҳам бизгача етиб келган. “Суғро” (“Кичик далил бўла оладиган ҳукм”), “Кубро” (“Катта далил бўла оладиган ҳукм”), “Авсат дар мантиқ” (“Мантиқда ўрта хулоса”) ва бошқалар шулар жумласидандир. Алломанинг “Шарҳе фароизе Сарожия” (“Мерос бўлиш мажбуриятларининг Сарожий таърифига шарҳ”) асари ҳуқуқшуносликка бағишланган бўлиб, фақиҳ Сажовандий асарларига жавоб тариқасида ёзилган.
Журжоний ХIV аср файласуфи Эзиддин Абдураҳмон ал-Ижий (1300–1356)нинг “Мувоқиф фи илм ал-калом” (“Калом илмидаги манзиллар”) асарига ёзган “Шарҳе мавоқиф фи илм ал-калом” шарҳи унинг замондошлари ва ундан кейинги авлод олимлари учун фалсафа ва мантиқ илмида ўзига хос қомус мақомида эди. Улардан ташқари Журжоний жуда кўп фалсафий асарларга шарҳлар ёзди. Жумладан, Абу Али ибн Синонинг “Ишорат” (“Кўрсатмалар”) асарига, Насириддин Тусийнинг “Тажвид” (“Абстракция”) асарига ҳамда шайх Шамсуддин Маҳмуд Исфаҳоний (1294–1349)га жавоб тариқасида ёзилган шарҳлар диққатга сазовордир.
Журжоний дунёқараши, ундан олдин ўтган салафлариникидек, ўрта асрлардаги бутун фалсафий масалаларни, борлиқ ҳақидаги таълимот, коинот жумбоқлари, модда ва унинг шакллари, жонсиз ва жонли дунёнинг хусусиятлари, жисмоний ва руҳий муносабатлар, билиш муаммолари, мантиқий фикрлаш таълимоти, тил ва тафаккур алоқалари ва бошқаларни ўз ичига олади. У коинот, инсон ва ақлни қамраб олувчи дунёнинг умумий манзарасини яратишга ҳаракат қилди. Журжоний ақидасига хос бўлган нарса борлиқ манзарасини босқичма-босқич тушунтиришдан иборат эди. Муаллифнинг беш бобдан иборат “Дунёни акс эттирувчи кўзгу” рисоласининг биринчи боби вожиб ул-вужуд ва мумкин ул-вужуд мавжуд эканлигини асослашга бағишланган. Журжоний бунга қуйидагича таъриф беради: “Йўқ бўлиши мумкин бўлмаган, бор бўлиши эса зарур бўлган нарса вожиб ул-вужуд деб аталади. Масалан, холиқнинг ўзлиги каби тушунча. Борлиғи ҳам, йўқлиги ҳам зарур бўлмаган нарса эса мумкин ул-вужуд деб аталади”.
Олим фикрича, вожиб ул-вужуд Худо бўлиб, мумкин ул-вужуд моддий оламдир. У борлиқнинг биринчи сабаби сифатида вожиб ул-вужудни, яъни Худонинг борлигини тан олади. Журжоний табиатдаги ҳеч бир ҳодиса сабабсиз келиб чиқмайди, деб таъкидлайди. Ҳамма мавжуд ашёлардаги бутун ҳаракат ва ўзгаришлар фақат макон ва замондагина рўй беради. Журжоний дунёқарашига хос хусусият, унинг бутун борлиқни бир-бирига қонуний равишда боғланган бўлакчалардан иборат ягона тана сифатида таърифлашдир. Унинг фикрича, моддий дунёни ташкил этган нарсалар асосида тўрт унсур, яъни олов, ҳаво, сув ва тупроқ ётади. Уч унсурдан иборат бошқа жисмлар, яъни металлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар эса юқорида айтилган тўрт унсурнинг бир-бирлари билан қоришишининг ҳосиласи сифатида келиб чиққандир. Тўрт унсур доимо ҳаракатда эканлигидан ўзгарувчан бўлиб, бири иккинчисига айланиб қолиши мумкин. Ҳаво сувга, сув тупроққа ва ҳоказо.
Саййид Шариф Журжоний фалсафасида моддийлик ғояларигина эмас, балки диалектик дунёқараш мавжуд. Унинг фикрича, моддийликдан холи бўлган бўш жой йўқ. Бу ҳақда у шундай ёзади: “Самовий гумбаз буюк доирадир. У барча жисмларни қамраб олган бўлиб, моддий дунёни чегаралаб туради. Аммо у бўшлиқ эмас, чунки уни моддадан ташқарида бўлган тушунча ёки бирор ўлчов билан тушунтириб бўлмайди. Бундан ташқари, бир-бири билан ўзаро ёпишиб, айни вақтда бошқа жисм билан ҳам боғланиб турган нарсанинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир атрофдаги дунё, ўзи турган нарсага тегиб туриши зарур ва бир-бирининг кетидан юқоридагидек тартибда жойлашиши лозим, чунки бўшлиқнинг бўлиши мумкин эмас. Мана шундай жисмлар, унсурлар, самоавий доиралар, бутун сайёралар ва моддий бўлакчаларнинг таркибий мажмуаси олам деб аталади”.
Саййид Шариф Журжоний ўз ижодида мантиқни фалсафадан ажратмаган ҳолда, унинг кўпроқ ҳуқуқ ва тил соҳаларида қўлланилишини таъминлади. Унинг таъкидлашича, назарий билимлар ҳаётий тажрибада ҳосил қилинган бошланғич билимлар ва улар тўғрисида фикрлаш йўли билан киритилади. Бундай фикрлаш жараёнини у хулоса деб атайди ва унинг уч турини кўрсатиб ўтади. Булар: қиёс (силлогизм), эстеқро (индуксия – бўлакдан бутунга томон ҳукм юритиш) ва ҳадс (аналогия – ўхшатиш). Булардан қиёс хулосанинг бош тури ҳисобланиб, назарий билимлар ҳосил қилишнинг асосий воситаси бўлиб майдонга чиқади. Саййид Шариф Журжоний тўла бўлмаган индуксия фақат тахминий мулоҳазагагина олиб келади, деб ўйлайди ва унинг кўрсатишича, биз оловнинг айрим хусусий ҳолатларини кузатсак, ҳар қандай олов иссиқлик чиқаради, деган айрим хусусиятга эга бўлган билимдан, яъни дедуктив (бутундан бўлакка ўтадиган) ҳолатга ўтадиган хулоса келиб чиқиши мумкин. Шу билан бирга, индуктив йўл билан ҳосил қилинган билимлар ҳамма вақт ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Чунки инсон тажрибаси ҳеч вақт тўла мукаммалликни бермайди. Унинг индуктив ва дедуктив хулосалар ҳақидаги фикри Арасту ва унинг Шарқдаги издошлари фикрини эслатади. Аммо бу фикрга ноёб хулосалар қўшилиб, такомиллаштирилган.
Олимнинг илмий фаолияти туфайли мантиқ темурийлар даврида инсон билимларининг барчасига қўлланиладиган қоида ва мезон қонунига айланди. У ҳар бир юритилаётган ҳукмнинг тўғрилигини тортувчи фанларнинг тош-у тарозиси сифатида намоён бўлди. Натижада, тез орада вужудга келган Улуғбек расадхонасининг илмий тадқиқотларида кенг қўлланилди.
Саййид Шариф Журжоний 1413 йили Шерозда вафот этган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Саййид Шариф Журжоний илмий ва ижодий меросини ўрганишга эътибор кучайиб бормоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ислом энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017;
2. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001;
3. www.ziyo.uz
//
Изоҳ йўқ