Давлатшоҳ Самарқандий


14:03 / 18.03.2022 1021 0

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ алломаларидан бири ўзбек шоири, адабиётшунос ва давлат арбоби Давлатшоҳ Самарқандий бўлиб, унинг  тўлиқ исми Давлатшоҳ ибн Алоуддавла Бахтишоҳ ал-Ғозий ас-Самарқандий.

 

Давлатшоҳ Самарқандийнинг туғилган йили аниқ бўлмаса-да, у ўзининиг “Тазкират уш-шуаро” (“Шоирлар тазкираси”) асарини 50 ёшга кирганида ёза бошлаганини маълум қилади. Бизга эса асар 1486-1487 йилларда ёзиб тугатилгани маълум. Демак, бу асарни ёзиш учун тахминан 2-3 йил вақт сарфланган бўлса, Давлатшоҳ 1435-1436 йилларда туғилган деб тахмин қилиш мумкин.

 

Давлатшоҳ Самарқандий асли самарқандлик бўлиб, Султон Ҳусайн Бойқаро (1469–1506) замонида Ҳиротда яшаган. Унинг отаси Бахтишоҳ Ғозий Шоҳруҳнинг (1409–1447) амирларидан бўлиб, кўпгина урушларда қатнашгани ва баҳодирликлар кўрсатгани учун “Ғозий” лақабини олган.

 

Давлатшоҳ ёшлигида илмни Самарқандда олиб, унга машҳур олим ва шоир Фазлуллоҳ Самарқандий Абу-л-Лайсий устозлик қилган. У ўқимишли киши бўлиб етишишига қарамай, илм-фан билан умрининг охирги йилларидагина шуғулланган. Давлатшоҳ ота-боболари каби сарой хизматига, ҳарбий ишларга жалб қилинади. Ҳусайн Бойқаро олиб борган кўпгина урушларда қатнашади. У сўнгги марта Султон Ҳусайн билан Султон Маҳмуд (Абу Саъиднинг ўғли) ўртасида Чакмансарой деган жойда бўлган жангда қатнашган. Бу уруш 1471 йилда (Хондамирнинг ёзишича) бўлганини назарда тутсак, Давлатшоҳ 1471 йилларгача ҳарбий иш билан банд бўлган.

 

Давлатшоҳ Самарқандий умрининг охирларида сарой хизматини тарк этиб, мушкул, аммо хайрли ишга, ўзидан илгари ўтган ва замондош шоирлар ҳақида китоб ёзишга бел боғлади. Бу китобнинг номи “Тазкират уш-шуаро” (“Шоирлар тазкираси”) бўлиб, у муқаддима, етти боб ва хотимадан иборат.

 

Муаллиф асарни ёзишда кўплаб манбалардан, ўзидан олдин ёзилган тазкиралардан, хусусан, Абу Тоҳир Хотунийнинг “Маноқиб уш-шуаро”, Авфийнинг “Лубоб ул-албоб” китобларидан, тарихий ва географик асарлардан, Истаҳрийнинг “Китоб масолик ул-мамолик”, Гардизийнинг “Зайн ул-ахбор”, Абулфазл Байҳақийнинг “Тарихи оли Маҳмуд” ва бошқалардан, шунингдек, тазкирада қайд этилган шоир ва адибларнинг асарларидан кенг фойдаланган. Тазкирада ВИИ–ХВ асрларда яшаб ижод этган 155 нафар шоир ҳақида қисқача, лекин ниҳоятда қимматли маълумотлар келтирилган. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмагани каби Давлатшоҳ Самарқандий тазкираси ҳам айрим жузъий камчиликлардан холи эмас. Масалан, айрим ҳолларда саналар, у ёки бу шоирнинг туғилган жойи нотўғри берилган, айрим ҳолларда маълумотлар чалкашиб кетган. Шунга қарамай, бу асар жуда катта давр – қарийб саккиз юз йил мобайнида Эрон ва Марказий Осиёда яшаб ижод этган шоир ва адиблар фаолиятини қамраб олгани билан қимматлидир.

 

Муқаддимада асарнинг ёзилиш сабаблари, VII–Х асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган араб шоирлардан Лабид (VII аср), Абу Нувос (вафоти тахминан – 814), Абу Таййиб ал-Мутанаббий (вафоти – 963), Абу Аъло Ал-Маррий (973–1058) ва бошқалар ҳақида маълумот келтирилган.

 

Биринчи ва иккинчи қисм Х-ХИ асрларда Эрон ва Марказий Осиёда яшаб ўтган 21 нафар йирик шоирнинг қисқача таржимайи ҳоли ва ижодига бағишланган. Учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларда хоразмшоҳлар – ануштегинийлар (1077–1231), элхонийлар (1258–1349) ва музаффарийлар (1315–1393) замонида ижод этган 54 та шоир ҳақида маълумот бор.

 

Сўнгги икки боби Амир Темур ва темурийлар замонида Мовароуннаҳр, Эрон ва Ироқда яшаган 41 шоир ижодига бағишланган. Хотимада эса муаллиф ўзи билан замондош машҳур шоирлар Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хожа Афзалиддин Муҳаммад, Амир Аҳмад Суҳайлий, Хожа Шаҳобиддин Абдуллоҳ Марварид ҳамда Хожа Осафий ҳақида маълумотлар берган. Давлатшоҳ Самарқандий тазкирасида жамланган шоирларнинг асарлари Шарқ мумтоз адабиётининг умумий йўналиши, унинг тараққиёт йўллари, Шарқ шеъриятида кенг қўлланилган рубоий, қасида, ғазал, ҳажв жанрларининг пайдо бўлиши ва такомиллашуви, тарсиъ, тажнис, таржиъбанд, мураббаъ сингари шеърий шаклларни ўрганиш ҳамда тадқиқ этишда муҳим рол ўйнайди.

 

Қолаверса, улар орасида Жавҳарий Заргар, Хожа Кирмоний, Жалол Табиб, Хожа Исматулло Бухорий, Аминиддин Нузулободий сингари достончилик жанрининг етук намояндалари, назм ва насрга оид “Таржимон ал-балоға” (“Нотиқликни тушунтириб берувчи китоб”) асари билан машҳур Фаррухий (вафоти тахминан – 1037-1038), “Чаҳор мақола” китоби билан шуҳрат топган Низомий Арузий Самарқандий (ХII аср), форс тилининг изоҳли луғатини тузган ибн Мансур Термизий (ХII аср), “Нигористон” асари муаллифи Муиниддин Жувайний, “Шабистони хаёл” китоби муаллифи Яҳё Себак Нишопурий, “Жавоҳир ул-асрор” (“Сирлар жавоҳири”) асарини бутун Шарққа манзур эта олган Шайх Озарий (1382–1462), мусиқа илмининг машҳур намояндаларидан Соҳиб Балхий, хат ва хаттотлик илмининг пири Симий Нишопурий ҳам борки, булар ижоди мумтоз адабиёт ҳамда Ўрта аср Шарқ фани тараққиёти тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Китобда таърифи келтирилган шоирлардан аксарияти даврининг малик уш-шуароси бўлган. Уларнинг кўпчилиги кейинчалик шоҳлар саройини тарк этган. Авҳадиддин Анварий (ХII аср), Рашидиддин Ватвот, Бухорода муламмаҳ (бир шеърни икки тилда ёзиш) анъанасини бошлаб берган, ҳажв жанри ривожига улкан ҳисса қўшган Хожа Исматулло Бухорий (1365–1426) ана шундай шоирлар жумласидандир. 

Тазкирада жаҳонга машҳур файласуф шоир ва олим Носир Хусрав (1004–1088), Шарқ мумтоз шеърияти даҳоларидан ва мусиқашунос Хусрав Деҳлавий (1253–1325), шоир ва тарихчи олим Фахриддин Банокатий (вафоти –1329), Камол Хўжандий (1318–1401), Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий билан бирга оддий халқ орасидан чиққан нозимлар ҳам қайд этилади. Низомий Ганжавийнинг “Маҳзан ул-асрор”ига минг байтдан иборат жавоб ёзган Жамолиддин ибн Жаъфар Фаррахоний бир умр қўш қўшиб, деҳқончилик қилган, ғазални кетмон дастасига битиб юрган кўҳистонлик Муҳаммад Ҳисомиддин; авомуннос (оддий халқ) дан чиқиб, шоирлик, хаттотлик ва наққошликда ном чиқарган Симий Нишопурий; бўйра тўқиб кун кечирган самарқандлик Бисотий ҳақидаги маълумотлар шулар жумласидандир. Шунингдек, тазкирада ўз  шеърлари билан шоҳлар ва ҳокимлар, ноиблар ва қозилар кирдикорларини фош этган Яминиддин Фарюмадий ва унинг ўғли Амир Маҳмуд (Ибн Ямин), Убайд Зоконий, Бурундук Бухорий ҳамда Бобо Савдойи Абивардий каби шоирлар зикри ҳам келтирилганки, бу асар қимматини янада оширади.

 

Давлатшоҳ Самарқандий асарининг яна бир фазилати унда айрим муҳим тарихий воқеалар баёнининг ҳам келтирилганидир. Чунончи, Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон халқларининг султон Жалолиддин Мангуберди (Мангибурни) бошчилигида 1221–1232 йиллари мўғул босқинчиларига қарши олиб борган кураши тарихидан айрим лавҳалар; 1337 йили Хуросонда бўлган сарбадорлар  қўзғолони ҳамда қўзғолон натижаси ўлароқ Хуросоннинг каттагина қисмида бунёд топган сарбадорлар давлатининг (1337–1381) қисқача тарихи ҳам асарда акс эттирилган. Шунингдек, китобда келтирилган Хуросон ва Марказий Осиё жанубий қисмининг ХВ аср 40-йилларидаги сиёсий ҳаёти билан боғлиқ тафсилотлар, йирик тарихий шахслар – вазир ва олим Низомулмулк, улуғ шоир ва олим Умар Ҳайём, исмоилийлар тариқати асосчиси Ҳасан Саббоҳ, буюк мунажжим Мирзо Улуғбек ҳаётига оид воқеалар ҳам алоҳида қимматга эга.

 

Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро”си Ҳиндистон (1887–1924), Англия (1901), Теҳрон (1958–1960) да тўлиқ нашр этилган. Айрим қисмлари рус, инглиз, француз, немис, турк тилларига таржима қилиниб, чоп этилган.

 

Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” асари 1900 йили биринчи бор Хивада Муҳаммад Рафе томонидан эски ўзбек тилига (Хоразм шевасида) ағдарилган. 1967 йили Бўрибой Аҳмедов “Тазкират уш-шуаро”дан Мовароуннаҳр ва хуросонлик 32  нафар ҳамда  1981-йили 50 дан ортиқ шоир ҳаёти ва ижодига оид парчаларни ўзбек тилига таржима қилиб, “Давлатшоҳ Самарқандий” номли китобига илова қилган. Бу катта асарни атрофлича илмий тадқиқ этиб, ўзбек тилига ўгириб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этиш бугунги олимларимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

 

Давлатшоҳ Самарқандий 60 йилга яқин умр кўриб, 1495 йили вафот этган.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

 Фойдаланилган адабиётлар:

1. Аҳмедов Б. Давлатшоҳ Самарқандий. – Т.: Фан, 1967. – Б. 6;

2.Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Ўринбоев А. Давлатшоҳ Самарқандий. – Т.: Маънавият,  2010. – Б. 343-346;

3. Абдуллаев И., Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.:  Фан, 1969. – Б. 72;

4. www.ziyo.uz

                                                                       

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//