Икки аср чегарасида, XIX арнинг сўнгги чораги – XX асрнинг биринчи чорагида яшаб ижод этган Хоразм адабий-фалсафий муҳитининг таниқли намояндаларидан бири маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар ўғлидир. У 1884 йил ёзининг адоғида пойтахт Хива шаҳрида таваллуд топади. Шоирнинг отаси Полвонниёз Ўтар Гадойниёз ўғли халқ орасида “уста” номи билан машҳур бўлиб, сартарошлик фаолияти билан шуғулланган. Гарчи оддий бир касб бўлиб кўринса-да, сартарошлик Ўрта Осиё минтақасида анчайин ҳурмат-эътиборга лойиқ, қадрланадиган соҳа ҳисобланарди. Аввало, сартарош аҳли кўпчилик билан мулоқотда бўлиб, замонанинг энг сўнгги янгиликларидан бохабар, турфа ҳангомаларни яхши билувчи аксар одамижон инсонлар бўлишган. Қолаверса, энг муҳим ишлардан бири, фуқаро фарзандларининг “қўлини ҳалоллаш”, яъни хатна маросимларини амалга оширишни халқ ана шундай тан олинган сартарошларга ишониб топширганки, бу жиҳатдан ҳам улар ҳурмат-эътиборга лойиқ зотлар ҳисобланишган.
Мутахассислар Полвонниёз Ўтар Гадойниёз ўғли шунчаки оддий сартарош эмас, балки сарой сартароши бўлганлигини, замонасининг машҳур шоир ва санъаткорларидан Огаҳий, Комил, Баёний кабилар билан қалин дўст бўлганлигини ёзишади. Шундай зиёлилар даврасида юрган инсон ўз фарзандининг муносиб таълим-тарбия олишига алоҳида аҳамият бериши табиий эди. Шу тариқа Аваз бошланғич мактабга бориб, тез орада хат-савод чиқаради. Эски мактабни тугатгач, таҳсилни Хивадаги Мадамин Иноқ мадрасасида давом эттирганлиги айтилади. Авазнинг адабиётга ҳаваси жуда эрта уйғониб, отасининг шоир дўстлари таъсрида дастлабки шеърларини машқ қила бошлаганлиги маълум. Мадрасада ўқиб юрган даврида Шарқ адабиёти мумтоз вакилларидан Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Алишер Навоийларнинг ижоди билан якиндан танишди уларга эргашиб ўз ижодиётини такомилига етказа боради. Шоир ҳаётини махсус ўрганган тадқиқотчилар унинг 18 ёшларида шоир сифатида халқ ўртасида танилганлигини қайд этишади. Шу тариқа ёш шоир қаламига мансуб шеърлар созанда ва хонандалар томонидан куйга солиниб айтила бошланади. Адабиётларда шоирнинг устозлари Баёний, Табибий, замондоши Жуманиёз Хивақий, дўсти Ҳасанмурод Қори – Лаффасий ва бошқалар унинг истеъдодига юксак баҳо берганликлари қайд этилади.
Муҳаммад Раҳимхони соний (Феруз) ҳам шоҳ, ҳам шоир бўлганлиги боис ижод аҳлига ихлоси баландлиги билан ажралиб турганлиги ва истеъдод эгаларини саройда жамлаб, уларга ҳар томонлама шароит яратиб беришга катта эътибор қаратганлиги тарихдан маълум. Ана шундай марҳаматдан Аваз ҳам бенасиб қолмайди. Ёш шоирнинг юксак истеъдодидан хабар топган ҳукмдор уни саройга таклиф қилиб Табибийни унга устоз этиб тайинлаганлиги манба ва адабиётларда ўз тасдиғини топган. Мутахассислар таъбири билан айтганда, Табибий жуда кўп илм аҳлига ғамхўрлик қилганидек Авазга ҳам ахлоқ, илм ва шеърият бобида кўп нарса ўргатади. Шунинг учун шоир турли даврларда ёзилган шеърларида Табибийни ўзига устоз билиб зўр ҳурмат билан тилга олади. Қуйидаги мисраларда у назм илмида устози Табибийдек бўлиш орзуси эканлигини, шеърларидан баҳраманд бўлган эл устозингга тасанно дейишлари энг катта шараф эканлигини уқтиради.
Не ғам эмди, Аваз, назм илмида бўлсанг Табибийдек,
Ки дерлар, кўрган эл назмингни устодинга салломно.
Илмий адабиётларда қайд қилинганидек, Аваз камолотга етган бир пайтда сил касалига чалинади ва даволаниш учун Кавказга (1905-1906) боради. Аваз Ўтар Кавказга бораётиб Бокуда бир оз муддат тўхтайди. Бокуда шоир озарбайжон демократлари билан учрашиб дўстлашади ва улар билан кейин ҳам ижодий алоқада бўлади. Кавказ сафари Аваз ижодида алоҳида аҳамиятга эга бўлди. У сафар давомида Русия ва Кавказ халқлари ҳаёти, маданияти, адабиёти ва бошқалар билан танишиш имкониятига эга бўлди, озарбайжон халқининг илм-фан, маданият янгиликлари билан қизиқди. У рус, озарбайжон, татар тилларида чиқадиган газеталарни мунтазам равишда кузатиб борди. Тошкент ва Самарқандда чоп этилган матбуот билан бевосита алоқада бўлиб, ёзган ғазалларидан баъзиларини уларда нашр ҳам эттирди.
XX аср бошларида кўзга ташланаётган миллий уйғониш, истиқлол ғоялари Аваз Ўтар ижодига кучли таъсир кўрсатганлиги шубҳасиз. Гарчи жадидчилик ғоялари руҳида ошкора фаолият олиб бормаган бўлсада, унинг маърифатга йўғрилган шеърларида илгари сурилган фикрлар жадидчилик ғоялари билан ҳамоҳанглик касб этишини кузатиш мумкин. Шоир ижодида шу даврда бўй кўрсатган эркпарварлик, озодлик, маърифатпарварлик ғоялари, турмуш иллатларига қарши қаратилган ҳажвлар шунга далолат қилади. Бу даврда шоир илм-маърифатга даъват этувчи шеърлари билан бир қаторда юксак инсоний фазилатларни, чинакам инсоний муҳаббатни тараннум этувчи лирик шеърлар, қитъалар, рубоийлар ҳам ёзганлиги мутахассислар томонидан эътироф этилади.
Аваз Ўтар қисқа умр кўришига қарамасдан, баракали ижод этди ва авлодларга ўзидан салмоқли назмий мерос қолдирди. Сил касали асорати билан шоир, афсуски, 1919 йили 36 ёшида вафот этади. Тадқиқотчилар шоир ижоди жуда ҳам ранг-баранг бўлиб, қамрови ниҳоятда кенг эканлигини, у мумтоз адабиётимиздаги ғазал, мухаммас, мустазод, мусамман, мураббаъ, муламмаъ, таржеъбанд, соқийнома, рубоий, қитъа, фард каби жанрларда ижод қилганлигини эътироф этишади.
Маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш Аваз Ўтар ижодига хос характерли хусусиятлардан бири ҳисобланади. Бу даврга келиб бир пайтлар бутун дунёни илм-маърифат ва кўплаб кашфиётлар билан лол қолдирган ислом шарқи мамлакатлари, айниқса, Ўрта Осиё минтақасидаги мамлакатлар қолоқликка юз тутган эди. Бу қолоқлик кўплаб сабаб ва омиллар билан изоҳланади. Лекин асосийларидан бири Европадаги Буюк географик кашфиётлар натижасида Буюк ипак йўли ўз аҳамиятини йўқотиб, минтақа ҳудудлари халқаро савдо ва маданий ютуқлар алмашинувидан четда қолиб кетганлиги билан боғлиқ эди. Боз устига кечагина дунёвий ва аниқ фанлар ўқитилишига катта ўрин ажратган мадрасалар, эндиликда адабиёт ва схоластикадан нарига ўтолмай қолган эди. Тўғри, ислом шарқи мадрасалари учун диний фанлар ўқитилиши шарт эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳодиса. Лекин дунёвий ва аниқ фанларга урғу бермасдан замон билан бўйлашиш имкондан ташқари эканлиги ҳукмрон сулола вакиллари ва уламоларни бу пайтга келиб кўпам қизиқтирмай қўйган эди десак, бу ҳам адолатдан бўлади. Оқибатда қолоқлик шу даражада шармандали тус оладики, Бухоронинг манғит амирларидан бири Русия қўшинлари қароргоҳига элчи юбориб, сафарда олиб юриб, шаҳвоний эҳтиёжни қондирса бўладиган сунъий аёл уларда борлигини эшитганлиги ва умрининг асосий қисми ҳарбий юришларда ўтувчи амир учун шундай сунъий аёлдан биттасини туҳфа этишларини сўратишгача бориб етади.
Буларнинг бари илм-маърифатдан узоқлашиш, жаҳолатнинг авж олиши билан бевосита боғлиқ эди. Жаҳондаги ўзгариш ва тараққиётдан қисман бўлса-да хабардор бўлган ижодкор зиёлининг бу масалага шунчаки томошабин бўлиб, қўл қовуштириб туриши мумкин эмасди. Илм-маърифатга ошноликка, хорижий тилларни ўрганишга даъват унинг “Тил”, “Мактаб” сингари туркум шеърларида яққол кўринади.
Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур.
Ғайри тилини саъй қилинг билгали, ёшлар,
Ким илму ҳунарлар ривожи андин аёндур.
Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка ани ғайрат этинг, фойдали кондур.
Илму фан уйига юборинглар болангизни,
Онда ўқуганлар бори яктойи жаҳондур.
Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидин ани бағри тўла қондур.
Илм-фанга оид замонавий маълумотлар рус ва европа тилларида битилган бўлиб, уларни ўрганиш учун ўша кезларда ҳам шу тилларни билиш талаб этиларди. Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари аксарият дунёдан хабардор мутафаккирлар, айниқса, янги даврда аҳоли фарзандларини тил ўрганишга даъват этиб келганлиги шундан. Бу ҳали-ҳануз давом этиб келаётган ва ўз долзарблигини сира йўқотмайдиган мангу мавзу эканлиги энг янги даврда ҳам ўзини намоён этаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Аваз Ўтарнинг бу борадаги куюнчаклигини тушуниш мумкин. Унинг талқинида хорижий тилларни эгаллаш жаҳон билан тиллашув, мулоқот воситасидир. Хорижий тилларни она тилидек эркин билишга ундар экан, шоир ота-оналарни фарзандларини илм-фан уйига юборишга даъват этиб, унда ўқиганлар жаҳонда илғор шахслар бўлиб етишишини башорат қилади ҳамда ўзининг тил билмаслигидан ўкиниб, шундан бағри мудом қон эканлигини, ёш авлод ҳам шундай куйга тушиб қолмаслиги лозимлигини таъсирчан мисралар орқали назмда ифода этади.
Шоир қолоқликдан, жаҳолатдан қутилишнинг бирдан бир чораси замонавий таълим, мактаб-маориф эканлигига қаттиқ ишонади. Бунга нафақат ишонади, балки илғор матбуот орқали билганидан ташқари, зарурий саёҳати давомида бундай мактаблар қандай натижа бериши мумкинлигини ўз кўзи билан кўриб, гувоҳи ҳам бўлган. Шоирнинг “Мактаб” деб аталувчи шеъри ушбу фикрни тўла тасдиқлайди.
Очинглар, миллати вайронни обод этгуси мактаб,
Ўқусин ёшларимиз, кўнглини шод этгуси мактаб.
Дилу жон бирла эл мактаб очарга ижтиҳод этсин,
Нединким бизни ғам, қайғудин озод этгуси мактаб.
Кўнгулларнинг сурури, дағи кўзлар нуридур фарзанд,
Аларнинг умрини албатта обод этгуси мактаб.
Ота бирла онага фарз ўқутмоқ бизни мажбурий,
Ки бизни яхшилик қилмоқда муътод этгуси мактаб.
Қаю миллатга биздек гар насими инқироз етса,
Анга албатта мустаҳкамлик ижод этгуси мактаб.
Бу не навмидликдур, мактаб очсақ, оқибат бизни
Аруси ком ила мақсудга домод этгуси мактаб.
Аваз, ҳимматни қил олий очарга эмди мактабким,
Балойи жаҳлу нодонликни барбод этгуси мактаб.
Шоир ўз миллати жаҳолат ботқоғига ботиб таназзулга юз тутганлигини эътироф этар экан, жону дил билан мактаб очишга бел боғлашга даъват этади. Бу пайтда мактаблар хусусий бўлган ва уларни очиш ва юритишни давлат ўз зиммасига олмаган. Шундай экан, шоирнинг бу даъвати қалби зиёдан холи бўлмаган миллат бойлари, кайвониларига қаратилганлигини англаш қийин эмас. Зеро, оддий халқ истаган тақдирда ҳам бу мураккаб вазифанинг уддасидан чиқа олмасди. Шоир кўнгиллар сурури ва кўзларнинг нури фарзанд эканлигини таъкидлаб, мактаб шаксиз уларнинг умрини обод этишини уқтиради. Қайсики бир миллатга худди биздаги каби инқироз шамоли етса, мактаб албатта унга мустаҳкамлик бино этишига шоирнинг ишончи комил. Шеър охирида шоир ўзига даъват этиб, олий мактаб очиш йўлида ҳиммат камарини боғлашни айтар экан, мактаб туфайли жоҳиллик ва нодонлик барҳам топишини уқтиради. Бу асли ўз тимсолида шоирнинг миллат акобирларига даъвати эди ҳамда бу даъват, айниқса, Хоразм мисолида изсиз кетмаганлигини кейинги воқеалар ривожи тасдиқлаганлигига тарих гувоҳлик бериб турибди.
Аваз Ўтар бир қатор асарларида ижтимоий тенгсизликни ва унинг кескинлашиб бораётганлигини ҳаққоний тасвирлаб, ижтимоий руҳдаги шеърларида ўзининг озодлик, бахтли ҳаёт ҳақидаги қарашларини баён қилганлиги, “Ҳуррият”, “Сипоҳийларга”, “Халқ”, “Топар экан қачон?”, “Фидойи халқим”, “Уламоларга” каби қатор асарларида ижодкорнинг келажак хусусидаги фикрлари ўз аксини топганлиги соҳа мутахасислари томонидан қайд этилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, шоир ижодига доир аксарият тадқиқотларда муаммога синфий ёндашув руҳи муайян даражада нуқс этиб, Аваз Ўтар зулм ва истибдодга қарши қалам билан курашган оташин шоир сифатида талқин этилади. Албатта, бундай қарашлар нисбий бирёқламаликдан холи эмас, деб ўйлаймиз. Аслида Аваз Ўтар ўз даври ва яшаган муҳитининг фарзанди эди. У мавжуд тузумни тубдан ўзгартириш орзусидаги инқилобчи эди десак, ижодкорга туҳмат қилган бўламиз. Унинг адабий-фалсафий мероси ўзининг ранг-баранглиги, жанрлар хилма-хиллиги, ижтимоий муаммоларнинг халқ қалбига етиб борадиган содда ва равон услубда назмга солиниши, умуман ижодиётининг халққа яқинлиги ва манзурлиги билан ажралиб туради. Жаҳолат ва нодонликка қарши илм-маърифатга даъват руҳида ёзилган шеърлари эса ижодкорнинг дунё кўрганлиги, биқиқ муҳит қобиғида қолиб кетмаганлиги ва илғор фикрли инсон бўлганлигидан далолат беради.
Анвар ЯХШИЕВ,
тарих фанлари номзоди, доцент
//
Изоҳ йўқ