Баҳоуддин Нақшбанд


15:03 / 11.03.2022 1481 0

 

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ зотларидан бири, нақшбандия тариқатининг асосчиси Муҳаммад бинни Муҳаммад Баҳоуддин ан-Нақшбанд ал-Бухорий  (кўпроқ Баҳоуддин ёки Хожа Баҳоуддин, Балогардон, Хўжайи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан машҳур). У зот 1318 йилда Бухоронинг Қасри Ҳиндувон (кейинчалик Баҳоуддин Нақшбанд шарафига Қасри Орифон) қишлоғида таваллуд топган. Чиндан ҳам Саид Жалолиддин ва Биби Орифа хонадонида туғилган фарзанд шарофати билан қасри Ҳиндувон қишлоғи Қасри Орифон деб шуҳрат қозонди.

 

Баҳоуддиннинг отаси тўқувчи ҳамда ўйма нақш солувчи (нақшбанд) бўлган. Унинг тақдирида бобосининг алоҳида хизмати бор. У сўфийлар билан яқин алоқада эди. Шу сабабли набирасида илоҳиётга катта қизиқиш уйғотди. Биринчи пири – устози Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх ёш Баҳоуддин Нақшбандни тарбиялашни ўринбосарларидан бўлмиш Амир Саййид Кулолга топширади.

 

Бобо Самосий ва Амир Саййид Кулол ёш Баҳоуддинга охиратдаги абадий ҳаётнинг маъноларини, бу дунё ва у дунёдаги руҳий, маънавий, илоҳий қадриятларни тушунтирдилар. Устозлар Баҳоуддинга ўзлик оламига чуқур кириб, ундаги илоҳий фазилатларни камол топтиришни ўргатдилар.

 

Баҳоуддин Нақшбанд илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам шайх олдига, Нахшаб ҳозирги Қарши шаҳрига боради. Уч ой ундан таълим олади. Баҳоуддин Нақшбанднинг бу пирга ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам шайх ҳам уни ўз ўғлидек билиб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.

 

Баҳоуддин Нақшбанд жуда кўп шаҳар, мамлакатларда, жумладан, Макка, Мадина, Нишопур, Ҳирот, Марв, Самарқанд, Насафда бўлган. Лекин қаерда бўлмасин ҳамма жойда Қуръони Карим ва Ҳадиси шариф каломларини халққа етказмоқ, бидъатдан эл онгини покиза этмоқ учун саъй-ҳаракат қилган.

 

Ҳазрат Баҳоуддиннинг халифаси Хўжа Муҳаммад Порсонинг ёзишича, ўз пири билан биринчи маротаба муборак ҳаж сафарига чиққанида Марвга борган карвон иккига бўлинади. Бир гуруҳ Машҳад, бошқаси Ҳирот томон йўл олиб, Нишопурда яна қўшилмоқчи бўлишади. Ҳазрат Баҳоуддин Ҳиротга бориб мавлоно Зайниддин Абу Бакр Тайбодий билан учрашмоқни ният қилади, лекин Хожа Порсо эса Машҳадга қараб йўл олади. Хожа Порсо кейин бу ишидан бир умр афсусланиб юрган.

 

Ҳазрат Баҳоуддин Мавлоно Зайниддин Абу Бакр билан учрашади. Мавлоно ҳазратнинг исм-шарифини билганидан сўнг: “Биз учун бир нақше боғланг!” деб илтимос қилади. Ҳазрат Баҳоуддин эса: “Келибмизки, Сиздин нақше элтгайбиз”, деб жавоб берган.

 

Нақшбандия таълимотича, “нақш банд бир дил банд”, яъни кўнглингда Аллоҳ таоло зикрини нақш айла демакдур. Демак, нақшбанднинг маъноси юракда Аллоҳ номини нақш айлаш ҳисобланади.

 

Ривоят қилинишича, Ҳирот шоҳларидан бири ҳазрат Баҳоуддин шарафига зиёфат уюштирибди. Лекин шоҳ зиёфатига қатнашган Баҳоуддин дастурхондан ҳатто нон ушоғини ҳам олиб оғизига солмабди. Бунинг сабабини шоҳ сўраганда: “Жанобларининг касблари не?”, дебди. Шоҳ ҳайрон бўлиб: “Ҳазрат, мен шаҳаншоҳмен! Касбим шу!” деб жавоб берганда, Хожа Баҳоуддин: “Шоҳлик касб эмас. Довуд алайҳиссалом темирчилик қилиб кун кўрган. Сизнинг дастурхонингиздаги ноз-неъматлар пешона тери билан топилганда эди, ҳалол ҳисобланарди. Узр, бизга бу дастурхондан овқат тановвул қилмоқ жоиз эрмас”, деб шоҳ зиёфатидан чиқиб кетади.

 

Дарвоқе, ҳазрат ҳар муридга албатта бир касбни ўрганишни тавсия этар экан.

 

Тасаввуфнинг машҳур билимдони, атоқли шарқшунос Е. Э. Бертелснинг ёзишича, Нақшбанд таълимотининг асосида ихтиёрий равишдаги фақирлик ётади... Шунга биноан, Баҳоуддин Нақшбанд умри бўйи деҳқончилик билан кун кечирган, ўз қишлоғида унчалик катта бўлмаган ерига буғдой ва мош экар экан. У уйида ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаган. Қишда қамишлар устида, ёзда эса бўйра устида ётиб кун кечирган. Унинг уйида ҳеч қачон хизматкор ҳам бўлмаган. Ҳазрати Нақшбанд бутун умрини ўз хоҳиши билан фақирлик ва йўқсилликда ўтказган. У ўз қўл кучи билан кун кўришни ёқтирган, топган-тутганларини етим-есирларга, бева-бечораларга инъом этган, ҳукмдорлардан доимо ўзини йироқ тутган, улар олдида ҳеч қачон таъмагирлик қилиб яшамаган.

 

Нақшбандия тариқати Қуръони Карим ва ҳадиси шарифдаги таълимотга асосан шаклланган. Тариқат пирларининг асосий мақсади – пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини қайта тирилтириш. Иккинчи вазифалари эса бидъат ва хурофотга қарши курашиш.

 

Баҳоуддин Нақшбанд халқ орасида “Балогардон” (яъни халқ орасида бало-қазони даф қилувчи) унвони билан ҳам машҳур. Ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдуҳолиқ Ғиждувоний назарияларига асосланган. Таълимотининг асосида “Дил-ба ёр-у даст-ба кор” (“Кўнгил Худода бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлаверсин”) деган шиор ётади.

 

Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуфдаги илгарилари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатди, мўтадиллаштирди, кундалик турмушга мослади. Унингча, Аллоҳга интилиш кўнгил билан амалга ошиши керак. Қўл эса иш-меҳнат билан банд бўлаверсин. Баҳоуддин Нақшбанднинг таркидунёчилик қилмай, демакки, бу дунё ишларидан очиқ-ошкор қўл силтамай туриб ҳам Аллоҳга етишиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг аҳоли қатламлари ичига кириб боришини таъминлади.

 

Ҳазрат Баҳоуддин “Ҳаётнома”, “Далелул ошиқин” номли китоблар муаллифидир.

 

Ҳазрат Баҳоуддиннинг биринчи халифалари Алоуддин Аттор, иккинчи халифалари Хожа Муҳаммад Порсо (1419 йил вафот этган) ҳисобланади. Бу зоти шарифнинг исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Ҳофиз ал-Бухорийдир.

 

Хожа Алоуддин Ғиждувоний учинчи халифалари ҳисобланади. Шайх Пирмастий, Хожа Абул Қосим Бухорийлар Баҳоуддиннинг асҳобларидирлар. Замонасининг улуғларидан бўлган Мавлоно Муҳаммад Мискиннинг айтишича, Ҳазрат Баҳоуддин вафотидан бир кун олдин муридларининг ҳаммасини Хожа Муҳаммад Порсога тобеъ бўлишини васият қилган.

 

1389 йили Баҳоуддин Нақшбанд Бухоро яқинидаги Қасри Орифонда вафот этган.

 

Баҳоуддин Нақшбанд маданий мерос обектини барпо этилишига Абдулазизхон ибн Убайдуллохон 1544 йилда асос солган. Абдулазизхон буйруғи билан мозор тартибга солиниб, ансамбл шаклига келтирилган ва 1544-1545 йилларда хонақоҳ қурилган.

 

ХИВ асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган “Нақшбандия” таълимоти Афғонистон орқали Ҳиндистонга ва бошқа ислом юртларига шиддат билан тарқала бошлайди. Нақшбандия таълимоти Темурнинг мўғуллар босқинига қарши кураш, мустақил давлат барпо этиб, унда маданий-маънавий ривожланишни таъминлашга интилишида, темурий даври маданий юксалишида катта ижобий аҳамият касб этади.

 

Нақшбандия тариқати ХВИ асрда Хожа Муҳаммад ал-Боқий Кобулий (вафоти – 1605) Ҳиндистонга боргандан сўнг Ҳинд тупроғида ҳам авж олади. Бу машҳур мутасаввуф олим афғон ва ҳинд юртларида Хожа Боқибилло номи билан машҳурдир. Унинг шогирди Хожа Аҳмад Форуқ Сирҳиндий (1563–1624) эса нақшбандия таълимотининг ХVII асрда Ҳиндистонда ёйилишида катта рол ўйнаган.

 

Шундай қилиб, бизнинг табаррук юртдошимиз Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд томонидан асосланган нақшбандия таълимоти Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ халқларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётида жуда катта ўрин эгаллади. Бу таълимот бошқалар меҳнати билан кун кечиришни, текинхўрликни, ижтимоий зулм-истибдодни қатъиян қоралайди. Бу таълимот тарафдорлари аскетизмга (таркидунёчиликка), бой-зодагонларнинг зулм ва истибдодига қарши бўлганлар, фақат ўз қўл кучи, пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб кун кечиришга чақирганлар. Нақшбандийлар савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандчилик, бадиий адабиёт, мусиқа, илм-маърифат, хаттотлик, наққошлик, миниатюрасозлик, қурувчилик каби барча фойдали ва хайрли юмушлар билан шуғулланишга даъват этганлар. Шунинг учун ҳам ўз давридаги илм-маърифатнинг, адабиётнинг йирик намояндалари бўлмиш Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хушҳолхон Хатак, Аҳмад Шоҳ Дурроний, Махтумқули Фироғий сингари юзлаб улкан тараққийпарвар, инсонпарвар шоирлар ва мутафаккирлар нақшбандия йўлини танлаганлар, ҳаётни ва инсонни авжи баланд пардаларда куйлаб, тинмай баракали ижод қилганлар.

 

Хожа Баҳоуддин Нақшбандни Марказий Осиё халқлари жуда юксак қадрлайди. Халқимиз ул ҳазратга баланд эътиқод қўйиб, “Баҳоуддин – балогардон!” дея беҳад эъзозлайди. Ҳозирги мустақиллик замонида “Яссавия”, “Кубравия”, “Нақшбандия” каби ўлкамизда (Туркистонда) вужудга келган тариқатлар энди бизда ҳам ҳар томонлама чуқур ўрганила бошланди.

 

Хожа Аҳмад Яссавий, Шайх Нажмиддин Кубро ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сингари мутасаввуф донишмандларнинг поклик, тўғрилик, меҳр-шафқат, адл-у инсоф, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби илғор умумбашарий фикрлари давримизга ҳамоҳанг бўлиб, келажак учун хизмат қилади.

 

Ўзбекистонда 1993 йили Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги ўтказилди. Бухородаги Нақшбанд номи билан боғлиқ бўлган ёдгорликлар қайтадан тикланди.

 

Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида, унинг таълимоти хусусида, нақшбандий шайхлар тўғрисида талай асарлар яратилган. Биргина Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасининг ўзида нақшбандияга доир 195 та китоб мавжуд. Жумладан, Салоҳ ибн Муборак ал-Бухорийнинг “Анису-т-толи-бийн ва уддатус-соликийн” (“Толиблар ошнаси ва солиқлар раҳнамоси”) асарида (1383) Нақшбанднинг ҳаёт тарзи, кашф-у кароматлари ва пурҳикмат сўзларидан намуналар берилади. Бу асар “Мақомати ҳазрати Хожайи нақшбанд” номи билан юритилади. Шу муаллифнинг 4 қисмдан иборат “Маноқиби Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” (“Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг таъриф ва тавсифлари”) асари ҳам мавжуд.

 

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Ислом энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017.

 

2. Насафий. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд. – Тошкент: “Фан”, 1993.

 

3. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

 

5. www.зиё.уз

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//