“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ алломаларидан бири – машҳур сайёҳ, элчи ва тарихчи Абдураззоқ Самарқандий. Тўлиқ исми Камолиддин Абдураззоқ ибн Жалолиддин Исҳоқ Самарқандий бўлиб, у 1413 йилнинг 7 ноябрида темурийлар давлатининг иккинчи пойтахти Ҳирот шаҳрида туғилган. Абдураззоқ Ҳиротда туғилганлигига қарамай, “Самарқандий” деган нисба билан шуҳрат топганлигига сабаб отаси Жалолиддин Исҳоқнинг асли самарқандлик бўлганлиги ва бўлажак тарихнависнинг ўзи ҳам бир неча муддат Самарқандда яшаганлигидир.
Абдураззоқ Самарқандий дастлабки таълимни Ҳиротнинг ўзида олган. Кейинчалик, Ҳиротдаги темурийлар саройида қозилик ва имомлик лавозимида бўлган отаси ва ўз даврининг зиёлиларидан бўлган акалари Абдулғаффор, Абдулқаҳҳор, Абдулваҳҳоблар кўмагида тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва тил-адабиёт фанлари бўйича олим бўлиб етишган. 24 ёшигача отаси, сўнгра акаларининг қўлида тарбияланган.
Алишер Навоий ўзининг “Мажолис ун-нафоис” асарида Абдураззоқ Самарқандийнинг мазкур илмлар бўйича яхши билимга эга эканлигини қуйидаги сўзлар билан тасдиқлайди: “Мавлоно Абдураззоқ... хушмуҳовара киши эрди... зоҳир улумин такмил қилиб эрди ва фазлиёти ҳам яхши эрди...”
Отасининг саройдаги тутган мавқеига кўра тахмин қилиш мумкинки, Абдурраззоқ Самарқандий ҳам давлат ишлари билан яқиндан таниш бўлган. Унинг яхши таҳсил кўрганлиги, бу борадаги иқтидори баландлиги туфайли отаси вафотидан сўнг, 1437–1438 йиллари 24 ёшида темурийлар саройига хизматга олиниши бежиз эмас. Шундан сўнг то 50 ёшига қадар, аввал Шоҳруҳ, кейин Ҳирот тахтини эгаллаган бошқа темурий ҳукмдорлар – Мирзо Абдулқосим Бобур (1452–1457), Султон Абу Саид (1451–1469) ва тахтга ўтирган бошқа шаҳзодалар саройида давлат ишлари билан банд бўлган.
Замондоши Абдулвосе ан-Низомийнинг ёзишича, Абдураззоқ “хоқони саид (яъни Шоҳрух)нинг давлати замонида узоқ муддатлар шуҳратли ишларни бажаришни бўйнига олган, баъзи соҳибдавлат шаҳзодаларнинг хизматида садоратлик олий мансабига етишган, баъзи бошқаларнинг мулозиматида эса ноиблик ва хосликка эришган”.
Бироқ Абдураззоқнинг ўзи асарларида мазкур садоратлик лавозимларини эслатмаса-да, тарихий воқеалар сирасидан унинг темурийлар давлати хорижий дипломатик муносабатларни олиб боришда муҳим рол ўйнаганлиги англашилади.
ХV асрнинг биринчи ярмида темурийлар давлати билан Рум (Кичик Осиё), Миср, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлар орасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилган эди. Бу алоқаларнинг амалга оширилишида Абдурраззоқ Самарқандий ҳам фаол иштирок этганлигига элчилик сафарлари ҳақида унинг ўзи келтирган ахборотлар яққол далил бўла олади. Чунончи, “Матлаъи саъдайн”га киритилган “Ҳиндистон сафари достони ва у ернинг ажойиб-ғаройиботлари” деб номланган эсдаликларида Абдураззоқ Самарқандий 1442 йили Шоҳрух томонидан жанубий Ҳиндистонга юборилган элчиларга бошчилик қилганини ёзади. Элчилар 1442 йили 13 январда Ҳиротдан йўлга чиқиб, шарқи-жанубий Эрон, Арабистон, Ҳурмуз бандаргоҳи, Маскат ва Арабистон денгизи орқали 1442 йил 17 октябрида Колькуттага етадилар ва бу шаҳарда беш ой, Вижаянагарда эса 1443 йил охиригача туриб, сўнг орқага қайтадилар. Қайтишда яна денгиз йўли билан Ҳурмузга, у ердан 1444 йил декабрь ойида Ҳиротга етиб келадилар. Шу каби “Матлаъи саъдайн”да Абдураззоқ Самарқандийни Шоҳрух Гилонга ва бошқа ерларга элчиликка юборганлиги эслатилади.
Абдураззоқ Самарқандий охирги марта Мисрга элчиликка юборилаётган пайтида Шоҳрух вафот этади ва шу боис элчилик амалга ошмайди. Шу каби дипломатик муносабатларда Абдураззоқ Самарқандий кейинги темурий ҳукмдорлар Абулқосим Бобур, Султон Абу Саидлар даврида ҳам фаол иштирок этганлиги унинг ўз сўзларидан маълум.
Абдураззоқ Самарқандийнинг илтимосига биноан 1463 йилга келиб уни давлат ишларидан озод этдилар ва Ҳиротдаги Шоҳрухия хонақоҳига шайхлик вазифасига тайинлайдилар.
Абдураззоқ Самарқандий шеър, араб тили грамматикасига оид рисола ёзганлиги маълум бўлса-да, лекин бизгача етиб келган ягона тарихий асари – “Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”)дир. Асар форс тилида ёзилган бўлиб, икки жилдни ташкил этади.
У ўз асарини асосан 1467–1469 йиллар орасида ёзиб тамомлаган ва 1470 йили яна давом эттириб, ўша йилнинг сафар ойида тугаллаган.
“Матлаъи саъдайн”нинг биринчи жилдида қисқа тарзда Чингизхон авлодидан бўлган Эрон ҳукмдори Абу Саид (1316–1335 йиллар) ҳақида сўзлагач, сўнг соҳибқирон Амир Темур тарихи бошланади ва умуман 1304 йилдан 1405 йилгача Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон, Озарбайжон, қисман Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар тарихига оид маълумотлар келтирилади. Тарихий воқеалар баёни Амир Темурнинг 1405 йили 18 февралда Ўтрорда вафот этганлиги, унинг набираси Халил Султоннинг Самарқандда тахтга ўтирганлиги билан тугалланади.
Иккинчи жилднинг сўз бошисида муаллиф Амир Темур авлодлари ҳақида сўзламоқчи эканлигини айтиб, воқеаларни Шоҳрухнинг Ҳиротда тахтга ўтирган вақтидан (1405 йил, март) бошлайди. Сўнг Шоҳрух вафоти (1447 йил)дан кейин ҳукмронлик қилган темурийлар: Мирзо Абулқосим Бобур, Султон Абу Саид ва бошқа шаҳзодалардан сўзлаб бўлгач, Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротда Ёдгор Мирзони қатл этиб, иккинчи марта тахтга ўтириши ҳақидаги маълумотлар билан асарни тугатади.
Абдураззоқ Самарқандий “Мутлаъи саъдайн”да тарихий воқеалар баёнини солнома тарзида жойлаштирган. Асарнинг муаллиф ўзи яшаган даврдан (XV аср ўрталари) илгариги қисмлари солномаси аввал ёзилган асарлар асосида тузилган. Бу ҳақда Абдураззоқнинг ўзи, 1427 йил воқеаларини якунлар экан: “Ҳофизи Абрунинг ёзгани... “Зубдат ут-таворихи Бойсунғурий” шу ерда тугади”, дейди ва ўзининг асосий манбаи ушбу асар эканлигини таъкидлайди.
Бундан кейинги йиллар тарихининг ёритилишига келсак, айтиш мумкинки, уларнинг аксарини Абдураззоқ Самарқандий ўзи кўриб билган ёки шоҳидлар сўзларига асосланиб ёзган. Қандай бўлганидан қатъи назар, “Матлаъи саъдайн” саҳифаларида баён этилган тарихий воқеалар, хоҳ Ҳофизи Абрудан олинган қисмлар, хоҳ ундан кейинги қисмлар бўлсин тадқиқотлар учун манба сифатида муҳим аҳамиятга эгадир.
Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн” асарида кўпроқ сиёсий воқеалар баён этилган. Лекин шу билан бирга темурий ҳукмдорларнинг мамлакатни иқтисодий, маънавий ва маданий ҳаётида ўйнаган бунёдкорлик роли атрофлича очилган. Шунинг учун ҳам XV асрнинг деярли уч чорагида Самарканд ва Ҳирот шаҳарларидаги илм-фан, маданиятнинг юксаклиги ҳамда бу борада Мирзо Улуғбек, Мирзо Бойсунғур ва баъзи бошқа шаҳзодаларнинг фаолиятлари ҳам изчиллик билан ёритиб берилган.
Шунинг учун ҳам Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн” асари ўз даврида шуҳрат топган ва бир қанча тарихнавислар томонидан эътироф этилган. Сўнгра бу асар темурийлар даври ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва халқаро муносабатлари тарихига оид нодир ва ишончли манба сифатида Европада ҳам танилиб, унинг айрим қисмлари XIX асрдан бошлаб бир неча марта француз (Ланглэ, Катрме, Блоше), инглиз (Эллиот), рус тилларида чоп этилган.
“Матлаъи саъдайн” асарининг форсча матни 1936 йили Лоҳурда (Покистон) матншунос олим Муҳаммад Шафе томонидан чоп этилган.
Унинг 1442–1444 йиллардаги Ҳиндистон сафарномаси 1960 йили ўзбек тилида ва форсий танқидий матни билан асарнинг 1405–1427 йиллар воқеалари (I жилд, 1-қисм) 1969 йили ўзбек тилида Тошкентда чоп этилди. 1992 йили эса “Матлаъи саъдайн”нинг шу қисмига киритилган Ғиёсиддин Наққошнинг Хитой сафари кундалиги ўзбек тилида чоп этилди. Асарнинг II жилд 2-3 қисмлари ҳам ўзбек тилидаги таржимаси амалга оширилган.
Абдураззоқ Самарқандий 1482 йил Ҳирот шаҳрида вафот этган.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2000, 1-жилд.
2. Абдураззоқ Самарқандий. Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн (2 жилд биринчи қисм 1405–1429 йиллар воқеалари). – Тошкент: “Ozbekistоn”, 2008.
4. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.
5. www.ziyo.uz
//
Изоҳ йўқ