Қаффол аш-Шоший


15:02 / 10.02.2022 1064 0

Шош (Тошкент) IX–XII асрларда  адабиёт, тилшунослик, мантиқ фанлари қаторида ҳадис ва фиқҳ илмлари ҳам ривожланган марказлардан бири бўлган. “Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги cонида эса улуғ алломаларидан бири  Қаффол аш-Шоший  ҳақида сўз юритамиз.

 

Қаффол аш-Шошийнинг тўлиқ исми Абу Бакр ибн Али Исмоил Қаффол аш-Шоший ал Кабирдир. У улуғ зот шофиъийлик мазҳабининг етакчиларидан бири бўлиш билан бирга муҳаддис, фақиҳ, тилшунос, шоир ҳамдир. Қаффол аш-Шоший  903 йилда Шош (Тошкент)да дунёга келган. Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган. Шу сабабдан у зот “Қаффол” – қулфсоз деб машҳур бўлган.

 

Қаффол аш-Шоший дастлабки таълимни ўз юртида, кейинчалик Марказий Осиёда мавжуд маърифат ўчоқларида олади. Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларни кезади. Бу ерларда ундан сал олдинроқ ўтган ва анчагина мерос қолдирган Имом Исмоил ал-Бухорий (810–870), Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824–892) каби йирик мутафаккир олимлар мероси билан танишади, улардан баҳраманд бўлади. У бирмунча вақт Самарқандда яшаб, у ерда таълим олди. Қаффол аш-Шоший қаттиқ киришиб, фиқҳшуносликни ўрганади. Зеро, бу фан мусулмон Шарқ ўлкаларида жуда кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу фанни эгаллаган кишилар ҳамма жойда қадрланар, уларга зарурат ҳам катта, чунки ижтимоий ҳаётда қонуншуносликка талаб катта бўлиб туриши табиий эди. Қаффол аш-Шоший фиқҳ илми билан бирга фалсафа, мантиқ, адабиёт соҳаларини ҳам пухта эгаллаган, бу соҳаларда энг билимдонлар билан мунозара қила оладиган қудратга эга бўлган бир зот эди. Қаффол аш-Шоший доимо илм-маърифат истагида қўним топмай, бир ўлкадан иккинчисига илм чашмаларидан баҳраманд бўлиш ниятида Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини кезади, Ҳижоз, Бағдод, Дамашқ каби шаҳарларга боради, у ерларда замонасининг кўзга кўринган олимларидан илм-маърифат ўрганади.

 

Қаффол аш-Шошийнинг устозларига қараб ҳам унинг қандай фанлар ўрганганлиги ҳақида маълум хулосага келиш мумкин. Тарихий манбаларнинг шоҳидлик беришича, Шошийнинг фиқҳшунослик ва тарих соҳасидаги устози машҳур олим ва тарихчи ат-Табарий (839–923) эди. Маълумки, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий Шарқ мамлакатларининг энг йирик тарихчиси бўлиб, кўп жилдли асарлар ёзган. Асли у киши Табаристондан бўлиб, илм-ҳикмат талабида Рай, Бағдод, Басра, Куфа, Ҳижоз, Дамашқ, Қоҳира каби шаҳарларни кезиб, уларда таълим олган. У Шарқ тарихчилари орасида машҳур бўлган “Элчилар ва подшоҳлар тарихи” китобининг муаллифи эди. Бу асар бизга тўла ҳолида етиб келмаган, қисқарган нусхасигина мавжуд. Лекин ундан кейин яшаган Ибн Мискавейх (1030 йилда вафот этган), Ибн ал-Аср (1234 йилда вафот этган) каби тарихчилар ўзининг умумий тарихига оид кўп жилдли асарларини ёзишда ундан тўла фойдаланганлар. Унинг “Тарих ар-рижол” (“Йирик кишилар тарихи”), “Жомъ ал-баён” таржимаси каби асарлари ҳам бўлган.

 

Қаффол аш-Шошийнинг иккинчи устози Абул-Ҳасан ибн Абу Муса ал-Ашъарий (873–941) эди. Бу киши Шарқда каломчилар оқимининг асосчиси бўлиб, бу тўғрида анчагина асарлар ёзган ва Шарқда ашъария оқимининг асосчиси сифатида машҳур. Араб олими Тожиддин ас-Сабкийнинг ёзишича, илм талабида бўлган “Қаффол Шоший ал-Ашъарийдан калом илмини ўрганар экан, ўз навбатида, ал-Ашъарий ундан фиқҳшуносликни ўрганди”.

 

Қаффол аш-Шошийнинг учинчи устози Абул-Аббос Аҳмад ибн Умар ибн Сўрайж (861–928) ҳам замонасининг йирик олими бўлиб, тўрт юздан ортиқ асарлар таълиф қилган машҳур аллома эди.

 

Қаффол аш-Шоший кўплаб мамлакатларга саёҳат қилиб, қайси мамлакатларда кучли олим бўлса, улардан билганларини ўрганишга интиларди. Араб олими Ибн Халликон (1211–1182) ўзининг “Вафаёд-ал-аъён” (“Улуғ кишилар вафоти”) асарида Қаффол Шоший ҳақида шуларни ёзади: “Қаффол Шоший ҳадис илмини билган, тилшунос, шоир эди. Ўша вақтда Мовароуннаҳрда у кишига тенг келадиган олим йўқ эди. Бу киши Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва бошқа ўлкаларга саёҳат қилиб, ҳамма ерда ҳам ном таратди… у кишининг кўп асарлари бўлган”.

 

Қаффол аш-Шоший “Адаб ал-қози” (“Қози феъл-атвори”) деган асар ёзган. Шу билан бирга у “Одоб ал-баҳс” (“Баҳс одоби”)  деган асар муаллифи ҳамдир. Бу ҳақида араб олими Ибн Халликон шуларни ёзади: “Қонуншунослардан дастлаб чиқиб “Ҳусни Жадал” (“Диалектика ҳусни”) деган асар ёзган киши ҳам шу Қаффол Шоший эди”.

 

Қаффол аш-Шоший Бағдодга келгач, Муҳаммад ал-Хоразмий асос солган “Ҳикмат дониш” (“Байтул ҳикма”)да илмга машғул бўлади. Орадан бироз вақт ўтгач, ўзидаги фавқулодда истеъдод ва чуқур билими билан алломалар орасида шуҳрат қозонади. Айниқса, фиқҳшунослик илмига қаттиқ киришади. Зеро, фиқҳ илми мусулмон оламида кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этган фанлардан бири эди. У фиқҳ илмини эгаллаш билан бирга фалсафа, мантиқ, адабиёт каби фанларни ҳам пухта ўзлаштирган эди. У араб, лотин ва ҳинд тилларини ўз она тилидек биларди. Бинобарин, мазкур тилларга оид мукаммал луғатлар ёзган.

 

Фиқҳ илмида (шариат қонуншунослиги) Қаффол аш-Шоший ўз замонасида – Бағдодда ягона аллома бўлган. У кўп муддатлар “Байтул ҳикма”га раҳбарлик қилган. Қаффол аш-Шошийнинг довруғи халифа қулоғига етиб, уни саройга таклиф этиб, вазири аъзамлик лавозимига тайинлайди. Қаффол аш-Шоший бир неча йиллар вазирлик мансабида адолатни мезон қилиб сиёсат юритди.

 

Давримизгача сақланиб қолган шеърий ижодларидан бири Тожиддин ас-Сабкий асарига кириб қолган манзумасидир. Византия императори Бағдод халифасига шеър билан хат ёзади. Хат Византия ҳукмдоридан ҳошимийлар хонадонидан бўлган ва ҳукмронлик ўрнида ўтирган халифага деб ёзилган. “Биз шердек отилиб ўз ерларимизни фатҳ этдик, Дамашқ бўлса ота-бобомиз маскани эди, биз бу диёр мол-мулкига эга бўламиз. Мисрни ҳам қиличимиз билан эгаллаймиз. Ҳижоз, Бағдод, Шероз, Рай, Хуросон, Куддус, Шарқу Ғарб ҳаммасини фатҳ этамиз”, деб халифа ва унинг саркардаларига дағдаға солади, уларни қўрқитмоқчи бўлади. Мана шу пайтда Қаффол Шоший Бағдодда бўлади. Халифаликда, сарой аъёнлари ўртасида яхши қонуншунос, забардаст олим, иқтидорли арабийнавис шоир сифатида танилган бўлади. Византия ҳукмдорининг лашкарбошиси Тағфур (араб манбаларида – Тақфур) хатига жавоб ёзишни халифалик номидан Қаффол аш-Шошийга топширади.

 

Қаффол аш-Шоший мактубни кўриб, ўша мактуб вазнида ва ўша тарздаги қофияда давом этдириб Тағфурга араб тилида жавоб ёзади. Бу жавобнинг етмиш тўрт байти (148 йўл) ас-Сабкийнинг юқорида зикр қилинган асари ичида сақланиб қолган. Ас-Сабкийнинг ёзишича, Қаффол аш-Шошийнинг бу жавоб шеърини ўқиган Византия аъёнлари таажжубда қолишибди, кейин улар бир-бирларидан сўрашибди: “Буни ёзган киши ким ўзи, қайси юртдан экан, халифаликда биз бундай зот борлигини билмас эдик-ку?”

 

Византия лашкарбошиларини Қаффол аш-Шошийнинг дипломатия тарзида ёзилган жавоб мактуби эсанкиратиб қўяди. Воқеанинг нима билан тугашининг бугунги кунда аҳамияти йўқ, лекин бу биргина мисол орқали Қаффол аш-Шошийнинг забрадаст давлат арбоби, ҳозиржавоб шоир эканлиги маълум бўлади. Қаффол аш-Шоший шундай улуғвор ва довюрак шоир, ажойиб бир шахс бўлган.

 

Аҳли сунна вал-жамоанинг пешволаридан бўлмиш Қаффол аш-Шошийнинг ҳуқуқшуносликка доир “Китоб фи усулил фиқҳ” асари ўз даврида Ислом дунёсида кенг қўлланилган. Қаффол аш-Шоший номини бутун мусулмон оламига машҳур қилган нарса ёзиб қолдирган дурдона асарлари ҳисобланади. У киши тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, шеърият ва тилшунослик илмлари бўйича қомусий олим эди. Унинг асарларига оид маълумотлар бир қатор араб манбаларида қайд этилган. Тарихчи Абу Саъд Абдулкарим Самъонийнинг таъкидлашича, Қаффол аш-Шоший “Далоилун нубувват” (“Пайғамбарлик далиллари”), “Маҳосинуш шариа” (“Шариат гўзалликлари”) китобларини ҳам таълиф этган.

 

Қ“Жавомиъул калим” (“Ҳикматли иборалар тўплами”), “Адабул қози” (“Қозининг одоби”) каби асарлари борлиги ҳақида ҳам манбаларда қайд этилган.

 

Ҳазрат Қаффол аш-Шоший асарларидан бирортаси мамлакатимиз китоб хазиналарида мавжуд эмас. Фақатгина марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1970 йили Суриянинг Дамашқ шаҳридаги “Зоҳирия” кутубхонасида сақланаётган “Жавомиъул калим” асари қўлёзмасининг фотонусхасини олиб келганлар, холос. Ҳозир у Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг қўлёзмалар хазинасида сақланяпти.

 

Қаффол аш-Шоший 976 йили Тошкентда вафот этган ва шу ерда дафн этилган. Ҳамшаҳарлари уни илму дониш, адолатли ва фуқаропарварлиги туфайли эъзозлаб, унга мақбара бунёд этадилар. Ҳозир Тошкентнинг халқ орасида “Ҳастимом” деб аталадиган жой шу мўътабар зотга нисбатан айтиладиган ном “Ҳазрати имом”нинг қисқаргани бўлади. Аслида, бу жойнинг номи Ҳазрати Имом Қаффол аш-Шошийдир. У кишининг қабрлари теграсида Тошкентда машҳур бўлган мўътабар зотлар дафн этилган.

 

Қаффол аш-Шоший мақбараси Тошкентнинг қадимий, кўзга кўринган табаррук бир қадамжоси саналади.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

 

                                          

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004, 9-жилд.

2. Маънавият юлдузлари(Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). –      Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

3. www.ziyo.uz

 

       

 

 

 

   

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//