Кўҳна Хоразм азалдан илму ирфон бешиги, фан ва маданият, маънавият ва маърифат маркази бўлган. Ушбу заминда ўтган буюк инсонларнинг номларини улуғлаш, уларнинг бебаҳо меросини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этиш маънавий қудратимизга қудрат қўшиши шубҳасиз.
“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг ушбу қисмида машҳур тасаввуф шайхларидан бири, кубравия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақида сўз юритамиз. Шайх Нажмиддин Кубронинг тўлиқ исмлари Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад ал-Хевақий ал-Хоразмий бўлиб, “Нажмиддин”, “Кубро”, “Абулжанноб”, “Валийтарош” – у зотга берилган лақаб, унвон ва куния ҳисобланади.
Али Акбар Деҳхудонинг машҳур “Луғатнома”сида келтирилиши-ча, “у кишининг Кубро деб аталишларига сабаб шуки, беҳад зийракликлари ва туганмас заковатлари туфайли ҳар қандай муаммоли масала сўралганда ҳал қилиб берар эдилар ва ҳар ким у киши билан баҳс-мунозара қилса, ғолиб чиқар эдилар”. Шунингдек, у кишини Тамматул Кубро, яъни буюк бало ва қазоларнинг олдини олувчи, халоскор деб ҳам аташган. Абул-Жанноб деб аталишларига сабаб эса у кишининг дунёвий икир-чикирлардан узоқ турганликларидир. Ул зотни “Валитарош” (валийларни парваришлаб етиштирувчи) деб ҳам аташган. Чунки умрлари давомида ўн икки кишини ўз муридликларига қабул қилганлар ва уларнинг барчасини шайх даражасига етказганлар. Улар қаторида машҳур шайхлардан Фаридиддин Атторнинг отаси Мажидиддин Бағдодий (вафоти 1219) ва Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад, Нажмиддин Дойа Розий, Саъдиддин Ҳамавий, Сайфиддин Боҳарзий ва бошқалар.
Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳотул унс” асарида қайд этилишича, Аҳмад ёшлигидан илм-донишга қизиққан қобилиятли киши бўлган экан. У ислом асослари, шариат илмларини жуда тез ўзлаштириб олиб, Хоразмнинг манман деган уламоларидан ўзиб кетади ва илмий баҳсларда барчадан ғолиб чиқади. Шу боис унга “Тамматул кубаро”, яъни уламоларнинг етуги, улуғвори ва илм балоси деган лақабни олади. Бунинг ёнига “Нажмиддин” – “диннинг юлдузи” деган мартаба-унвон қўшилиб, Аҳмад бин Умар шундан кейин Нажмиддин Кубро номи билан машҳур бўлиб кетади.
Нажмиддин Кубро милодий 1145 йилда Хива шаҳрида дунёга келган. У Хоразмда мадрасани тугатгач, ўн олти ёшларида ўз билимини ошириш мақсадида замонасининг катта илм-маърифат марказига айланган Эрон, Миср, Шом ва Ироқ мамлакатларида бўлиб, ҳадис ва фиқҳ илми билимдонларидан керакли билимларни олади. Аллома қалбида руҳий маънавий камолотга, ғайб асрори, каромат ва кашфу ҳол илми ҳисобланмиш тасаввуф таълимотига иштиёқ зўр эди. Шу боис у шариат илмларини ўрганиш баробарида тариқатдан ҳам хабардор бўлишга интилиб, қатор шайхлар, дарвешлар суҳбатида бўлади, хонақоларда хилват ўлтириб, риёзат билан машғул бўлади.
У Мисрда Шарқ фалсафаси билан шуғулланади ва унинг сирларини ўрганади. Нишопурда Абул Маккорим Лубон ва Абу Жафар Самдлоний, Табризда Абу Мансур Ҳафт, Маккаи Мукаррамада Абу Муҳаммад Таббеҳ ва Искандарияда Абу Тоҳир Салафий хизматларида бўлиб, улардан ҳадис илмларини ўрганади.
Нажмиддин Кубронинг тариқат йўлидаги пирлари шайх Рўзбеҳон Мисрий, Шайх Аммор Ёсир ва Шайх Исмоил Қасрий ҳисобланади. Уларнинг устози Шайх Абулнажиб Суҳравардий бўлиб, Жомийнинг ёзишича, зоҳирий ва ботиний илмларда баркамол киши бўлган, талай рисола ва китоблар ёзиб сўфийлик нисбатида Шайх Аҳмад Ғаззолийга бориб туташади. Суҳравардий фақирлик билан футувватни (жавонмардлик) бирга олиб тушунтиради. Фақирлик унинг талқинида фақат қашшоқлик, бечоралик эмас, “фақирлик – худо олдида талабкорлик, ожизлик, аммо бандалари олдида адолат ва саховат посбони бўлиш, ҳаммага ҳар ерда ёрдам кўрсатишдир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаламнинг “Берувчи қўл олувчи қўлдан афзалдир”, деган муборак ҳадиси шарифларига мувофиқ, “бағишловчи қўл – фақир эшигини очувчидир”, деган фикрларни баён қилган Суҳравардий бойликни қораламайди, балки зулму ситамни ва талончиликни, ҳаромхўрликни ва хасисликни мазаммат этади. Абулнажиб Суҳравардий шогирдлари бўлган шайх Рўзбеҳон Мисрий, Шайх Аммор Ёсир ва Шайх Исмоил Қасрийларда қалб саховати билан бирга мурид тарбиясида қаттиққўл бўлиш, ботиний кўз билан муриднинг хаёлларини, руҳиятини уқиб олиш ва унга руҳий таъсир ўтказиш қобилияти яхши ривожланган эди. Масалан, Шайх Аммор Ёсир соликнинг “ноқисларни такмил этиш ва муридларни тарбиялашда, уларнинг тушлари ва фикрларини таъбир этишда, иккиланишларни бартараф этишда шуҳрат қозонган” бўлса, Шайх Рўзбеҳон Мисрий “аксар вақт истиғроқ мақомида бўлиб”, важд ва илҳом ичида юрар, илоҳий маърифатдан завқи тошиб, бу ҳолатни муридларига юқтирарди. Шайх Исмоил Қасрий бўлса, рақсу самоъ, имо-ишоралар йўли билан мурид қалбини ром этиб, ўзини поклаш ва шу орқали илоҳиётга муҳаббатни сингдиришда машҳур бўлган. Ҳар учала шайх ҳам тариқатни шариатдан ташқари деб тасаввур қилмаганлар. Ўзларини сунний мазҳабининг изчил тарафдорлари ҳисобланганлар.
Аллома 1185 йилда Хоразмга қайтиб келади. Бу вақтда у қирқ яшар бўлиб, йигирма беш йилдан ортиқ умрини илм таҳлилига бағишлаган эди. У катта хонақоҳ қурдириб, тариқатда янги бир мактаб – йўналиш ҳисобланмиш кубравия силсиласига асос солди. Унинг қўл остида юзлаб одамлар тарбияланиб, ислом маърифатидан, илоҳий ирфондан баҳраманд бўлди. Нажмиддин кишиларни эзгуликка, илмга, саховат ва мардликка даъват этди.
Инсоният маънавий оламида энг етук ва энг мураккаб таълимот тасаввуф илмий таълимотидир. Тасаввуф таълимоти Оллоҳга интилиш бўлиб, ўзлигини англаб, қалбининг очилмаган имкониятларини ишга солиш, бу билан Оллоҳнинг каромат нуридан баҳраманд бўлиш учун ўз камолоти сари йўл тутиб, ўз руҳини Оллоҳга яқинлаштиради. Маърифат илми авлиёларнинг ўзини англаб етиши сари йўл тутиши, нафсни тийиши, ўзликни йўқотишидир. Ҳақиқат илми эса ўз руҳини Тангри қудрати билан боғлашдир.
Кубровия тариқати ҳам Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдаги таълимот асосида шакллангандир. Комил инсонни тарбиялаш бу тариқатнинг асосий вазифаси бўлиб, Шайхнинг ҳаёти катта сабоқ, улкан мактабдир. Кубровия тариқатида талаб, садоқат, ишқ, муҳаббат, ошиқликнинг инсон учун нақадар зарур эканлиги таъкидланади.
Нажмиддин Кубро ўз таълимотида инсон омилини биринчи ўринга қўяди. У инсон тафаккури кучига юксак баҳо бериб шундай дейди: –“Валийлик инсон боласига азалдан насибадир, чунки одам Оллоҳнинг суйган махлуқи, парвардигор одамга онг-ақл берган, ботиний нур берган, уни барча мавжудотдан афзал қилиб яратган”.
Шайх Нажмиддин Кубронинг “Фи-одобус соликин” (“Соликлар одоби ҳақида”), “Рисола аттул хайф ул-хоим ан лавмат ил - лоим” (“Қўрқувчи овворалар ва маломат этувчи маломатийлар ҳақида”), “Фавойиҳул жамол”(“Гўзалликни эгаллаш”), “Рубоийлар тўплами”, “Фавойиҳул жамол ва фавотиҳул жалол” (“Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи”), “Ал-усул ал –ашара” (“Ўнта усул”), “Рисола ат-туруқ” номли асарларида Оллоҳни таниш, ҳалоллик ва мардликни улуғлаб, илм олиш ва илм бериш савоби барча мўмин мусулмоннинг бурчидир деган фикрлар олдинга сурилган. Унинг тасаввуфдаги яна бир хизматлари - жавонмардлик ғояларини тариқатга жорий этиш бўлди. Натижада мардлик ва поклик, қаҳрамонлик ва фидойилик, маърифат ва жисмоний-руҳий қудрат бирлаштирилди, инсон камолотида ахлоқий юксаклик, ватанпарварлик ғоялари қўшилиб ифодаланди.
Баъзи бир тадқиқотчилар Нажмиддин Кубронинг “Рубоийлар” китоби ҳам мавжудлиги тўғрисида маълумот берган бўлсалар-да, бу тўплам ҳали топилган эмас. Атоқли шарқшунос Е.Э.Бертельс томонидан Кубро қаламига мансублиги тахмин қилиниб, турли тазкира ва баёзлардан танлаб олинган ва олимнинг “Тасаввуф ва тасаввуф адабиёти” китобида келтирилган 25 та рубоийсигагина эгамиз. Эронда нашр этилган “Рубоийнома” тўпламида ҳам шайх-шоирнинг 8 та рубоийси келтирилган бўлиб, улардан фақат биттаси Е.Э. Бертельс келтирган рубоийлар орасида учрамайди. Демак, ҳозиргача бизга буюк ватандошимиз ижодига тегишли 26 та рубоий маълум. Бу рубоийлар нисбатан қисқа фурсат ичида уч марта ўзбек тилига ўгирилди. Дастлаб Жамол Камол уларни анъанавий вазни ва мумтоз услубини сақлаган ҳолда ўзбекчалаштирди. Кейин Нажмиддин Кубро таваллудининг 850 йиллиги муносабати билан Матназар Абдулҳаким бу рубоийларнинг янги таржимасини амалга оширди. Нажмиддин Кубро қаламига мансуб рубоийлар, асосан, тасаввуф дунёқараши тарғибига - Ҳақиқатни излаш, Оллоҳга бўлган ишқни куйлаш, Ҳақ йўлига даъват қилиш, Оллоҳ муҳаббатини қозониш мақсадида тариқатга кирган соликнинг ҳол ва мақомотнинг турли босқичларидаги ўй ва кечинмалари, ранжу изтиробларини тасвирлаш, сўфий-дарвешларни улуғлаш, Ҳақнинг мазҳари бўлмиш маъшуқа гўзаллигини таъриф-тавсиф этиш, гоҳ висол умиди, гоҳ ҳижрон азобидаги ошиқ ҳолатини ифодалашга бағишланган.
Юрмоқ учун Ҳақ йўлига етмоқ шарт,
Бошқасидан кўзни юмиб кетмоқ шарт,
Элга шифо бахш эту, оч кўзларни
Олам ҳама-ул, унга назар этмоқ шарт.
Кубровия тариқатидан кейинчалик бир қанча шаҳобчалар ажралиб чиқиб, бутун дунёда тасаввуфнинг энг кўп тарқалган йўлларидан бирига айланди. Булар Нажмиддин Кубронинг шогирдлари томонидан тарқатилган бўлиб, шу кунимизгача айрим мамлакатларда турли хил кўринишларда фаолият кўрсатмоқда. Ҳиндистонда Фирдавсия, Бағдодда Нурия, Хуросонда Рукния, Кашмирда Ҳамадония Эрон ва айрим ғарб мамлакатларида Америка, Англияда “Неъматуллоҳия” ва бошқаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинларининг босқинчилик юришлари натижасида 1218–1221 йиларда хоразмшоҳлар давлати босиб олинди. Мўғуллар қурган тузоқларга бир неча марта тушиб, ўз ҳарбий кучларининг (Ўтрорда 60 минг, Хўжандда 10 минг, Самарқандда 110 минг, Бухорода 50 минг) анчагина қисмидан ажралган Хоразмшоҳ Муҳаммад ўз юртини, пойтахти Гурганч шаҳрини ташлаб кетади. Шаҳар аҳолиси ҳимоясиз, етакчилик қиладиган сардорсиз қолади. Шундай оғир вазиятда 76 ёшли Нажмиддин Кубро шаҳарни ҳимоя қилишни ўз зиммасига олади. Шайх муридларини жамлаб, уларга қараб бундай дейди: “Машриқдан келган бу бало Машриқу Мағрибни яксон этади, ёндириб кул қилади. Сизлар ҳар бирингиз ўз юртингизга боринг, ўз жонингизни асраш пайида бўлинг” Асҳоб шайхга илтимос қилиб дедилар: – “От-уловлар тайёр, агар шайх биз билан ҳамроҳ кетишни ихтиёр этсалар, яхши бўларди”. Бунга жавобан шайх Нажмиддин Кубро дейди: – “Мен бу ерда шаҳид бўламан, менга Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ” дейди. Шайх шаҳар мудофаасини ташкил этиш билангина чекланмай, қўлига қилич олиб жанг қилади. Анча вақтгача мўғуллар шаҳар ҳимоячиларининг қаршилигини енга олмайдилар. Шунда улар ҳийла-найранг ишлатиш, сотқинлар кўмагидан фойдаланиш йўлига ўтадилар ва биладиларки шаҳар мудофааси бошида шайх турибди, дарров шайхни олдига элчилар жўнатиб биз томонга ўтинг сизга омонлик ва бойлик ато қиламиз дейдилар.
Амир Темурнинг невараси Улуғбек Мирзо ибн Шоҳрух Мирзо ўзининг “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”, 1425) номли тарихий асарида Шайх Нажмиддин Кубро жанобларини шарҳлаб бундай деб ёзади: – “Мана етмиш йилдирки, Хоразм халқи билан яшаб келмоқдаман. Бугунги кунда қазойи илоҳий бало жазосини юборди. Уларнинг калласида мурувват деган нарса бўлмайдики, орасидан қочиб ўзимни бир чеккага олсам. Балки, улар билан бирга беғамона яғмога дучор бўлганим тузукроқ бўлар. Балоларга ҳам улар билан ёр бўлсам!”
Нажмиддин Кубро шаҳар ҳимоячиларига қарата илтижо билан “Ё Ватан, ё шарафли ўлим!” деб хитоб қилади. Мўғуллар ҳали бирон ерда бунчалик қаттиқ қаршиликка дуч келмаган эди, ҳали бирон жойда мўғул аскарлари бунчалик кўп қирғин қилинмаган эди. Даҳшатли қирғинбарот Гурганч фожиаси етти ой давом этади. Сон жиҳатдан устун бўлган душман машаққатлар ва ҳисобсиз қурбонлар эвазига ғалабага эришади. Қўлида қурол ушлашга мажоли қолмаган гурганчликлар иложсизликдан таслим бўлади. Жароҳатланган Шайх Нажмиддин Кубро ўлими олдидан туғ тутган мўғул сарбозига ташланиб, бир қўли билан уни қатл этаётган мўғул яловининг учини ушлаб турган. Охири қўлини қирқиб туғни олганлар.
Гурганч таслим бўлгач ёндирилади, ҳамма тирик жон қиличдан ўтказилади, бойликлар таланади. Жувайнийнинг маълумотларига қараганда, 100 минг нафар ҳунарманд, косиб, рассомлар асирга олиниб Мўғулистонга жўнатилган. Мўғуллар ваҳшийликнинг бор усулларини ишга солганлар, йўқларини эса ўйлаб топганлар. Мўғуллар шаҳарнинг кулини кўкка совуриш билан бир қаторда Гурганждан ном-нишон қолдирмаслик учун Амударёдаги тўғонни бузиб, сувни шаҳарга буриб юборадилар. Барча улкан тарихий обидалар, илм-маърифат манбалари сувга бостирилади. Натижада узоқ муддат давомида барпо этилган бу улкан қадимий маданият ва маъмурий марказда ҳаёт тўхтайди. Жувайнийнинг ибораси билан айтганда, “Гурганж қашқир макони бўлиб қолди ва бу ерда бойўғли ва бургут ин қурди”.
Шундай қилиб, Хоразмнинг буюк фарзанди ўз она Ватанини душманлардан ҳимоя қила туриб ўлим топди. Нажмиддин Кубро 1221 йилда ўзи муаллимлик қилган хонақоҳга дафн этилди. Кейинчалик Олтин Ўрдага бўйсунувчи ўлка ҳукмдори Қутлуғ Темур томонидан XIV асрда Гурганж шаҳрида буюк олим, тасаввуф таълимотининг асосчиларидан бири, ватанпарвар шайх Нажмиддин Кубро номига мақбара тикланган. Ҳозирги вақтда Нажмиддин Кубронинг қабри Туркманистон Республикасининг Тошҳовуз вилояти, Кўҳна Урганч шаҳридадир.Шайх Нажмиддин Кубро инсоният тарихидаги энг эътиборли сиймолардан биридир, унинг номи Шарқда асрлардан буён ватанпарварлик тимсоли бўлиб келмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Замира Исҳоқова. Нажмиддин Кубро.–Тошкент: “ABU MATBUOT-KONSALT ”, 2011.
2. Солижон Ҳасанов. Хоразм маънавияти дарғалари. – Тошкент: “Адолат”, 2001. Б.65-66.
3. Озод Машарипов, Алишер Машарипов. Хоразмнома.– Тошкент: “Истиқлол нури” нашриёти, 2014. Б. 227-236.
4. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.
5. Жумабой Раҳимов. Мардлик ва жасорат тимсоли.–Тошкент: Yoshlar mediaprint, 2021, Б.6-35.
//
Изоҳ йўқ