“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги қисмида улуғ туркигўй шоир, мутафаккир, давлат арбоби Юсуф Хос Ҳожиб ҳақида сўз юритамиз.
Юсуф Боласоғуний Еттисув ўлкасидаги Кузўрда (Боласоғун) шаҳрида 1021 йилда дунёга келади. Боласоғун ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги Чу дарёси водийсида, аниқроғи ҳозирги Бишкек (қадимда Пишпек – A.Н.) шаҳридан тахминан 150-200 км жануби-шарқ, Иссиқкўлнинг ғарбий соҳилидан 100-150 км шимоли-ғарб томонида жойлашган.
Ўша даврда Еттисув ва Шарқий Туркистон ўлкалари туркий қарлуқ қабиласидан чиққан қорахонийлар сулоласи қўл остида эди. Бу сулола VI-IX асрларда ҳукм сурган Буюк Турк хоқонлигининг давомчилари бўлиб, IX аср ўрталаридан бошлаб давлатни бошқариб келдилар. X аср бошларида Абдулкарим Сотуқ Буғрахон (924-955) ислом динини қабул қилди ва шу билан туркий элатлар ҳам узил-кесил ислом минтақа маданиятига қўшилди. X аср охирига келиб, сомонийлар таназзулга юз тутгач, қорахонийлар Мовароуннаҳрни тўлиқ эгаллади. Қорахонийлар пойтахти дастлаб Кошғар бўлиб, кейинчалик у Боласоғун, кейин Ўзган ва яна Кoшғарга кўчганлиги тарихий маълумотларда қайд этилган.
Юсуф Хос Ҳожиб ҳақида маълумотлар кўп эмас. У “Қутадғу билиг” асарини 50 ёшларда, 1070 йилда ёзиб тугатган. Муаллиф ўзи ҳақида мазкур асар муқаддимасида шундай маълумот беради: “Бу китобни тартиб берувчи Баласоғунда туғилган, сабр-қаноатли кишидир. Аммо бу китобни Кошғарда тугал қилиб, Машриқ малики Тавғачхон даргоҳига келтирибдир. Малик уни ёрлақаб, улуғлаб, ўз саройида Хос Ҳожиблик лавозимини берибди. Шунинг учун Юсуф Улуғ Хос Ҳожиб деб машҳур номи тарқалибди”. Китобда номи тилга олинган хоқон Насриддин Тавғач улуғ Буғро Қорахон Абу Али Ҳасан Хорунхон бинни Арслонхон бўлиб, 1070–1103 йиллар давомида қорахонийлар давлатини бошқарган.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга йўлловчи билим”) асари исломий туркий адабиётни бошлабгина бермай, уни янги тадрижий босқичга кўтарди. У нафақат туркий халқлар адабиёти анъаналари, балки қардош халқлар, жумладан, форсий адабиёт тажрибаларини ҳам ижодий ўзлаштирган ҳолда яратилган.
Асар мазмуни, тили ва услубидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Юсуф Хос Ҳожиб араб ва форс тилларини мукаммал билган, бу тиллардаги диний, илмий, бадиий адабиёт билан чуқур таниш бўлган. Бундан ташқари, шоир қадим турк ёзма адабиёти, туркий халклар оғзаки ижодини ҳам яхши билган, шу муҳитда тарбия топган. Шоир туркий элатларнинг қадимий қўшнилари хитой, мўғул, ҳинд, эроний халқлар маданияти, юнон фалсафаси ва ўша давр маънавий ҳаётининг бошқа жиҳатлари ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлган. Афсуски, бизгача шоирнинг ягона достонидан бошқа асари етиб келмаган. Аммо аниқ айтиш мумкинки, ҳеч қайси ижодкор илк ижодини 6,5 минг байтга яқин йирик достон ёзишдан бошламайди. Масалан, Амир Хисрав Деҳлавий биринчи йирик достонини бошлаганда икки девон тузган ва улар таркибида бир қатор кичик маснавийлари бор эди.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга йўлловчи билим”) асарининг бизнинг қўлимизга етиб келган нусхаси охирги таҳрир бўлиб, у хоқонга тақдим этилган.
Асосий қисм охирида (6261-6286-байтлар) шоир китобнинг ёзилиш йили, нима мақсадда ёзилгани, ўқувчига мурожаат, Аллоҳга муножот, Пайғамбар ва чаҳорёрларга саломлар билан асарни хотималайди ва алоҳида хотима қисмга ҳожат қолдирмайди. Аммо бундан сўнг яна 2 қасида (йигитликка ачиниб, қариликдан шикоят қилиш – 44 байт ва замон бузуқлиги, дўстлар жафосидан ёзғириш – 40 байт) қўшилиб, яна 1 маснавий бобда муаллиф ўзига ўзи насиҳат қилади (37 байт), асарнинг туркча ёзилганлиги, тугалланиш санаси, яна муножот ва саломлар қайтарилади. Шулардан билинадики, хотима қисмига ҳам 2 қасида қўшилиб, қайта таҳрир қилинган пайтда ёзилган. Асосий қисм мазмуни ва мундарижасига кўра “Қутадғу билиг” достони минтақа адабиёти шаклланишининг биринчи босқичида туркий тилда яратилган ислом маънавиятининг бадиий-фалсафий, ижтимоий-ахлоқий қомуси деб баралла айтсак арзийди.
Бу асар мағзига VIII-IX асрларда яшаган Абдулҳамид ал-Котиб, Ибн ал-Муқаффа (720-756), Адиб Аҳмад Югнакий, ал-Жоҳиз (775-868) каби йирик адиблар асос солган адаб илми, Абу Наср ал-Форобийнинг ижтимоий-ахлоқий фалсафаси, “Шоҳнома” ва турк хоқонларининг ёдномалари, минтақа халқларининг бой маънавий мероси сингдирилган. Энг асосийси, бу китоб ислом минтақа маънавиятининг қомуси бўлди.
Фирдавсий “Шоҳнома”си минтақа халқларининг ўтмиш тарихини бадиий образларда акс эттирса, Юсуф Хос Ҳожиб асари давр ҳолатини бадиий тафаккур қонуниятлари асосида мужассам этди. Муаллиф ўз асарини “Шоҳномайи туркий” деб шуҳрат топганини айтади. Бу қиёс шу маънода тўғрики, ўтмишда минтақа эроний ҳукмдорлар - Каёний ва Сосонийлар қўл остида бўлган бўлса, Юсуф даврида Сосонийлар мулки туркий ҳукмдорлар итоатига ўтган эди. Боласоғундан Бағдодгача туркий сулолалар ҳукм сурар эдилар. Шу сабабли энди сулолалар тарихи эмас, давлат бошқариш одоби муҳим эди. Асарнинг яна бошқа шуҳрат топган номлари “Адаб ул-Мулук” (“Ҳукмдорлар одоби”) ва “Ойин ул-мамлакат” (“Мамлакатни идора этиш қоидалари”) худди шу жиҳатларни акс эттирар эди.
Асар қаҳрамонлари – Элиг – Кунтуғди – адолатли, инсофли ҳукмдор, Ойтўлди – донишманд, тадбирли, таржибали аллома, мураккаб характерли шахс, юрт, жамиятга фойдаси тегишини ўйлаб пойтахтга келади ва мусофирпарвар Кўсалиш ёрдамида Элигнинг Хос Ҳожиби Эрсиг билан танишиб, у туфайли Кунтуғди саройига кириб боради. Элиг билан танишади. Элиг ва Ойтўлди орасида кўп суҳбатлар бўлиб ўтади. Улар бир-бирининг ботиний қиёфаси, феъл-атворларини яхши ўрганиб, аста-секин умумий тил топишади, орада баъзи гинахонликлар ҳам бўлиб ўтади. Ойтўлдининг хасталиги ва ўлими, унга Элиг ва Ўгдулмишнинг қайғуриши, ҳамдардлиги жуда табиий, ҳаётий кечинмаларда тасвирланади.
Ўгдулмиш Ақл тимсоли бўлгани билан, у аввал ўзини ёш йигитларга хос тутади. Элиг унга қанча панд-насиҳатлар беради, тарбиялайди. Ўзғурмиш билан бўлган кейинги суҳбатлар таъсирида Ўгдулмишнинг онги ўзгариб, ривожланиб боради. У маълум вақт Ўзғурмиш таъсирида тавба-тазарруга берилиб, моддий дунё ташвишларидан ўзини олиб қочмоқчи бўлади. Аммо Ўзғурмиш ва Кунтўлди уни бу ниятдан қайтаради, эл-юрт ташвиши билан яшашга ундайди. Шоир Ақл ва Билимни эл-юрт, халқ фаровонлиги йўлида хизмат эттиришни асосий бурч деб ҳисоблайди. Ақл аввало Адолатга ҳимоячи ва маслаҳатгўй бўлмоғи талаб этилади. Ўзғурмиш шахси таркидунё этган, зоҳидлик ва тақвони яшаш тарзига айлантирган сўфийларни эслатади.
Юсуф Хос Ҳожиб тасаввуф ғоялари, амалиётидан чуқур хабардор эканлигини ушбу қаҳрамони тавсифида аён этган. Тасаввуф, тақво, зоҳидлик ва фақир шоир наздида аввало қаноатнинг тимсолидир. Қаноат Оқибатни ўйлаш билан бўлади, у инсонга Офият (руҳий осойишталик, қониқиш) келтиради. Адолат қаноатсиз бўлмайди. Ҳукмдор сўфийнинг, зоҳиднинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб туриши керак. Сўфий ҳукмдорни қидириб келмайди, ҳукмдор уни ўзи қидириши, суҳбатига интиқ бўлиши керак. Кунтуғди мактуб билан Ўгдулмишни Ўзғурмишга уч марта жўнатади. Шоир фикрича, агар ҳукмдор эътибор кўрсатса ва майл билдирса, сўфий ҳам суҳбатдан бош тортмаслиги керак. Албатта, зоҳид Ўзғурмиш сарой аъёнига айланмайди, у маълум вақт Элиг билан суҳбатлар қуриб, яна ўз кулбасига қайтиб кетади, ҳаёт тарзини ўзгартирмайди.
Юсуф Хос Ҳожиб тасаввуф ғояларига, ҳақиқий тақво эгаларига юксак эҳтиром билан қарайди.Аммо жамият, халқ бахти учун, Адолат тантанаси учун ўз умрини бағишлаш унинг бош йўналиши бўлиб қолади. Унинг суюкли қаҳрамони Ўгдулмиш - Ақл ва Билим эгаси, умрини Адолат хизматига бағишлаган шахсдир.
“Қутадғу билиг”да ўша давр ҳаётининг барча қирралари, икир-чикири, зиддиятлари ўз ифодасини топган. Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг юксак ўй-хаёлларини ажойиб тимсолларда ифодалар экан, ҳаётдан бир зум узилмайди. Давр зиддиятларидан кўз юммайди, жамиятдаги барча табақа, тоифаларга хос фазилат, қусурлар, ижтимоий аҳволни аниқ идрок қилади. Уни баъзан феодал-сарой қарашларига тобе қилиб кўрсатишади. Аслида бундай тасаввур Юсуф Хос Ҳожибнинг зукколиги, ижтимоий ақли, тадбиркорлигини нотўғри талқин қилиш оқибатидир.
“Қутадғу билиг” китоби авом халқ учун эмас, биринчи навбатда, хоқон ва беклар, яъни юртнинг ҳукмдорларига атаб ёзилган. Туркий сулолалар бугун ислом минтақасида ҳукмфармо бўлаётган бир пайтда, ижтимоий жиҳатдан “Шоҳнома”дан кўра “Қутадғу билиг”, яъни “Ҳукмдорлар адабномаси” кўпроқ зарур ва бу китоб айнан туркий тилда ёзилмоғи керак эди. Юсуф Хос Ҳожиб ушбу ижтимоий заруратни ўз вақтида англаб етди; унга юксак савияда жавоб бера олди. Унинг асарини туркий ҳукмдорлар қай даражада ўқиди ва ўзлаштирди, бу бошқа масала. Абу Али Ҳасан Хорунхон уни яхши қабул қилгани, шоирни муносиб тақдирлагани Кунтуғди ва Ойтўлди тимсоллари ҳаётий ҳақиқатга анча мувофиқ келганини кўрсатади.
Шарқ адабиётининг тенгсиз ёзма обидаси “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) асарининг яратилганига 952 йил тўлди. “Қутадғу билиг” – ота-боболаримизнинг комил инсон ҳақидаги қарашлари, давлат ва жамият бошқаруви, билим ўрганишнинг аҳамияти, ахлоқ ва одоб масалалари, фалсафий қарашлари, ўғил-қиз тарбияси, кишининг ички маънавий олами, унинг фазилатлари тўғрисидаги кузатувларини ўзида жамлаган ноёб асар. У қадимги туркий ёзма адабиётининг бебаҳо ёдгорлигидир. Ўрта асрларда унинг таъсирида туркий адабиётдагина эмас, бутун мусулмон шарқ адабиётида кўплаб асарлар яратилган. “Қутадғу билиг” дунё олимларининг доимий эътиборида бўлиб, ўзбек, турк, рус, қозоқ, қирғиз, озарбайжон, туркман, уйғур, инглиз, немис тилларида илмий таржималари ва тадқиқотлари нашр этилган. 2019 йилни ЮНЕСКО томонидан “Халқаро “Қутадғу билиг” йили” деб эълон қилинди.
2020 йил 27-28 ноябрда Тошкент давлат шарқшунослик университетида ушбу буюк ёзма ёдгорликнинг 950 йиллиги муносабати билан “Жаҳон туркологиясининг буюк обидаси “Қутадғу билиг” ва уни ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Байтлар
Хулқ гўзал бўлса, барча халқ севади,
Хулқи тўғри бўлган киши тўрга чиқади.
* * *
Болага отанинг меҳнати сингган бўлса,
Сўнг у боланинг хулқ-атворида билинади.
* * *
Ҳар ким одоб сурмасидан тортса ҳаё кўзига,
Мақсад келинин кўрар қаршисида беҳижоб.
***
Ота болани кичиклигидан бебош қилиб қўйса,
Болада гуноҳ йўқ, барча жафо отада
***
Ўғил-қизга билим, ҳунар ўргатиш керак,
Токи бу ҳунарлар билан феъл-атвори гўзал бўлсин.
* * *
Яхши қилиқ оқ сут билан кирса,
Ўлим келиб тутмагунча ўзгармайди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003, 8-жилд.
2. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.
3. Маллаев Н., Ўзбек адабиёти тарихи .– Тошкент: 1976
4. Ҳомидий Ҳ., Кўҳна Шарқ дарғалари. – Тошкент: 1999
5. www.ziyo.uz.
//
Изоҳ йўқ