Носир Хисрав


14:02 / 03.02.2022 937 0

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ алломаларидан бири – адолат, халқпарварлик, маърифатпарварлик ғоясини дадил куйлаган, илм-фан ва маърифат соҳасида  қатор асарлар яратган машҳур шоир  Носир Хисрав.

 

Носир Хисравнинг тўлиқ исми Абу Муъиниддин Носир Хисрав ал-Қубодиёний бўлиб, шеърларида “Ҳужжат” тахаллусини қўллаган. Унинг авлод-аждодлари ўз даврининг обрўли, давлатманд кишиларидан ҳисобланган.

 

Носир Хисрав 1003 йилда  Буюк Хуросон  ерларига тегишли Қабодиён (ҳозирги Тожикистон худудида) минтақасида таваллуд топган. Амударё билан карвон йўли кесишган жойдаги бу шаҳар Ўрта асрларда фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билангина машҳур бўлмай, балки савдо-сотиқ ҳамда ҳунармандчилик ҳам тараққий топган жой эди.

 

Носир Хисрав бошланғич маълумотни туғилган жойида олди, кейинчалик Марв, Балх мадрасаларида таҳсилни давом эттирди, диний, дунёвий билимларни эгаллади.

 

Носир Хисрав маълум муддат ғазнавий ҳукмдорлардан Султон Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд салтанати саройида мирзалик қилган, солиқ маҳкамасини бошқарди. Бироқ сарой муҳитининг аянчли манзаралари истеъдодли шоирга манзур тушмади. Амалдору мулозимлар, руҳонийлар манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хисравнинг кўзини очди. Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди. Жумладан, давлат хизматида ўтган йиллар унинг ҳаётий тажрибасини анча оширади. У бир тарафдан юқори табақалар ҳаёти, уларнинг мамлакат ва халқни бошқариш сиёсатидан воқиф бўлса, иккинчи томондан, оддий меҳнаткаш халқ турмуши, ҳунарманд, деҳқон ва бошқа касб эгаларининг жамиятдаги ўрнига оид бевосита кузатиш ва тажрибалари унинг асарларида акс этган. Носир Хисрав 1045 йилда давлат хизматидан бўшаб, сафарга отланади.

 

Носир Хисрав 7 йил мабойнида (1045–1052 йиллар) Миср, Шом, Ироқ, Қоҳира, Искандария, Дамашқ, Басра, Ҳижоз, Ҳалаб, Макка, Мадина, Озарбайжон, Арманистон, Фаластин, Эрон, Туркистон ва Ҳиндистон шаҳарлари бўйлаб қилган сафарлари муҳим аҳамият касб этди. Унинг “Сафарнома” асари шу саёҳат натижасида яратилган. Улкан адиб қайси шаҳарда бўлмасин, унинг диққатини ўша юртнинг улуғ шахслари, олиму шоирлари ўзига жалб этган ва ўша донишмандлар билан мулоқотда бўлган.

 

У Қоҳирада ўтказган уч йил ҳаёти давомида салжуқийларга қарши янги ташкил қилинган, Қоҳиранинг марказида жойлашган халифалик – фотимидлар тарафдорига айланади.

 

Носир Хисрав 1052 йилда Балхга қайтди ва бу ерда исмоилийлик ғояларини қизғин тарғиб-ташвиқ қила бошлайди. Бу ҳаракати учун Носир Хисрав шиалик ва кофирликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинади. Шундан сўнг у қолган 25 йиллик умрини Бадахшонда – Ҳазрати Саййид қишлоғидаги Юмғон дарасида ўтказади. Унинг салкам чорак асрлик умри шу ерда ўтди ва ўша ерда 1088 йилда вафот этди. Носир Хисравнинг қабри ҳам шу жойдадир. Кейинчалик бу табаррук маскан шоир ижоди ихлосмандларининг зиёратгоҳига айланди.

 

Носир Хисравнинг оилавий ҳаётига доир манбаларда маълумотлар учрамайди. Унинг сарсон-саргардонликда ўтган умри, тазйиқу таъқиб этишлар, қувғиндаги йиллар алломанинг уйланиши, бола-чақа кўришига имкон бермаган кўринади.

 

Носир Хисрав адабий, илмий, фалсафий, ҳикматий асар ва рисолаларини ўша давр анъанасига кўра, дарий ва араб тилларида яратди. Бизгача мутафаккирнинг иккита шеърлар девони (бири форсий, иккинчиси араб тилида), “Рушноинома”, “Саодатнома” маснавийлари, “Зодул-мусофирин”, “Хон-ул-ихвон”, “Дин важҳи”, “Бўстон ул-уқул”, “Жомеъ ул-ҳикматайн” каби маънавий-диний асарлари, тўқсон икки фалсафий, мантиқий саволларга жавоб усулида ёзилган насрий рисола ва машҳур “Сафарнома”си етиб келган.

 

Носир Хисравнинг форс тилидаги шеърлар девони диний-мазҳабий, фалсафий, ижтимоий-ахлоқий ва ишқу ошиқлик баҳсига бағишланган қасида, ғазал, рубоий, фарз, қитъа сингари жанр намуналаридан иборатдир. Девондаги шеърлар 11 минг байтни ташкил этади.

 

Алломанинг “Рушноинома”си ихчам маснавий бўлиб, 592 байтдан иборат. Асарда донишманднинг диний, фалсафий, маърифий, ижтимоий-ахлоқий қарашлари рангин мисраларда юксак шоирона назокат ила куйланади. Унинг “Саодатнома”си  уч юз байтдан иборат бўлиб, унда “Рушноинома”даги айрим масалалар такрорланган. Шунингдек, бир қатор фалсафий-ахлоқий муаммолар ўз ривожини топган.

 

Носир Хисрав ўзининг маънавий ҳаёти, диний-фалсафий дунёқараши жиҳатидан ботиния ва исмоилия мазҳабининг издоши ва ҳаким-устозларидандир. Исмоилия фирқалари ягона-ботиния атамаси билан юритилади. Мазкур диний-фалсафий мазҳаб Қуръоннинг (ички) маъносига тарафдор. Ботинийлар қарашига кўра, Қуръонни ҳазрати Али ибн Абутолиб ва унинг дўсту суҳбатдошлари ҳақиқий маъносини биладилар. Мазкур мазҳаб аҳли таълимотига кўра, Худо оламнинг мабдаъи, асл вужудидир ва инсон ақлила Худони билиб олишга қодир эмас. Инсон ноқис жону ақлга эга, комиллашиш учун у покланиши лозим. Мутлақ вужудга етишиш учун йўлловчи шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларини босиб ўтиб, ҳақиқий абадий олам Худои таоло васлига ета олади.

 

Носир Хисрав мазкур ботиния исмоилия мазҳабининг асосчиларидан ҳисобланади. У Рушноинома асарининг Тавҳид бобида ўз ақидасини баён этиб ёзадики, Худои таоло яккаю ягонадир, унга шерик йўқ, унинг аввали ва охири йўқ. Инсон Худони фикру андиша ила жисмоний кўз ҳиссиётлари орқали била олмайди. Фақат руҳий кўз, қалб кўзи билангина мушоҳада этиши кўриши мумкин.

 

У одамларни фазилатли, хуш феъл-атворли қилиб шакллантиришда тарбия ҳиссасининг беқиёс эканига урғу беради. Шундан бўлса керак, аллома асарларида ахлоқий панду насиҳатлар, ҳикоят ва қиссаларга кенг ўрин берилади. Инсонни иккига ажратган файласуф шоир унинг ахлоқига ҳам худди шундай муносабатда бўлади. Аслида, одамнинг ёмони бўлмайди. Ёмон тарбия кўрган, феълу атвори яхши ёхуд нолойиқ инсонлар бўлиши мумкин. Шундай экан, асосий диққат ахлоқий тарбия муаммоларига қаратилмоғи лозим.

 

Носир Хисрав маънавий бисотида ижтимоий ҳаёт, давлат тузилиши, амалдору ҳокимлар фаолияти, уларнинг фуқароларга муносабати ҳақида ҳам қимматли фикру мулоҳазалар кўзга ташланади. Ўтмишда фаолият кўрсатган талай файласуф ва мутафаккирлар сингари у ҳам маърифатли, адолатпарвар шоҳу ҳокимлар тарафдори эди. Табиатан адолат ва инсоф тарафдори бўлган донишманд шоир “Саодатнома” маснавийсида меҳнат аҳлини, хусусан деҳқонларни самимий муҳаббат билан шарафлайди. Улар мадҳида оташин мисралар яратади:

 

      Жаҳоннинг шодлигин боиси деҳқон,
      Унинг бирла экинзор, боғу бўстон.
      Бу ишдин яхши, оламда не бордур,
      Одам наслига бу иш ёдгордур…
      Жафокаш, паҳлавон меҳнат чекодур,
      Тўкиб тер, барчанинг ризқин экодур.

 

Носир Хисравнинг илм-фанни, инсонни, меҳнатни, касб-ҳунарни улуғловчи, адолатсизликнинг ҳар қандай кўринишини қораловчи мероси сўнгги авлодлар маънавий юксалиши учун муҳим озуқа бўлди, у халқнинг севимли шоир ва мутафаккирига айланди.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

                                         

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003, 6-жилд.

2. Шоислом Шомуҳамедов. Форс-тожик адабиёти классиклари. – Тошкент: 1963.

3.  Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

5 . www.ziyo.uz.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//