Маҳмуд Кошғарий


15:01 / 28.01.2022 1112 0

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ зотларидан бири, буюк Шарқ мутафаккири, ўз ижоди билан ижтимоий фалсафа, тилшунослик, мантиқ, адабиётшунослик, шеърият, ижтимоий лингвистика, табиатшунослик ривожига улкан ҳисса қўшган Маҳмуд Кошғарий ҳақида сўз юритамиз.

 

Маҳмуд Кошғарийнинг тўлиқ исми Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ибн Муҳаммадил Кошғарийдир. Нима учун буюк аллома ўзига “Кошғарий” тахаллусини танлади? Маҳмуд Кошғарийнинг бобоси қорахонийлар сулоласининг типик вакили Қорахоний ҳукмдор Юсуф Қодирхон (1026-1032) Кашғарда туғилган бўлиб, унинг, яъни ёш Маҳмуднинг отаси Ҳусайн ва онаси Биби Робия ҳам ўз даврининг билимдон, олижаноб, етук тарбия кўрган, хушфеъл инсонлардан саналар эди. Маҳмуд Кошғарийнинг бобоси асли қашғарлик бўлса-да, умрининг кўп қисмини Боласоғун (ҳозирги Қирғизистон ҳудудидан оқиб ўтувчи  Чу дарёси водийсида, аниқроғи замонавий Бишкек (қадимда Пишпек – A.Н.) шаҳридан тахминан 150–200 км жануби-шарқ, Иссиқкўлнинг ғарбий соҳилидан 100–150 км шимоли-ғарб томонида жойлашган)га кўчиб келиб, шу ерда яшаб 1025–1032 йиллар давомида улкан қорахонийлар давлатига хоқонлик қилди. Қорахонийлар пойтахти дастлаб Кошғар бўлиб, кейинчалик у Боласоғун, кейин Ўзган ва яна Кошғарга кўчгани тарихий  маълумотларда қайд этилган.

 

Қорахонийлар даврида барпо этилган марказлашган давлатчилик, ўлкада санъат ва адабиёт ривожига катта имконият яратиб берди.  

 

Тарихий ва тарихий-адабий манбаларда Маҳмуд Кошғарий ҳаёти ҳақида ниҳоятда кам маълумот сақланиб қолган. Маълумки, у 1008 йилнинг бошида Кошғар шаҳри яқинидаги Ўпал қишлоғида туғилган. 1105 йилда 97 ёшида оламдан ўтгач, Ўпалдаги аждодлари мақбарасига дафн қилинган.

 

Маҳмуд Кошғарий ўз билимини ошириш мақсадида ўқишини Бухоро ва Нишопурда давом эттирди. Таҳсил даврида фалсафа, мантиқ, адабиёт, ҳуқуқшунослик, тарих, илоҳиёт, математика, астрономия, тиббиёт фанларини пухта ўзлаштирди. Туркий тилдан ташқари араб ва форс тилларини мукаммал эгаллади, уларнинг грамматикасидан хабардор бўлди ва ҳақиқий қомусий билим соҳибига айланди.

 

Маҳмуд Кошғарийнинг дастлабки асари “Жавоҳируннаҳви фи луғотит турк” (“Туркий тилларнинг наҳв қоидалари”) деб аталган. Aммо ушбу асар бизга етиб келмаган.

 

Олимнинг навбатдаги китоби “Девону луғoтит-турк” шу даражада кенг қамровли, мазмунида жуда кўплаб маълумотларни тўплаб олган қимматли, айтиш мумкин, қиймати йўқ асарки, бундай китобни ёзиш учун ўша давр эмас, ҳозирги илм-фан ривожланган бир пайт чамаси билан ҳам ўнлаб йиллар кифоя қилмаслиги аниқ.

 

Маҳмуд Кошғарий “Девону луғoтит-турк” асарини яратиш учун туркий қабилалар яшайдиган кўплаб шаҳарлар ва қишлокларни кезиб чиққан. 14 йиллик (тахминан 1057 йилдан 1071 йилгача) сафари давомида кенг кўламли тарихий материалларни тўплади. Буюк олим ўз китобида 6800 дан зиёд туркий сўзни гуруҳлаштирди, (110 ҳудуд, кўл ва дарё, 40 элат ва қабила номлари), туркий тилда изоҳлар келтирди. Китобдан 242 та шеър, 262 та мақол ва матал ўрин олган. Ҳайратланарлиси шундаки, у қўллаган 875 та сўз, 60 та мақол ва матал бирон-бир ўзгаришсиз замонавий туркий тилимизга кириб келган.

 

Маҳмуд Кошғарий  вазият тақозоси билан ислом дунёси олимлари йиғилган ва илм-фан марказига айланган Бағдод шаҳрига боради. Натижада, бу ерга йиғилган олимлар мулоқотида бўлиб, илм-фан ютуқлари билан яқиндан танишган. Шу билан биргаликда, Бағдодда мавжуд бўлган илмий муҳитдан унумли фойдаланган. 1072-1074 йилларда у Бағдод шаҳрида машҳур “Девону луғoтит-турк” асарини ёзиб битирди.

 

Ушбу асар илк филологик тадқиқот ва туркий сўзлар этимологияси келтирилган биринчи қиёсий луғатдир. Айни пайтда бу асарни фақат луғат деб ҳисоблаш нотўғри, унда Марказий Осиё халқларининг халқ оғзаки ижоди намуналарига хос кўплаб ноёб маълумотларни кузатамиз.

 

Маҳмуд Кошғарий асарнинг кириш сўзида шундай ёзади: “Мен Фалак туркийлар заминида давлат яратганини кўрдим. Фалак бу халқларни туркий дея атади ва уларни давлат бошқарувига қўйди. Ҳукмдорлар туркийлар бўлиб, ҳокимият уларнинг қўлида эди, улар одамларни бошқарди. Одамлар ўз ҳукмдорларининг адолатли ишларини қўллаб-қувватларди, улар билан ёнма-ён курашар эди ва туркийлар ёмон ишлардан сақланишга қодир эди. Туркийлар қўллаб-қувватлашлари учун уларнинг тилида сўзламоқ керак”.

 

“Девону луғoтит-турк”даги географияга оид маълумотлар ғоят муҳим аҳамият касб этади. Сабабики, асарида туркий халқлар жойлашган ҳудудлар таърифини келтирган ва у муаллиф дунёдаги энг қадимий туркий харита муаллифи ҳисобланади. Ушбу харита XI асрдаги Осиёнинг энг қадимий ва аҳамиятли харитаси бўлиб, унда геометрик аниқ шаклларда тоғлар, кўллар ва дарёлар кўрсатилган, энг муҳим шаҳарлар ва қабилалар қайд этилган.

 

Қорахонийлар даврида туркий тилдаги адабиёт жадал тараққий этди. Маҳмуд Кошғарий туркий тиллар шеваларини тадқиқ қилувчи асари орқали мумтоз туркий адабиёт ва шеърият, халқ оғзаки ижоди равнақи учун замин ҳозирлади, туркий халқлар адабий тилини ишлаб чиқди, унга сайқал берди. Натижада, туркий шеъриятнинг асосий жанрлари шаклланди.

 

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғoтит-турк” асарида ўша даврнинг илғор кишиларини ўйлантирган ҳамда туркий халқларнинг туб манфаатларини акс эттирган фикрлар ва ғоялар жамланган, шахс ва жамиятнинг янада ижтимоийлашуви йўллари белгилаб берилган. Кўп босқичли фалсафий-ахлоқий муаммолар, бинобарин, бойлик ва билимнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги фикрлар чуқур ифодаланган. Бошқача айтганда, илк ўрта асрлар олими ва ижтимоий файласуфининг қарашлари олам, халқ тақдири, инсон, маданият, ижтимоий адолат тўғрисидаги мушоҳадаларга йўғрилган эди.

 

Билим ва бойлик гўёки атиргул ва наргис каби,

Гулламайди гар турсалар ёнма ён.

Кимдаки бойлик бисёр, унинг билими йўқдир,

Кимдаки билим бўлса  бойлиги йўқ ҳисоби.

 

Қадимий туркий шеъриятда тилга олинган ушбу муаммо билим ва бойликнинг бир-бирига зидлиги тўғрисидаги тушунча ўша давр учун долзарб аҳамиятга эга бўлган. Бу масала шарҳи Ўрта асрлардаги кўплаб шоирлар, олимлар, мутафаккирлар меросида учрайди. Айни пайтда у туркий тил ва адабиётининг асосчиси – Маҳмуд Кошғарий асарларида алоҳида ўрин эгаллайди.

 

Маҳмуд Кошғарий шуни исботладики, туркий тилнинг аҳамияти араб тилиникидан кам эмас. Тил ва адабиётнинг қадимий обидаси – “Девону луғoтит-турк” яратилганидан буён ўн асрдан ошиқ вақт ўтди. У ҳамон туркий халклар тарихини ўрганишда бетакрор манба ҳисобланади.

 

Аллома асаридаги эпик достон-қўшиқлар кўпроқ жангнома характерида бўлиб, баъзи йирик парчаларга шартли равишда “Тангутлар билан жангнома”, “Ўйғурлар билан жангнома”, “Ябаку билан жангнома” деб ном қўйилган. Улар ўз мазмунига кўра арабларнинг жоҳилия давридаги қабилалараро жанглари тасвирланган эпик ривоятларга ўхшаб кетади, фақат арабларда бу жанр насрий, туркий халқларда эса шеърий шакл устундир. Уларда туркий элатларнинг шижоати, қийинчиликларга бардоши, жасурлиги, ҳарбий ҳийлалар, сиёсий кураш, элпарварлик, мардлик, ҳикмат, меҳр ва қаҳр туйғулари жонли, қайноқ мисраларда тавсиф этилган.

 

Маҳмуд Кошғарий қонун ва тартибга риоя қилишга даъват этиш билан бирга ҳаётни бебаҳо неъмат сифатида қадрлашни уқтирди, қайта-қайта илмни улуғлади. Бир сўз билан айтганда “Девону луғoтит-турк” бутун маънавий бадиий хусусиятлари билан бетакрор обидага, туркий халқлар тарихи тўғрисидаги достонга айланди.

 

Асарнинг  бош ғояси битта фалсафий фикрга йўналтирилган. Олим юртни улуғлаш, туркий халқларни бирлаштириш, ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш муҳимлигини таъкидлайди.

 

Маҳмуд Кошғарийнинг 700 саҳифадан иборат “Девону луғoтит-турк” асари жаҳон маданияти ва илм-фани ривожига қўшилган улкан ҳисса хисобланади. Қўлёзманинг ягона ва энг қадимги нусхаси 1226 йилга оид бўлиб, 1915 йил олим ва кутубхоначи Али Эмир томонидан Истамбул бозорида кўчирма нусха кўринишида топилган, ҳозирги вақтда Истамбул Миллий кутубхонасида сақланади. Қўлёзмани Муҳаммад ибн Абу-Бакр ибн Абу-л-Фатҳ ас-Савий кўчирган.

 

Буюк алломанинг “Девону луғoтит-турк” асарини биринчи ношири турк олими Рифат Бильге бўлиб, у китобни биринчи бўлиб турк тилига таржима қилган.

 

Асар ўзбек тилига профессор Солиҳ Муталлибов томонидан таржима қилинган ва 1960-1963 йиллар Тошкентда нашр этилган.

 

Буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғoтит-турк” асари қорахонийлар даврининг ноёб дурдонаси ҳисобланади. У ўлмас обида сирасига киради ва ўзида давр тили, адабиёти, тиббиёти, тарихи, географияси, этнографияси, ҳунармандчилиги ва астрономияси хақидаги билимларни қамраб олган.

 

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғoтит-турк” асари қомусий асардир. У туркий исломий маданиятни янада бойитиб, юксак поғонага кўтарди.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

                                               

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003, 5-жилд.

2. Абдураҳмонов Ф, Муталлибов С. Девону луғoтит-турк. – Тошкент:  “Фан” нашриёти, 1967 йил, 512-бет

3. Абдулахат Қаҳҳоров. Маърифат осмонидаги юлдуз. – Тошкент: “Шарқ юлдузи” журнали, 2010,  1-сон.

4. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

5. www.ziyo.uz.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//