Маҳмуд аз-Замахшарий


14:01 / 25.01.2022 1173 0

 

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги сонида Ўрта асрларнинг улуғ сиймоларидан яна бири Маҳмуд аз-Замахшарий ҳақида сўз юритамиз. У зотнинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарийдир.

 

Маҳмуд аз-Замахшарий ҳижрий 467 йил ражаб ойининг 27 куни (1075 йил 19 март)да Хоразмнинг Замахшар қишлоғида таваллуд топган. Отаси замонасининг илмли, тақводор, диёнатли кишиси бўлган ва аксар вақтини Қуръон тиловатию намозу-ибодатда ўтказиб, Замахшардаги масжидда имомлик ҳам қилган.

 

Маҳмуд аз-Замахшарийнинг ёшлигида бир оёғи синиб, ногирон бўлиб қолади ва ёғоч оёқда юради. Отаси энди оғир меҳнатга ярамайди, деб уни тикувчига шогирдликка бермоқчи бўлади. Бироқ ёшлигидан илмга ҳавасманд Маҳмуд отасидан мадрасага ўқишга юборишини сўрайди. Ўғлидаги илмга бўлган зўр ихлос ва ҳавасни сезган отаси уни Гурганждаги мадрасага беради.

 

У мадрасада ўқитиладиган барча илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний йўналишдаги илмларни қунт билан эгаллашга киришади. Ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, ўз тирикчилигини бир қадар ўнглаб олади.  Кейинчалик Маҳмуд аз-Замахшарий билимини янада ошириш мақсадида Бухорога йўл олади. Машҳур олим Абу Мансур ас-Саолибийнинг (961–1138) ибораси билан айтганда “Бухоро cомонийлар давридан бошлаб шон-шуҳрат макони, салтанат каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган, ер юзи адибларининг юлдузлари порлаган ва ўз даврининг фозил кишилари йиғилган (жой) эди”. У Бухорода таҳсилни тугаллагач, бир неча йиллар Хоразмшоҳлар хизматида муншийлик билан шуғулланади, ҳукмдорлар билан яқинлашишга уринади. Бироқ қобилияти, илми, фазилатига яраша муносиб эътибор кўрмагач, ўзга юртларга сафар қилади.

 

Алломанинг ўз даври илмларини тўлиқ эгаллашга, олимлик даражасига етишишида, шубҳасиз, устозларининг хизмати бениҳоя катта бўлган. Мана шундай устозлардан бири — тил, луғат ва адабиёт соҳасида машҳур олим Абу Мудар Маҳмуд ибн Жарийр ал-Даббий ал-Исфаҳонийдир (1113 йили Марвда вафот этган). Ал-Исфаҳоний Хоразмда ҳам бир қанча муддат яшаган. Бу ўлкада муьтазилийлар таълимотининг жорий бўлиши ҳам шу Ал-Исфаҳоний номи билан боғлиқдир.  Маҳмуд аз-Замахшарий Бағдодда шайх ул-ислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Саад аш-Шаққоний, Абул Хаттаб ибн Абул Батар каби машҳур олимлардан ҳадис илмидан сабоқ олди. Маккада эса наҳв ва фиқҳ бўйича илмни Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Йабирий ал-Андалусий, аш-шайх ас-Садийд ал-Хайятий, луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб ибн ал-Хадар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганди.

 

Буюк аллома ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Ҳижозда яшади, икки марта Маккада бўлди. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирди, араб тили сарф ва наҳви(грамматикаси) ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганди, минтақа жуғрофиясига оид қимматли маълумотларни тўплади. 

 

Бирон-бир алломага насиб этмаган юксак мақомга — Жоруллоҳ (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган лақабга фақат буюк ватандошимиз Маҳмуд аз-Замахшарий мушарраф бўла олган. Аллома талай асарларини Маккадалигида яратади. Ўша даврда Маҳмуд аз-Замахшарий кўп вақтини Байтуллоҳ (ал-Ҳарам) да ўтказиб, ҳамиша унинг атрофини адаб илмининг толиблари, шеърият ихлосмандлари ўраб олиб, ундан сабоқ олганликларини араб олими аш-Шайх Муҳаммад Абу Заҳро алоҳида таъкидлаб ўтган. Унинг устозларию шогирдлари турли элат ва миллатларга мансуб инсонлар бўлган. Чунончи, унга бевосита шогирд бўлиб олимдан тўғридан-тўғри сабоқ олган шогирдлари Замахшардан, Хоразмдан, Табаристондан, Абиварддан, Самарқанддан, Бағдоддан ёки Дамашқдан бўлиб қолмай, балки етук асарлари орқали ундан сабоқ олиб, ўзини ғойибона Маҳмуд аз-Замахшарийнинг шогирдиман, деганлар ҳам мусулмон дунёсининг турли бурчакларида кўплаб топиларди.

 

Маҳмуд аз-Замахшарий охирги марта Маккадан қайтиб, Хоразмда бир неча йил умргузаронлик қилиб, хасталик туфайли 1144 йил 14 апрелда вафот этади.

 

Аллома ижодида араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли жиҳатларига оид асарлар салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал” (1121 йил) номли асарини у Маккада яшаган пайтида, бир ярим йил давомида ёзган. “Ал-Муфассал” араб тили наҳву сарфини ўрганишда муҳим қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади. Кўпчилик олимлар илмий қиммати жиҳатидан бу асарни атоқли араб тилшуноси Сибавайҳнинг (796 йили вафот этган) араб грамматикасига оид китобидан кейин иккинчи ўринда туради, деб таъкидлаганлар. Ўша даврнинг ўзидаёқ араблар орасида ҳам бу асар катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган. Ушбу асарнинг битта қўлёзма нусхаси Тошкентда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланади.

 

Маҳмуд аз-Замахшарийнинг хоразмшоҳ Алоуддавла Абулмузаффар Отсизга бағишлаб ёзилган “Муқаддимат ул-адаб” асари алоҳида аҳамиятга эгадир. Таъкидлаш керакки, хоразмшоҳлар даврида илм-фан, маданият анча тараққий этган эди. Ҳукмдорлар, айниқса, хоразмшоҳ Отсиз олимлар, шоиру адибларга ҳурмат билан қарар, ўзи ҳам маърифатпарвар, адабиётга ихлосманд одам эди. Унинг даврида илм-фан тараққиёти йўлида бир қанча хайрли ишлар амалга оширилган. Шу сабабдан бўлса керак, Маҳмуд аз-Замахшарий “Муқаддимат ул-адаб” ни унга бағишлаб ёзган. Асар беш катта қисмдан иборат бўлиб отлар, феъллар, боғловчилар, от ўзгаришлари ва феъл ўзгаришлари ҳақида баҳс юритади.

 

Аллома мазкур асарида араб тилининг ўша даврда истеъмолда бўлган барча сўзлари, ибораларини қамрашга интилган, уларнинг этимологиясига эътибор қаратган. Шу боисдан ҳам Маҳмуд аз-Замахшарийнинг бу йирик асарини мазкур йўналишдаги дастлабки асарлардан дейишга ҳақлимиз. “Муқаддимат ул-адаб” арабчадан форс, чиғатой, мўғул ва турк тилларига таржима қилинган. Асарнинг чиғатой тилидаги таржимаси муаллифнинг ўзи томонидан амалга оширилган. Буни хоразмшоҳ Отсизнинг бемалол тушуниши учун асарнинг арабча матни билан биргаликда чиғатой тилидаги таржимаси ҳам яратилган, деб англамоқ жоиздир. Асар бир неча асрлар давомида олимлар, тадқиқотчилар диққат-эътиборини ўзига тортиб келаётир. У биринчи марта 1706 йили Хўжа Исҳоқ Афанди томонидан усмонли турк тилига таржима этилган. Сўнгра Европанинг бир қанча тилларига (француз, немис) ўгирилган. Париж, Лейпциг, Вена, Қозон шаҳарларида, Норвегия, Миср ва Ҳиндистонда бир неча марта чоп этилган. Асарнинг чиғатой тилидаги таржимаси ўзбек тили тарихини ўрганувчилар учун муҳим аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда Садриддин Айний 1921 йили “Меҳнаткашлар товуши” газетасида чоп этилган мақоласида “Аз-Замахшарийнинг “Муқаддимат ул-адаб” асари ўзбек тили учун бутун дунёнинг хазинаси билан баробардир”, деб ёзган эди.

 

Маҳмуд аз-Замахшарий Макка амири, олим ва адиб Абул Ҳасан Али ибн Ҳамза ибн Ваҳҳос ас-Сулаймон билан яқин дўст эди. Ибн Ваҳҳос ўз мамлакати жуғрофияси билимдони эди. Аллома ибн Ваҳҳос маълумотларига таяниб, Ҳижоз сафаридан олган кузатишлари асосида ёзган “Китоб ал-жибол ва-л-амкина ва-л-мийоҳ” (“Тоғлар, жойлар ва сувлар ҳақида китоб”) номли асарида жуғрофий номлар, тоғлар ва денгизларга доир қимматбаҳо маълумотлар келтирилади.

 

Машҳур араб олими ва сайёҳи Ёқут ал-Ҳамавий (1179–1229) ҳам ўзининг жаҳонга машҳур “Муъжам ал-булдон” (“Мамлакатлар қомуси”) китобини Маҳмуд аз-Замахшарийнинг ушбу асарига таяниб ёзган. Ёқут ал-Ҳамавийнинг бу асари 1856 йили голландиялик арабшунос олим Сальверда де Граве томонидан мукаммал тадқиқ қилинган ҳолда лотинчада нашр этилган.

 

 Улуғ бобокалонимиз адабиёт, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларига оид кўплаб асарлар яратган бўлиб, унинг “Асос ал-балоғат” (“Нотиқлик асослари”) асари асосан луғатшуносликка бағишланган. Олим ушбу китобида араб тилининг фасоҳати, мукаммаллиги ҳақида сўз юритар экан, фикрни чиройли ибора ва сўзлар билан ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш учун киши фасоҳат, балоғат илмларидан яхши хабардор бўлиши керак, дейди. Бунинг учун сўзни тўғри, ўз ўрнида ишлатиш, қоидага мувофиқ сўзлаш ва ёзиш керак бўлган.

 

Олим “Атвоқ уз-заҳаб фи-л-мавоиъз ва-л-хутаб” (“Хутбалар ва ваъзлар баёнида олтин шодалар”) асарида маърифий ва ахлоқий-дидактик масалаларга тўхталади. Асарда “Инсоннинг асл отаси — бу унинг адабидир. Балки адаб бебош фарзанд учун отадан ҳам яхши тарбиячидир. Парҳезкорлик эса инсоннинг асл онасидир. Балки онадан ҳам дилкашроқдир. Ўзингни шу икки меҳрибон мураббий бағрига топшир ва улардан зинҳор айрилма”. Демак, инсонийлик, мардлик, камтарлик, хушхулқлик, ота-оналар ва катталарнинг ибратли насиҳатлари ҳамда танбеҳлари бола шахсияти камолотида муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Олимнинг “Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахйар” (“Эзгулар баҳори ва яхшилар баёни”) асарида адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ҳикоялар, латифалар, сара суҳбатлар жамланган, 97 бобдан иборат бу асарнинг битта қўлёзма нусхаси Тошкентда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида сақланади. Бундан ташқари, Лейден, Берлин кутубхоналарида ҳам унинг қўлёзмалари мавжуд.

 

 “Ал-Кустос фи-л-аруз” (“Арузда ўлчов (мезон)”) асарида олим аруз вазни ҳақида баҳс юритади. Алифбо тартибида жамланган араб мақоллари, масалларига бағишланган бошқа бир асари “Ал-Мустақсо фи-л-амсол” (“Ниҳоясига етган масаллар”) деб номланади. “Мақомат” (“Мақомлар”) — элликта мақомдан иборат бўлиб, қофияли наср-сажъ услубининг инжа намуналарини ўзида мужассам этган. “Девон уш-шеър” китоби ҳам диққатга сазовор асарлардан саналади.

 

Юксак дид ва фасоҳат билан ёзилган “Навобиғ ул-калим” (“Нозик иборалар”) асари эса араб луғатларини ўрганишга бағишланган. Асар дастлаб француз тилига таржима қилиниб, асл нусхаси билан биргалиқда 1876 йили Парижда, 1870 йили Қоҳирада, 1884 йили Байрутда, 1896 йили эса Қозонда нашр этилган.

 

Маҳмуд аз-Замахшарийнинг ғоятда машҳур “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ит-танзийл ва уйун илгақовийл фи вужуҳ ит-таъвийл” (“Куръон ҳақиқатлари ва уни шарҳлаш орқали сўзлар кўзларини очиш”) асари Қуръони карим тафсирига бағишланган. Маълумки, ўрта асрлардан эътиборан Қуръонни тафсир ёки шарҳ билан ўқиш одат тусини олган, унга бағишланган тафсирлар, шарҳлар ёзишга катта эҳтиёж сезилган. Ҳаёт тақозоси билан Қуръонга бағишланган кўпдан-кўп тафсирлар, шарҳлар вужудга келган. Маҳмуд аз-Замахшарий ҳам тафсир ёзишдан аввал ўзидан олдин Муқаддас китоб тафсирига бағишлаб яратилган кўплаб асарларни қунт билан ўрганган. “Ал-Кашшоф” ни Маҳмуд аз-Замахшарий Маккада турган пайтида, уч йил давомида (1332–1334) ёзган.

 

Қоҳирадаги дунёга машҳур Ал-Азҳар диний дорулфунунининг талабалари ҳали ҳам Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” асари асосида Қуръони каримни ўрганадилар. Асарнинг бир қанча қўлёзма нусхалари Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади.

 

Маҳмуд аз-Замахшарийнинг чуқур билими, закоси ва фаннинг турли соҳаларига оид ўлмас асарлари ҳали ҳаёт пайтидаёқ унга катта шон-шуҳрат келтирган. Алломани чуқур эҳтиром билан “Устоз ул-араб ва-л-ажам” (“Араблар ва ажамлар устози”), “Фахру Хваразм” (“Хоразм фахри”) каби шарафли номлар билан улуғлаганлар. Замонасининг уламою фузалолари даврасида у доимо пешволардан бири бўлиб, қизғин илмий баҳс- мунозараларда фикри инобатга олинарди. Мана шундай улкан обрў-эътибор, эҳтимол, даҳо ўз асарларидан бирида “ва инний фи Хваразм каабат ул-адаб” (“Чиндан ҳам мен Хоразмда адиблар учун бир каъбаман” деб ёзишига асос бўлган бўлса керак!)

 

 Хулоса қилиб айтсак, буюк ватандошимиз Маҳмуд аз-Замахшарий ўз илмий салоҳияти билан нафақат Марказий Осиё халқлари, балки бутун инсониятга катта хизматлар қилиб, миллатимизнинг шон-шуҳратини оламга таратган буюк зотлардан бири ҳисобланади.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Mahmud Zamaxshariy. – Toshkent: “Tafakkur” nashriyoti, 2019.

2. Солижон Ҳасанов. “Хоразм маънавияти дарғалари”. – Тошкент: “Адолат”, 2001. Б.123-130.

3. Озод Машарипов, Алишер Машарипов. “Хоразмнома”. – Тошкент: “Истиқлол нури” нашриёти, 2014. Б. 201-218.

4. “Маънавият юлдузлари” (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

5. “Буюк аждодларимиз”. (Масъул муҳаррир: М.Аминов, Ф.Ҳасанов). – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001.

6. www.ziyo.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//