Бугун биз Марказий Осиё деб атаётган ҳудудда хоразмшоҳлар-ануштегинлар ҳукмронлиги йилларида илм-фаннинг кўплаб йўналиши, жумладан, фалсафа ва табиий фанлар, маданият ҳамда санъат юксак даражада тараққий этган ва кўплаб жаҳонга таниқли олимлар етишиб чиққан.
“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг ушбу қисмида шундай алломаларидан бўлган Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Чағминий ҳақида фикр юритамиз. Гарчи алломанинг илмий асарлари Шарқда жуда машҳур бўлса ҳам, унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳозиргача яхши ўрганилмаган. Улуғ бобокалонимиз ҳақидаги илк маълумотлар немис олимларидан В.Рудольф (1816-1893), Г.Зутер (1848-1922) ва А.Хохгейм (1840-1898), рус шарқшуноси Б.И.Беляев асарларида учрайди. Ўзбек олимларидан академик Т.Н.Қори Ниёзий ўзининг “Улуғбекнинг астрономия мактаби” ва бошқа асарларида Маҳмуд ал-Чағминий ҳақида қимматли маълумотларни келтиради.
Академик В. В. Бартольднинг таъкидлашича, Улуғбек мадрасасида ўтилган астрономия дарсларига Чағминийнинг астрономияга бағишланган “Мулаххас фи-л-ҳайъа” (“Астрономияга оид қисқа тўплам”) асарига Мир Саййид Шариф Журжоний ва Қозизода Румийлар томонидан ёзилган шарҳларни ўрганиш ҳам киритилган. Қозизода Румий ўз шарҳининг кириш қисмида Чағмин сўзи ҳақида қуйидагича тушунтириш берган: “Чағмин сўзи ал-Чағминий туғилган Хоразмдаги жой номидир”. Унинг туғилган йили маълум эмас, аммо адабиётларда кўрсатилишича, вафоти 1221 йил деб тахмин қилинади.
Олим бошланғич маълумотни Хоразмда олган ва таҳсилни давом эттириш учун Самарқандга келган. Маҳмуд ал-Чағминийнинг “Мулаххас фи-л-хайъа” асаридан ташқари “Сайланма”, “Тўққиз сонининг риёзиётдаги ўрни ҳақида рисола”, “Меросни бўлиш масалаларида риёзиёт усулларига шарҳ” ва бошқа қатор рисолалари мавжуд. У замонасининг йирик олимлари қаторида энциклопедик билимга эга бўлиб, астрономия, риёзиёт, табобат, жуғрофия фалсафа ва бошқа фан соҳаларида самарали иш олиб борди. Кўплаб фанларга қўшган салмоқли ҳиссаси туфайли олимни Хоразм илмий мактабининг Абу Райҳон Берунийдан кейинги энг кўзга кўринган олими, деб ҳисоблаш мумкин. Маҳмуд ал-Чағминий ўз замонасининг барча фанлари эришган ютуқларни жамлаб, ўзига хос қомус тузган алломадир.
Маҳмуд ал-Чағминийнинг фанга қўшган ҳиссаси биринчи навбатда астрономия соҳасида эришган ютуқлари билан баҳоланади. Чунончи, аллома қадимги юнон астрономия мактаби ютуқларини Шарқ олимлари билимлари билан бойитгани ҳолда, янги кашфиётлар қилди. Олим ўз асарида инсонни ўраб турган коинот-оламнинг умумий тузилиши, самовий ёритгичлар, сайёралар ҳолати, қуёш, ойнинг тутилиши, қуёш йили узунлиги, кеча-кундузнинг алмашинуви масалаларини қайтадан тадқиқ этган.
Унинг фикрича, “Қуёшни ўзидан нур тарқатувчи сайёраларнинг маркази деб ҳисоблаш мумкин”. Дарҳақиқат, баъзи бир осмон ёритгичлари, жумладан ой “ўз нурига” эга бўлмасдан, уни қуёшдан олади. Шунга асосланиб, у қуёшни баъзи осмоний жисмларнинг “маркази” деб атайди. Албатта, бу унинг тамоман гелиоцентрик система тарафдори эканлигини билдирмайди. Нур ҳаракати йўналишлари ҳақида тушунчанинг машоиюнлар (Арасту мактаби тарафдорлари) нуқтаи назаридан муҳокамага қўйилишининг аҳамиятли жиҳати шундаки, бу ҳақда Абу Райҳон Беруний билан Ибн Сино ўртасида ҳам илмий мубоҳасалар бўлиб ўтган эди.
Маҳмуд ал-Чағминий астрономик тадқиқотлар асносида риёзиёт (математика) фани билан жиддий шуғулланган. Алломанинг самарали изланишлари туфайли доиравий тригонометрия асослари ишлаб чиқилди ва унинг асосий қоидалари “Мулаххас фи-л-хайъа” асарида ўз инъикосини топди. Унда тўрт томонли доиравий учбурчак ва унинг хилма-хил турларининг тўла таърифи берилади. Муаллиф биринчи марта уфқий текисликдаги кузатиш жойининг асоси бўлган координаталар системасини муфассал тадқиқ этишга эришди.
Табиатшунослик соҳасидаги илмларда у тажрибага таяниб, табиат ҳодисаларини ўрганар экан, ҳар хил фанлар томонидан тўпланган маълумотларга танқидий ёндашиб, холисона хулосалар чиқаради. “Астрономияга оид қисқа тўплам” китобининг муқаддимасида бу ҳақда шундай ёзади: “Гарчи менгача ҳам самовий жисмлар ҳақида кўплаб китоблар ёзишган бўлсалар ҳам, улардаги асосий масалалар чуқур ёритилмаган эди”.
Маҳмуд ал-Чағминий ўзи таҳқиқ қилган фанлар соҳасида тор доирадаги хулосалар билангина чегараланиб қолмасдан, улардан келиб чиқиб йирик фалсафий муаммоларни муҳокамага қўяр эди. Унинг табиатга берган таърифи муҳим аҳамиятга эгадир: “У (табиат) ҳар қандай ҳаракат ва сокинликнинг манбаидир”. Ал-Чағминий фикрича, табиат “табиий кучга” эгадирки, ушбу куч унинг фаоллигини зарурий шартга айлантиради. Табиатга нисбатан ўз қарашларини баён қилиб, Чағминий яна шундай ёзади: “Модда ва шакл табиатни шакллантиради”.
Маълумки, машоиюнлар фалсафасида модда билан шакл қанчалик бир-бирига боғлиқ бўлмасин, уларнинг бирини иккинчисидан ажратиш имконияти мавжуд эди. Бундай қараш маълум даражада ал-Чағминий киритган “бўлинмас заррача”, “унсурий заррача” — яъни атом тушунчаси воситасида бартараф қилинди. Олимнинг қарашларида аксарият ўрта аср мутафаккирлари тахмин қилган икки хил заррачанинг, яъни атомлар ва ўзига хос молекулаларнинг мавжудлиги ҳақидаги назария ўзининг ёрқин ифодасини топди. У уларни “бирламчи” ва “иккиламчи” кичик заррачалар деб, сўнгра — “бирламчи заррачани” аниқлаб, уни “унсур”, “ибтидо”, “асосий ашё”, “модда” деб атайди. Иккиламчи заррачалар эса у ёки бу ашёнинг кичик заррачаларини ташкил этади, аммо унинг хусусиятини сақлаб қолади. Бу шундай заррачалардирки, “бошқасига нисбатан кичикроқ бўлмоғи керак”.
Ўрта асрларда астрономия кундалик турмушда муҳим аҳамиятга молик, доимий ривожланиб бориши зарур бўлган фан ҳисобланган. Барча қишлоқ хўжалик ишлари, бепоён чўлларда савдо карвонларининг самовий ёритгичлар орқали компассиз йўл топишини назарда тутсак, нима учун Маҳмуд ал-Чағминийга ўхшаш олимларимиз бундай тадқиқотлар билан шуғуллангани янада аён бўлади.
Маҳмуд ал-Чағминий табобат билан ҳам чуқур шуғулланган алломалардан бири бўлиб, унинг табобат илмига оид “Қонунча” номли асари бизгача етиб келган. Бу асар Шарқнинг машҳур табобат алломаларидан Абу Бакр ар-Розий, Абу Али ибн Сино ва Исмоил Журжоний асарларини чуқур тадқиқ этиш ҳамда ўз тажрибаларини илмий мужассамлаштириш асосида яратилган. Ушбу асарда одам анатомияси ва физологияси, диагностика, терапия, жарроҳлик, доришунослик ҳамда касалликларнинг олдини олиш чоралари хусусида фикр юритилади. Олим инсон саломатлигини сақлашда жисмоний тарбия, соғлом экологик муҳит, мусаффо ҳаво ва тоза ичимлик суви ҳамда саёҳатларни муҳим омиллардан, деб кўрсатилган. Бир сўз билан айтганда, буюк аллома жаҳон фани ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб, келгуси авлодларга ноёб хазинани мерос қолдирди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Озод Машарипов, Алишер Машарипов. Хоразмнома.– Тошкент: “Истиқлол нури” нашриёти, 2014. Б. 223-225.
2. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.
3. Буюк аждодларимиз (Масъул муҳаррир: М.Аминов, Ф. Ҳасанов). – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001.
4. www.ziyo.uz
//
Изоҳ йўқ