Термиз шаҳри IX асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва обод шаҳарларидан бири сифатида машҳур бўлган. Шаҳарда илм-фан ва маданият юксак даражада тараққий этган. Исломий илмлар бўйича Термиз шаҳридан етишиб чиққан кўплаб алломалар ат-Термизий нисбаси билан бутун дунёда машҳур бўлган.
“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги сонида Термиз шаҳридан етишиб чиққан беназир олим ва улуғ мутафаккир Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий ҳақида фикр юритамиз.
Бу улуғ зотнинг таржимайи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқалар асарларида, шунингдек, унинг қаламига мансуб “Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ” (“Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши”) номли автобиографик рисоласида келтирилган.
Ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуд топган сана хусусида ҳам ёзилган манбалар ва адабиётларда турли йиллар келтирилган. Одатда, Ўрта асрларга оид ёзма манбаларда аксар ҳолларда муаллифнинг фақат вафот этган йили кўрсатилиб, таваллуд этган санаси келтирилмайди. Жумладан, таниқли олим Ҳожи Халифа ўзининг “Кашф уз-зунун” номли машҳур асарининг бир неча ўринларида ал-Ҳаким ат-Термизий вафотини ҳижрий 255 (милодий 869) йил деб кўрсатган. Шунингдек, алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда ҳам унинг ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар келтирилиб, вафот этган санаси ҳижрий 255 (милодий 869) деб ёзилган.
Бошқа манбаларда ҳам унинг мазкур санада вафот этганлиги қайд этилади. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг узоқ – 116 ёинки 120 йил умр кўрганлигини эътиборга олсак, аллома VIII асрнинг ўрталарида (тахминан 750–760 йиллар оралиғида) таваллуд топгани аён бўлади. Айни вақтда баъзи замонавий тадқиқотчилар унинг таваллуди ва вафоти ҳақида батамом бошқа саналарни кўрсатган. Жумладан, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти ва унинг таълимотини чуқур ўрганган мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака ал-Ҳаким ат-Термизийни ҳижрий 205 (милодий 820) йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб, ҳижрий 320 (милодий 932) йилда 112 ёшида вафот этгани ҳақида ёзади. Унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида Амударё бўйида жойлашган.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ота-онаси ҳақидаги баъзи хабарлардан маълум бўлишича, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида машҳур бўлган. Араб тарихчиси ал-Хатиб ал-Бағдодий ўзининг машҳур “Тарихи Бағдод” (“Бағдод тарихи”) номли асарида ёзишича, у мусулмон оламининг энг йирик марказларидан саналган Бағдод шаҳрида бўлиб, ўша даврнинг машҳур олиму уламолари билан ҳадис илмининг турли масалалари бўйича қизғин баҳс ва мунозараларда иштирок этган.
Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг автобиографик рисоласи “Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ” ва “Ар-Радд аълол-муаттила” каби асарларида ёзишича, унинг онаси ва бобоси ҳам ўз даврида ҳадис илмининг етук билимдонларидан бўлган.
Термизийнинг илмий камолотида унинг отаси Али ибн ал-Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта. У ўз фарзанди учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр ота, балки унга нисбатан талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида ҳам бўлган.
Отаси вафотидан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан асосан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Унинг термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ҳадис илмини ўргангани ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилган.
Аллома Фаридиддин Атторнинг ёзишича, ёши йигирма еттига етганда ал-Ҳаким ат-Термизий икки ўртоғи билан ўша пайтда бутун Шарқда илму маърифатнинг энг йирик марказларидан бири саналган Бағдодга бориб илм олишни ният қилганда бирдан онаси бетоб бўлиб қолади ва унга: “Эй ўғлим, мен бир муштипар, заифа аёл бўлсам, менга сендан бўлак бошпаноҳ бўлиб ёрдам берадиган бирор кимса бўлмаса, менинг бутун борлиғим фақат сен билан боғлиқ бўлса. Сен мени кимга ташлаб кетмоқчисан?” – деб унга илтижо қилади. Волидасининг бу сўзлари ал-Ҳаким ат-Термизийга қаттиқ таъсир қилиб, у илм талабидаги ушбу сафаридан воз кечади. Икки ўртоғи эса ўз сафарларига отланиб йўлга тушади.
Ушбу воқеадан кейин талай вақт ўтгач, ал-Ҳаким ат-Термизий Бағдодга боролмагани учун ғоятда афсусланиб, мақбаралардан бирининг ёнида хафа бўлиб турганида, унинг ёнида юзидан нур ёғилиб турган бир шайх пайдо бўлиб, ундан йиғлашининг сабабини сўрайди. У эса юз берган воқеани бирма-бир айтиб беради. Шунда шайх: “Истасанг, мен сенга ҳар куни турли илмлардан сабоқ бериб, сени ўқитаман, дейди. Ал-Ҳаким унинг бу сўзига дарҳол рози бўлади. Бу ҳол бир неча йил давом этади. Сўнгра у билса, бу киши Хизр алайҳиссалом эканлар. Унинг бу саодатли марҳаматга эришиши волидаи мушфиқасининг дуоси барокотидан бўлган эди. Айни шу воқеа бошқа манбаларда бироз бошқачароқ тарзда ҳикоя қилинади.
Бу ҳикоя ҳақиқатми ёки афсонавий ривоятми, қандай бўлмасин, унинг оиласи ҳақида муайян даражада тасаввур беради. Ҳикоядан маълум бўлишича, у ота-онасининг яккаю ягона фарзанди бўлган, онасининг илтижосига қараганда уларнинг оиласида ал-Ҳакимдан бошқа унга бошпаноҳ бўлиб, қарайдиган кимса бўлмаган. Ўз онасига меҳрибон, уни боқувчисиз ташлаб кетишга журъат қилмаган – оилапарвар, қанчалик илм олишга иштиёқи кучли бўлгани билан волидасининг сўзига қулоқ солиб, унинг дуосини олгани боис охир-оқибатда илм олишда ҳам ўз матлабига эришади. Шунингдек, манбаларда унинг оилавий аҳволи, рафиқасининг солиҳа, тақводор, покиза аёл экани, оилада олтита фарзанди бўлгани ҳақида ҳам баъзи маълумотлар келтирилган.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг устозлари
У улуғ зотнинг биринчи устозлари оталари Али ибн Ҳасан Термизий бўлган. Бу хусусда Ҳаким Термизий китобларининг бирида шундай ҳикоя қилади: “Аллоҳ таоло мени устозим – отамдан жудо қилганда 8 ёшда эдим. Илм олишга шундай берилиб кетган эдимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолган эди. Ваҳоланки, тенгқурларим ўйинлар билан банд бўлардилар. Отамнинг ҳаракатлари туфайли шу ёшимда “Илмул-осор” (ҳадис илми) ва “Илмур-рай” (ҳанафий мазҳаби фиқҳи) билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим...”.
Кейинги устозлари эса “Сиҳоҳи ситта” номи билан танилган олти мўътабар ҳадис тўплами муаллифларининг барчасига устозлик қилган 9 шайхнинг бири Қутайба ибн Саид Сақафий Балхий, сўнгра Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий, Утба Ибн Абдуллоҳ Марвазий, Яҳё ибн Мусо, Суфён ибн Вакиъ, Аббод ибн Яъқуб Раважний, Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ Балхий, Яъқуб ибн Абу Шайба, Жаруд ибн Маоз Суламий Термизий, Исо ибн Аҳмад Асқалоний ва бошқалар.
Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг узоқ умри давомида бир қанча босқични босиб ўтган. Бинобарин, ёзма манбаларда унинг автобиографик тусдаги “Бадъ шаан Аби Абдуллоҳ” номли асарига таянган ҳолда муҳаддиснинг ҳаётини қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин:
Биринчи босқич – ал-Ҳакимнинг саккиз ёшгача бўлган болалик даври. Афсуски, биз унинг мана шу даврдаги ҳаёти ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлмасакда, лекин тахмин қилиш мумкинки, унинг болалик йиллари кўпчилик тенгқурлариники каби одатдагидай ҳар хил ўйинлару кўнгилочар машғулотларга тўлиқ бўлмаган. Тасаввур қилиш мумкинки, агар шу алфозда бўлганда унинг яқин келажакда илму ирфон билан жиддий шуғулланиши учун (бу ўйинқароқликлар) имкон бермаган бўларди. У бир лаҳзада улардан воз кечиб ўз устозларининг жиддий сабоқларига маънавий тайёр бўлмаган бўларди. Шу боис комил ишонч билан айтиш мумкинки, у ўзини ёшликдан илму маърифатини чигал сўқмоқларни енгиб ўтадиган мураккаб имтиҳонларга маънавий ва руҳий жиҳатдан ҳар томонлама тайёрлай бошлаган эди.
Иккинчи босқич – ал-Ҳаким ат-Термизийнинг саккиз ёшидан то йигирма етти ёшигача бўлган умрини қамраб олади. Бу даврда унинг бир устози бўлиб, у бор имконияти ва маҳоратини ал-Ҳакимни турли илмлардан чуқур билим олишига сарфлайди, шунга астойдил раҳномалик қилиб, ўз иноятини кўрсатади. Ушбу шайх (устоз) ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса-да, у ўз шогирдини фақат илм йўлига, хусусан, илм ал-асор (археология, қадимшунослик) ва илм ар-рай (диний масалаларда ўз фикрини билдириш) каби илмларни чуқур эгаллашига қаратади. Бу вазифа осон вазифалардан эмас эди.
Учинчи босқичи – Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Қуръони каримни ёд олиш ва уни чуқур ўрганиш билан бевосита боғланган. У Оллоҳнинг каломини ёд олишга алоҳида иштиёқ билан киришади, бу машғулотдан унинг қалби ҳаловату завқ-шавққа тўлади. У энди раббоний руҳдаги асарларга ғоятда берилиб, улардаги ибратли мавъизалар, охират ишларига доир маълумотлар, тариқатга бошловчи пири муршидларнинг ҳикоятларини алоҳида қизиқиш билан ўрганади. Мана шу фикр-мулоҳазаларни жамлаб, бу босқични ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётидаги бурилиш даври (фитрат ат-таҳаввул) деб атасак, айни ҳақиқат бўлар эди. Бинобарин, шу даврда у рўза тутиш, намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш каби ибодатларга батамом берилиб кетади. Лекин шу билан бирга бу даврда у муайян бир усул, ёинки бирон-бир хос тариқатга эга эмасди. Унинг ўз таъбири билан айтганда, токи унинг қўлига ал-Антокийнинг китоби тушгунга қадар шу йўсунда ҳаёт кечирган, кейин эса ал-Антокийнинг фикрларидан таъсирланиб ўз нафсини риёзат (риёзат ан-нафс) чекишига йўл қўйган. Мана шу пайтдан эътиборан унинг ҳаётида узоқ ва машаққатли бошқа бир давр бошланадики, бунда у ўзини ҳеч бир аямасдан риёзат чекишга, хилма-хил имтиҳону синовларга мубтало қилади. Узлат ва хилватни, одамлардан ўзини четга олиб узоқ тутишни ихтиёр қилади.
Мана шу жараёнлар оқибатида у ўз тариқатини яратдики, натижада, кечалари унинг атрофида кўплаб издошлари ва маслакдошлари тўпланиб, баҳсу мунозаралар уюштирадилар, дуо ва тазарруълар билан ўз шуурларини изҳор қиладилар. Афтидан, мана шу баҳсу мунозаралар пайтида ўзининг чуқур мазмунга эга бўлган сўфийлик тажрибалари ҳақидаги ошкора баёнотлари туфайли диний масалаларнинг баъзи жиҳатлари, хусусан, илм ар-раъй, ёинки илм ал-осор, ҳатто тасаввуф илмларига доир фикрлари билан ўз замонидаги қатор олимларнинг қаҳру-ғазабини қўзғаб, уларнинг шиддатли ҳужумларига дучор бўлади. Натижада, ал-Ҳаким ат-Термизий устида гап-сўзлар кўпайиб, уни ҳавойи гапларга берилишда ва бидъатда айблай бошлайди.
Аҳвол шу тариқа давом этмади. Унга ноҳақ туҳматлар қилиб, азият етказганлар ўз муддаоларига ета олмади. Мана шу пайтдан эътиборан ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаётида янги босқич бошланади. Бунда у хилват ва узлатдан чиқиб, одамлар томон юзланади. Унинг фазлу фазилати тўла намоён бўлиб, номи тилларда зикр қилина бошлайди. Атрофида тўпланадиганларнинг сони кундан-кунга ортади. Ана шундан кейингина одамлар у ҳақида тарқатилган миш-мишлар, туҳматлар ноҳақ бўҳтонлардан бошқа нарса эмаслигини тушуниб етди ва унга нисбатан ўз ҳурмату эҳтиромларини намоён қилди.
Мазкур босқичдаги фаолияти даврида баъзи олимлар томонидан “ал-ҳакимиййа ват-термизиййа” деган ном билан аталган оқимга асос солинган бўлса керак. Эҳтимол, шу боис ат-Термизийнинг ўзи ҳам бу давр ҳақида тўхталиб, унда шогирдлари ва издошлари пайдо бўлгани ҳақида таъкидлайди. Чунончи, ушбу даврда унинг шогирдларининг сони кўпайиб, мавъизаю маърузалари юксак камолотга етишди, обрў-эътибори ошиб, шону шуҳрати чор атрофга тарқалдики, ҳатто яқин ўтмишда унга қарши фитна уюштирган гуруҳлар ҳам унга ўз ҳурматини билдира бошлайди.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг шогирдлари
Абу Муҳаммад Яҳё ибн Мансур Қозий Ҳасан ибн Али Жузжоний, Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид Ҳиравий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Ҳайсам, Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Варроқ Ҳаким Термизий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо ва бошқалар.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий мероси
Ҳаким Термизийнинг ижоди жуда серқирра бўлиб, у кўплаб илм соҳаларини қамраб олган, жумладан: Тафсир, Ҳадис, Фиқҳ, Калом, Тасаввуф ва ҳокозо...
Баъзи тадқиқотчилар асарлари сонини 400 га яқин деб айтса, бошқалари 80 та асар таълиф этган деб ёзадилар. Абулфаттоҳ Бараканинг ёзишича, Ҳаким Термизий 400 дан ортиқ асар ёзган бўлиб, улардан 60 га яқини ҳақида бизгача аниқ маълумотлар етиб келган. Баъзи тадқиқотларда эса алломанинг 60 та китоб ва 200 та рисола яратгани ҳақида хабар қилинади.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг асарлари
– “Наводир ал-усул фий маърифат ахбор Росул” (“Расуллуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”) Бу асар, шунингдек, “Салват ал-Орифийн ва бўстон ал-Муваҳҳидийн” (“Орифлар овунчоғи ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони”) номи билан ҳам аталади.
– “Ал-Амсол минал китоб вас-Сунна”
– “Китоб ус-Солат ва мақосидуҳа” (“Намоз ва унинг мақсадлари”)
– “Китоб ул-Ҳаж ва асрориҳи” (“Ҳаж ва унинг сирлари”)
– “Китоб ул-иҳтиётот” (“Эҳтиёткорлик йўллари”)
– “Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо” (“Билиш лозим бўлган жумлалар”)
– “Китоб ал-фуруқ ва манъ ут-тародуф” (“фарқлар ва тародуф (кетма-кетлик) ни манъ қилиш”)
– “Китоб ҳақийқат ул-одамиййа” (“Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб”)
– “Китоб Урс ул-муваҳҳаддин” (“якка Худога эътиқод қилганларнинг завқи”)
– “Китоб ул-аъзо ван нафс ва юсаммо казалика ғавр ул-умур” (“аъзолар ва жон ёки ишларнинг моҳияти ҳақида китоб”)
– “Китоб Манозил ал-Ибод мин ал-ибадати” (“Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари ёхуд Оллоҳга интилувчиларнинг манзиллари ҳақида китоб”)
– “Китоб ул-ақл вал ҳаво” (“Ақл ва ҳавойилик ҳақида китоб”)
– “Китоб ул-амсол мин ал-Китоб вас сунна” (“Қуръон ва суннатдаги масаллар китоби”)
– “Китоб ал-маноҳий” (“Раддиялар ҳақида китоб”)
– “Китоб ул Акйос вал муғтарийн” (“Зийраклар ва алданганлар ҳақида китоб”)
– “Жавоб Китоб Усмон бин Саъийд бин ар-Рай” (“Райлик Усмон бин Саъийднинг мактубига жавоб”)
– “Баён ул-Касб” (“Касб ҳунарнинг баёни”)
– “Масоил суила анҳо” (“Савол берилиб сўралган масалалар”)
– “Ал-Масоил ал-Макнуна” (“Яширилган масалалар”)
– “Таҳсийл назоир ал-Қуръан” (“Қуръон ибратларини ўрганиш”)
– “Китоб радд ъалал Муъаттила” (“ал-Муаттилийларга раддия китоби”)
– “Китоб ул-Фуруқ” (“Фарқлар ҳақида китоб”)
– “Китоб ур-Риёзат” (“Риёзат ҳақида китоб”)
– “Мухтарот мин китоб ас-Сафо” (“Китоб ас-Сафо асаридан танлаб олинган қисмлар”)
– “Илал аш-шариа ёки кайфийят ас-солат ва-л-вузу ва-с-сивак”
– “Адаб ун-Нафс” (“Инсоннинг одоби”)
– “Масалат ул иймон ва ислом вал иҳсон” (“Иймон, Ислом ва Эҳсон масалалари”)
– “Ал-фарқ байнал оят вал каромат” (“Мўжиза ва каромат орасидаги фарқ”)
– “Илал ал Убудийя” ёки “Илал аш-Шариъа” (“Шариъат далиллари”) “Китоб ус-Солат” нинг қисқартирилган шакли.
– “Ад-Дур ал-макнун” (“бекитилган марварид”)
– “Одоб ул-Мурийдийн” (“Муридлар одоби”)
– “Китоб ут-Тавҳийд” (“Оллоҳнинг ягоналиги ҳақида китоб”)
– “Азоб ул-Қабр” (“Қабр азоби”)
– “Aт-Тафсир” (“Қуръон тафсири”)
– “Китоб ун-Наҳж” (“Йўл-йўриқлар китоби”)
– “Китоб ул-Машойих ав ат-табақот ас-суфиййа” (“Машойихлар ёки сўфийлар ҳақидаги китоб”)
– “Ар-радду алар-рофиза”
– “Исбот ал-илал фил-амр ван-наҳй”
– “Баёнул-илм”
– “Ҳуқуқ”
– “Наҳаж”
– “Анво ал маориф”
– “Ар-рисола фил-футувва”
– “Хатмул-авлиё”
– “Баёнул-фарқи байнас-садр вал- қалб вал-фуад вал-лубб”
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарлари унинг илмий меросининг муҳим қисмини ташкил қилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига бағишланган “Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул” (“Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”) номли асари улар орасида муҳим саналади. У “Салват ал-орифийн ва бўстон ал-муваҳҳадийн” (“Орифлар овунчоғи ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони”) номи билан ҳам аталади. Ҳижрий 1294 (милодий 1876) йилда Қустантийнияда чоп этилиб, ўзи танлаб олган 291 ҳадисдан иборат ушбу китобда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз мазҳабий қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган. Қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланади. Яна бир қўлёзмаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади (№ 10842). Алломанинг кейинги йилларда нашр этилган асарларидан тасаввуфга оид икки китобини кўриш мумкин. Улардан бири “Китоб ҳақийқат ал-одамиййа” (“Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб”) ва иккинчиси “Адаб ун-нафс”(“Нафс одоби”) номли асаридир. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Стамбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.
Париж Миллий кутубхонасида (араб бўлими, 5018 рақамида) ал-Ҳаким ат-Термизийнинг қуйидаги ўн иккита асари қўлёзмалари сақланади:
1. “Китоб ус-салот ва мақосидуҳо” (“Намоз ва унинг мақсадлари”);
2. “Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи” (“Ҳаж ва унинг сирлари”);
3. “Китоб ул-иҳтийотот” (“Эҳтиёткорлик йўллари”);
4. “Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо” (“Билиш лозим бўлган жумлалар”);
5. “Китоб ул-фуруқ ва манъ ут-тародуф”(“Фарқлар ва тародуф (кетма-кетлик)ни ман қилиш”);
6. “Китоб Ҳақийқат ул-одамиййа” (“Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб”);
7. “Китоб Урс ул-муваҳаддийн” (“Якка худога эътиқод қилганларнинг завқи”);
8. “Китоб ул-аъзо ван нафс ва йусаммо казолика ғавр ул-умур” (“Аъзолар ва жон ёки ишларнинг моҳияти ҳақида китоб”);
9. “Китоб Манозил ал-ибод мин ал-ибодати” (“Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари ёхуд Аллохга интилувчиларнинг манзиллари ҳақида китоб”);
10. “Китоб ул-ақл вал-ҳаво” (“Ақл ва ҳавойилик ҳақида китоб”);
11. “Китоб ул-Амсол мин ал-Китоб вас суннат” (“Қуръон ва суннатдаги масаллар китоби”);
12. “Китоб ал-маноҳий” (“Раддиялар ҳақида китоб”).
Дамашқ (Аз-Зоҳирия кутубхонаси, Тасаввуф 104 рақамида) мажмуаси икки китоб ва бешта рисоладан иборат. Улардан бири “Китоб ар-Рийазат” ёинки “Китоб Ҳақийқат ул-Одамиййа” деб номланади. Унинг қўлёзмаси, юқорида зикр қилганимиздек, Париж ва Истамбул мажмуасида ҳам мавжуд. Аммо иккинчи қўлёзма – “Китоб ул-Акйос вал-муғтарийн” (“Зийраклар ва алданганлар ҳақида китоб”) – асарнинг ягона қўлёзмаси ҳисобланади.
Миср Араб Республикасининг йирик шаҳарларидан бири Искандариййа (Мактабат ал-Баладиййа) мажмуасида ал-Ҳаким ат-Термизийнинг учта рисоласи сақланади:
1.“Ал-Масоил ал-макнуна” (“Яширилган масалалар”);
2.“Таҳсийл назоир ал-Қуръон” (“Қуръон ибратларини ўрганиш”);
3.“Китоб Радд аълол-Муаттила” (“Ал-Муаттилийларга раддия китоби”).
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Лондон мажмуасига кирган асарлари қуйидагилардан иборат:
– “Китоб ур-риёзати” (“Риёзат ҳақидаги китоб”). Ушбу асарнинг бошқа нусхалари Париж, Дамашқ ва Стамбул мажмуаларида ҳам сақланади;
– “Мухтарот мин китоб ас-Сафо” (“Китоб ус-Сафо асаридан танлаб олинган қисмлар”);
– “Адаб ун-нафс” (“Инсоннинг одоби”);
– “Масалат ул-иймон ва ислом вал иҳсон” (“Иймон, ислом ва эҳсон масалалари”).
Қоҳирадаги “Дор ул-кутуб ал-илмиййа”да сақланадиган қўлёзма ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Илал ал-Убудиййа” ёинки “Илал аш-шарийъа” (“Шарийъат далиллари”) номли асарининг нусхаси бўлиб, аслида, бу рисола алломанинг “Китоб ус-Салот” (“Намоз ҳақидаги китоб”) китобининг қисқартирилган шаклидир.
Лейпциг мажмуасида сақланадиган атиги ягона китоб ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Ад-Дур ал-макнун” (“Бекитилган марварид”) асари бўлиб, у ҳаётда юз берган ва юз бериши эҳтимоли бўлган воқеаларга боғлиқ ҳадислар мажмуасидан иборат.
Узоқ йиллар давомида йўқолган китоблардан ҳисобланган “Хатм ул-авлиё” 1965 йили Ливаннинг пойтахти Байрутда Париж илмий тадқиқотлар маркази исломий маданият бўлимининг аъзоси Усмон Исмоил Яҳё томонидан нашр этилди. Валийликнинг ҳаққонийлиги, шунингдек, унинг нубувват ва рисолат билан боғлиқ бўлган жиҳатлари “Хатм ул-авлиё” китобининг бош мавзуси. Муқаддима ва 29 фаслда мурид ва шайх ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб тарзида таълиф этилган.
Бу китоб валоят масаласини биринчи маротаба мукаммал назария ва ажойиб мақолалар туркуми шаклида тасаввуфга тақдим этиши билан алоҳида аҳамиятга молик. У тасаввуф тарихида “ҳакимий”лар деб аталмиш бир гуруҳ машҳур сўфийлар, хусусан, Термиз ва Балх атрофида шаклланган тасаввуф аҳли учун маънавий васиятнома ёхуд таълим дастури сифатида хизмат қилган. Бу асарнинг овозаси ўша давр ислом оламига, Мисру Тунисдан, Эрону Мовароуннаҳргача, Ҳалабу Шомдан Кичик Осиёгача етган эди.
Юқоридаги маълумотлардан маълум бўладики, Ал-Ҳаким ат-Термизий ўз замоналарининг диний илмлари билан бирга дунёвий илмларда ҳам чуқур илмга эга бўлган. У зотнинг мукаммал илмларига кўпчилик уламолар юксак баҳо берган. Жумладан; улуғ мутафаккир Абдураҳмон Жомий “Нафаҳот ул-Унс” асарида Алишер Навоий эса “Насойим ул-Муҳаббат” асарида энг улуғ шайхлар қаторида зикр қилиниб, мутасаввифларнинг иккинчи бўғинига киритганлар.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004, 8-жилд;
2. Ислом энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017, Б. 470;
3. Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017;
4. У.Уватов. О, Жў֥раев. Хаким ат-Термизий. – Тошкент: “Тафаккур нашриёти”, 2019;
5. Убайдулла Уватов. Икки буюк донишманд – Тошкент: “Шарқ” НМАК, 2005;
6. З. Чориев, Т.Аннаев, Б Муртозоев, Ж.Аннаев. Ал-Ҳаким ат-Термизий. – Тошкент: “Янги аср авлоди”, 2008.
//
Изоҳ йўқ