Исмоил Журжоний


17:01 / 14.01.2022 957 0

 

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги илм аҳлларидан яна бири, Ўрта асрларда етишиб чиққан улуғ олим ва замонасиниг энг машҳур табиби ҳисобланган Зайниддин Абул Фазойил Исмоил ибн Ҳусайн ал-Журжоний ал-Хоразмий ҳақида фикр юритамиз.

 

Исмоил Журжоний 1042 йилда Журжон шаҳрида туғилган бўлса ҳам умрининг кўп қисмини Хоразмда ўтказганидан Зайниддин Абул Фазойил Исмоил ибн Ҳусайн ал-Журжоний ал-Хоразмий деб улуғланар эди.

 

Исмоил Журжоний  хоразмшоҳ Қутбиддин Муҳаммад ибн Ануштагин (1097–1127) ва унинг ўғли Алоуддавла Отсиз (1127–1156) саройида хизмат қилди. Журжоний ўз даврида қадимги юнон табобати вакиллари Гален, Гиппократ, шунингдек, ўзидан олдин ўтган Абу Бакр Розий ва айниқса, Ибн Сино асарларини чуқур ўрганди.

 

Машҳур тарихчи Заҳириддин Абул Ҳасан Байҳақий ўзининг “Татима сифон ал-ҳикма” (“Донолик хазинасига қўшимча”) асарида Исмоил Журжоний ҳақида шундай ёзади: “Мен у кишини 531 ҳижрий (1136 милодий) йилда Сарахсда кексалик чоғларида кўрган эдим. Ер юзининг адолатпеша ҳукмдори хоразмшоҳ Отсиз ибн Муҳаммад уни бир неча муддатга Хоразмга таклиф этган эди. Хоразмда бўлган вақтида У “Ал-Хуффайи ал-аълоий” (“Пояларнинг юқори қисми”), “Ат-тибб ал-мулукий”, “Китоб аз-заҳи-рае Хоразмшоҳий”, “Китоб ал-аҳрод” (“Ҳасад туфайли келиб чиқадиган касалликлар”), “Китоб ёдгор” (“Эсдалик китоби”), “Китоб фи рад алал фалосафа” (“Файласуфларга қарши раддия китоби”), қози Абу Сайд Шориъийга бағишлаб “Китоб тадбир яум ва лайлат” (“Кеча билан кундузнинг алмашиниши ҳақида китоб”), “Китоб васиятнома” ва бошқа табобат ҳамда фалсафага доир асарлар ёзди. Унинг ёзган асарлари севиб ўқилганидан тез орада жаҳонга машҳур бўлди. Муҳтарам кишилардан эшитишимча, у киши очиқ чеҳрали, хушмуомала, табиатан саховатли шахс эканлар”.

 

Табобат илмидан ташқари бошқа илм соҳаларида машҳур бўлганидан унга ойига минг динордан маош тайин қилинган эди. Исмоил Журжоний ўзининг табобатга бағишланган энг катта йирик асари “Заҳирайе Хоразмшоҳий”ни 1110 йилда ёзиб тугаллади ва уни Хоразмшоҳ Қутбиддинга бағишлади. Отсизнинг буйруғига кўра, бу асарнинг қисқартирилган  нусхасини 1113 йилда “ал-Хуффайи ал-Аълоий” номи билан ёзиб тугатди. Асар ҳаммага тушунарли форс тилида ёзилган бўлиб, ҳарбий юришлар  ва саёҳатларда ҳам ҳар ким этиги қўнжига солиб юришига  (этигхуфф) қулайлик яратиш мақсадида шундай қилинди.

 

“Заҳирайе Хоразмшоҳий” асари ўн китобдан иборат бўлиб, кейинчалик унга “Дорисозликка оид китоб” (“қорабодин”) қўшилди.

 

Биринчи китоб умумий назарий масалаларга бағишланган бўлиб, унда табиат ва коинот ҳақидаги қарашлар баён этилади. Инсон организмининг бирламчи аъзоларини ташкил этган унсурлар, мижоз, тўрт суюқлик, баданнинг ҳар бир қисмининг нималарга қодирлиги ҳақидаги таълимот ва шу муносабат билан табобатнинг фан сифатидаги вазифалари ҳақида гапирилади.

 

Иккинчи китобда соғлиқ ва касалликлар ҳақидаги таълимот, уларнинг турлари, намоён бўлиш белгилари, томир уришига қараб касалликни аниқлаш тўғрисида сўз юритилади.

 

Учинчи китоб соғлиқни сақлаш, бунда атроф-муҳитнинг таъсирига, яъни ҳаво, маскан, сув, озиқ-овқат, ичимлик, уйқу, бедорлик, ҳаракат ва осойишталикка бағишланган. Болалар, қариялар, сафардагилар учун алоҳида-алоҳида қоидалар баён этилган.

 

Тўртинчисида касалликни қандай кечиши мумкинлигини белгилаш, қайси пайтларда энг оғир ҳолатларга тушиб қолиш, улардан қутулиш муаммолари ҳақида гап боради.

 

Бешинчи китобда безгак касалининг пайдо бўлиш сабаблари, унинг белгилари, даволаш тарзи баён этилган.

 

Олтинчи китобда инсон аъзойи баданининг ҳар хил жойларида пайдо бўладиган касалликлар, уларни даволаш усуллари таҳлил этилган.

 

Еттинчи китоб рак касалликларига, яралар, шишлар, суяк чиқишлари ва синишларига бағишланган.

 

Саккизинчи китобда пардоз-андозлар, ўзига оро беришлар ҳақида гап боради.

 

Тўққизинчи китобда заҳарлар ва унга қарши даволаш усуллари ҳақида ҳикоя қилинади. Сўнггиси эса давосизликка бағишланган.

 

Исмоил Журжонийнинг “Заҳирайе Хоразмшоҳий” асари ўз вақтида омма орасида кенг тарқалган табобат соҳасидаги энг машҳур асар бўлганидан жаҳон кутубхоналарининг кўпчилигида унинг қўлёзмалари ҳамон сақлаб келинмоқда.

 

Исмоил Журжоний “Заҳирайе Хоразмшоҳий” асарини тугатгандан сўнг Марв шаҳрига келади. Бу пайтда Марв шаҳри Султон Санжарнинг пойтахти ҳисобланар эди. Султон Санжар унга катта илтифот ва иззат-икром қўрсатгани сабабли Журжоний умрининг охиригача шу ерда яшади. Бу ерда ҳадис илмида Абул Қосим Қўшайрий билан мулоқотда бўлди, табобат соҳасида эса машҳур табиб ибн Аби Содиқ билан ҳамкорлик қилди. Бундан ташқари, Ироқ ва форс табиблари билан, Абу Али ибн Синонинг баьзи шогирдлари билан ҳамсуҳбат бўлди.  У умрининг охиригача Марв мадрасаларида бир неча фанлардан дарс берди.

 

Исмоил Журжоний Марвда 1136 йилда вафот этган.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Озод Машарипов, Алишер Машарипов. Хоразмнома.– Тошкент: “Истиқлол нури” нашриёти, 2014.

2. Маънавият  юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

3. Буюк аждодларимиз (Mасъул муҳаррир: М.Аминов, Ф.Хасанов). – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001.

4.  www.ziyo.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//