“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ алломаларидан бири илми фиқҳ ривожига катта ҳисса қўшган, ислом оламида “Шайх-ул ислом” унвонига сазовор бўлган файласуф, шоир Бурҳониддин ал-Марғиноний бўлиб, у зотнинг тўлиқ исми Абу-л-Ҳасан Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Абдулжамил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғинонийдир.
Бурҳониддин ал-Марғиноний 1123 йил 23 сентябрда Фарғона вилояти Риштон туманининг Даҳбет қишлоғида туғилган. Даставвал, отаси Абу Бакр ибн Абдулжамил, сўнг имом Баҳоуддин Али ибн Муҳаммад Асбижобий қўлида таҳсил кўрган. Риштон, Марғилон, Бухоро, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларида исломий таълим олиб, ҳанафия мазҳабининг буюк фақиҳи сифатида ном қозонган ва шайхулислом бўлиб етишган.
Дастлабки таълимни Марғилонда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандга кўчиб борган ва умрининг охиригача ўша ерда яшаган. Мавлоно Бурҳониддин ал-Марғиноний ёшлик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганган.
У балоғат ёшига етганида мукаммал илмга эга бўлганига қарамай устозлардан таълим олишни давом эттирди. 1149 йили Бурҳониддин ал-Марғиноний ҳаж сафарига борди. “Китоб ул-машойих” (“Шайхлар ҳақидаги китоб”) асарида у ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломани санаб ўтган. Бу рўйхатда Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу ал-Асир ал-Байдавий, Абу Ёқуб ас-Саярий, Абу Исҳоқ ан-Навқадий, Жаъфар ал-Ҳиндувонийларнинг номлари бор.
Кейинчалик у фиқҳга оид масалалар билан қизиқиб, ўша даврнинг кўзга кўринган алломаларидан “Ал-Муҳит” (“Илмлар денгизи”) асарининг муаллифи Умар ибн Мааза, “Ал-Фатава ва фавоид аз-Заҳира” (“Фатволар ва зоҳир нарсаларнинг фойдалари”) асарининг муаллифи Зоҳир уд-дин ибн Умар ал-Қодий ал-Бухорий ибн ал-Итобий ва бошқаларнинг назарига тушган.
Аллома 1197 йил 29 октябрда Самарқандда вафот этган ва Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.
Бурҳониддин ал-Марғиноний ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиш билан бирга ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор асарлар яратган. Бизгача етиб келган асарларидан “Бидоят ал-мунтаҳий” (“Бошловчилар учун дастлабки таълим”), “Кифоят ал-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълим”), “Нашр ул-мазҳаб” (“Мазҳабнинг ёйилиши”), “Китоб ул-мазид” (“Илмни зиёда қилувчи китоб”), “Маносик ул-ҳаж” (“Ҳаж маросимлари”), “Мажма ул-навозил” (“Нозил бўлган нарсалар тўплами”), “Китоб ул-фароиз” (“Фарзлар китоби”) ва бошқалар маълум.
Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари 1178 йили Самарқандда ёзиб тугалланган.
Ушбу асар имом Муҳаммад аш-Шайбоний (“Кичик тўплам”), Қудурийнинг “ал-Мухтасар ал-Қудурий” асарлари асосида ташкил қилинган. “Ҳидоя”да “Мухтасар”да мавжуд хуқуқий асослар келтирилса-да, уни алоҳида асар сифатида эътироф этиш мумкин. Чунки унда кўриб чиқилган масалалар Қудурийнинг “ал-Мухтасар ал-Қудурий”дан кўра кенгроқ ёритилган.
Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг асари “Ҳидоя” тўрт жуздан иборат бўлиб, у алоҳида боб ва бўлимларга бўлинган 57 та китобни ўз ичига мужассам этади.
Биринчи жузга ибодат масалалари киритилган, булар: таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж китобларидир.
Иккинчи жузга никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган боланинг насабини аниқлаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф мулки каби масалалар киритилган.
Учинчи жузда эса олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳлиқдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (оталиққа олиш), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган.
Тўртинчи жузда эса шафоат, мерос тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйиладиган жонзот ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шариатга зид ёмон нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган.
Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари 1893 йилда рус тилида қисқартирилган таржимаси Н. П. Гродеков томонидан нашр этилган.
Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви туфайли ислом ёдгорликлари, жумладан, шариат, фиқҳга оид асарларни ўрганиш, бу соҳадаги бой меросимизни нашр этиш имконияти вужудга келди.
Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ислом ҳуқуқшунослигида машҳурлигини назарга олиб Н. И. Гродековнинг инглизчадан русчага қилган ва тор доира учун мўлжалланган “Ҳидоя”нинг 1-китоби Тошкентда 1994 йилда академик А. X. Саидовнинг сўз бошиси ва шарҳи билан қайта нашр этилди.
Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари бир неча асрлар давомида мусулмон мамлакатларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам ҳуқуқшунослик бўйича энг асосий қўлланма ҳисобланиб, совет суд тизими жорий қилингунча амалда бўлиб келди. Ҳозирги кунда ҳам ислом шариати асосида иш юритадиган мусулмон мамлакатлар ҳуқуқшунослигида бу асардан кенг фойдаланилади.
Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг илмий мероси ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Жаҳондаги кўплаб олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фанлари Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг унинг илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, асарларини чоп этиш ишларига катта эътибор берила бошланди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов ташаббуси билан 1997 йилда Бурҳониддин ал-Марғиноний вафотининг 800 йиллиги ва 2000 йилда таваллудининг 910 йиллиги кенг нишонланди, Марғилон шаҳри марказида ёдгорлик мажмуи бунёд этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1.Ислом энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017.
2. Саидов А.Х.Бурҳониддин Марғиноний буюк ҳуқуқшунос. – Тошкент, 1997.
3. Нодирбек Абдулаҳатов, Толибжон Ғозиев. Бурҳониддин Марғиноний: тарихий ҳақиқат ва асотирлар. – Тошкент: “Янги аср авлоди”, 2010.
4.Маънавият юлдузлари(Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.
5. www.ziyo.uz.
//
Изоҳ йўқ