Ислом илмининг буюк намояндаларидан бири, ислом дини софлигини сақлашга қаратилган кўплаб илмий асарлар муаллифи Абул Муин Насафийнинг илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, асарларидаги бугунги кун учун долзарб бўлган ҳикматларни ёш авлодга етказиш долзарб аҳамиятга эга.
“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ зотларидан бири Абул Муин Насафий бўлиб, тўлиқ исми Абул-Муъмин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад Макҳул Насафийдир.
Абул Муин Насафий таваллуд топган сана ҳақида ёзган тарихнавислардан бири, араб олими Хайриддин аз-Зириклий ўзининг “ Ал-Аълом” ва Умар Ризо Каҳҳола “Муъжам ал-муаллифийн” номли асарида унинг 1027 йилда Қарши шаҳрининг яқинидаги Қовчин деган қишлоқда туғилганини зикр этганлар. Унинг вафоти ҳақида эса аксар манбаларда 1114 сана берилади. Шунга кўра, аллома Абул Муин Насафий узоқ умр кўриб, 87 ёшида вафот этган. Унинг қабри Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида жойлашган” дейилади.
Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида жойлашган Қовчин қишлоғи қадимий қишлоқлардан бири ҳисобланади. Қишлоқнинг “Қовчин” деб аталишига сабаб, у ерда яшаётган аҳолининг кўпчилиги қовчин уруғига мансуб кишилар бўлганидир. Топономик олим Д.Абдураҳмонов ўзининг “Қовчин сўзининг тарихи ҳақида” деб номланган мақоласида: “Ҳақиқатан ҳам қовчин сўзининг уруғ номи экани аниқ. Бу уруғ Қашқадарё водийсида ҳам кўчиб юрган. Ҳозир ҳам бу уруғга мансуб халқлар, юқорида айтилганидек, шу территорияларда, жумладан, Бешкент тумани территориясида ҳам яшаб келмоқда. ...“Қовчин” эпчил ва кучли (одам) деган маънони беради”, дейди. Қовчин уруғига мансуб кишилари эпчил ва кучли бўлгани туфайли Соҳибқирон Амир Темур ва Бобур қўшинларининг асосий жангчилари эди.
Абул Муин Насафийнинг биринчи устози – отаси Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлган. У зот ҳам ўз даврининг етук уламоларидан саналган. Абул Муин Насафийнинг оталари Абу Саҳл Исфаройинийдан илм олгани, ундан “Ахборул Макка” китобини ривоят қилгани манбаларда келган. Демак, Абул Муин Насафий аҳли илмлар сулоласидан саналган.
Умар ибн Муҳаммад Насафий ўзининг “ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд олимлари зикрида қанд китоби”) асарида Абул Муин Насафий ҳақида шундай дейилган: “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абу Муин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”.
Ислом илмининг йирик намояндалари Абулҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий асарларидан таълим олган Абул Муин Насафий ислом илмида етук аллома сифатида турли масалаларга оид 15 га яқин асарлар ёзган. Улардан қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
1. “Ал-Умда фи усулил-фиқҳ” (“Фиқҳ усуллари таянчи”);
2. “Табсиратул-адилл афи илмил-калом” (“Калом илмидаги далиллар кўзгуси”);
3. “Ат-Тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” (“Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб”);
4. “Олим ва мутааллим” (“Олим ва илм ўрганувчи”);
5. “Изоҳ ва маҳажжа ли кавнил-ақл ҳужжатан” (“Ақл далиллигини изоҳ ва ҳужжатлар билан асослаш”);
6. “Маноҳижул-аимма фил-фуруъ” (“Имомларнинг ҳуқуқшунослик бўйича тутган йўллари”);
7. “Муътақидот” (“Эътиқодлар”);
8. “Баҳрул-калом” (“Калом денгизи”). Бу асар аллома ижодининг гултожи ҳисобланади. Асар ислом фалсафасини ташкил қилган калом илми бўйича энг қимматли манбадир. Унинг қўлёзмалари Дубай, Дамашқ, Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада нашр этилган.
Абул Муин Насафий “Табсират-ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Аби Мансур ал-Мотурий”, “Қасийдал-қавоид фи илм ал-ақоид”, “Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод”, “Баҳр ал-калом”, “Ийзоҳ ал-манҳажжати фи кавн ал-ақли ҳужжатан”, “Маноҳиж ал-аиммати фил-фуруъ” каби китобларни ва “Шарҳ ал-Жомиъ ал-кабир ли-ш-Шайбоний фи фуруъ ал-Ҳанафиййа” номли шарҳни ёзганлар.
Абул Муин Насафий “Табсират-ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Аби Мансур ал-Мотурий” асари орқали шуҳрат қозонган. Бу асар имом Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунё бўйлаб ёйилишида катта аҳамиятга эга бўлди.
Абул Муин Насафийнинг шогирдлари сафида ҳам ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган уламолари бор, улардан энг машҳурлари “Бадойиъус-саноеъ” асарининг муаллифи Абу Бакр Аловуддин ас-Самарқандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Юср Ҳазравий, Абу Бакр Масъуд Кошоний, Нажмиддин Умар Насафий, Абул Ҳасан Балхий ҳамда Маҳмуд Соғурчи каби буюк олимлардир. Маҳмуд Соғурчининг ҳам ҳанафий мазҳаби борасидаги фиқҳ китоблари жуда машҳур.
Шу муқаддас заминимизда яшаган улуғ аждодларимиз бундан кўп асрлар илгари ҳозирги замонавий илм-фанга пойдевор қўйиб, уни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшган. Мустақиллик шарофати билан кўплаб алломаларимиз қаторида Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда ўрганиш ишлари йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманидаги калом илми бўйича таниқли олим “Абул Муин Насафий” тарихий мажмуасини қайта таъмирлаш, унинг негизида кутубхона, музей ташкил этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Юртбошимизнинг 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселекторда сўзлаган нутқида “Қашқадарёда Абул Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади”, деган эди.
Бугунги кунда Абул Муин Насафий зиёратгоҳида 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино, таҳоратхона, чойхоналар ва ақида илми мактаби фаолият кўрсатмоқда.
2019 йил 25 декабрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Абул Муин Насафийнинг маърифий фаолиятига бағишланган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтдиМазкур халқаро конференцияда Россия, Туркия, Миср, Бангладеш, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг етук уламолари ва соҳанинг кўзга кўринган мутахассислари ҳамда юртимиздаги етакчи олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Конференция иштирокчилари Абул Муин Насафийнинг диний, илмий ва маърифий фаолиятига доир ўзларининг маърузалари билан иштирок этдилар.
Кейинги йилларда ижтимоий-диний ва маънавий соҳада амалга оширилган кенг кўламли ишлардан кўзланган мақсад — Учинчи Ренессансга муносиб бўлган халққа асли ким бўлганини намоён қилиш, билдириш, англатиш, шундай буюк халқни дунёга яна бир бор танитиш.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003, 6-жилд.
2. Убайдулла Уватов, Саидмухтор Оқилов, Эргаш Даминов. Мотуридия таълимоти ва Абу Муин Насафий илмий мероси. – Тошкент: “Movarounnahr”, 2018.
3. Маънавият юлдузлари(Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.
4. www.ziyo.uz.
//
Изоҳ йўқ