Абу Бакр Наршахий


17:12 / 27.12.2021 1259 0

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги  буюк сиймоларидан бири, ўрта асрлар даврида тарих илмини мукаммал эгаллаган,  тарихнавис  олим  Абу Бакр Наршахий   ҳақида тўхталамиз.   

 

Манбаларда  Абу Бакр Наршахийнинг  тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ал-Хаттоб ибн Шарик ан-Наршахий деб қайд қилинади. У  Бухоро атрофидаги Наршах қишлоғида 899 йил таваллуд топган. Тарихий манбаларда Абу Бакр Наршахийнинг  ҳаёти ва фаолиятига доир бирор кенгроқ маълумот учрамайди. У ўзи туғилган Бухоронинг Наршах қишлоғида  959 йилда  вафот этган.

 

Абу Бакр Наршахий – Ўрта Осиё тарихнавислигининг илк қадимий дурдоналаридан бири бўлмиш “Тарихи Бухоро” деб шуҳрат топган нодир асарнинг муаллифидир. Ўз асарини 943–944 йилларда араб тилида ёзган ва уни шу йилларда тахтга ўтирган Сомонийлар давлати ҳукмдори Амири Ҳамид, яъни Абу Муҳаммад Нуҳ ибн Наср ибн Ахмад ибн Исмоил ас-Сомоний (943–954)га бағишлаган. Афсуски, “Бухоро тарихи”нинг араб тилида ёзилган асл нусхаси бизгача етиб келган эмас. Бизга насиб бўлгани – бу форс тилига таржима қилиниб, қарийб уч аср давомида бир неча бор таҳрир, қисқартиш ва қўшимчаларни бошидан кечирган нусхадир.

 

“Бухоро тарихи” асарнинг сўз бошисида айтилишича, 1129 йили асли ҳозирги Қува шаҳридан бўлган Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Қубовий Наршахийнинг китобини дўстларининг илтимосига биноан араб тилидан форсийга таржима қилган ва бунда у асарнинг баъзи жойларини қисқартирган; аммо, шу билан бирга айрим қўшимчаларни ҳам киритган. Шундан ярим аср ўтгач, мазкур форсий таржима яна қайтадан таҳрирга учраган; 1178-1179 йиллар давомида Муҳаммад ибн Зуфар ибн Умар асарни иккинчи марта қисқартириб баён этган. Аммо асарни ўқир эканмиз, биз унда мазкур 1178 йилдан кейинги, то 1220 йилгача бўлиб ўтган тарихий воқеалар ҳақида ҳам қисқа-қисқа маълумотларни учратамиз. Бу ҳол шуни кўрсатадики, Муҳаммад ибн Зуфарнинг қисқартиришидан (яъни 1178 йили) кейин ҳам бир неча номаълум кишилар ана шу форсий таржимани таҳрир қилган. Улар асарни яна қисқартирган дейишга асос бўлмаса-да, лекин қўшимчалар киритгани воқеалар мазмунидан кўриниб туради.

 

“Бухоро тарихи”нинг қўлимиздаги барча нусхалари ана шу 1220 йилгача давом эттирилган матнни ўз ичига олади. Асарнинг араб тилидаги асли бизгача етиб келмаганидек, форсий таржима ҳам кейинги таҳрирчилар орқалигина мавжуддир. Чунончи, таржимон Абу Наср Аҳмад асардаги баъзи жойларни қисқартириш билан бирга, унга катта тарихий аҳамиятга эга бўлган маълумотларни киритган. Бунда у ўзидан олдинги ишончли манбалардан фойдаланган. Улардан бири IX аср муаллифи Абулҳасан Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Нишопурийнинг “Хазоин ул-улум” номли асаридир. Бундан ташқари, таржимон Абу Исҳоқ Иброҳим ибн ал-Аббос ас-Сулийнинг “Ахбори Муқаннаъ” асаридан, Абу Жаъфар Муҳаммад ат-Табарийнинг “Тарихи Табарий” асаридан қўшимчалар келтирган.

 

Таржимон Абу Наср Аҳмад ва ундан кейинги таҳрирчи, қайта ишловчилар ҳам “Тарихи Бухоро” матнига анчагина ўзгартишлар киритган бўлсалар ҳам, аммо Наршахий номини муаллиф сифатида сақлаб қолганлар. Масалан, асарда учрайдиган “бу китобнинг мусаннифи айтади” (Теҳрон нашри, 1939 й., 4- бет) деган таъкидлар буни яққол исботлайди. Лекин шунга қарамай, Наршахий ўз асарини тамомлаган 944 йилдан кейинги, то 1220 йилгача бўлган воқеалар муаллифлари деб биз мазкур таржимон ва таҳрирчиларни танимоғимиз лозим.

 

Абу Бакр Наршахийнинг ўзи асарга қандай ном берганлиги маълум эмас. Шунинг учун у қўлёзма нусхаларда ва тарихий адабиётларда “Тарихи Наршахий”, “Таҳқиқул-вилоят”, “Ахбори Бухоро”, “Тарихи Бухоро” номлари билан юритилади. Лекин улардан энг аниқроғи ва илмий адабиётда кўпроқ ишлатиладигани “Тарихи Бухоро”дир.

 

Абу Бакр  Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида  асосан Бухоро воҳасининг обод бўлиши, овчилик, балиқчилик ва деҳқончиликнинг касб этилиши, Нумижкат, Пойканд, Афшона, Варахша, Ромитон, Вардона каби қадимий қишлоқларнинг барпо бўлишидан тортиб, то Бухоро шаҳрининг қад кўтаришигача бўлган муҳим тарихий воқеалар тўғрисида ҳикоя қилинади.

 

Наршахий асарида ислом кириб келишидан аввалги Бухоро ва араблар босқинчилигидан аввал яшаган аҳоли хотираси ҳақида сўзловчи бир қатор ривоятлар ҳам мавжуд. Ушбу ривоятлар сирасига Сиёвуш Афросиёбнинг ўлими ҳақидагиси ҳам киради.

 

Асарда Марказий Осиёда араб халифалиги ҳукмронлигининг ўрнатилиши, ислом динининг тарқатилиши, оташпарастлик ва у билан боғлиқ маданий ҳаётнинг инқирози, Муқанна — “Оқ кийимликлар” қўзғолони, Сомонийлар давридаги давлат идораси, маданий қурилишлар борасида турли-туман қизиқарли маълумотлар келтирилган. Шунигдек, асарда  Бухоронинг иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётига, айниқса, пул муносабатларига, хирож йиғиш тизимига оид маълумотлар бор.

 

“Бухоро тарихи”да ер-сув муносабатлари ҳақида сўзлар экан, Наршахий қадимги заминдорларни “деҳқонлар”, яъни “қишлоқ ҳокимлари”, зироатчиларни “кашоварзлар”, яъни “ер ҳайдовчи” – “қўшимчалар”, йирик ер эгаларига қарам қишлоқ аҳолисини “кадиварлар” номлари билан атайди.

 

Асарда кўрсатилишича, VIII–X асрларда Бухорода ҳунармандчилик ниҳоятда ривожланган бўлиб, ҳар бир қишлоқ ўз маҳсули билан шуҳрат топган. Масалан, Зандана қишлоғида тўқиладиган ипак ва ип матолар “занданийча” номи билан бутун Шарққа машҳур бўлган. Бухоро шаҳрининг ўзида “Байт ут-тироз” номли тўқимачилик корхонаси бўлиб, унинг маҳсулотлари Форс, Кермон, Ҳиндистон, Ироқ, Шом, Миср ва Рум каби ўлкаларга олиб борилган.

 

Бухоро савдогарлари ниҳоятда бой табақа бўлиб, Наршахий уларни “кашкашон” деб атайди. Савдо муносабатлари кенг ёйилгани сабабли Бухоро шаҳрига “Маданият ут-тужжор” яъни “Савдогарлар шаҳри” деб ҳам аталган.

 

Абу Бакр  Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида  воҳани суғорувчи анҳорлар, обод қишлоқлар, работлар ва кўшклар ҳақида маълумотлар бор. Бутун воҳа VIII–XII асрларда Кармана, Шопурком, Сомжон, Байконруд, Фаровизи Улё, Коми Даймун, Арвон, Кайфур, Руди Зар каби суғориш тармоқлари орқали сув билан таъминланган.  Пойканд шаҳри атрофида мингдан ортиқ работ бўлган.

 

Бухоро воҳасини ташқи ҳужумлардан мудофаа этиш мақсадида унинг барча деҳқончилик музофотлари бир неча юз фарсахга чўзилган мудофаа девори билан ўраб олинган. Бу девор 782831 йиллар мобайнида қуриб битказилган ва у Кампирак номи билан машҳур бўлган.

 

Абу Бакр  Наршахийнинг асарида Бухоро шаҳрининг тарихий топографияси тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар бор. Ўрта асрларда Бухоро аркининг Дари Регистон ва Дари ғўриённомли икки дарвозаси бўлган. Унинг ичида подшоҳлар, амирларнинг турар жойлари бўлиб, подшоҳлик девонлари ва подшоҳлар турадиган қаср қадимдан шу ерда жойлашган.

 

Бухоро шаҳри 850 йилда  янгидан девор билан ўраб олинган. Унинг еттита дарвозаси бўлган. Бухоро қадим замонларда, Нумижкат, Бумискат, Фохира, Мадинат ус-суфрия, яъни Мис шаҳар номлари билан аталган.

 

Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асари нусхалари дунё қўлёзмалар хазиналарида қўплаб учрайди. Ўзбекистан Республикаси Фанлар Академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 20 дан ортиқ нусха мавжуд. Асарнинг форсий матни бир неча бор 1892 йили Ч. Шефер томонидан Парижда, 1904 йили Мулло Султон томонидан Бухорода (Когон), 1939 йили Мударрис Ризаний томонидан Теҳронда нашр қилинган.

 

“Бухоро тарихи”нинг Н. Ликошин бажарган рус тилига таржимаси 1897 йили Тошкентда, Р. Фрайнинг илмий изоҳлар билан бойитилган инглизча таржимаси 1954 йили Кембриджда, НасруллоҳТарозийнинг араб тилига илмий изоҳли таржимаси Мисрда чоп этилди. Бир неча қўлёзма ва нашрлар матни солиштирилиб, тафовутлар қайд этилган илмий изоҳли ўзбек тилидаги таржимаси 1966 йили А. Расулов ва А. Ўринбоевлар томонидан “Фан” нашриётида нашр этилган.

 

Буюк тарихнавис  олим  Абу Бакр   Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асари  биргина Бухоро тарихини эмас, балки бутун Ўрта  Осиё тарихини ўрганиш учун қимматли тарихий манба бўлиб ҳисобланади.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

                                         

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003, 6-жилд.

2. Абу Бакр ибн Жафар Наршахий. Бухоро тарихи. – Тошкент: Камалак, 1995, 130 б.

3.  Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

4. www.ziyo.uz.

 

       

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//