Абу Бакр Ал-Хоразмий


14:12 / 24.12.2021 1012 0

Ўрта асрларда  илм-фан ва маданиятнинг гуллаб яшнашида кўҳна Хоразмнинг ҳам улкан улуши бор. Бу ўлкадан  кўплаб алломаларнинг етишиб чиққани ҳамда бир неча илмий мактаб, марказ ва академияларнинг фаолият юритгани бунинг ёрқин мисолидир.

 

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ алломаларидан бири  Абу Бакр ал-Хоразмий ҳақида тўхталамиз.

 

Манбаларда унинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Аббос ал-Хоразмий деб келтирилади. У 935  йилда Хоразмда туғилиб, илк таълимни шу ерда олади. 20-25 ёшларида ватандан чиқиб, Ироқ ва Шомга боради, етук олим ва шоирлар билан танишиб, улардан таълим олади. Кейин Ҳалабга бориб, машҳур Ҳамдамийлар амири, шоир ва олимлар ҳомийси Абулҳасан Сайфуддавла (944-967) билан танишиб, унинг саройида хизмат қилиб, сўнг Бухорога келади.

 

Абу Бакр ал-Хоразмий Сомонийлар саройда яшаб, вазир Абу Али ал-Балъамий билан дўстлашади, лекин у билан муносабати ёмонлашиб, Нишопурга йўл олади. Бу ердаги таниқли шоирлар Абулҳасан ал-Казвиний, Абу Мансур ал-Бағавий ва Абулҳасан ал-Ҳакамийлар билан дўстлашиб, уларнинг шоирлик маҳоратидан баҳраманд бўлади.

 

Абу Бакр ал-Хоразмийнинг умри фожиалар ва роҳатбахш этувчи онларга тўла. У турли шаҳарларда бўлиб, қамоқда ҳам ётиб чикади, амирларнинг эътиборига тушиб бойлик ҳам орттиради, амалдорларнинг ғазабига учрайди.

 

Абу Бакр ал-Хоразмий Нишопурга келиб, бу ерда муқим яшай бошлайди. Талабаларга сабоқ беради, шеър ёзишни ўргатади, нишопурлик машҳур адиб, шоир ва олимлар, шулар қатори ас-Саолибий билан дўстлашиб, уларнинг мажлисларида иштирок этади. Яна Сомонийлар вазири ал-Утбий сиқувидан қутулиш учун қочишга мажбур бўлади. Шоир бир неча вақтдан сўнг яна Нишопурга қайтади, умрининг охирида яккаланиб қолади ва ҳаётининг кейинги даври оғир мусибатлар билан ўтади. У ҳижрий 383 (милодий 993) йили Нишопурда вафот этади.

 

Абу Бакр ал-Хоразмий нафақат етук адиб, балки ўз даврининг қомусий олими сифатида ҳам шуҳрат қозонган улуғ сиймолардан биридир. Аллома илм-фаннинг турли соҳаларида қалам тебратган ва ўз даврида машҳур бўлган қатор асарлар яратган. Манбаларда Хоразмийнинг “Девон аш-шиър” (“Шеърлар девони”), “Мажмуъа ар-расоил” (“Мактублар тўплами”) ва “Расм ал-маъмур мин ал-Билад” (“Обод диёрнинг чизмаси”) каби асарлар ёзгани таъкидланади.

 

Абу Бакр ал-Хоразмийнинг “Мажмуъа ар-расоил” (Мактублар тўплами) асари машҳур бўлиб, қайд этилишича, ушбу асар X аср насрий адабиётининг машҳур ёдгорлиги ҳисобланади. Унда Хоразмийнинг дўстлари ва ҳомийлари, яъни шоир замонасидаги машҳур кишилар, амир, вазир, лашкарбоши, қози, амалдор, фақиҳларга, адиб ва тилшунос олимларга ёзган хатлари жамланган.

 

Рисолалар мазмуни турли байрамлар, юқори мартабаларга кўтарилиш ва бирор муваффақиятни қўлга киритиш, ўлим, мансабдан четлашиш, касаллик ёки уруш хавфи каби муносабатлар билан табрик ёки қайғу изҳор этиб, тасалли бериш, туҳфалар учун ташаккурга бағишланган.

 

Абу Бакр ал-Хоразмийнинг илмий маънавий меросида машҳур асари “Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум” (“Илмларга фойдали ва ташвишларни кетказувчи” китоб) нинг аҳамияти катта. Алломанинг мазкур асари илк маротаба 1903 йилда Саид Муҳаммад Хошим ҳомийлигида Дамашқда чоп этилган. Кейинчалик 1909 йилда Мисрда, 1911 йилда такроран Мисрда нашр этилган.

 

Унинг асари ўз даврининг энциклопедик манбаси нуфузига эга бўлган. Бу ҳақда муқаддимада муаллифнинг ўзи: “Ушбу китобни турли диний ҳамда дунёвий масалаларда кишиларга фойдали бўлиши учун ёздим ва уни “Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум дея номладим”, деб ёзади.

 

Абу Бакр ал-Хоразмий асаридаги маълумотлар турли мавзуларга қаратилган бўлиб, улар муаллиф томонидан жуда аниқлик билан ифодаланган. Масалан, ислом динининг асосий беш аркони, тавҳид ва унинг моҳияти, олам ва инсоннинг яратилиши, нубувват ва унинг шартлари, турли диний-ахлоқий қоидалар, эсхотология масалалари, адашган диний фирқаларга раддиялар, инсондаги турли салбий иллатларнинг оқибатлари ва уларни муолажа қилиш усуллари, шунингдек, географик маълумотлар, ўлкашунослик масалалари, давлатни бошқариш сирлари ва бошқа шу каби масалаларни ўз ичига олади. Хоразмий асардаги мавзуларни ёритишда шеърий қофиялардан ҳам фойдаланади.

 

Абу Бакр ал-Хоразмий Ўрта  Осиёда X аср адабий ҳаётидаги араб тилида ижод этган машҳур адиб ҳамда сўнгги бадиий жараёнга катга таъсир кўрсатган ижодкор сифатида ҳам тилга олинади.

 

Абу Бакр ал-Хоразмийнинг асарларида ёритган ҳаётий-фалсафий, маънавий-маърифий фикрларини ўрганиш ва уни замонавий руҳда ривожлантириш бугунги кун ёш авлод маънавий  тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга. 

 

 Ҳикматларидан баъзиларини сизларга ҳавола қилишни лозим топдик:

 

 

***

Қалбаки мақташ ҳақоратлашдир, пойдеворсиз қурилган бино қулайди.

 

 

* * *

Сабабсиз узр гуноҳдир, ишонч йўқолиши билан қилинган такаллуф ҳақоратдир.

 

 

* * *

Ғазаб ҳурматни унутади, яхшиликларни кўмиб юборади ва гуноҳсизлар учун жиноятлар вужудга келтиради.

 

 

* * *

Кишиларга маълум бўлмаса ҳам, ҳақиқат ҳақиқатдир, кўр кўрмаса ҳам, кундузи кундузидир.

 

 

* * *

Эҳтиётсиз (қилинган) дори-дармон касалликдир, унга ҳожат тушгандагина шифо бўлади.

 

 

* * *

Олижаноб (киши) зафарининг каромати (шундаки), агар қўлга киритса, (бошқаларга) беради, пасткаш зафарининг қабиҳлиги шундаки, қўлга киритса, яна (кўпроқ) киритишни истайди.

 

 

* * *

Дангасанинг ҳожатида унга ҳамроҳ бўлма, қанча содиқ кишилар бошқанинг фасоди билан бузилиб кетадилар.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

  

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Озод Машарипов, Алишер Машарипов. Хоразмнома.– Тошкент: “Истиқлол нури” нашриёти, 2014.

2. Маънавият  юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

3. Буюк аждодларимиз (масъул муҳаррир: М.Аминов, Ф.Хасанов). – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001.

4. www.ziyo.uz.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//