“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги улуғ зотларидан бири, Алишер Навоиий тавсифи билан айтганда, ислом дунёсининг “шайхул машойих”и Хожа Аҳмад Яссавийдир.
Буюк мутасаввуф ва “карамати зўр” валий ҳақида гап кетганда юртдошларимиз қалбида Туркистон диёридан чиққан мутафаккир номининг ва таълимотининг улуғворлигидан фахрланиш туйғуси уйғонади. У зотнинг улуғлигини шундан ҳам кўришимиз мумкинки, нуфузли халқаро ташкилотлардан бири, ЮНЕСКО томонидан 1993 йилни “Яссавий йили” деб эълон қилинди. Дарҳақиқат, қарийб саккиз асрки, Хожа Аҳмад Яссавий таълимотига, унинг ҳикматларига қизиқиш кучайса кучайдики, сусаймади. Бу эса унинг номи, таълимоти, асарлари умрбоқийлигидан нишонадир.
Ўрта Осиёда ХII асрда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий баъзи манбаларда XI асрнинг иккинчи ярмида, баъзи манбаларда 1103йилда Сайрамда (Ясси) дунёга келгани айтилади. Унинг вафот этган вақти кўпгина қўлёзма манбаларда 1167 йил деб ёзилган. Аммо баъзи ривоятларда уни 130 йил яшаган, дейишади.
Аҳмад Яссавийнинг отаси Иброҳим Туркистоннинг таниқли шайхларидан бўлган. Онаси Қорасоч момо номи билан машҳур. Аҳмад Яссавий ёшлигида онасидан, сўнг отасидан ажралади. Яссавий тарбияси билан опаси Гавҳар Шаҳноз машғул бўлади. Опаси билан Яссига кўчиб боргач, биринчи устози Арслонбоб билан учрашади ва ундан таҳсил олади (“Етти ёшда Арслон бобом излаб топдим…”).
Аҳмад Яссавий дастлабки таълимотини Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра бобоси Арслонбоб кўрсатмаси билан Бухорога бориб Юсуф Ҳамадонийдан таълим олади. Аҳмад Яссавийнинг ўзи устоз Юсуф Ҳамадонийнинг ҳузурига 23 ёшда борганини ва унинг тарбиясига ноил бўлганини эътироф этади. Бухорода у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганади. Форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб, Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олади.
Юсуф Ҳамадонийнинг Бухородаги шогирдлари орасида Ҳасан Андоқий, Абдулло Барақий, Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувоний алоҳида ажралиб турарди. Кейинроқ бу тўрт истеъдодли шогирд Ҳамадоний мактабини муваффақият билан давом эттирдилар. “Яссавия”, “Нақшбандия” тариқатлари Ҳамадоний таълимоти асосида шаклланди. Аҳмад Яссавий тасаввуф илмини шу қадар чуқур эгаллайдики, халқ орасида “Мадинада Муҳаммад, Туркистонда Хожа Аҳмад” деган нақл пайдо бўлади.
Тасаввуф – Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг маънавий ҳаёти тарихидаги энг мураккаб, ўзаро зиддиятларга тўлиб-тошган ва муҳим ҳодисалардан бири бўлиб, унинг учун таркидунёчилик, бу дунё бойликларидан ва нозу неъматларидан воз кечиш, Аллоҳ васлига етмак мақсадида пок, ҳалол, ўз меҳнати ила яшаш, ихтиёрий равишдаги фақирлик характерли хусусиятлардан ҳисобланган. Ривоятларга кўра, Яссавий 63 ёшга етгач, ер остида ҳужра ясатиб, “чилла”га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган.
Аҳмад Яссавий Ўрта Осиё маданияти тарихида илк туркийзабон мутасаввуф шоир сифатида маълумдир. Унинг тасаввуфни тарғиб этувчи туркийда ёзилган шеърлари тилининг халққа яқинлиги, оҳангдорлиги билан тезда машҳур бўлиб кетди.
Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмат” асарида 240 га яқин шеърлар жамланган бўлиб, асар халқ орасида “Девони ҳикмат” номи билан машҳур бўлган. Ҳикматларга “Қул Хожа Аҳмад”, “Хожа Аҳмад Яссавий”, “Аҳмад ибн Иброҳим”, “Султон Хожа Аҳмад Яссавий”, “Яссавий мискин Аҳмад”, “Мискин Яссавий”, “Хожа Аҳмад”, “Аҳмад”, “Аҳмадий”, “Қул Аҳмад”, “Мискин Аҳмад” каби тахаллуслар қўйилган.
Унинг ҳикматларида панд-насиҳат асосий ўрин тутади. Уларнинг барчасида сўфийлик тариқатининг амоллари ҳақиқатни билиш, Ҳақни севиш, нафсу дунёдан чекинишга даъват этувчи ғоялар ўз аксини топгандир. Инсон руҳи ва онгини ҳар қандай иллат, қабоҳатдан озод этиш керак, ана шундагина инсонда ахлоқида кўзга ташланувчи айрим нуқсонлар юзага келмайди, деган фикрлар комил инсонни шакллантиришнинг асосий йўлларидан бири сифатида эътироф этилади.
Зеро, тасаввуф нафс лаззатларидан воз кечишдир. Нафс-очкўзлик, ўғрилик, жаҳолат, худбинликни келтириб чиқаради. Шунинг учун қаноат Аҳмад Яссавийнинг ҳаётий шиори саналади. Олий руҳий олам сирларига етишгани учун у нафсидан, кибру ҳаводан кечган эди. Қуйидаги байтларда буни яққол кўриш мумкин:
Жондан кечган чин ошиқлар дунё демас,
Нафси ўлук, обу таом ғамин емас.
Бу дунёда суду зиён бўлса билмас,
Дунё келиб, жилва қилса боқғони йўқ.
Айни вақтда шоир ўзини ўзгалардан устун қўймайди, валийман деб, кибру ҳавога берилмайди, аксинча, ўзига танқидий руҳ билан қарайди. Ўзини ва ўзгаларни камтарликка чақиради:
Йўлдан чиқиб озганимни билмадим мен,
Ҳақ сўзини қўлоғимга олмадим мен,
Бу дунёдан кетаримни билмадим мен,
Сўрар бўлса мен қул анда не қилғайман?
Аҳмад Яссавий нодонлик туфайли ҳаётда саводсизлик, диёнатсизлик, ота-она ва устозларга ҳурматсизлик, маънавий қашшоқлик, ёвузлик, такаббурлик, нодон инсоннинг энг тубан шахс экани, нодонлик, разолат ҳукм сурган жойда, маърифат бўлмаган ўлкада мамлакатнинг инқирозга юз тутишини алоҳида қайд этиб ўтади.
Аҳмад Яссавий ҳикматларида Ҳаққа етиш йўлини тарғиб қилар экан, инсонни жаҳолат ботқоғидан халос қилиш лозимлигига урғу беради. У “Шариатда ориф-билоҳ бўлишни, тариқатда воқиф-асрор бўлишни, ҳақиқатда комил-мукаммал бўлишни, маърифатда дарёи уммон бўлишни талаб қилади”.
Аҳмад Яссавий – мутасаввуф шоир. Тасаввуфдаги тўрт асосий босқич: шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат моҳиятини шеърий мисраларига сингдирган Аҳмад Яссавий шу йўналишда катта шуҳрат қозонди. Бу бежиз эмас. Адиб тасаввуфни инсон маънавиятини юксалтирувчи муҳим омил сифатида билади. Бундан мақсад инсониятни тўғри йўлга даъват этишдир. Тўғри йўл ҳақиқатни англашга олиб келмоқ керак. Ҳақиқатни англаш ўзликни англашдир. Бунга эришмоқ учун кишининг ҳидоят йўлига кирмоғи, бутун куч ва вужудини шу йўлга қаратмоғи керак.
Аҳмад Яссавий шеъриятидаги образлар тузилиши ҳам тасаввуф таълимоти билан, ҳам оғзаки ижод анъаналари билан чамбарчас боғланиб кетган. Пир, дарвиш, ошиқ, обид, оқил, зоҳид, ишқ, толиб, уммат, расул, шайтон, иймон каби образлар бевосита тасаввуф билан боғланса, йўл, работ, карвон, ўқ кабилар оғзаки ижод анъаналари билан алоқадор ҳолда юзага келган.
“Яссавия” тариқатининг барча ақидалари Аҳмад Яссавийнинг асосий асари бўлмиш “Ҳикмат”да муфассал баён этилган. “Ҳикмат” асарида “Яссавия” таълимотидаги поклик, ҳалоллик, тўғрилик, меҳр-шафқат, ўз қўл кучи, пешона тери ва ҳалол меҳнати билан кун кечириш, Аллоҳ таоло висолига етишиш йўлида инсонни ботинан ва зоҳиран ҳар томонлама такомиллаштириш каби илғор умуминсоний қадриятлар ифода этилган.
Айрим манбаларда Аҳмад Яссавий 4400, бошқа манбаларда 9900 ҳикмат айтган дейишади. (Шоирнинг ўзи девонида “Тўрт минг тўрт юз ҳикмат айтдим, ҳақдин фармон”, дейди. Иброҳим Ҳаққуловнинг ёзишича, турк олими Комил Эрарслон бу рақамни кейинги шоирлар тўқиган, деган фикрни айтади). Бизнингча ҳам, 4400 рақами рамзий маънода ишлатилган. Аслида гап шоир ҳикматларининг сонида эмас, мазмунидадир.
Соҳибқирон Амир Темур фармони билан 1395-1397 йилларда Туркистонда “Яссавия” тариқатининг асосчиси Хўжа Аҳмад Яссавийнинг қабри ўрнида муҳташам мақбара қурдирилади. Амир Темур алоҳида фармон қабул қилиб, мақбара ёнида масжид ва хонақоҳ дарвишлари ва зиёратчилари учун 60 челак сув сиғадиган катта дошқозон ясатган. Оғирлиги 2 тонна, четининг айланаси 2,75 газ келадиган , етти хил металл: темир, руҳ, қўрғошин, қалай, қизил мис, кумуш ва олтин қоришмасидан ясалган мазкур қозон табризлик оҳангар уста Абдул Азиз ибн Шарафиддин ва унинг шогирдлари қўли билан ясалган. Бу қозонга ўхшаш нодир ажойибот дунёнинг бошқа ҳеч бир диёрида учрамайди. Байрам, ҳайит кунлари Яссавий масжидига сон-саноқсиз ибодат қилувчилардан келганида, бу қозонга шу мақбара остидан чиқадиган муқаддас булоқ сувидан тўлдириб, одамларга улашилган. Зиёратчилар кўнгиллари покланиб, касалликлардан фориғ бўлиб кетишган.
“Яссавия” тариқатининг асосчиси ва шоир Хожа Аҳмад Яссавий қолдириб кетган буюк мерос, маънавиятимизнинг ривожида муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Насафий. Хожа Аҳмад Яссавий. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1993.
2. Яссавий ким эди (Тўплаб нашрга тайёрловчи ва сўз боши муаллифи Бойбўта Дўстқораев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994.
3. Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.
4. www.ziyo.uz.
//
Изоҳ йўқ