Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий


14:12 / 17.12.2021 943 0

Инсоният тарихида ўз жамиятининг илғор кишиларини ўзида бирлаштирган кўплаб фанлар академиялари мавжуд бўлган. Миллодан аввалги IV асргача Афинада иш олиб борган Платон академияси, 819–860 йилларда Бағдодда фаолият кўрсатган Байтул ҳикма (Донишмандлар уйи) ва 1004–1017 йиллардаги Хоразм Маъмун  академиялари жаҳон илм-фани учун ёрқин из қолдира олган буюк сиймоларни етиштириб берди.

 

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги илм аҳлларидан яна бири Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийдир. У улуғ зотнинг  тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразмий. Туғилган йили ҳақида маълумотлар сақланиб қолмаган. Олим 997 йилда вафот этган. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг ёшлиги Хива, Замахшар ва Қиёт шаҳарларида ўтган.

 

Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий машҳурлик даври сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансурнинг вазири  Абул Ҳасан ал-Утбий ҳузурида котиб бўлиб хизмат қилган даврида чўққисига чиққан. Шу вазифаси туфайли у ал-китоб ал-Хоразмий номи билан ҳам танилган. Ўз хизмат вазифалари юзасидан Бухорога тез-тез бориб турган ва кўпгина алломалар билан ҳамсуҳбат бўлган.

 

Абу Абдуллоҳ Хоразмийнинг бизгача етиб келган, кўпчилик асарлари сингари ўша даврнинг илм тили – араб тилида битилган, ягона маълум асари – “Мафотиҳ ал-улум”(“Илмлар калити”)дир. Қўлёзма нусхалари жуда кўп эмас. Яқин-яқингача тўрт нусхаси бор деб ҳисобланар эди. Учтаси Буюк Британия музейида ҳамда Берлин кутубхонасида сақланади. ХХ асрнинг 60-йилларида ушбу асарнинг яна олти нусхаси Истанбул кутубхоналарида борлиги аниқланди.

 

“Мафотиҳ ал-улум”(“Илмлар калити”) ўзига хос қомусий асар бўлиб, ўша даврдаги деярли ҳамма асосий фан соҳаларини ўз ичига қамраб олган. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий асарида  ҳар бир илм мазмунини шарҳлаб беради. Уларнинг таснифи қуйидагича:

 

Шариат ва у билан боғлиқ илмлар:

 

фиқҳ, яъни мусулмон ҳуқуқшунослиги;

калом, яъни дин асослари;

грамматика;

иш юритиш;

шеърият ва аруз;

тарих.

 

Назарий фалсафа:

 

табиий илмлар – тиббиёт (тиб, самовий ҳодисалар метеорология, минералогия, ал-кимё, механика) – қуйи;

риёзиёт илмлари (арифметика, ҳандаса, илм ан-нужум, мусиқа) – ўртача;

илоҳий, яъни метафизика – олий илм;

мантиқ.

 

Амалий фалсафа:

 

ахлоқ – этика (одамни бошқариш);

уйшунослик (уйни бошқариш);

сиёсат (шаҳарни, мамлакатни бошқариш).

 

Абу Абдуллоҳ Хоразмий ўз таснифида ўша давр анъанаси, яъни илмларни иккига бўлишни қўллаб-қувватлаб, анъанавий (шаръий) ва анъанавий бўлмаган (фалсафий)ларга ажратади. Асардаги анъанавий илмлардан бири, фиқҳда муаллиф ислом қонуншунослигининг асоси бўлган ва ислом ҳуқуқи посбонининг доимий дастури Қуръон, пайғамбар сўзлари, ҳикматли гаплари ва ҳаётларини акс эттирувчи суннат, ҳадис ва унинг хиллари; ижмo – ислом жамоасининг якдиллик билан тан олган қарори; шариат қонун-қоидаларига амал қилишни, яъни таҳорат қилиш, намоз ўқиш, азон айтиш, рўза тутиш, закот тўлаш устида тўхталиб ўтади.

 

Араб адабий тили грамматикаси, унинг қонун-қоидалари грамматика бўлимида баён этилган. Айни пайтда, муаллиф араб шеърияти ва унинг таркибий қисмларидан бўлган аруз устида ҳам муфассал тўхталиб ўтган. Иш юргизиш бўлими давлат девони, солиқ турлари ва олиниши, солиқ йиғувчиларнинг вазифалари, аскарлар рўйхати, уларнинг кийим-кечаги ва тўланадиган маошлари, ирригация шаҳобчаларида фойдаланиладиган атамалар, канал хиллари, сув ускуналари, икки дарё (Сирдарё ва Амударё) оралиғидаги суғориш тизимлари ҳақидаги маълумотларни ёритиб бериши билан муҳимдир.

 

Асарнинг тарих бўлимида афсонавий подшоҳлардан бошлаб, тартиб билан турли давр ва мамлакатлар маликлари, умавийлар ва аббосийлар халифалиги, исломгача бўлган даврдаги Яман тарихи, Рум ва юнон тарихи ҳақида муфассал маълумотлар келтирилган. Ўрта асрларда одамлар жамоасини табақаларга бўлиниши ҳам шу бўлимда зикр этилади. Муаллиф ўз асаридаги анъанавий бўлмаган илмлар қаторида биринчи бўлиб фалсафа қайд этилиб, унда ушбу илм атамаларининг шарҳи билан бир қаторда илмлар таснифи масаласи ёритилган.

 

“Мафотиҳ ал-улум” асарининг табиий илмларга оид бўлимлари ўрта аср Шарқида илмий юксалиш даражасини ўрганиш нуқтаи назаридан ниҳоятда маълумотларга бойдир. Тибга оид бўлимда касалликлар, содда ва мураккаб дорилар ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Ушбу бўлимда ўша давр табобатида маълум бўлган ва кенг тарқалган мижоз ҳамда қон томири уришига қараб касалликни аниқлаш тўғрисидаги нодир тавсифлар берилган.

 

Асарнинг риёзиёт бўлимида ўрта аср Шарқидаги математик илмлар ҳолати баён этилади. Хоразмий математик тушунчани ақлнинг ихтиёрий ижоди эмас, балки объектив оламнинг маълум томонлари, предмет муносабатларининг инъикоси деб талқин этади. Буюк олимнинг  ўз даври табиий ва риёзиёт илмларини яхши билгани, уларни назарий фалсафага киритиш билан бир томондан, уларнинг аҳамиятини ошириш ва таъкидлаш, иккинчи томондан, фалсафани бойитишга интилгани ифодасини топган.

 

Абу Абдуллоҳ  Хоразмийнинг “Мафотиҳ ал-улум” асари ўзининг барча илмларни  ва маънавий жараёнларини ўзида қамраб олган йирик асарлардан бири экани билан ажралиб туради.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

 

 Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Озод Машарипов, Алишер Машарипов. Хоразмнома.– Тошкент: “Истиқлол нури” нашриёти, 2014.

2. Маънавият  юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

3. Буюк аждодларимиз (Масъул муҳаррир: М.Аминов, Ф.Хасанов). – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001.

4. www.ziyo.uz.

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//