“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” рукнининг навбатдаги сонида Бағдодда илми нужум билан шуғулланган йирик мунажжим ва жуғрофий олим Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сағоний ат-Термизий – Устурлобийнинг ҳаёти ва ижодига тўхталамиз. Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сағоний IX асрнинг охирида – 898 йил Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Буғ қишлоғида туғилган. У Бухоро ва Самарқандда таълим олиб, ўз илмий фаолиятини Абу Саҳл Куҳий раҳбарлигидаги Бағдод расадхонаси билан боғлаган.
Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сағоний Абу Саҳл Куҳий раҳбарлигидаги расадхона учун осмонни кузатадиган бир қанча асбоблар, жумладан, янгича устурлоб ясаб бергани ҳақида маълумот бор. У йирик мунажжим ва жуғрофий олим бўлиши билан бирга, Абу Райҳон Берунийнинг ёзишича, ўз устози Абу Саҳл Куҳийдан кейин эътиборли юлдузшунос сифатида эътироф топган. Баъзи манбаларда олимнинг исми Аҳмад ибн Муҳаммад Сағоний Устурлобий тарзда берилади ва йирик мунажжим, етук риёзиёт илми соҳиби ҳамда юлдузларни текширувчи устурлоб асбобининг ихтирочиларидан экани эслатилади. Буюк ватандошимиз Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сағоний X асрлардаёқ осмон жисмларини аниқлайдиган янги ихтиролар, яъни янги технологияларни кашф қилганини кўришимиз мумкин.
Муҳаммад Азимов “Сурхондарё ижодкорлари” китобида аллома ҳақида муҳим маълумотларни тақдим этади. Унинг ёзишича, олим ўзининг “Илм ун-нужум” асарида ўз аждодлари хусусида маълумот бериб ўтади (бу тадқиқот илмий тадқиқотчи Гулсум Хўжамшукурова қўлида сақланмоқда). Асарнинг 131-саҳифасида ёзилишича, катта боболари Муҳаммаднинг икки фарзанди бўлиб, ўғлининг исми Абу Ийсо, қизининг исми Танзила бўлган. Шайх Муҳаммад қизини Башир Термизийнинг ўғли Ҳошим Термизийга турмушга беради. Ҳошим Термизий билан Танзиланинг ўғиллари Сонур ва Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Ҳаким ат-Термизийлардир. Аҳмад Устуролбий эса ал-Ҳаким ат-Термизийнинг акаси Сонурнинг ўғлидир. Аҳмад Устурлобийнинг ёзишича, момоси Танзила ўта билимли, замонасининг солиҳа аёлларидан бўлган. Сонур ёш вафот этиб, Аҳмаднинг тарбияси амакиси ал-Ҳаким ат – Термизий қўлида қолади. У Термиз шаҳрида ўсиб, таълим олади.
Аҳмад Устуролбий мунажжимликдан ташқари амакиси ал-Ҳаким ат-Термизий каби ҳакимлик – табиблик билан ҳам шуғулланган. Қомусий олим ўз асари “Илм ун-нужум”да бошқа китоблари – “Фазо ал-асар” ва “Илм ан-нужум ват-тиб ал-Ҳакимия” (“Юлдузлар илми ва ҳакимия табобати”) ҳақида, Термиздаги расадхона ва бу ерда фаолият кўрсатган 36 нафар мунажжим ҳақида маълумот беради.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Мирзо Кенжабек. Буюк термизийлар. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, 2017.
2. Қодиров Б., Муртазаев Б., Чағониён адабиёти. – Тошкент, 2002.
3. Муҳаммад Азимов. Сурхондарё ижодкорлари (IV асрдан XX аср бошларигача). – Қарши, 2006.
//
Изоҳ йўқ