Аҳмад ас-Сарахсий


14:12 / 13.12.2021 821 0

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” рукнининг навбатдаги сонида Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Mapвон ас-Сарахсийнинг илм-фанга қўшган буюк ҳиссаси  ҳақида тўхталамиз. Ўрта осиёлик олимларнинг ўн беш нафардан кўпроғи фаолият юритган Бағдод академияси ўрта асрлар даврининг йирик илмий марказига айланиб борди. Уларнинг аксари умуминсоният фани ва маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган ва бутун дунёда ўрта асрларнинг юксак иқтидорли алломалари деб тан олинган сиймолар бўлган. Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Бакр ар-Розий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср ал-Форобий, Аҳмад ас-Сарахсий, Аҳмад ас-Сағоний каби олимларнинг исмлари ҳозирда дунёнинг барча бурчакларида чукур эҳтиром билан тилга олинади.

 

Ўрта Осиё олимлари антик илмларнинг қайта тикланишида иштирок этди, ўз асарлари билан қатор табиий-илмий фанларни бир тизимга солиб, фан сифатида шакллантирди ва уларни янги фикрлар, ғоялар билан бойитди. Улар нафақат ўз замонаси, балки барча даврларнинг эъзозли алломаларидан бўлиб танилди, фанларнинг қатор соҳаларида улкан кашфиётлар яратди.

Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Mapвон ас-Сарахсий 835 йиллар атрофида таваллуд топган ва acoсан халифалик маркази Бағдодда яшаб фаолият кўрсатган. У Аҳмад ибн ат-Таййиб лақаби билан ҳам танилган. Баъзан кейинги ном, яъни Аҳмад ибн ат-Таййиб олимнинг исломни янги қабул қилган оиладан экани, бу лақаб унинг мусулмон бўлмаган ота-онасининг исмини яшириш мақсадида қабул қилингани ҳақида фикрлар ҳам учраб туради. Аллома исмидаги ac-Сарахсий рутбаси унинг насл-насабини англатади ва уни Ўрта асрларда Туркманистоннинг Capaxc деб аталган шаҳридан эканини билдиради. Муҳаммад болалигидан илмга қизиққан ва ўткир зеҳнли бўлган. Сарахсда бошланғич диний таълимни олиб, Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, ҳадис, сарфу наҳв (грамматика), балоғат илмларини эгаллаган.

 

Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Mapвон ас-Сарахсий Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларида, жумладан, Самарқанд ва Бухорода илмини такомиллаштирган. Бухорода узоқ муддат яшаган. Бу ерда Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийдан (1057) фиқҳ, усули фиқҳ, ҳадис, калом, тафсир илмларидан дарс олиб, замонасининг етук фиқҳ олими бўлиб етишгани учун унга “Шамсул-аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган ва Сарахсий шу ном билан шуҳрат қозонган. Ас-Сарахсийнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси бугунги кунгача жуда кам ўрганилган манба ҳисобланади.

 

У қомусий олим ва “арабларнинг файласуфи” деб шуҳрат қозонган Ёқуб ал-Киндийга шогирд бўлган. Устоз ва шогирд дастлаб 850 йиллар атрофида Бағдодда танишгани эҳтимолга яқин. Аҳмад ас-Сарахсий ўша вақтда 10–15 ёшлар атрофида бўлиши мумкин. Адабиётларда ас-Сарахсийнинг олим бўлиб шаклланишида ал-Киндийнинг хизматлари катта бўлгани эътироф этилади. Шу билан бирга география, адабиёт, санъат тарихи каби соҳалар борки, уларда ас-Сарахсий ўз устозидан баъзи жиҳатлари билан фарқланади. Маълумки, халифалар ал-Маъмун ва ал-Муътасим даврида катта эътибор ва ҳурматга эга алломалар ал-Мутаваккил даврига келиб бошқа диний ва илмий арбоблар билан бирга таъқиб остига олинган. Ас-Сарахсий ҳам бу таъқиблардан четда қолмаган. Туҳматчи-ҳасадгўйлар ҳайит кунида қорахоний ҳукмдори Иброҳимхон шаънига тегадиган ёмон сўзлар билан Сарахсийни қоралади. Иброҳимхон уни Бухородан Ўзганга сургун қилиб қамоққа олди. Тарихий маълумотларда аллома ўзининг машҳур “ал-Мабсут” асарини қамоқда шогирдларига ёддан айтиб ёздиргани қайд этилган.

 

Аҳмад ас-Сарахсий ҳаётининг охирги йилларини Балхда ўтказган. Унинг вафот этган йили ҳақида турли маълумотлар бор. Балхлик Сафиюддин Воиз Балхий 1213–1214 йили ёзилган “Фазоили Балх” (“Балх фазилатлари”) асарида аллома 1094 йили Балхда вафот этгани ва Навбаҳор номли қабристонга дафн қилингани, қабрига ёзилган санани ўз кўзи билан кўрганини қайд этган. Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Mapвон ас-Сарахсий ҳаётини илмга бағишлаб кўпгина асарлар ёзди. Унинг кўплаб асарлари фиқҳ илмига бағишланган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

 

1. “Китобул-мабсут” (Муфассал китоб)

2. “Усулул-фиқҳ” (Фиқҳ назарияси)

3. “Шарҳ китоб Сияри кабир” (“Катта сийрат китоби”нинг шарҳи)

4. “Ашрот ус-соа” (Қиёмат шартлари)

5. “Шарҳ китобан-нафақот лил Хассоф” (Хассофнинг “Нафақалар китоби”га шарҳ)

6. “Шарҳ Адабул-қозий лил Хассоф” (Хассофнинг “Қозилик адаби”га шарҳ)

7. “Шарҳ ал-Жомеъ ал-кабир” (“Катта мажмуа”га шарҳ)

8. “Шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир” (“Кичик мажмуа”га шарҳ)

9. “Ал-фавоидул-фиқҳийя” (Фиқҳга доир фойдалар)

10. “Китоб ал-ҳайз” (Ҳайз китоби)

11. “Шарҳ Мухтасар ат-Таҳовий” (Таҳовийнинг “Мухтасар”ига шарҳ)

 

Ўрта асрлар даврининг буюк сиймоларидан  бири Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Mapвон ас-Сарахсийнинг қолдирган илмий мероси  ҳозирги кунда ҳам фиқҳ илми ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшиб келмоқда. Унинг асарлари ислом дини илмини ўрганувчи олий ўқув юртларда ўқитилмоқда.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

 

 Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Б.Абдуҳалимов. Байт ал-ҳикма ва Марказий Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти. – Тошкент: Ўзбекистон НМИУ, 2010;

2.Ўзбекистон буюк алломалар юрти (Тузувчи ва нашрга тайёрловчиУ.Уватов). - Тошкент: Ўзбекистон НМИУ, 2010;

3.Маънавият  юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001;

4. Буюк аждодларимиз (масъул муҳаррир: М.Аминов, Ф.Хасанов). – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001;

5. Юртимиз алломалари (масъул муҳаррир У.Уватов). – Тошкент : “Ниҳол”, 2014;

 6. www.ziyo.uz.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//