Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихида Бағдодда бунёд этилган “Байт ал-ҳикма” ўрта асрлар даврида йирик илмий марказ бўлиб келган. “Байт ал-ҳикма” ўзбек тилида “Ҳикматлар уйи” деган мазмунни англатади. Бу иборадаги “ҳикматлар” ортида ўша даврдаги қатор фанлар, жумладан, фалсафа, табобат, фалакиёт, риёзиёт, адабиёт, диний илмлар тушунилади. Бинобарин, “Байт ал-ҳикма” биринчи навбатда, ушбу санаб ўтилган фанлар қолаверса, бошқа фан йўналишларида ҳам иш олиб борилган илм ва таржималар даргоҳи бўлган. Кейинчалик бу марказ теварагида ўз даврининг энг йирик олим ва таржимонлари тўпланиб, ижод қилган. “Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” рукнида “Байт ал-ҳикма”да кўплаб алломалар билан биргаликда ижод қилган Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвазийнинг илм-фан соҳасида қолдирган меросини ўрганамиз.
Бағдод илмий мактабида фаолият кўрсатган йирик астроном ва математиклардан бири Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий бўлиб, у “Ҳабаш ал-Ҳосиб” (“Ҳабаш ҳисобчи”) лақаби билан танилган. Унинг исмидаги ал-Марвазий рутбаси эса муаллифни ҳозирги Туркманистоннинг Байрам Али шаҳри яқинидаги Марвдан эканини кўрсатади. У халифа ал-Маъмун ва ал-Муътасим замонида Бағдодда фаолият кўрсатган. Фан тарихига оид библиографик китобларда олимни 770–870-йиллар мобайнида яшаб ўтган, деб тахмин қилинади. Ўша даврда яшаб ижод этган Ибн ан-Надим Марвазийни юз йилдан ортиқ яшагани ҳақида айтади ва еттита китоби номини санаб ўтади.
Аҳмад ал-Марвазий “Зиж” (“Астрономик жадваллари”) деб аталадиган “Дамашқ зижи” (“аз-Зиж ал-маъруф би-д-Димашқий”), “Зиж” (бу зиж Бағдод шаҳри учун тузилган) ва “ал-Маъмуннинг текширилган зижи” (“аз-Зиж ал-Маъмуний ал-мумтаҳан”) асарларининг муаллифидир. Ибн ал-Қифтий ал-Марвазий “Шоҳ учун зиж” (“аз-Зиж ал-Шаҳий”) номли яна бир кичик ҳажмдаги рисоланинг ҳам муаллифи, деб кўрсатади. Лекин бу рисола юқоридаги зикр этилган “зиж”ларнинг бирортаси бўлиши мумкин.
“Дамашқ зижи” ҳозирда Истамбулда сақланмоқда. Ал-Марвазий ўзининг бу асарини ўша даврда “Синдҳинд” номи билан машҳур бўлган ҳинд астрономик жадвалларини қайта ишлаш асосида ёзган. Ундаги баъзи масалалар Иброҳим ал-Фазарий, Муҳаммад ал-Хоразмийнинг “зиж”ларидан фарқланади. Аҳмад ал-Марвазий Бағдод шаҳри учун ёзилган иккинчи “Зиж”и Берлинда сақланмоқда. Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ва “Геодезия” acаpлapидaги маълумотларга қараганда, бу китоб кейинги давр астрономлари тарафидан ҳурмат билан тилга олинган.
Учинчи “ал-Маъмуннинг текширилган “зижи” ҳам ўз вақгида катта шуҳрат қозонган бўлиб, халифа ал-Маъмун бир гуруҳ олимларга қадимги юнон астрономларининг китобларида келтирилган маълумотларни тажрибалар асосида қайтадан текшириб чиқиш вазифасини юклаган ва тажриба натижалари ўлароқ, ушбу acap дунёга келган. Бу асарда ўша давр астрономиясининг барча ютуқлари мужассам этилган ва ўрта acp манбаларида, баъзан Яҳё ибн Мансур ва Аҳмад ал-Марвазий, баъзан эса ўша даврнинг бошқа астрономлари тарафидан битилган, деб келтирилади.
Бундай асарнинг яратилишида кўпчилик иштирок этган бўлиши керак, деган хулоса келиб чиқади. Шунга қарамасдан, мутахассислар ал-Маъмун “зижи”ни Яҳё ибн Мансур бошлаб, Аҳмад ал-Марвазий якунлаган бўлиши керак, дея тахмин қилади. У ўша даврда олиб борилган тажриба ва илмий тадқиқотларда энг фаол иштирок этган олимлардан бўлиб, 832–833-йилларда Синжар саҳросида ер меридианининг бир даражасини ўлчаш ишларида ҳам қатнашган.
Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий астрономиядаги ютуқларига қарамасдан, унинг асосий хизматлари тригонометрияда деб топилган. Бу фикримизни ал-Марвазийнинг фанга биринчи бўлиб олиб кирган тангенс ва котангенс тушунчалари ва уларнинг функциявий жадваллари ташкил этади. Унинг асарларида баён қилинган тангенс, котангенс ва косеканс тушунчалари тригонометрия ривожига қўшилган улкан ҳисса бўлди.
Ибн ан-Надим ўзининг “ал-Фихрист” китобида ал-Марвазийга оид яна икки муҳим маълумотни келтиради. Улардан бири ал-Марвазийнинг Aбу Жаъфар ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳабаш исмли ўғли бўлиб, у ҳам астрономия билан шуғулланган ва “Ясси астролябия” (“Китаб ал-устурлаб ал-мусаттаҳ”) номли китобнинг муаллифи эканидир. Иккинчиси эса IX асрдаги машҳур астролог ва астрономлардан бири Муҳаммад ибн Базйар биз ҳикоя қилаётган ал-Марвазийнинг ўқувчиларидан деб эътироф қилинишидир. Бу эса Аҳмад ал-Марвазийни нафақат машҳур олим, балки етук шогирдлар тайёрлаган моҳир устоз бўлганидан ҳам далолат беради.
Йигирмага яқин асарлари ичида астрономик жиҳозлар – устурлоблар, қуёш соати ва “зат ал-халақ”ларга бағишланган рисолалар учрайди. Афсуски, уларнинг кўпчилиги бизгача етиб келмаган. Юқоридаги маълумотлардан шуни кўришимиз мумкинки, IX–XI асрларда яшаб ижод қилган ўнлаб улуғ алломалар астрономия фани билан шуғулланиб, жаҳон илм-фани ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганидан далолат беради.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Б.Абдуҳалимов. Байт ал-ҳикма ва Марказий Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти. Тошкент: Ўзбекистон НМИУ, 2010
2.Ўзбекистон буюк алломалар юрти (Тузувчи ва нашрга тайёрловчиУ.Уватов). Тошкент: Ўзбекистон НМИУ, 2010
3.Маънавият юлдузлари (Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев). Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001
4. Буюк аждодларимиз (масъул муҳаррир: М.Аминов, Ф.Хасанов). Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001
5. Юртимиз алломалари ( масъул муҳаррир У.Уватов). Тошкент: “Ниҳол”, 2014
//
Изоҳ йўқ