Марказий Осиё қадимдан илм-фан ва маданият марказларидан бири бўлгани тарихдан яхши маълум. Шу муқаддас заминимизда яшаган улуғ аждодларимиз бундан кўп асрлар илгари ҳозирги замонавий илм-фанга пойдевор қўйиб, уни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшди. “Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” рукнида Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркийнинг илм-фан соҳасида қолдирган меросини ўрганамиз.
Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркийнинг таваллуд топган ва вафот этган йили ҳақида маълумотлар сақланмаган. Шунинг учун ҳам унинг яшаган даврини IX–X асрлар деб тахмин қилиш мумкин. Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий ва унинг ўғли Абул-Ҳасан Али фарғоналик фалакиётчи олимлардан бўлиб, бизнинг адабиётларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси деярли ўрганилмаган.
Манбалардан маълумки, олимнинг Абул-Ҳасан Али ибн Абу ал-Қосим исмли ўғли бўлиб, y ҳам астрономияга қизиққан. Бундан ташқари, Ибн ал-Қифтий Амажур оиласига тегишли учинчи шахс, яъни Али ибн Амажурнинг ҳам астрономик кузатиш ишлари билан шуғулланганини эътироф этади. Ўрта асрларнинг машҳур, энг ишончли деб тан олинган библиографларидан Ибн ан-Надим ва Ибн ал-Қифтий “ал-Фихрист” ва “Ҳакимлар тарихи” (“Тарих ал-ҳукама”) китобларида бу олим ҳақида шундай деб ёзади:
“Абу ал-Қосим Абдуллоҳ ибн Амажур ал-Ҳаравий Фарғона халқининг фарзандларидан. У замонасининг фозил ва ўз мавқеига эга бўлган уламоларидан бўлган. Олим қуйидаги фойдали асарларнинг муаллифидир: “Хатолардан холис зиж китоби” (“Китоб аз-зиж ал-маъруф би-л-халис”), “Боғлаб турувчи зиж китоби” (“Китоб аз-зиж ал-маъруф би-л-музаннир”), “Ғаройиб зиж” (“аз-Зиж ал-бадиъий”), “Ўтмишлар зижи” (“Зиж ал-мамаррат”), “Синд-ҳинд зижи” (“Зиж ас-Синд-ҳинд”), “Қулнинг зижи” (“Зиж ал-қини”), “Мусофирга фойдали китоб” (“Китаб зад ал-мусафир”), “Форс эраси бўйича Миррих (Mapc) сайёраси учун зиж” (“Китаб зиж ал-Миррих ала ат-тарих ал-фариси”)”.
Ўрта асрларнинг йирик астрономларидан Ибн Юнус ас-Садафий (950–1009) олимга нисбатан унинг туркий насабдан бўлганини англатувчи “ат-Туркий” сўзини ҳам ишлатади ва ўз рисолаларининг бирида амажурлар томонидан амалга оширилган Қуёш ва Ойнинг тутилиши ҳамда баъзи сайёраларни кузатиш тажрибаларини баён этади. У келтирган маълумотларга қараганда, олимлар баландликда жойлашган тўрт томонни кузатиш мумкин бўлган махсус масканда иш олиб борган. Унда кузатиш ишларида мўлжалланган маълум белгиланган йўналишни кўрсатувчи махсус узун туйнук ҳам мавжуд бўлиб, бу бино расадхона вазифасини бажарувчи зарурий қулайликларга эга бўлган. Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий, унинг ўғли ва ёрдамчиси Муфлиҳ ибн Юсуф Қуёш тутилишини кузатиш жараёнида ўн икки даража ва бир даражанинг тўққиздан бирини кўрсатиб берган жиҳоздан фойдаланган. Жиҳоздан бир даражанинг тўққиздан бир қисмини аниқлаш имконияти борлиги унинг мукаммал мослама эканидан далолат беради.
Амажурлар Қуёш, Ой, турғун юлдузлар ва сайёраларни кузатиш билан боғлиқ бўлган тажрибаларини асосан Бағдод ва қисман Шероз шаҳарларида олиб борган (Олимнинг исмига қўшиб айтиладиган “ал-Ҳаравий”, яъни “ҳиротлик” сўзи у Ҳирот шаҳрида ҳам фаолият кўрсатган, деган тахминни билдиради).
Юқоридаги тажрибаларни бажариш ўз моҳиятига қўра узоқ вақтни талаб этгани учун ҳам баъзи адабиётларда мазкур алломалар ўз тажрибалари устида эллик йилга яқин ишлаганлар, деб кўрсатилади. Улар ўз тажрибаларининг натижаси сифатида юқорида номлари зикр этилган қатор астрономик рисолалар ва жадвалларни таклиф этган. Бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаганига қарамасдан, амажурларнинг икки қўлёзма асари хорижий мамлакатлар кутубхоналарида сақланади ва улар қуйидагилардан иборат:
1.“Сайёраларнинг тутилиши ва боғланиши ҳақида (астрологик) олдиндан айтиб беришлар мажмуаси” (“Жавамиъ аҳкам ад-кусуфат вал-қиран ал-кавакиб”). Рисола Париж ва Лейденда сақланади.
2.“Тайласан зижи” (“Зиж ат-Тайласан”). Бу қўлёзма фақат Парижда сақланиб қолган. Юқоридаги “тайласан” сўзи араб тилида — бўйинни Қуёш нуридан ҳимоя қилиш мақсадида салла устидан елкагача ташлаб юриладиган рўмолни англатади. Шу сабабдан баъзи адабиётларда муаллифнинг бу рисоласи “Рўмол зижи” деб таржима этилган. Бу зиж ҳозирга қадар ўрганилмагани сабабли унга нима мақсадда бундай ном берилгани аниқланмаган.
Юқоридагилардан кўринадики, муқаддас заминимиздан етишиб чиққан фалакиётчи олимлар IX–XI асрлардаёқ осмон жисмларини атрофлича ўрганишга ҳаракат қилган ва фанга олиб кирган.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1.Маънавият юлдузлари. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001. – Б. 60-62
2. www.ziyo.uz
//
Изоҳ йўқ