Ал-Аббос ибн Саид ал-Жавҳарий (IX асрнинг биринчи ярми) – ҳозирги Жанубий Қозоғистонда жойлашган Фороб шаҳрида туғилиб ўсган математик ва астроном. Муҳаммад ал-Хоразмий билан бир вақтда Боғдоддаги “Донишмандлар уйи”да ишлаган. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар сақланмаган. Ал-Жавҳарийнинг 830-йиллар атрофида Маъмун академиясидаги астрономик кузатишларда иштирок этгани инобатга олиниб, IX асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган, деган хулосага келинган.
Ал-Жавҳарийнинг фаолияти ҳақидаги асосий маълумотлар Ибн ал-Қифтийнинг машҳур “Олимларни ҳакимлар ҳақидаги маълумотлар билан таништириш” (“Ихбар ал-улама би ахбар ал-ҳукама”) китобида сақланиб қолган. Унда шундай дейилади: “Ал-Аббос ибн Саъид ал-Жавҳарий мунажжим бўлиб, астрономия ва астрономик ҳисобларда моҳир мутахассис ҳисобланган. У астрономик жиҳозлардан фойдаланишда ҳам ноёб истеъдод соҳибидир: Халифа ал-Маъмунга ҳамроҳ бўлган ва уни Боғдодда аш-Шамосия минтақасидаги тажриба ишларига масъул олимлар билан астрономик кузатишларни олиб боришга ундаган. Ал-Жавҳарий баъзи сайёраларни, Қуёш ва Ойнинг ўрнини аниқлаган. Натижада ушбу соҳа аҳли орасида машҳур бўлган ўз зижини ярата олди. Унинг ўзи ва ҳамкасблари – Санад ибн Али, Холид ибн Абд ал-Малик ал-Марваррудий, Яҳё ибн Абу Мансурлар мусулмон дунёсида биринчи бўлиб астрономик кузатиш ва тажрибалар олиб борган шахслардан бўлган”.
Ўрта acp Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихига оид илк библиографик acap “Китаб ал-Фихрист”нинг муаллифи Ибн ан-Надим юнон олими Евклиднинг “Негизлар” (“ал-Усул”) китоби ҳақида гапирар экан, унга ёзилган шарҳлардан бирини ал-Жавҳарий битган, деб маълумот беради. У яна қуйидаги асарларнинг муаллифи ҳамдир: “Зиж китоби”, “Евклид китобига шарҳ” (“Китаб тафсир китаб Уқлидис”), “Евклиднинг “Негизлар” асарининг биринчи китобига у (ал-Жавҳарий) қўшган шакллар” (“Китоб ал-ашкал аллати задаҳа фи-л-мақала ал-увла мин Уқлидис”). Ибн ал-Надим ва Ибн ал-Қифтийнинг ал-Жавҳарий ҳақидаги юқоридаги маълумотларини XVII acp турк библиографи Ҳожи Халифа ўзгаришсиз қайтаради.
Ал-Жавҳарий ўз давридаги бошқа етук астрономлар билан ҳамкорликда халифа ал-Маъмуннинг топшириғига биноан режалаштирилган “ал-Маъмуннинг текширилган зижи”ни ёзишда иштирок этган. Яҳё ибн Абу Мансур, ал-Марваррудий ва Санад ибн Али билан биргаликда Боғдодда ва Дамашқда астрономик кузатувларда қатнашган, кузатувлар натижасида “Зиж ал-Маъмун” текшируви ўтказилди. Худди шу астрономлар билан бирга Синжар текислигида ер меридианининг 1 ой узунлигини аниқлашда иштирок этди.
У астрономиядан ташқари математикада ҳам катта натижаларга эришди. Евклиднинг “Негизлар” китобига ёзган шарҳи ва бу асарнинг биринчи китобига қўшган шакллари, параллел чизиқлар ҳақидаги ғоялари олимни геометрия соҳасида ҳам чуқур билимлар соҳиби бўлганидан далолат беради. Бундан ташқари, ал-Жавҳарий “Heгизлар” китобини ислоҳ қилиш” (“Ислаҳи китаб ал-Усул”) асарининг ҳам муаллифидир. Мазкур acap бизгача етиб келмаган бўлса-да, унинг мазмуни ҳақидаги тўлиқ маълумотлар XIII асрда яшаган қомусий олим Насириддин Тусийнинг “Параллел чизиқлар ҳақидаги шубҳаларни даволаш” (“Ар-Рисола аш-шафиййа ан шакк фи-л-хутут ал-мутавазиййа”) рисоласида баён этилади. Ал-Жавҳарий бурчак ичида жойлашган ҳар қандай нуқтадан бурчакнинг икки тарафини бирлаштирувчи чизиқ чизиш мумкин, деган хулосага келади.
Ал-Жавҳарийнинг юқорида санаб ўтилган рисолаларидан ташқари яна икки acap ёзганидан далолат берувчи қўлёзмалар сақланган. Улардан биринчиси “Евклиднинг “Негизлар” асарининг бешинчи китобига қўшимчалар” (“Зийадат фил-мақала ал-ҳамиса мин китаб Уқлидис”) номи билан аталиб, ҳозирда Америка, Туркия, Эрон, Тунис ва Ҳиндистон кутубхоналарида мавжуд. Иккинчиси “Қуёшнинг Ер марказидан узоқлигини аниқлаш” (“Рисола фи маърифат буъд аш-шамс ан-марказ ал-ард”) рисоласи ягона нусхада Байрутда сақланмоқда.
Ал-Аббос ибн Саид ал-Жавҳарийнинг бизгача етиб келган асарлари маънавий меросимизнинг буюк дурдоналаридан ҳисобланиб, жаҳон илм-фани ривожида муҳим ўрин тутади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Маънавият юлдузлари. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001. – Б. 59-60.
2. www.ziyouz.com
3. https://ru.wikipedia.org
//
Изоҳ йўқ