«Қадримга ачиндим» – Дилноза Кубаева «Барон 2 – Соғинч» фильмидан 321 минг сўм гонорар олди

Сақлаш
01:09 / 07.09.2022 6581 1

Таниқли актриса Дилноза Кубаева Oyina.uz мухбири Инобат Аҳатовага «Барон 2 – Соғинч» фильми учун 300 минг сўмдан зиёдроқ гонорар олганини маълум қилди.

 

Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш марказининг телеграм каналида таниқли актриса Дилноза Кубаева билан «Видео чат» ташкил этилди. Унда Кубаева Oyina.uz мухбирининг фильм, сериалларда қанча ҳақ эвазига роль ўйнаши, энг кўп гонорар олган фильми ва «Барон 2 – Соғинч» фильмида қанча гонорар тўлангани ҳақидаги саволларга жавоб берди.

 

«Сериалларда роль ижро этмаслигимнинг асосий сабаби уларнинг биронтасида ўзимни кўрмаётганимда. Шунингдек, аксариятида сценарий ёки ижодий гуруҳ қониқтирмайди. Лекин ҳеч қачон пулни биринчи ўринга қўймаганман. Аммо…

 

Мен ҳаммасини ичимга ютадиган, оғир-вазмин йўлни танлайдиган аёлман балки шу сабабдир «Барон 2 – Соғинч»да олган гонорарим ҳақида айтгим келмаяпти. У ерда жуда хунук бир ҳолат бўлди. Бироз келишмовчилик ҳам бўлган, тўғрисини айтсам озгина қадримга ачиндим. Бу ҳақида биринчи маротаба айтяпман. Лекин барибир муроса қиладиган халқмизда. Ўзбеклигимга бориб андиша қилиб жим кетдим. Лекин юрагимдаги оғриқ ҳали ҳам кетмаяпти. Қорнимга эмас қадримга йиғлаяпман деган гап бор. Кўп нарсалар «Ўзбеккино» (ҳозирги Ўзбекистон кинематографияни ривожлантириш агентлиги – таҳр.) раҳбариятига маълум бўлмайди. Аммо бу томонлама ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳам пой-мол бўляпти.

 

Энг катта олган гонорарим хусусий фильмда бўлган бўлса керак. Лекин бюджетга олинадиган кинолардан ҳеч қачон юқори гонорар олмаганман.

 

Рустам ака Саъдиев мени устозим ҳисобланади. Шу сабаб айнан шу кинодан олган гонорарим сир бўлиб қола қолсин. Бу нархни айтсам ҳозир ҳамма «воой» дея овоза қилиши аниқ. Шу сабаб бу мени ички, оғриқли сирим бўла қолсин», дейди актриса.

 

Дилноза Кубаева Oyina.uz мухбирининг такрор сўровидан сўнг «Барон 2 – Соғинч» фильми учун олган гонорари миқдорини маълум қилди.

 

«Фильмда сиз роль ижро этган саҳналар жуда ҳам кам каби важлар билан 321 минг сўмдан ошиқроқ гонорар олдим. Шу нарса мени 1 ойдан буён ичимни ейди. Наҳотки?! Шунда ҳам бизлар кинони яхши кўрамиз, барибир кино деймиз. Аммо уялдим, қадримга ачиндим», дейди Кубаева.

 

Актриса фильм режиссёри Рустам Саъдиевга ўз эътирозини билдиргани, бироқ бирор ўзгариш бўлмаганини айтди.

 

Эслатиб ўтамиз, Дилноза Кубаева «Барон» ва «Барон 2 – Соғинч» фильмларида бош қаҳрамон Иззатнинг рафиқаси ролини ижро этган.

1 Изоҳ

Dilfuza

06:01 / 01.01.1970

Hafa bo'mang.Dilnoza Kubayewa.Zato malakali aktrisasiz.Biz barcha rollarizni sevamiz,deb qolaman

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси