ТДПУда талаба қизга тегажоқлик қилган декан ўринбосари ушланди. Пойтахт ИИББ расмий муносабат билдирди

Сақлаш
15:52 / 27.10.2021 2323 0

Ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 3-курс талабаси К.М.га декан ўринбосари Ю.Б. зўрлик ишлатмоқчи бўлгани, қиз қаршилик кўрсатгач, деразадан итариб юборгани айтилмоқда. Пойтахт ИИББ ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

 

Қиз Nemolchi.uz лойиҳасига мурожаат қилган ва бўлган ҳолатни айтиб берган. 

 

«Жорий йилнинг 18 октябрь куни у Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Ю.Б. хонасига киради. Ю.Б. кутиб туришини сўрайди. Қизнинг айтишича, хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари чарчаганлигини айтиб, унга қаҳва дамлаб беришни сўрайди. Қиз қаҳва дамлаш учун чоғланганда эркак эшикни ичкаридан қулфлаб, чироқни ўчиради. К.М. ниманидир сезгандай яқин дўстига қўнғироқ қилиб, тезроқ етиб келишни сўрайди. Хонадан чиқай деса, эркак уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлади.

 

Қиз қаршилик қилади. Эшикнинг у тарафида эса қизнинг дўсти келиб, эшикни очишни сўрайди. К.М. амаллаб ойна олдига келиб, ёрдамга чақиради. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлайди. У қанчалик қаршилик кўрсатмасин кучи етмай, ойнадан пастга тушиб кетади. Декан муовини эса деразани ёпиб, жалюзини туширади ва эшикни очади. Қизнинг дўсти Б.ни олиб, пастга тушади. Атрофда йиғилганларга Ю.Б. қиз ойнадан ўзи сакрагани ва уни ўзи шифохонага олиб боришини айтади.

 

К.М.ни машина орқа ўриндиғига ётқизишади, дўсти ҳайдовчи олдидаги ўриндиққа ўтиради. Йўлда Ю.Б. қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, қиз ойнадан тушиб кетгани ва уни шифохонага олиб боришаётганини айтади. Светофорнинг қизил чироғида қизнинг дўсти орқа ўриндиққа ўтгунча Ю.Б. қизга ойна артаётиб ўзи тушганини айтишини тайинлайди. Шу пайт йигит орқа ўриндиққа ўтиб, нима бўлганини сўрайди. Қиз унга секин уни итариб юборишганини билдиради...», деб ёзади Nemolchi.uz.

 

Шифокорлар қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйган. 

 

«Жорий йилнинг 18 октабр куни тахминан соат 16.00 ларда 1984 йилда туғилган Ю.Б. ўзининг хизмат хонасида 2001 йилда туғилган К.М.нинг номусига тегмоқчи бўлганда ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда жиноий қилмишини охирига етказа олмаган. Сўнг жиноятини яшириш мақсадида К.М.ни деразадан пастга итариб юборган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси («Номусга тегиш») ва 105-модда («Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ю.Б.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», дейилади пойтахт ИИББ расмий муносабатида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//