Маданият
Куни кеча Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлди. Маросимга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳайкални очди.
Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида саркарданинг шахсияти, тарихда тутган ўрнини алоҳида эътироф этди.
Ойдин Абдуллаева, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Кўҳна Хоразмнинг Урганч шаҳрида бунёд этилган Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуаси юртимиз озодлиги учун курашган шахсларнинг мардлиги ва эл-юртга бўлган садоқати рамзи сифатида шаҳар марказини чуқур мазмун-моҳиятга, қалбимизни фахру ифтихорга тўлдирди.
Дарҳақиқат, султон Жалолиддин жанговар фаолияти билан нафақат ўз юртини, балки ўз давридаги ўнлаб мамлакатларни ҳам босқинчилар ҳужумидан ҳимоя қилган. Унинг номи, ўлмас жасорати халқ орасида, турли миллат ва элатлар ўртасида афсонага айланган.
Истиқлол йилларида бу улуғ аждодимизнинг хотираси абадийлаштирилди. Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири – “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилди. 2017 йилда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Мангуберди ва унинг тарихий жасоратига бағишлаб ёрқин мусиқий композиция ҳамда видеоклип яратди. 2020 йилда эса туркиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда “Мендирман, Жалолиддин!” номли кўп қисмли тарихий фильм суратга олинди. Шунингдек, улуғ саркардага муносиб ватанпарвар ўғлонларни тарбиялаш мақсадида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди номида ҳарбий академик лицей ташкил этилди.
Хоразм марказида барпо этилган ёдгорлик ҳайкалтарошлик санъатининг ёрқин намунаси бўлиб, гўзал композицияни гавдалантиради. Ўзининг олий мақсади сари шиддат ва шижоат билан талпиниб, от сураётган қаҳрамон қалбларимизни алланечук чулғаб олар экан, ҳаётимиз ва азиз ватанимизнинг ҳеч нарсага алмашиб бўлмас қадр-қимматини яна бир бор англатгандек бўлади.
Бу ҳақиқатни бизга чуқур англатган ва ватанига, халқига бўлган муҳаббати билан халқимиз қалбидан Жалолиддин каби чуқур жой эгаллаб улгурган Президентимизнинг закийлигига қойил қолмай илож йўқ.
Олим Тошбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, филология фанлари номзоди:
Мустақиллик байрами арафасида буюк ватанпарвар Жалолиддин Мангуберди хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтгани бугун юртимизда инсон қадрининг улуғланаётганига, Ватан эрки учун жонини тиккан мард зотларнинг ҳамиша эл ардоғида бўлишига яққол далилдир.
Маросимда қатнашган Президент Шавкат Мирзиёев "Жалолиддин Мангуберди эл-юрт истиқлоли учун курашган, бунга ўз ҳаётини бағишлаган аждодларимизнинг буюк намояндасидир. Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида унга тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди" дея бежиз таъкидламади.
Ушбу мажмуада саркарда оти билан тилларда достон бўлган, Чингизхонни ҳайратга солган ҳолда тасвирланган. Энг катта ғалаба, аслида, бераҳм рақибнинг тан бериши. Ёдгорлик, назаримда, юрт ҳимоясига отланган ҳар бир эр йигит мана шундай жасур бўлмоғи шартлигини уқтираётгандек туюлди. Ҳайкалга яқин келган ҳар қандай одамда ҳавас ва ҳайрат билан бирга кучли шижоат ҳам уйғониши шубҳасиз.
Дарвоқе, саркарда ва саман от. Эл-юрт номуси ва ори учун жонини тиккан элпарварни отсиз тасаввур этиб бўлмайди. Тенгсиз саркардани бало-қазодан хиёнаткор, мунофиқ, бадбинлар эмас, Яратганнинг хоҳиши билан содиқ йўлдош – от эсон-омон олиб чиқади.
Бугун юртимизда туғилаётган чақалоқлар орасида жалолиддинлар кўп эканига шубҳа қилмайман. Халқимизда “Оққан дарё оқаверади” деган пурҳикмат нақл бор. Биз халқ ва давлат тарихига, аждодлар руҳига ҳурмат бажо келтираётган эканмиз, бугунги бунёдкорликлар, албатта, эртага эҳтиром билан тилга олинади. Тарих қонунияти шундай.
Раҳимбой Жуманиёзов, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси:
Дунёда ҳар бир халқнинг, миллатнинг улуғвор ғоялари, “қоя”лари бўлади. Унда шу мамлакат аҳлининг мақсад-интилишлари, орзу-умидлари акс этади.
Ўз ватанини жону тани деб билган, кўз қорачиғидай асрашни шараф ва қалб амри деб англаган, матонат ва жасоратнинг рамзига айланган, миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросимида давлатимиз раҳбарининг иштироки ва ўгитлари чин маънода бурчдорлик, бунёдкорлик, аниқроғи, ватанпарварлик туйғусини ҳис этишга хитобдир.
“Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида Жалолиддин Мангубердига тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди,”– дейди Президентимиз.
Дарҳақиқат, қисқа умри мобайнида тарихда унутилмас из қолдирган қаҳрамон инсоннинг мўғуллар қўшинига қарши бориши матонат муҳри ва халқига меҳрининг нишонасидир. 21 ёшида қўрқмасдан майдонга чиқиш ўн бир йил давомида мўғул босқинчиларига қарши уч юздан ортиқ жангларда иштирок этиши, ҳатто ёв бўлган Чингизхондек ҳукмдорнинг ҳам тан бериши, ҳавас қилиши Жалолиддиннинг қандай улуғвор шахс эканига далилдир.
Шу боис Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва жасоратини илмий асосда чуқур ўрганиш муҳим вазифадир. Давлат раҳбарининг даъвати ҳам асли шу. Зероки, ўтмиш келажакнинг устозидир.
Дилором Бобожонова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Ўзбекистон тарихи кафедраси профессори, тарих фанлари доктори:
Президентимиз яқиндагина Урганч шаҳрида буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкалини ўрнатиш, шаҳарда 1000 ўринга мўлжалланган замонавий санъат саройини қуриш ташаббусини билдирганлари ёдимда.
Бугун эса ана шу эзгу ниятларнинг рўёбини кўриб турибмиз. Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилиш маросимини кузата туриб, озодлик ва ҳурлик учун курашган Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва фаолияти кўз олдимда намоён бўлди.
XIII аср бошида Чингизхон бошлиқ мўғуллар олиб борган шафқатсиз ва даҳшатли босқинга қарши қаҳрамонона курашган жасур саркарда, давлат арбоби Жалолиддин Мангуберди юртимиз ёшлари учун улуғ ватанпарварликнинг ёрқин намунаси бўлган. Унинг отда ўтирган, бронзадан тайёрланган 25 метрлик маҳобатли ҳайкали гўё орқада турган халқини ҳимоя қилиш учун ёвга қарши отлангандек, “Мендирман ўша” деб турибди.
Мангуберди сингари она Ватанимиз учун қалқон бўла оладиган буюк зотлар бор экан, юртимиз ҳеч қачон ўзгалар қўлида хор бўлмайди.
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ