“Booknomy”нинг корейс тили курслари танқид қилинди

Сақлаш
16:46 / 22.10.2021 1303 0

Рекламалари ТВда тез-тез айланаётган “Booknomy” компаниясининг китоблари ҳақида шу вақтгача мутахассислар томонидан турли фикрлар билдириб келинган. Куни кеча Facebook тармоғи фойдаланувчиси, таржимон Отабек Йўлдошев компаниянинг корейс тилини ўргатувчи тил курсига нисбатан ўз эътирозларини билдириб ўтди:    

“Тирикчиликнинг айби йўқ, лекин таълимга саводсиз бизнесменларни аралаштирманглар. “Букноми”, “Букноми”, деб реклама қилиб ётишибди. Корейс тилини 6 ойда (!) бошингизга қуйиб қўйишни билдираётган Booknomy’ни озгина кўриб чиқдим. (Дарвоқе, мен корейс тилини 20 йилдан бери ўқиб-ўрганаман, лекин зўр биламан дейишга тортинаман).

Хуллас, жаноб ёки хоним букномичилар, сизга эътирозим кўп: мана бу ўринда “Су ёнг” сўзи исмни англатмайди. Тўғри, Су Ёнг деган исм бор корейсларда. Лекин бу ўринда исм маъносида келмаган. Агар сал фикрласангиз корейс тилида “су ёнг” сўзи “(сувда) сузмоқ” маъносини англатишини билардингиз. “Су Ёнгни машқ қилдирмаган эди” эмас, “Сузиш машқини бажармади” бўлади. Бу бошланиши, холос. Шу хатоликни кўрдиму тақа-тақ тўхтатдим. Илтимос, тилни яхши билмасангиз, бундай нарсаларни чиқариб ўтирманг”.

“Booknomy” компанияси ўз сайтида ушбу методика 2016 йилда ишлаб чиқилгани ва 2017 йилда 100 фоиз ўқувчилар тилларда эркин гаплашганини ёзиб қўйган:

Энди компаниямиз тил ўрганувчиларга 100 фоизлик кафолат беради. Яъни сиз Booknomy тил китоблари орқали 6 ой давомида инглиз, рус, араб, турк ёки корейс тилларини ўрганиб 100 фоиз эркин автоматик гапирасиз. Агар кутилган натижага эриша олмасангиз пулингизни тўлиқ қайтариб берамиз.

Маълумот учун, ҳозирда 50 фоиз чегирма билан тил курсларини 550 минг сўмга ҳарид қилиш мумкин экан. Аммо олти ой ичида уни ҳарид қилганлар юқорида санаб ўтилган тилларнинг бирортасини тўлиқ ўрганишга эришдими? Ҳозирча бу ҳақда ҳеч кимдан эшитмадик. Агар сизда ушбу тил курслари ҳақда фикрларингиз бўлса, бизга ёзиб юборинг.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//