Жамият
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Эшқобил Шукур таваллудининг 60 йиллик юбилейи нишонланди. Тадбирда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўринбосари Шерзод Ирзоев ҳамда профессор-ўқитувчилар, шоир-ёзувчилар, Эшқобил Шукурнинг сафдошлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Вилоят ҳокими Тўра Боболов Эшқобил Шукур ҳақида гапираркан, шоирнинг 40 йилдирки илм ва ижод йўлида баракали қалам юритиб келишини таъкидлади. “Маъмурият иши билан ижодий ишни мувозанатда сақлаш жуда машаққат. Бунинг учун инсон уйқусидан, оромидан воз кечиши керак. Устоз бундай мувозанатни сақлай билганлардан бири. Эшқобил Шукур маънавият ва маърифат тарғиботчиси, адабиётшунос сифатидаги илмий, бадиий, публицистик мақолалари билан нафақат Республика, балки халқаро конференцияларда танилган, мамлакатимиз миқёсидаги кўплаб ижодкорлар, зиёлилар учун намуна вазифасини ўтайди” деди ҳоким.
Шунингдек, тадбирда таниқли шоир-ёзувчилар Эшқобил Шукурнинг узоқ йиллик меҳнат фаолияти, ўзбек адабиётидаги ўрни ҳақида фикр билдиришди. Асарларида халқ оғзаки ижоди нафаси уфуриб, миллийликнинг гўзал жиҳатларини ёдга солувчи шоир шеъриятига монанд тадбирда "Бадаш" этнографик ансамбли ва хонандаларининг чиқишлари йиғилганларга тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, Эшқобил Шукур 1961 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. Ҳозирги ЎзМУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами «Юракни ўрганиш» (1984) номи остида нашр қилинган. Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий тўпламлари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби чоп этилган. Шоирнинг «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ