Парижда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кенг қамровли кўргазмалар бўлиб ўтади

Сақлаш
18:58 / 05.07.2022 832 0

30 июнь куни Парижда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Лувр музейи ва Араб дунёси институти билан Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросига бағишланган иккита йирик кўргазма ўтказиш бўйича шартномалар имзолади.

 

«Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси 2022 йил 24 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Лувр музейида бўлиб ўтади ва III—ХV асрларда Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон маданий меросига бағишланади. Айниқса, кўргазма учун ўзбекистонлик ва француз мутахассислари томонидан Ўзбекистон музейларидан 70 га яқин экспонат реставрация қилинмоқда.

 

«Самарқанд сари йўл, Ўзбекистон ранглари ва кўрки» кўргазмаси 2022 йил 22 ноябрь куни Араб дунёси институтида очилади ва 2023 йилнинг 4 июнига қадар давом этади. Унда Ўзбекистоннинг ХIХ-ХХ асрлар бошидаги энг бой моддий маданияти намойиш этилади.

 

«Бўлажак иккита кўргазма ҳамкорлигимиздаги яна бир муҳим қадамдир. Улар деярли бир вақтнинг ўзида Парижда бўлиб ўтади, Ўзбекистон маданияти ва санъати ҳақида кўп қиррали тасаввурни шакллантириш ҳамда мамлакатимизнинг ноёб меросини жаҳон маданий контекстида намойиш этиш имконини беради. Ўзбекистон азалдан маданий алмашинув ва савдо маскани бўлиб келган, Буюк Ипак йўли эса қайсидир маънода биринчи глобал иқтисодий лойиҳага айланди», — деди Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бошқаруви раиси ўринбосари Саида Мирзиёева.

 

Луврдаги кўргазмада Ўзбекистон музейлари коллекцияларидан исломгача бўлган даврдан Темурийлар давригача бўлган дурдона асарлар намойиш этилади. Айниқса, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси «Катта лангар Қуръони»ни кўргазмада икки саҳифаси тақдим этиладиган экспонатлар қаторига киритишга муваффақ бўлгани алоҳида аҳамият касб этади. Кўргазмага ташриф буюрувчилар унинг ноёб хаттотлик ва миниатюраларини томоша қилишлари мумкин.

 

– Парижда бўладиган кўргазмалар мамлакатимизнинг бой маданий меросини халқаро майдонда намойиш этиш учун ажойиб имкониятдир. Араб дунёси институтида ўзбек матолари ва миллий либосларига бағишланган кўргазма бўлиб ўтади. Ҳудудларнинг бадиий ҳунармандчилиги Ўзбекистоннинг бой маданий меросининг муҳим қисмидир. Ҳашамдор каштачилик, тўқимачилик, ёғоч ўймакорлиги ва нафис кумуш буюмлар билан бугун фахрланамиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаяне Умерова.

 

Бундан ташқари, кўргазмада Бухоро амирлиги даври тарихидан ҳикоя қилувчи ўн иккита миниатюра намойиш этилади. Шунингдек, ушбу кўргазма доирасида томошабинларга илк бор Марко Полонинг ХIII аср охирида яратган, Марко Полонинг Осиёга қилган саёҳатлари ҳақидаги ҳикояларини ўз ичига олган ХIV аср китобининг нусхаси намойиш этилади. Ушбу кўргазма Франция Миллий кутубхонаси томонидан тақдим этилади.

 

Кўргазмада Савитский номидаги музейнинг расмлари ўрин олган бўлиб, у ерда ўзбек санъатининг ўзига хос ранг ва ёруғлик компоненти, Ўзбекистон қуёшини кўриш мумкин. Музей коллекциясида шарқшунос рассомларнинг ёрқин авангард расмлари мавжуд.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//