Жамият
“Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланганди. Мусулмонлар идораси ушбу тўловга нималар кириши ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинган. Шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30–40 фоиз) ошган.
Ўзбекистон томони Саудия билан музокаралар олиб борган. Натижада зиёратчилар учун иқтисодий пакет нархига лукс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришган ва тўлов учун ўрта нархни белгилаган.
Бундан ташқари, ўзбекистонликлар жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида яшайди. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасига жойлашади.
“Айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг долларгача этиб белгиланган.
Юртимиз зиёратчиларининг сафар давомийлиги ҳам айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14–17–20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг “Ҳаж электрон портали” орқали белгиланган тартибда амалга оширилган. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.
Машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилган. Шундай бўлса-да, иқтисодий пакет олинган ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилган.
Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлса, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмаса-да, ўзбекистонлик зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.
Олтинчидан, ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагиар киради:
– Ҳаж визаси;
– авиабилет;
– шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
– Мадина шаҳрида “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхонаси;
– Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
– Макка шаҳрида “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси;
– Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
– 24 соат тиббий хизмат;
– ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
– 24 соат транспорт хизмати;
– 3 маҳал исиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
– ҳаж қўлланмаси;
– давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
– “замзам” суви (5 литр);
– республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
– Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс;
– қурбонлик.
“Бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган.
Мақсад аниқ — юртдошларимизнинг ҳаж амалларини ишончли ва хавфсиз ташкил этиш ҳамда ибодатлари мукаммал бўлишини таъминлаш”, – дейилади хабарда.
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ