Орол фожиаси, Афғонистон муаммоси, ядровий уруш хавотири, трансмиллий таҳдидлар – Ўзбекистон Президентлари БМТ минбарида

Сақлаш
20:47 / 02.03.2022 1168 0

Ўзбекистон роппа-роса 30 йил аввал, 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. 1993 йили эса БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

 

“Oyina.uz” мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон раҳбарларининг БМТ минбарида сўзлаган нутқлари ва кўтарган масалаларини ёдга олади.

 

1993 йил 28 сентябрь

 

Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Нью Йоркда 1993 йил 28 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида биринчи нутқини сўзлаган.

 

 

Ислом Каримов нутқида БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳузурида юзага келаётган халқаро можароларни таҳлил қилиш ва истиқболни белгилаш бўйича махсус гуруҳ ташкил қилиниши ҳақида ҳам гапирган.

 

«Ҳозирги замон воқелиги шундайки, бир мамлакатнинг хавфсизлиги бошқа давлат ҳисобидан таъминланиши мумкин эмас. Минтақа хавфсизлигини бутун жаҳон хавфсизлиги муаммоларидан ажралган ҳолда кўриб бўлмайди. Шунга асосланиб, Ўзбекистон ядро қуролининг батамом тугатилиши учун, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартноманинг самарали ҳаракат қилиши ва унинг ҳеч бир муддатсиз узайтирилиши учун ҳаракат қилади. Бизнинг республикамиз ана шу Шартноманинг ҳаракат қилиш муддатини узайтиришга оид Конференцияга тайёргарлик музокараларида фаол қатнашади. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг ядросиз зона деб эълон қилинишининг қатъий тарафдоридир», деган Ислом Каримов.

 

Бундан ташқари, Биринчи Президентимиз халқаро наркобизнеснинг олдини олиш, экологик муаммо, хусусан, Орол денгизи фожиаси ҳақида сўзлаган ва дунё жамоатчилиги эътиборини биргаликда ушбу масалалар ечимини излашга чақирган.

 

1995 йил 24 октябрь

 

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1995 йил 24 октябрда БМТ ташкил этилганига 50 йил тўлгани муносабати билан ўтган сессияда ҳам нутқ сўзлади ва минтақа хавфсизлиги масаласини яна бир бор кун тартибига қўйди. Ташкилот фаолиятини яхшилашга доир таклифлар берилди.

 

2000 йил сентябрь

 

Ислом Каримов 2000 йил сентябрда БМТнинг «Минг йиллик саммити»да сўзга чиқди. Бу сафар ҳам минтақадаги хавфсизлик, Орол муаммоси, халқаро терроризм ва экстремизм Ўзбекистон раҳбари нуқида айтилган асосий масалалар бўлди.

 

Ислом Каримов нутқи якунида жаҳонда узоқ вақт давом этаётган можароларни бартараф этишда «тинчликка мажбур қилиш» деб аталувчи механизмдан самарали фойдаланиш лозимлигини алоҳида қайд этган.

 

2010 йил 20 сентябрь

 

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2010 йил 20 сентябрда БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган йиғилишида ҳам сўзга чиққан.

 

Афғонистон масаласи, Орол муаммосига бу гал 2010 йил Қирғизистонда юз берган қонли воқеалар ҳам қўшилди. Нутқда Ислом Каримов қўшни мамлакатлар орасида низо чиқаришга уринишларни кескин қоралади, вазиятни мустақил халқаро экспертлар ўрганиши, айбдорларни жазога тортишга чақирди. Биринчи Президент нутқида Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда эришган ютуқларини санаб ўтган. Ўзбекистон БМТнинг Мингйиллик Ривожланиш Мақсадларига эришиш борасидаги Тараққиётни жадаллаштиришга оид глобал ҳаракатлар режасини қўллаб-қувватлаши ва уни амалга оширишда фаол иштирок этишини қайд этган.

 

2017 йил 19 сентябрь

 

Ушбу санада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида тарихий нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари мамлакатда охирги йилларда сиёсий, иқтисодий соҳалардаги ўзгаришлар, инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилган ислоҳотларни қайд этди. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол муаммоси, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари, Афғонистонда тинчликка эришишнинг маърифий йўлларига алоҳида тўхталди.

 

«Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёрдир. Биз барча шерикларимиз билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.

 

Биз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашдан иборат бўлган энг муҳим устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти айнан шунда мужассам, деб биламиз», деган Президент.

 

2020 йил 23 сентябрь

 

Мазкур санада Президент Шавкат Мирзиёев БМТ тарихида биринчи марта бутунлай янги форматда – коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот режимида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида ишида иштирок этди. Эътиборли жиҳати, давлатимиз раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади. Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди. Минтақадаги муаммоларга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб, мамлакат Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилишини айтди.

 

 

«Пандемиядан кейинги дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси бутунлай бошқача тус олади.

 

Биз хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги умумий хатарларга қарши янгича ёндашувлар асосида ва яқин ҳамкорликда ишлашимиз зарур.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш лозим.

 

Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёр», деди Шавкат Мирзиёев.

 

2021 йил 21 сентябрь

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида 21 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасидаги умумий мунозараларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев видеомурожаат билан сўзга чиқди.

 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида янги шароитларда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг аҳамияти ва ўрни ортиб бораётганини қайд этди.

 

 

«Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора кучаймоқда, иқлим жадал ўзгармоқда, оммавий миграция оқимлари кўпаймоқда, анъанавий қадриятлар завол топмоқда.

 

Жаҳон тақдири билан боғлиқ ушбу муҳим жараёнларда айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши зарур. Биз бош котибнинг халқаро муносабатлар тизимида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ва шаффофлигини оширишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз», деди Ўзбекистон етакчиси.

 

Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотлар бугунги кунда ортга қайтмас тус олганини таъкидлади.

 

БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йилда Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этилди.

 

«Ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган, экологик офат маркази бўлган, Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, атроф-муҳит бўйича Ассамблеяда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқчимиз», деди Ўзбекистон Президенти.

 

Маълумот учун: Ўзбекистонга БМТ Бош котиблари Кофи Аннан (2002), Пан Ги Мун (2010 ва 2015 йилда), Антониу Гутерриш (2017) ташриф буюрган.

 

Инобат АҲАТОВА

тайёрлади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//