Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамини халқимиз катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.
Мамлакатимизда янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ўтган даврда амалга оширилган улкан ишлар, эришилган юксак натижаларда, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.
Бундай олижаноб инсонларнинг эл-юрт олдидаги хизматларини эътироф этиш ва муносиб тақдирлаш ватандошларимиз, айниқса, ёшларимизни юксак марралар сари руҳлантириш, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини оширишга катта ҳисса қўшаётган, давлатимиз иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ибрат ва намуна бўлиб келаётган, жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизни «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа республика идоралари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган рўйхатларни кўриб чиқсин ва тасдиқласин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирликлар, идоралар ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ва бошқа мутасадди раҳбарлар «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонларини Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тантанали вазиятда топширишни таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонларини топширишга бағишланган тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ