Бобуршуносликка оид китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

Сақлаш
10:48 / 17.02.2026 18 0

16 февраль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан “Бобурнома”нинг қирғизча таржимаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига кўра чоп этилган “Бобур асарлари луғати” ва “Туркий бобуршунослик” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

 

 

Тадбирда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, таржимон ва муҳаррирлар, тадқиқотчи ёшлар ва журналистлар, Қирғизистон элчихонаси вакиллари, шунингдек, республика ва хорижий мамлакатлардан бир қанча олим ва мутахассислар онлайн иштирок этди.

 

 

Тадбирни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева очиб берди. Шундан сўнг “Бобурнома”нинг қирғизча таржимаси, “Бобур асарлари луғати” ва “Туркий бобуршунослик” китоблари ҳақида Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти раҳбари, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов, Шаркшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, олим ва журналист Тўланбой Қурбанов,  адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессорлар Сувон Мели ҳамда Раҳимбой Жуманиёзов, тилшунос олим, профессор Зулхумор Холманова, бобуршунос Ботирали Йўлдошев, “Бобурнома” асарининг қирғиз тилидаги таржимони Хасият Бекмирзаева, филология фанлари доктори Шуҳрат Ҳайитовлар сўзга чиқиб ушбу китобларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

 

 

Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари дунёдаги 20 дан ортиқ тилда, 40 дан зиёд вариантда мавжудлиги, асар туркий тиллардан турк, озарбайжон, уйғур ва қозоқ тилларига таржима қилингани, қирғиз тилидаги ушбу таржимаси эса қирғизистонлик бобуршунос олима, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хосият Бекмирзаева томонидан амалга оширилгани қайд этилди.

 

Қирғизистоннинг “Улу тоолор” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу таржимага бир гуруҳ қирғиз ва ўзбек олимлар  муҳаррирлик қилган. Хусусан, олим ва журналист Тўланбой Қурбанов, қирғиз ёзувчиси Абибилла Пазилов адабий таҳрир ишларини бажарган.

 

 

Китобга  Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги “Мирас” жамғармаси бошқаруви раиси, тарих фанлари номзоди, профессор Кияс Молдоқосимов, Қирғиз Республикаси Миллий фанлар академиясининг академиги, А.А.Алтмишбаев номидаги Фалсафа институти директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Нур Саралаев, шунингдек, Қирғиз Республикаси Миллий фанлар академиясининг А.А. Алтмишбаев номидаги Фалсафа институти бўлим бошлиғи, филология фанлари номзоди, тарих фанлари доктори, профессор Сулайман Қайипов илмий тақризчи сифатида қатнашган.

 

“Бобурнома” асарининг қирғизча таржимасига Қирғиз Халқ ёзувчиси, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев кириш сўзи ёзган. Таржиманинг нашрдан чиқишида филология фанлари доктори, бобуршунос олим Шуҳрат Ҳайитов масъул муҳаррирлик вазифасини бажарган ҳамда таржимадан ўрин олган Бобур ҳаёти ва фаолиятига оид муҳим илмий-тарихий маълумотлар бўлимини ёзган.

 

 

Таъкидланишича, таржима таҳрири жараёнида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори Шуҳрат Сирожиддинов, Бобур халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов, адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов,  филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов ва доцент Дилафруз Муҳаммадиевалар ҳам  иштирок этган.

 

 

Луғат, ўзбек тили миллий корпусининг тарихий қатламга оид лингвистик таъминоти сифатида ҳам амалий аҳамиятга эгалиги, илмий ходимлар, олий ўқув юртлари филология факултетлари профессор-ўқитувчилари, талабалари ва Бобур ижоди ихлосмандларига мўлжалланган.

 

Китобда Бобур ижодининг туркий дунё адабиётида ўрганиш даври ва тадрижий такомил босқичлари текширилиб, адиб асарларининг қўлёзмалари ҳамда таржималарига оид илмий ва назарий хулосалар чиқарилганлиги,  шу асосида шоир ҳаёти ва ижодининг ўрганиш тарихи, унинг тадрижий босқичлари ҳамда асарлари бадиий таржимасига оид ишлар таҳлил этилганлиги қайд этилди. Монографияда “Бобурнома”, “Бобур девони”, “Мубаййин”, “Хатти Бобурий”, “Аруз рисоласи” ҳамда “Рисолайи волидийя” асарларининг туркий тиллардаги таржималари ва улар юзасидан олиб борилган тадқıқотлар  таҳлили амалга оширилиб қиёслаш орқали ҳар бир таржиманинг ютуқ ва камчиликлари кўрсатилганлиги эътироф этилди.

 

 

Тадбир сўнгида миллий кутубхонага китоблар улашилди. Тақдимот маросими иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

14:18 / 17.02.2026 0 10
Mobiuz киберҳужумга учради

//