Маданият
“Беҳини форсча номи билан атаймиз. Аслида, бу сўзнинг ўзбекчаси ҳайва бўлиб, бу ҳақда Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида маълумот берган. Ўз тилимиздаги ана шу сўздан ўзимиз фойдаланмаймиз-у, лекин бу сўз ўрис тилида фаол қўлланиб келаяпти. Фақат ўрислар уни ўз тили хусусиятларига мослаштириб, “ҳ” товуши уларда йўқ бўлгани учун, айва тарзида қабул қилган. Кўшк сўзи ҳам дунёни бир айланиб, охири киоска тарзида ўзимизга қайтиб келди. Тобаки сўзимиз табакага айланиб, ўзлигини йўқотган ҳолда ўз уйига қайтди. Тилимизда бундай сўзлар жуда кўп.” Мазкур парча филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Ғулом Бобожоновнинг “Миллатнинг таянч нуқтаси” мақоласидан олинган. “Глобаллашув шароитида миллий тил хусусидаги мулоҳазалар”нинг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2025 йил 4-сонида танишинг.
“Бизда кам айтиладиган бир гап: ҳақиқий ижодкор Парвардигор мукаммал яратган дунёнинг ҳар бир жилвасидан ҳайратга тушади. Бу ҳайрат унинг онгини, руҳини, бору йўғини туйраб ўтади. Мана шу маҳобатли ҳайратни қоғозга тушира олиш маҳорати эса жуда нодир ва ноёб бир ҳодисаким, бу мақомга кўтарилиш ҳамма ижодкорга ҳам насиб этавермайди. Кўтарилиш насиб этганлар эса дунёнинг мукаммаллигини ва ўз ҳайратининг мансабини ич-ичдан сезади. “Воҳ, Тангрим!” деб ногаҳон пичирлайди у бир кунмас-бир кун. Бу пичирлаш барча ҳайқириқлардан баланд янграйди...” Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “ижодкор, шеърият йўлининг ҳайратлари” ҳақидаги фикр-мулоҳазалари “Мавжлар, тинимсиз мавжлар” сарлавҳаси остида эълон қилинган.
“Мақом ҳеч қачон оммавий санъат тури бўлмаган. Уни хослар куйлаган, хослар тинглаган. Адабиёт, дин ва тарихдан тушунчаси бор одамгина мақомдан лаззат ола билган. Шу боис “Мақомни илгари ҳамма эшитган, ҳозир ҳеч ким тингламаяпти” деган фикрларга унчалик қўшилмайман. Инсоннинг ёши улғайиб, ўзлигини англагач, унда мумтоз куй-қўшиқларга рағбат уйғонади.” “Ашула билан қўшиқнинг фарқи нимада?” суҳбатида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағруповнинг мақом санъати ва мумтоз ашулалар ҳақидаги иқрор, хавотир ва тавсиялари билан танишасиз.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Нима қилмоқ керак?” (Камола Каромова), “Имом Абу Мансур Мотуридий исломий эътиқод устози” (Мирзо Кенжабек), “Олмонча ҳалоллик” (Мирзаали Акбаров), “Собиқ ҳарф терувчи ва қўрғошин сири” (Бек Али), “Тарбия қилувчилар табиб кабидир” (Қаҳрамон Умидуллаев), “Қалб тасдиғи, тил иқрори” (Нуриддин Очилов) мақолалари, “Эшиклар ўз-ўзидан очилмайди” (Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо билан Шаҳноза Рофиева) суҳбатини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Тиш билан туш ораси” (Бобо Равшан), “Ўзлик моҳияти” (Ҳусан Мақсуд), “Қалтис саволларга нозик жавоблар” (Абдуғафур домла Ниёзқулов), “Хазинага йўлиққан 16-фарзанд” (Юнус Ражабий ҳақидаги хотираларни ўғли тилидан Гулжаҳон Намозова ёзиб олган), “Тил тубидаги ганжа” (Бобур Элмуродов) мавзуларида сўз боради.
“Луқмони ҳакимдан “Насиҳатларингизнинг кўпини ёшларга қаратасиз, ёши каттароқларга камроқ насиҳат қиласиз, бунинг сабабини билсак бўладими?” деб сўрашганида у Боғбон ерни юмшатиб, сўнг кўчат ўтқазса, унинг атрофини хас-хашакдан, ёввойи ўтлардан тозалаб, вақтида сув ва ўғит бериб турса, ниҳол тезда бақувват, адл дарахтга айланади, серҳосил бўлади. Бола ҳам ёшлигидан тарбия қилинса, гўзал ахлоқли бўлиб вояга етади. У нафақат ўзига, ота-онасига ҳам бахт келтиради, жамият учун фойдали, керакли инсон бўлиб етишади” деб жавоб берган экан” “Нима қилмоқ керак?” мақоласидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт”ни мутолаа қилинг, жамият учун кераклилар сафида бўлинг.
Маданият
Маданият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
77579
Жамият
56633
Жамият
55834
Жамият
50899
Жамият
//
Изоҳ йўқ