Ҳаво тозалагичлар бождан озод этилади, иссиқхона объектларига табиий газ етказиб берилиши таъминланади — Президент Фармони

Сақлаш
10:21 / 25.11.2025 7 0

Бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони имзолангани ҳақида хабар берилган эди. 

 

Фармон билан тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари (ТИФ ТН коди 850980) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади. Энергетика вазирлиги бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри ва унга туташ бўлган ҳудудлардаги барча иссиқхона объектларига табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини ташкил этади ва узлуксиз табиий газ етказиб берилишини таъминлайди.

 

Бундан ташқари, қуйидаги асосий чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган:

 

— Тошкентда қурилиш майдонлари назорати кучайтирилади. Бир ҳафта ичида 500 м² ва ундан катта майдонларда комплекс текширувлар ўтказилиб, майдонларнинг камида 25 фоизи кўкаламзорлаштирилгани, сув пуркагичлар ўрнатилгани, кириш-чиқиш йўлларида автотранспорт гилдераклари ювиладиган ҳавзалар мавжудлиги ва материаллар брезент ёки ПВХ қоплама билан ёпилган ҳолда ташилаётгани текширилади. Чанг ва қумнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўймаслик талаблари қатъий назоратга олинади.

 

— Катта қурилиш майдонларида мониторинг станциялари мажбурий бўлади. Майдони 1 000 м²дан ортиқ объектларда мониторинг ускуналарини ўрнатиш ва Экология қўмитаси тизимига улаш қурилишни давом эттиришнинг асосий шарти этиб белгиланди. Шунингдек, йўл бўйларида дарахт ва буталарни мунтазам ювиш, кўп квартирали уйларда суғориш учун резервуарлар ўрнатиш чоралари кўрилади.

 

— Пойтахтда микроиқлим барқарорлигини таъминлаш бўйича йирик лойиҳалар бошланади. Уч ой муддатда шаҳарнинг тўрт йўналиши бўйлаб камида учтадан сунъий кўл ва сув ҳавзаси барпо этилади. Шу билан бирга, икки ҳафта ичида Тошкентдаги фавворалар сонини камида икки бараварга кўпайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади ва тақдим этилади.

 

— Иссиқхоналар бўйича назорат кескин кучайтирилади. Бир ҳафтада иссиқхоналарни табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузилади. Шунингдек, 200 м²дан ортиқ иссиқхоналарда чанг тарқатиш ва экологик талабларни бузиш билан боғлиқ қонунбузилишлар учун жарималар оширилади, ёқилғи ёқилиши ҳолатларида эса объектларни давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарлик тартиби жорий этилади.

 

— 2025 йил охиригача атмосфера назорати тўлиқ модернизация қилинади. 347 та автоматлаштирилган станция харид қилиниб, “Air Monitoring Tashkent” тизими Экология қўмитаси бошқарувига ўтказилади ва умуммиллий “Air Monitoring Uzbekistan” платформасига интеграция қилинади. Гидрометеорология хизмати станциялари ва “Замин” фонди ўрнатган постлар ҳам ягона мониторинг тизимига уланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//