Экология вазирлиги Мурод Назаровга жавоб йўллади

Сақлаш
07:31 / 20.07.2025 6 0

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Савдо-саноат палатасининг очиқ мулоқотида тадбиркор Мурад Назаров томонидан дарахт кесишга жорий этилган мораторий ўрнига компенсацион экиш ва «дарахтлар банки» тизимини жорий этиш таклифи билан танишиб чиқди.

 

Олдинроқ тадбиркор Мурод Назаров  дарахт кесишни қонунийлаштиришни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.

 

Берилган муносабатда вазирлик бир қатор омилларни алоҳида таъкидлаш зарур деб ҳисоблаган:

 

Жумладан, Ўзбекистон денгиз ва океанларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида, кислород манбалари ва карбонат ангидридни ютиш имкониятидан маҳрумлиги қайд этилган. Шу билан бирга, ҳудуднинг 60 фоиздан ортиғи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, иқлим ўзгаришларига нисбатан жуда заиф ҳисобланиши таъкидланган.

 

Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида иқлим исиши глобал ўртача кўрсаткичлардан икки баравар тезроқ кетмоқда. Сўнгги 30 йилда минтақада ҳарорат 1,5°C га кўтарилган бўлса, бу глобал ўртача 0,7°C га тенг.

 

«Шундай шароитда яшил ҳудудлар экологик мувозанатни сақлашда ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, дарахт кесишга қарши мораторий айнан шу мақсадни кўзлаган», дейилади муносабатда.

 

Вазирлик ривожланган давлатлар тажрибаси дарахт кесишга қатъий чекловлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор шаҳарлашувнинг самарали воситаси эканини кўрсатаётганини билдирган ва Германия, Буюк Британия, Қозоғистон ва Россияни мисол тариқасида келтирган ва у ердаги жазо чораларини Ўзбекистондагиси билан таққослаган.

 

Кўриш мумкинки, мазкур давлатларда ноқонуний дарахт кесган одам биздагига қараганда қаттиқроқ жазога тортилади.

 

«Бу мисоллар шуни кўрсатадики, ҳаттоки иқлими қулайроқ давлатларда ҳам дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича қаттиқ чора-тадбирлар мавжуд», деб ёзилади вазирлик муносабатида.

 

Бундан ташқари, Назаров таклиф қилган «дарахтлар банки» тизими бўйича ҳам фикр билдирилган.

 

Хусусан, таклиф қилинаётган компенсацион экишлар ва «дарахтлар банки» мавжуд мораторийга тўлиқ альтернатив бўла олмаслигига бир нечта сабаблар келтирилган.

 

Булар:

▪️ Вояга етган дарахтни ҳеч қандай кўчат тўлиқ алмаштира олмайди — на CО₂ ютиш ҳажми, на микроиқлимга таъсири, на биологик хилма-хиллик бўйича. Европа атроф-муҳит агентлиги маълумотларига кўра, битта дарахт йилига 21 кг CО₂ ни ютади. Бирорта ҳам кўчат бу функцияни ўн йиллаб йиллар давомида бажара олмайди.

 

▪️ «Дарахтлар банки» амалиёти сунъий равишда коррупция ва спекуляцияларни юзага келтириши мумкин. Human Rights Watch’нинг «Wild Money» тадқиқотига кўра, айрим мамлакатларда компенсацион экинлар ноқонуний дарахт кесишни яширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда эса компенсацион экинлар — мавжуд маъмурий ёки жиноий жавобгарликларга қўшимча чорадир, лекин муқобил эмас.

 

«Афсуски, айрим қурилиш соҳаси вакиллари экологик қонунчиликни четлаб ўтиш учун киноя билан айтганда «ижодкорона» ёндашувларни қўлламоқда.

 

Масалан, дарахтларни сунъий қуритиш орқали кейин уларни қонуний тарзда кесишга уриниш — бундай амалиётларнинг яққол мисолидир.

 

Бундай ёндашувлар экологик нормаларни заифлаштириш эмас, балки ижобий мақсадларда — барқарорликка ҳисса қўшишда қўлланилса, анча мақсадга мувофиқ бўларди», деб ёзади вазирлик.

 

Экология вазирлиги янги экологик таҳдидларга нисбатан тенг таъсир қайтаришга интилаётганини ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳаракат қилаётганини ҳам урғулаган.

 

«Ўз чиқишида жаноб Назаров ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш бўйича турли «усуллар» қўлланилаётганини тилга олди. Шу муносабат билан, Вазирлик унинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувларини атрофлича текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу ўрганиш натижалари унинг олдинги фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариш имконини беради, деб умид қиламиз.

 

Жаҳон амалиёти шундан далолат берадики, барқарор қурилиш яшил майдонларни йўқ қилиб, кейин компенсация қилишга эмас, аксинча, уларни сақлашга асосланади. Вазирлик конструктив мулоқотга тайёр, лекин давлат экологик сиёсатининг принципиал асосларини қайта кўриб чиқишга эмас», дейилади вазирлик муносабатида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//