Энди айрим тоифадаги талабаларга махсус стипендия тўланади

Сақлаш
09:08 / 30.04.2025 4 0

Кеча, 29 апрель куни Президентга камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди.

 

 

Хабарга кўра, камбағал оилаларни уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига қараб, уч тоифада қўллаб-қувватлаш таклиф қилинган.

 

Таъкидланишича, бундай оилаларга 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизмат, ёрдам ва имтиёзлар тақдим этилади.

 

«Камбағал оилалар реестри»га киритиш тартиб-таомиллари эса қонунчилик ҳужжати даражасида белгиланади. Уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режалар тасдиқланиб, манзилли хизмат ва ёрдамлар кўрсатилади. Бундай инсонлар бандлигини чекловчи омиллар бартараф этилиб, муайян даромад топишига шароит яратилади.

 

Камбағал оила фарзандларининг таълим олиши учун ҳам бир қатор молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Жумладан, бундай оиладан чиққан болалар мактабдаги узайтирилган кун гуруҳлари учун тўловдан озод қилинади. Аъло баҳога ўқиганлари эса оромгоҳларда бепул дам олиши мумкин бўлади.

 

Камбағал оиладан чиққан аълочи талаба-қизларга бўлса базавий стипендиянинг 2 баравари миқдорида махсус стипендия тўланади.

 

 

Тақдимотда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш чоралари ҳақида ҳам ахборот берилган.

 

Унга кўра, ногиронлиги бор инсонларни ишга олган енгил саноат корхоналарига солиқ имтиёзлари бериш, бундай ходимлар учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш, тадбиркорларга Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан 500 миллион сўмгача субсидия ажратиш каби рағбатлар кўзда тутилмоқда.

 

Шунингдек, электрон савдо майдончаси орқали ногиронлиги бор шахсларга тегишли товар ва хизматларни харид қилиш миқдори оширилади. Уларга касб-ҳунар ўргатиш учун техникумларда инклюзив таълим гуруҳлари ташкил этилади.

 

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш мақсадида «Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилади. Бундай инсонларга кундузги қатнов асосида ёки уйда қараб туриш, маиший юмушларда кўмаклашиш, йўқотилган ҳаракат фаоллигини қайта тиклаш, касалликларнинг олдини олиш каби тиббий-ижтимоий хизматлар йўлга қўйилади.

 

Давлати раҳбари таклифларни маъқуллаб, уларни тизимли йўлга қўйиш ва бажарилишини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//